Бабаянни «ёмон деманг, у ҳам Худонинг бандаси»…

3

Бабаянни «ёмон деманг, у ҳам Худонинг бандаси»,
Нима бўпти тўрт-беш марта чиққан бўлса шармандаси.
«Эмас осон бу майдон…» нинг гулзорини тарк этиш оҳ,
Ё кимгадир эркатой у, ё кимнидир арзандаси.

Ғолибликка ошиқлиғ-ей кўнгил номли жононда бор,
Умид номлиғ сароб туйғу ҳам сизда бор, ҳам манда бор,
Яшил майдон саҳна бўлди, ва ўн битта хонанда бор,
Ҳар гал эски қўшиқ айтиб, чалингайдир чирмандаси.

Шундоқ ўйин бўлса эрди, кўриб асло тўймасмидим,
Юрагимга олам-олам фахру-ғурур туймасмидим,
Бундоқ ўйин бўлар бўлса, кўрмасмидим, куймасмидим,
Қайдан мени этди ошиқ, футбол дегич зормандаси.

Сен ҳужумга ўтар чоғинг, ўзни Соҳибқирон кўргин,
Ҳимояда қолганингда Мангуберди бўлиб тургин,
Дарвозангни қўриқлашда Бобуршердай аскар бўлгин,
Шунда дуо қилгай сени Худойимнинг ҳар бандаси.

Сизни алқаб тургайдирман, Юрт деган бир кошонадан,
Қувончимга сиғмасайдим, кўриб митти тошойнадан,
Чиқсак, Жаҳон майдонига, ўпай ўн бир пешонадан,
Сизга бўлсин миллионларнинг табассуму ҳам хандаси.

Эй футболчи! Ориятни жисму-вужуд ва тан деб бил,
Сен коптокни шундай севки, гўё гулгун бадан деб бил,
Ёниб ўйна, куйиб ўйна, ғалабани Ватан деб бил,
Миллатимга бергин шараф, миллий терма командаси!

Ўлмасбек Самарқандий

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

3 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here