Ойбарчин Бакирова чиндан ҳам АҚШда, аммо хаста эмас…

3

Таниқли киноактриса, дубляж санъатининг йирик вакили, Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакированинг оғир хасталикка чалингани тўғрисида хабар берган эдик. Аммо, сўнгги хабарларга кўра, мазкур маълумот асоссиз экани маълум бўлди.

Актриса билан боғланган Қалампир нашри айни вақтда Ойбарчин Бакирова ҳақиқатан ҳам қизи билан АҚШда эканини аниқлади. Лекин унинг юрак хуружини бошдан кечиргани ва моддий қийинчиликка дуч келиб, АҚШда қаровсиз қолгани билан боғлиқ гап-сўзлар асоссиз тарқатилган, – дейилади хабарда.

Суҳбат давомида актриса ва унинг қизи ким ва нима мақсадда бундай ёлғон хабар тарқатганидан хайронлигини ва бундан ранжиганини билдирди.

Шунингдек, унинг шогирдларидан бири, таниқли суҳандон, Ўзбекистон хизмат кўрсатган маданият ходими Дилдора Рустамова ҳам ушбу ёлғон хабар тарқалгач, дарҳол устозига қўнғироқ қилган ва интернетдаги хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигига ишонч ҳосил қилган.

Таниқли дубляж режиссёри Баҳодир Қосимовнинг айтишича, Ойбарчин Бакирова яқин кунларда Тошкентга қайтишни ва янги фильм дубляжига киришишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, Ойбарчин Бакирова яқинда 67 ёшни қаршилаган. У 1950 йил 27 июнда Андижон шаҳрида туғилган. 1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институти, ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. “Армон” фильмидаги Бойхотин роли учун Ўзбекистон кинематографлар уюшмасининг махсус совринига сазовор бўлган.

Актриса шунингдек, “Нигоҳ”, “Тангалик болалар”, “Темир эркак”, “Ўйин”, “Ҳақиқат куни”, “Фарзандим” каби кўплаб картиналарда турли образларни яратган. Бундан ташқари у ўнлаб филмларга берган овози билан миллионлаб инсонларнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

3 ФИКРЛАР

  1. Дилдора Рустамова! Бу аёлни экранда кўрмаганимга анча булди, лекин умуман ўзгармаган!!! Менимча фаришта сифат аёл бўлса керакки, замон ва вакт унга ўз хукмини ўтказа олмайди..ўтказмасин хам!!!!!!

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here