ЁЛЛАНМА ҚОТИЛ-25… (ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

— Валижонни машинага чиқар!.. — Шапкўрга буюрди Мерган ака. — Кейин Ботирниям!.. Фақат ортиқча шовқин солмаларинг!.. Милтиғини яхшилаб текширганмикан?.. Қараб кўр!..

— Хўп!.. — Ҳовли чироқларини атайин ўчириб қўйишганди.

Шапкўр қоронғиликда аравачада ўтирган икки йигитни «Газел»га чиқариб, эшикни ёпди ва ўзи катта сумкага солинган милтиқнинг уёқ-буёғини текшириб кўрган бўлди.

— Ҳаммаси жойида.

— Яхши. Унда эшит!.. Буларни тегишли жойга жойлаштирганингдан кейин ўзинг кириб Саминни опчиқасан ташқарига. Атайлабдан жиғига теккин!.. Аччиғи тез унинг. Сал гапга ловиллаб кетади. Аммо кимлигингни айта кўрма!..

— Ҳаммасини тушунтиргансиз-ку!.. Биламан.

— Хўп, Худо ёр бўлсин сизларга!.. Иш тугаши билан менга қўнғироқ қилгин!

— Бўпти.

Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишгач, машина жойидан қўзғалди…

***

Саминнинг шаҳарда ҳам уйи бор эди. Бироқ у кўп вақтини мана шу қишлоқдаги мўъжазгина ҳовлида ўтказарди. Аниқроғи, бу ерда катта қимор ўйинларини ташкил қилар, ўзи ўйнамасдан, чўтал йиғиб ўтиришни хуш кўрарди. Аслида, қиморда чўталчининг ҳамиша ошиғи олчи. Ютган одам албатта унга ҳиммат қилиб «бир-икки сўм» ташлайди. Ташламаса бўлмайди ҳам. Қиморбозларнинг удуми шунақа. Қолаверса, Самин уйи учун ҳам барчадан ҳақ олади…

Соат тахминан тунги икки. Машина узоқни олувчи чироқлари ўчирилган ҳолда қишлоққа кириб келди. Қайси уйга кириш олдиндан режалаштирилгани боис, уй эгаси — ёши элликлардан ошган, чўққисоқол Умарали ака дарвозани ланг очиб қўйганди. Бу одам ҳам бир пайтлар кимнидир пичоқлаб қамалган. Турмада Мерган ака билан бир-икки йил ош-қатиқ бўлганди… Оғайнигарчилик боис шу кеча бола-чақасини қариндошларникига жўнатиб юборган. Шундай қилмаса бўлмасди. Мерган ака Бир марта илтимос қилса-ю, йўқ дейдими?.. Бунинг устига Мерган бир сўзли йигит. «Сизга гард юқмайди» деб сўз берди. Демак, сўзининг устидан чиқади…

— Келинглар, хуш кепсизлар, меҳмонлар!.. — у аввал Ҳайбатилла, сўнгра пастга тушириб қўйилган икки ногирон билан кўришди. — Қани, ичкарига!.. Бир пиёла чойимиз бор!

— Чой ичишга вақт йўқ. — деди Ҳайбатилла. — Бизга томни кўрсатинг! Валижонни ўша ерга жойлаштиришимиз лозим…

— Хўп, сиз нима десангиз шу-да, меҳмон!.. Кетдик бўлмаса!..

***

Ҳайбатилла икковлари иккита аравачани кўтариб махсус боғланган арқонга навбати билан маҳкамлади. Уй эгаси тепага чиқиб аравачаларни қабул қилиб олди. Шундай қилмаса бўлмасди. Аравачани устида одами билан томга кўтариб чиқишнинг ўзи азоб…

— Қойил-э, — силкиниб-силкиниб кулди Умар ака ҳамон ҳансирашдан ўзини тиёлмай. — Ҳақиқатан ишларинг оғир экан… Лекин…

У негадир ҳайрати ошиб бир Ботирга, бир Валига қараб қўйди. — Меҳмон, ким бу ерда…

— Буёғиминан ишингиз бўлмасин! — уй эгасининг гапини бўлди Ҳайбатилла. — Ўзингиз тушунасиз, бунақа ишларда ҳар кимгаям гуллайверилмайди…

— Тўғри, тўғри… Узр, меҳмон!.. Майли, мен ичкарига кириб кета қолай бўлмаса-а?..

— Сизми?.. — бирпас бош қашиб тургач жавоб қилди Ҳайбатилла. — Яхшиси, уйдан кетинг!.. Ҳали замон бу ерда қиёмат қойим бўлади… Биронтаси сўраса, меҳмонга кетгандим деб қўя қоласиз…

— Бу гапингизам тўғри. Хўп, кетганим бўлсин!..

