СУСАННА ҲАҚИДА БАЛЛАДА…

0

(суюкли турмуш ўртоғим Светлана Макаровага)

Сени Сусанна деб атагим келди. Кечир!.. Сусанна арман миллатининг энг гўзал қизига қўйиладиган исм бўлгани боис, сени шундай аташга жазм этдим… 

***

Қанийди, юлдузни ура олсайдим,

Қуёшга тик қараб тура олсайдим,

Абадий бахт уйин қура олсайдим…

Муносиб ёр бўлиб такрор ва такрор,

Сусаннамга жоним бера олсайдим…

Қанийди…

***

О, Сусанна, ойдан ойдинроғим-а,

Ҳатто олтинданам олтинроғим-а,

Сағир кўнглимга бир яқинроғим-а…

Дардларни даст ортга бура олсайдим,

Сен-ла даври даврон сура олсайдим…

Қанийди…

***

Қайсидир дунёга кириб қолганман,

Кимсасиз саҳрода туриб қолганман,

Қовжироқ ўтмисол қуриб қолганман…

Эҳ, сенинг дунёнгга кира олсайдим,

Пойингга бошимни ура олсайдим…

Қанийди…

***

Совуқ мудроқ аро аросатдаман,

Ўтмиш гуноҳлардан надоматдаман,

Қалтироқ қалбимдан хижолатдаман,

Садоқат шаҳрига бора олсайдим,

Сенгинани шодон кўра олсайдим,

Қанийди…

***

Онамдек бошимни силамоқдасан,

Дард чексам, сен юм-юм йиғламоқдасан,

Оёғимни қучиб ухламоқдасан,

Қанийди, қалбимни ёра олсайдим,

Сенинг соф дунёнгга кира олсайдим,

Қанийди…

***

Ўтмишга тош отиб қўйдиммикан ё,

Яқин дўстни сотиб қўйдиммикан ё,

Меҳрни қаҳрга йўйдиммикан ё?..

Сен каби соф хаёл сура олсайдим,

Бир қир-у, бир сирда тура олсайдим…

Қанийди…

***

Менга заҳру заққум ичиради дард,

Мени тўзон бўлиб учиради дард,

Ўз қўлим-ла кафан бичиради дард…

Ёлғиз сенга сирим бера олсайдим,

Қошу қабоғингда тура олсайдим…

Қанийди…

***

Бир кун ўлишимни сезиб боряпман,

Дўзах водийсини кезиб боряпман,

Дунёдан кўнглимни узиб боряпман,

Сени такрор-такрор кўра олсайдим,

Яйраб ёнгинангда юра олсайдим.

Қанийди…

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here