ҚИЛМИШ-ҚИДИРМИШ…

0

 

ҚАМОҚ КЎРМАГАН ҚОТИЛ

* * *

Қўрғончанинг тор кўчасидан ўтиб дала томонга юрилса, дарчалари пахтазорга қаратиб қурилган кўримсизгина уйнинг олдидан чиқилади. Бу Карим соқовнинг хонадони.

Ўзи гапиришни билмаса-да, бу одам тиши чиққандан бери чакана қимор ўйнаб вақт ўтказади. Атрофидагилар эса, армияга бориб-бормаган ўсмир йигитлар. Уйда ўтириб зерикишди дегунча, соқовникига кириб ошиқ тепишни канда қилишмайди…

Бугун ҳам шомдан кейин яқиндагина қамоқдан қайтган Ҳотам ёнига ўзига ўхшаган икки нафар бекорчиларни олиб соқовнинг уйида ҳозир бўлди. Имо-ишора билан саломлашгач, сира тап тортмай хонанинг тўрига ўтди-да, токчага тахлаб қўйилган болишлардан иккитасини олиб бемалол ястаниб олди.

— Қани, соқов, чой-пой опкелмайсанми? — ёнбошлаб ётганча кулди у шерикларига кўз қисиб. — Биздай меҳмонлар келади-ю, қоққан қозиқдай қотиб туришингни қара!.. Бор, атаганингни олиб кел!..

Соқов қўл билан ишора қилингачгина, секин ошхонага чиқиб бир шиша ичимлик, иккита пиёла ва помидор келтириб Ҳотамнинг олдига қўйди.

— Мана бу бошқа гап. — деди Ҳотам шоша-пиша шишанинг қопқоғини очиб ичимликдан пиёлаларга қуяркан. — Бу соқовимиз жа тушунган йигит-да!.. Лекин бизга ўхшаб уйланмай юриши чатоқ-да!

— Э, бунга ким ҳам тегарди? — луқма ташлади Собир исмли жиккаккина шериги. — Туришини қара, аммамнинг бузоғига ўхшайди.

— Вей, шуни анави Карим жиннига уйлантириб қўймаймизми-а? — учинчи шерик Тилаволди кафтларини бир-бирига ишқалаб Ҳотамга боқди. — У жинни, бу соқов. Жа мос тушишарди-да! Қара, исмлариям бир хил экан!..

Ўртада кулги кўтарилди.

— Бўпти, гапни кўпайтирмайлик, манави зорманда совиб қолди. — деди Ҳотам бирдан қовоғини уйиб. — Бугун қимор ўйнамасам, этларим увишиб кетяпти. Икковингни бир эмаклатай-а?!.

— Тағин ўзинг эмаклаб қолмагин! — Тилаволди Ҳотамнинг елкасига шапатилаб тиржайди. — Бизам Собир иккаламиз Қўқонда юриб катта бўлган болалармиз.

— Кўрамиз ҳолингни!.. Олдик!..

Уч улфат бараварига ичимликни ичиб кетидан помидор газак қилишди.

— Қуй, — афтини бужмайтириб Ҳотамга юзланди Собир. — Иккинчисини чўзиб ўтириш керакмас, гуноҳ бўлади!..

Шу тахлит улар уччовлашиб яна бир шиша ичимликни бўшатишди. Кайфлари таранг бўлгач, бир четда қунишибгина ўтирган Карим соқовга Тилаволди ўтирган ерида чайқала-чайқала имо қилди.

— Бор, ошиқларни опке!.. Ё қарта ўйнаймизми?..

— Қартани бошингга урасанми? — ғудраниб қўйди Ҳотам. — Ота-буваларимиз ошиқ тепиб катта бўлишган. Ошиқ опкелсин!..

Соқов кўз очиб юмгунча тўртта ошиқни келтириб ўртага ташлади.

— Мана, мен юз минг сўм тикаман. — биринчи бўлиб чўнтагидан пул чиқарди Собир.

— Менам юз минг тикдим!.. — деди Ҳотам бир даста мингталикни шерикларига кўз-кўз қилиб.

— Бўпти, — Тилаволди ҳам «атаганини» пайпоғининг ичидан олди. — Кўпчилик нима бўлса шу-да!..