* * *

Иш битди. Валининг биринчи иши бўлгани сабаб Ботир унинг ёнида туриши шарт эди. Ҳарқалай ёш, тажрибаси йўқ…

Ҳайбатилла кўнгли тинчиб навбатдаги вазифасини амалга ошириш ниятида Саминнинг ҳовлисига йўл олди. Дарвозага етгач, эҳтиёткорлик билан ичкарига мўралади. Ҳовлида чироқ ёниқ. Ичкари уйдан маст-аласт эркакларнинг бақир-чақирлари, беўхшов кулгилари аниқ эшитилиб турарди.

— Ҳа-а, қимор авжидага ўхшайди. — ўзича шивирлади у. — Айни муддао… Самин ака!.. Ҳов Самин ака!..

Ҳайбатилла уч-тўрт маротаба дарвоза тирқишига оғзини тираб қичқиргач, ичкари уй эшиги очилиб кимдир ташқарига чиқди. Чироқ ёруғида аниқ кўрди. Барваста, серсоқол эркак. Бу худди Саминнинг ўзи…

— Ким у?.. — остонадан туриб бақирди Самин қиморбоз. — Ким деяпман?

— Буёққа чиқиб кетинг!.. Барибир танимайсиз!..

Самин ҳайрат аралаш елка қисганча келиб дарвозани очди.

— Сизга ким керак?.. — қаршисида турган Ҳайбатиллага бошдан-оёқ тикилиб қараркан, сўради у.

— Ие, мен бу қишлоқдагиларни жуда меҳмондўст деб ўйлардим. — пичинг қилган бўлди Ҳайбатилла. — Сен аввал салом берсанг-чи, гўрсўхта!..

— Нима?.. Вей, кимни гўрсўхта дединг?.. Мени-я?.. Кимсан ўзинг?..

***

Айтганларича бор экан. Самин бир зумда тутоқиб Ҳайбатилланинг ёқасига ёпишди.

— Қани, ичкарига киргин! Кўрсатиб қўяман сен итга!..

Ҳайбатилла ҳам анойи эмас. Бир зарб билан Саминнинг қўлларини орқасига қайириб олди.

— Ичкарида бало борми? Эркак бўлсанг, юр, ҳов анави дала томонда муштлашамиз!..

— Шунақами?.. Холма-ат!..

— Овозингни ўчир!.. — унинг оғзини кафтлари билан ёпиб олди Ҳайбатилла. — Яна бир марта овоз чиқарсанг, ўлдим деявер!.. Хунасамисан ё?..

— Мен-а?.. Мана энди кўрасан кўрадиганингни!.. Қани, кетдик, итдан тарқаган!..

Буёғига Саминни ушлаб туришга ҳожат қолмаганди. Сўнгги ҳақорат унинг тепа сочини тикка қилиб тишлари ғижирлаганча Ҳайбатилланинг олдига тушган кўйи дала томонга — Умар аканинг уйи тарафга қараб кета бошлади…

— Тўхта! — айни Умар аканинг уйига — Вали ҳамда Ботир пусиб ўтирган том рўпарасига келганда Ҳайбатилла Саминни елкасидан ушлаб тўхтатди. — Мана шу ер қулайга ўхшайди. Хўш, эркак, меҳмонни қандай кутиб олиш кераклигини билмасмидинг?..

— Ёқамни қўйвор, ҳезалак!.. — хириллаб Ҳайбатилланинг қўлларини нари сурмоқчи бўлди Самин. — Муштлашиш мана бунақа бўлади!..

***

Ҳайбатилла атайин ёқасини қўйиб юбориб қўлларини баланд кўтариб қўйди-да, икки қадам ортга чекинди. Бу маҳал Вали милтиқдан ўқ узиши лозим эди…

Шундай бўлди ҳам. Самин уриш илинжида қўлларини рақиби томон кўтарди-ю…

Милтиқнинг овози эшитилмади. Тиқ этган товуш келди холос…

Самин кўксини чангаллаганча ерга қулади…

Ҳайбатилла жонҳолатда жасадни судраклаб тутзор ичига яширди…

Энди тезда иккала йигитни қайтадан тушириш ва жуфтакни ростлаш зарур эди…

* * *

— Қани, тез кирларинг, милиса-пилиса кеп қолмасдан яширинларинг!.. — Мерган ака жонҳолатда дарвозани ёпиб, машинадан Ботир ҳамда Валини кўтариб туширди. — Тез-тез ичкарига чопларинг!.. Менга қара, ҳамма чироқларни ўчир!..

