ЁЛЛАНМА ҚОТИЛ-26… (ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

Вали кейинги кунларда бошқа бир дунёда яшаётгандек эди. Бўлиб ўтган ишлар, Мерган аканинг келгуси режалари, ниятлари уни қизиқтирмай қўйди. Икки хаёли Момохолга яқинроқ бўлиш, унинг кўнглига йўл топишда бўлиб қолди. Ўтирса ҳам, турса ҳам шу қиз кўз ўнгидан кетмади. Аммо Момохол ҳануз унга бепарво. Шунчаки ногирон йигит, отасининг содиқ хизматчиси сифатида ҳурмат бажо келтирар, ҳовлида, томорқа тарафларда бирга айланишганда кўпроқ ишлари билан қизиқарди. Мабодо йигит муҳаббатдан сўз очса, ҳар гал бир жилмайиб қўярди-ю, гапни бошқа ёққа буриб юбораверарди. Бундан, албатта Валининг ғаши келарди. Ич-этини еб, юраклари увишиб кетгандек бўларди…

«Йўқ, — Вали охири чидай олмади. Эрта тонгда ўрнидан туриб амал-тақал аравачасига ўтириб олгач, (Сўнгги бир йил ичида мустақил машқ қилиб аравачага бировнинг кўмагисиз чиқиб олишга ўрганганди) астагина ҳовлига чиқди. — Бу қиз айёрлик қиляпти. Мени ногирон, ярим жон деб камситяпти. Билиб турибман, ичида севади. Фақат унга шу нарса халал беряпти… Ахир, оёғим бўлмагани билан ўзим соппа-соғман-ку!.. Бир оилани боқиш қўлимдан келади-ку!.. Қўлимда шундай ҳунарим бўлса, яхши топсам. Нега рўйхушлик бермайди?.. Ё отасидан ҳайиқадими?.. Э, Мерган ака мени яхши кўради. Битта қизини аямаса керак мендан. Ҳали у кишига кўп маротаба фойдам тегиши маълум-ку!.. Менинг қўлим билан қанча душманларини тинчитади-ю!.. Агар шундаям қизини аяса…

Йўқ, ортиқ тоқат қила олмайман. Ҳаммасини узил-кесил ҳал қилишим лозим. Ҳарқалай, ёш бола эмасман…»

Шу тобда Момохол дўкондан нимадир харид қилиш учун ташқарига чиқиб кетаётганди. Мерган ака эса, деразадан ҳовлини кузатарди…

— Момохол, тўхтагин!.. — энди дарвозани очмоқчи бўлган қизни тўхтатди Вали.

— Ҳа, нима дейсан? Тезроқ гапира қолгин, шошиб турибман!..

— Бу тезда айтиладиган гап эмас-да!..

— Уф-ф… Бўпти, қайтганимдан кейин айтарсан…

Вали индамасдан аравачани Момохолнинг йўлига кўндаланг қилди.

— Қачонгача мени қийнайсан?.. — тўсатдан қизнинг қўлларидан ушлаб ўзига тортди у. — Шунчалик тош юракмисан?..

— Вой, бу нима қилганинг? — Момохол шартта қўлларини тортиб олиб орқасига аланглаб қўйди. — Уятинг қолмабди ўзи. Дадам кўриб қолса…

— Сен, ахир, севишимни биласан-ку!.. Билиб туриб азоблаяпсан одамни…

— Бор-э, қанақа севги?.. Жинни бўпсан!..

— Йўқ, то бир ёқли қилмагунимизча сени ҳеч қаерга қўйиб юбормайман!..

Қиз асабийлашиб қошларини чимирди.

— Шунақами? — деди у ҳамон йўлида кўндаланг турган аравачани нари суриб. — Унда билиб қўй, менинг йигитим бор… Агар билиб қолса, сени…

— Нима мени?.. Ўлдирадими?

— Ҳа, ўлдиради.