Уччовлари ярим соатча ошиқ тепишди. Ора-сирада соқов келтириб қўйган ичимликдан ҳўплаб туришни ҳам унутишмади…

Бе, ўн тўққиз-йигирма ёшга кириб-кирмаган бўз йигитларга кўп нарса керакмиди. Ичган ичкилиги бора-бора ўз кучини кўрсата бошлади шекилли, бир маҳал кутилмаганда Ҳотам ёнидаги Собирнинг жиғига тега бошлади.

Собир шундоқ ҳам ёнидаги пулларини бой бериб жиғибийрон бўлиб турганди.

— Собир, синглинг яхшими? — туйқусдан берилган савол Собирни ҳушёр торттирди.

— Сенга нима? — деди Ҳотамга совуқ тикилиб.

— Ие, Сайёрани яхши кўраман, биласан-ку!..

— Ўчир овозингни!.. Яхши кўрармиш!.. Аввал бурнингни артгин сен!..

— Вой-бў, жа осмондан келдинг-ку, ошна!.. Унақамас-да энди!.. Битта қанжиқни деб…

— Нима дединг?.. — Собир тўсатдан Ҳотамнинг ёқасидан бўғиб деворга тиради. — Ким қанжиқ?.. Айт дедим, ким қанжиқ?..

— Вей, ҳаддингдан ошма, хунаса! Қўйвор! Торт қўлингни!..

Икки ҳамтовоқни бир томондан Карим соқов, бир томондан Тилаволди ажратиб икки ёққа итариб юборишди.

— Ҳали кўрасан, — деди Ҳотам кўйлагининг тугмаларини полдан териб оларкан. — Мен сенга кўрсатиб қўяман!.. Ўша қанжиқ синглингниям, сениям…

— Сал пастроқ туш!.. Мени синглим қачон келаркан деб йўлингга кўз тикиб ўтиргани йўқ.

— Балки ўтиргандир? Қаердан биласан? Балки менминан пана-пастқамда учрашиб юргандир…

— Қўйинглар, бас! — уларни тинчлантирган бўлди Тилаволди. — Кап-катта одамлар жиққамушт бўлиб ётганларингни қаранглар! Бўлди, ўйинни тўхтатамиз. Тарқаламиз…

Шу гапдан сўнг барчалари пиёладаги қолган ичкиликларни симиришди-да, уй-уйларига йўл олишди…

* * *

Ҳотам уйига келиб ҳам тинчимади. Хаёлида негадир Собирнинг синглиси Сайёра айлана бошлади.

Ҳа, — кўнглидан ўтказди у ютиниб. — У қиз ҳақиқатан асал. Бир кўрсайдим ўша жононни…

Тўхта, нега бу ҳезалак аччиқ қилди ўзи?.. Аввал бурнингни арт дедими? Оббо мараз-ей!.. Мени ҳали яхши билмайди шекилли. Беш йил қамоқда ўтириб ҳам бунақанги ҳақорат эшитмагандим. Шу қилганига синглисини ростакамига бағримга боссам-чи?.. Кўзининг олдида, шундоқ ҳовлисининг ўртасига опчиқиб ечинтирайми?.. Ана ўшанда кўрарди Ҳотамнинг кимлигини… Ҳа, шундай қиламан. Мени ҳақорат қилдими, энди ўзидан кўрсин!.. Мен унга ўхшаганларнинг кўпини кўрганман… Шундай шарманда қиламанки, дардини бировга айтолмай қолади…

Ҳотам кайфи тарқаб улгурмай, аста ҳовлига чиқиб осмонга қаради. Вақт тахминан хуфтондан ошибди.

Ҳа-а, ҳали ухлашмаган, — ўйлади у гандираклаганча кўча томон юриб. — Айниқса, Сайёра идиш-товоқ ювиб ўтиргандир ҳовлисида. Томорқа тарафдан секин бораман-у, орқасидан маҳкам қучоқлайман… Кўрибдики, бир зумда томорқанинг нариги бурчагида турибмиз… Ҳа, у бақиради. Овозига биринчи бўлиб хунаса акаси чиқиб келади. Ана шунда менинг ким эканимни билади-қўяди… Э, керак бўлса-чи, бўғизлаб ташлайман у ярамасни…

Ҳотам оёғидаги шиппакнинг боғичини шоша-пиша бойлади-ю, тез-тез юриб кетди…

Собирларнинг ҳовлиси нариги маҳаллада эди. У ерга етиб бориш учун чамаси ўн дақиқалар юрилса бас. Қишлоқни оралаб ўтиб бедазорларга яқин борилса, энг охирги уй Собирларники…

Одатий қишлоқ кечаси. Атроф жим-жит. Фақат итларнинг акиллаши бу жим-житликни ора-сирада бузиб турибди холос.