Ҳаш-паш дегунча чироқлар ўчирилиб, эшиклар қулфланди…

— Лекин сенга тан бердим. — қоронғиликда Валининг елкасига қоқиб қўйди Мерган ака. — Оёғинг бўлмасаям, соғ одамдан яхши иш кўрсатдинг, маладес?.. Буёғигаям маҳкам бўл! Ҳали олдинда сени жуда хавфли ишлар кутиб турибди…

Шу пайт дарвозахонага қандайдир машина келиб тўхтади. Ичкаридагиларнинг барчаси ҳушёр тортиб қулоқларини динг қилишди.

— Айтмаганмидим? — секин дераза қаршисига бориб парданинг бир четини очди Мерган ака. — Милисалар булар. Ис олиб юришади-да қанжиқлар!.. Майли, сенлар димингни чиқармай ўтириб турларинг, мен аста чиқиб хабар олай!..

***

Мерган ака эҳтиёткорлик билан дарвозахонага чиқди. Бироқ чироқни ёқмади. Дарвозага ҳам кичкинагина ойнали кузаткич ўрнатилганди. Ўшанга оғзини тўғрилаб туриб оҳисталик билан сўради:

— Ким у?

— Нима, танимаяпсанми?

У таниш овозни эшитгачгина, чуқур нафас олиб чироқни ёқди.

— Қўрқитиб юбордингиз-а. Самад ака!.. — Меҳмонни қучоқ очиб кутиб оларкан, кулди Мерган ака. — Мен бўлсам, милисалармикан деб ичимдан ич қиринди ўтиб ўтирибман.

— Нима, яна бирор гуноҳ қилиб қўйдингми? — Самад ака ҳайдовчига «кетавер» дегандек ишора қилиб қўйгач, ичкарига ўзини урди. — Қўрқма, мендай аканг боракан, сенга милиса зоти тегмайди.

— Буни биламан-ку-я, — деди Мерган ака барибир ҳушёрлик билан ташқарига қараб олиб. — Лекин у хонасалотлар ис олиб юришади-да!.. Ҳаммасига пул керак. Бермасанг, ёқангдан олишади.

— Бўпти, менга тўғрисини айт, нима иш қилиб қўйдинг?

***

Мерган ака меҳмоннинг қулоғига нимадир деб пичирлади.

— Нима? Қанақа ногирон?.. Қани, кўрсат-чи менга!..

— Хўп бўлади, ака! Марҳамат, ичкарига кирайлик!..

Қўриқчилар одатга кўра ташқарида қолди. Икковлари олдинма-кетин меҳмонхонага йўл олишди. Вали шу лаҳзаларда негадир хомуш тортганча бир бурчакда ўй суриб ўтирарди…

Самад акани кўрди-ю, бирдан ранги оқариб, қошлари чимирилди…

Меҳмон ҳам ундан кўз узолмай қолганди.

— Менга қара, Мерган, — дея уй эгасига ўгирилиб сўради Самад ака. — Бу боланинг башараси негадир танишдай туюляпти. Қаердадир кўрганман бунингни.

— Ҳа энди… Кўчаларда дайдиб юрган бир бола. Ўтиб кетаётганингизда кўзингиз тушгандир-да!..

— Э, йў-ўқ… Тўхта… Эсингдами, менинг қўлимда Вадим деган бир ҳароми бўларди?!.. Эсингда бўлиши керак… Итдай ўлиб кетган ўзбошимчалигидан.

— Эсладим, эсладим. Анави суюқоёқнинг кетидан илакишиб юрган ўрис болами?

— Худди ўша… Адашмасам, бу болани ўша ҳароми олиб юрганди.

— Йўғ-э, — бир Валига, бир Самад акага боқиб бош чайқади Мерган ака. — Ахир… Бу болани… Қанақасига Вадим олиб юрсин, ака?..

— Менга аён-ку!.. Қизиқ, оёғига нима қилган бу боланинг?

— Айтишича, болалигида машинада кетаётиб…

— Тушунарли, — унинг сўзини бўлди Самад ака. — Демак, худди ўзи. Мен Вадимни тинчитиш учун ёллаган одам тоғда аварияга учраган. Машинада бу болаям бўлган… Бўпти, қани, ташқарига чиқайлик!

***

Самад ака қовоғини уйганча уй эгасини ҳовлига бошлади.

— Яхшилаб қулоқ сол, — деди у дарвозахонага етишгач. — Бу етимчани тезлик билан йўқот!.. Яхшилик келтирмайди.