Ҳотам нимадир эсига тушгандек, қўйин чўнтагидан биттагина папиросини чиқариб тутатди. Унга наша ўралган эди.

— Буям далда бўлади, — деди ўзига ўзи нашани чўзиб-чўзиб тортиб. — Кайфга кайф қўшса, иш осонроқ кўчади…

Чекиб бўлиб папирос қолдиғини бир четга ирғитиб юборгач, Ҳотам оҳиста томорқани оралаб ҳовлига жуда яқин борди.

Вей, авлиёман-да ўзиям! — хаёлан мақтанди у ҳовлининг ўртасида ўзига орқа қилганча қозон юваётган Сайёрани кўриб. — Қара бўлиқлигини! Тирсиллаб етилибди-я!.. Оҳ-оҳ!.. Қани, бизам бир уёқ-буёғини сийпалаб кўрайлик!..

Ҳотам шиппакни ечиб қўйди-да, оёғининг учида аста-аста юриб бориб…

Йўқ, қучоқлашга улгурмади. Сайёра беихтиёр ўрнидан туриб кетди-ю, Ҳотамнинг шарпасини пайқаб қолиб овозининг борича қичқириб юборди.

— Вой-дод!.. Ака-а!..

Бундай маҳалда қайси аҳмоқ кимнингдир чиқишини кутиб ўтиради.

Ҳотам жонҳолатда қизни орқасидан қучоқлаб даст кўтарди ва томорқага қараб югурди.

— Ҳа-а, Сайёра, ким?.. — Собир ичкаридан жонҳолатда чопиб чиқди-да, синглиси бақираётган тарафга қараб чопди. — Ким деяпман? Қаердасан?..

— Ака!.. Мени қутқаринг!..

Ҳотам гарчи Собирнинг орқадан югуриб келаётганини билиб турса-да, чекинмоқчи эмасди.

Сайёрани таппа ерга босди-ю…

Бу орада Собир етиб келиб унинг бўйнидан маҳкам сиқиб четга улоқтирди.

— Вой ифлос-ей!.. — қўлидаги пичоқни Ҳотамга ўқталган кўйи хириллаганча яқинлашиб борарди Собир. — Ҳали менинг синглимга ёпишадиган бўлдингми?.. Ҳозир…

— Қани, тиқ пичоғингни!.. — қичқирди Ҳотам. — Кўрдингми? Бурним оқмаган эканми?.. Ҳақорат қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сенга!.. Улгурмадинг, Сайёра аллақачон меники бўлиб қўйди!.. Ха-ха-ха-ха!..

— Нима?.. Мана сенга!.. Мана сенга!.. Мана бу синглим учун! Мана буниси масхаралаганинг учун!..

Собир аслида қувват бобида Ҳотамдан анча паст эди. Бироқ одам аламга тўлган пайт қаердандир номаълум томондан шундай куч пайдо бўларканки, Собирнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай, шер каби Ҳотамга ташланди ва қўлидаги пичоқни ҳали қорни, ҳали оёғи аралаш тиқиб олаверди…

Ҳотам қонига белана-белана ҳолдан тойиб йиқилгандан кейингина тиғ уришдан тўхтади…

— Ака, нима қип қўйдингиз? — қон йиғлаб Собирни силтарди Сайёра. — Ўлдириб қўйдингиз-ку!.. Менга ҳеч нарса қилмаганди-ку!..

— Майли, — синглисининг сочларини силаб бағрига босди Собир. — У бизни қаттиқ ҳақорат қилди. Қамалиб чиққанини пеш қилмоқчи бўлди… Пеш қилиб бўпти!.. Мен синглимнинг номусини топтатиб қўядиганлардан эмасман…

Собирга саккиз йил беришди. Лекин афсус чекмади.

Энди у Ҳотам сингари зўравонлар синглисига кўз олайтира олмасликларига ишонарди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here