— Ака, фойдаси тегиб турибди-ку!..

— Фойдасидан кеч!.. Обрўйинг борида даф қил уни!.. Бир кун келиб бошингга етади бунақалар.

Мерган ака бир муддат жим қолди. Ҳовлини айланиб ўзича нималарнидир хомчўт қилган бўлди…

Бир тўхтамга келди шекилли, беихтиёр Самад аканинг олдига қайтди.

— Тўғри айтасиз… Лекин… Бир режа чиқиб қолди.

— Хўш? Қанақа режа?

— Эсингизда бўлса, Жиззах йўлига чиқаверишда бир табиб бор. Жуда ўткир ярамас. Жодулашниям қотираркан.

— Қисқароқ қилсан-чи!

— Хуллас, ўтган йили мен биттасига беш-ўнта қурол пуллагандим. Кейин билсам, у одам ўша табибни йўқ қилиш ниятида мендан қурол сотиб олибди.

— Ўлдирибдими?

— Эшитиб туринг-да!.. Табиб душманларнинг илтимосиминан тижоратчининг иш йўлларини бойлаб ташлабди. Тижоратчи бир неча ойлар уйдан кўчага чиқолмай, кечалари соясини кўрсаям сапчиб кетаверадиган, баъзан васвасага тушиб ўзини ўзи ўлдириш пайига тушадиган бўп қопти. Хотиниям қараб турмаган. Нафаси ўткир домлаларга эрини ўқитиб ўзига келтирган. Тижоратчи ҳушига келиб кўзлари очилгач, табибни ўлдиришга аҳд қилибди. Аммо мендан қурол олиб ёллаган тўрт бирдай одамнинг ҳаммаси нариги дунёга равона бўлибди.

***

— Вей, жа чўзворасан-да! Қисқароқ қил дедим-ку!.. Вақтим йўқ.

— Хўп бўлади… Орадан сал ўтиб хабарингиз бор, менинг ишларим чаппасидан келди. Сал бўлмаса, иккинчи марта қамалиб кетаёздим. Билсам, табиб қандайдир руҳлар орқали тижоратчига мен қурол сотганимни аниқлаган-у, менга қарши дуо ўқиворган.

— Ол-а!.. — кулиб юборди Самад ака. — Жа опқочасан-да!.. Замонавий одамсан-у, қаёқдаги жодугарларга ишониб юрибсан.

— Ахир, ишонмай десам… Йўқ, нима десангиз денг-у, аммо мен ишондим ўша ҳаромхўрга.

— Бўпти, мақсадинг нима?

— Мақсадим… Мана шу йигитчанинг қўлиминан табибни тинчитиш… Ундан кейин… Мабодо бу етимча тирик қолган тақдирдаям, уни ўзим бир амаллаб йўқотиб юборавераман… Тушунинг, мен Валини шунча йилдан берисига боқдим, ҳунар ўргатдим. Қўллари пул кўрди… Энди хизматимниям қилсин-да!..

— Режанг ёмонмас. Бироқ милисасига эҳтиёт бўл! Ўзинг ҳеч нарса кўрмагандай четда туравер!.. Мабодо йигитча қўлга тушиб қолсаям аҳмоққа ўхшаб орқасидан милисама-милиса чопиб юрма!.. Буёқда биз турганимизни эсингдан чиқарма!

— Жинни бўпманми югуриб, ака?.. — тиржайиб дераза тарафга ўғринча қараб қўйди Мерган ака. — Биринчи кун бундай ишларни қилаётганим йўқ. Худога шукр, сизминан танишиб кам бўлмадим. Сизни тўрга илинтириб берадиган аҳмоқ йўқ. Керак бўлса, сиз учун ўққа учишгаям тайёр тураман, биласиз-ку!..

— Садоқатингга ишонаман, Мерган! — унинг елкасига қоқиб қўйди Самад ака. — Қайғурма, милисага ён бериб бўпмиз!.. Майли, омадингни берсин!.. Эртага менинг одамларим келади. Ўттиз- қирқ қути анави зорманда ўқлардан бериб юбор, соққасини қўлингга бериб кетишади!

— Гап бўлиши мумкинмас, ака!.. Мен ҳамиша сизнинг хизматингизга тайёрман!

— Хўп, кўришгунча! Фақат анави йигитча масаласини кечиктирма!

— Эртагаёқ киришганим бўлсин!..

Самад ака қўриқчилар ҳамроҳлигида машинага ўтириб жўнаб кетгач, Мерган яна бир маротаба катта кўчани кузатган бўлди-ю, шоша-пиша дарвозани ёпиб ҳовли чироқларини ўчирди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here