— Ўлдириб бўпти!.. Ҳали мени яхши билмас экансан… Оёғим йўқ бўлсаям, унча-мунчасига сўз берадиганлардан эмасман…

— Яхши бўпти, энди қоч, йўлимни тўсма!

— Тўсаман. Сен то рози бўлмагунингча, туравераман.

— Ҳозир дадамни чақираман.

— Чақир!

Момохол нима қилишни билмай, турган ерида айлана бошлади…

***

Ҳақиқатан, танг аҳволда қолганди. Чунки Валини яхши билади. Бир қайсарлиги тутса, қайтариб бўлмайди… Бироқ… Севги тўғрисидаги гаплари кулгили… Ахир… Келиб-келиб ногирон йигитга кўнгил қўйиш… Аҳмоқлик-ку!..

Тоқати тоқ бўлди. Бу тахлит гап-сўзларга нуқта қўйиш пайти етганди.

— Менга қара, — деди Валининг кўзларига тикилиб. — Сен-чи, чучварани хом санабсан. Нима, сенга меҳрибончилик қилганимни нотўғри тушундингми?.. Йўқ, сен менинг дидимдаги йигит эмассан. Менинг… Ўз тенгим бор, билдингми?.. Бошқа бу тўғрида оғиз очма!..

Бундай кескин жавобни кутмаган Валининг кўзларидан ўт чақнаб кетгандай бўлди. Бўйин томирлари тортишиб бораётган каби бошини уёқдан-буёққа силкитиб-силкитиб юборди…

Бу лаҳзаларда Момохол аллақачон кўчага чиқиб кетганди…

* * *

Қиз Валининг кўнглини қаттиқ чўктириб қўйди. Ногиронлигини яна бир бор эсига солди…

Бўларича бўлган йигит шошилмасдан ҳожатхонага кириб эшикни ичидан тамбалади.

Шу ер тўйиб-тўйиб йиғлаши учун қулай эди…

Вали баъзи-баъзида… Дунёдан тўйиб кетган маҳалларда, ота-онасизлиги панд бера бошлаган вақтларда бир четга яшириниб, кўз ёш тўкишга одатланганди. Йиғласа, анча енгил тортиб, қайғулари бироз аригандек бўларди…

Афсус… Тағин халал беришди.

Даъфатан ҳожатхона эшиги безовта тақиллаб, ташқарида Мерган аканинг овози эшитилди.

— Валижон, тез чиқ!.. Зарур иш чиқиб қолди. Кечиктирсак бўлмайди. Бўлақол!..

— Оббо, — овозини пасайтириб ғудранди Вали. — Сира тинчлик йўқ экан-да!.. Бемалол йиғлашгаям қўйишмайди-я!..

— Хўш, Валижон, кайфиятлар қалай энди? — Мерган ака меҳмонхона тўрига ястаниб олганча гапни атайин узоқдан бошлади. — Яхши ётиб турдингми, бўтам!..

— Раҳмат, ёмон эмас… Ботир акам кўринмайдими?

— Ҳа, Ботир акангни бир ерга ишминан жўнатдик. Ҳали замон кеп қолади… Биласанми, сенбоп яна бир иш чиқиб қолди.

— Одам ўлдиришми? — зўрма зўраки тиржайди Вали.

— Топдинг. Киллерга одам ўлдиришдан бўлак ишни ишониб топшириб бўларканми?!.

— Биласиз-ку, мен тайёр одамман.

— Мана шу одатинг менга жуда ёқади. — силкиниб-силкиниб кулди Мерган ака. — Бўлмаса эшит. Жиззах йўлига чиқаверишда бир табиб яшайди. Жа бадавлат у хунаса. Ўшани тинчитиб берасан. Лекин эсингда бўлсин, суф деса сувни тескари оқизадиганлар хилидан. Шунинг учун кўзига кўринмасдан туриб тинчитиш керак. Кўриндингми, тамом бўлдим деявер!..

***

«Кўзига кўринганим минг марта яхшийди, — хаёлидан ўтказди Вали. — Ўлиб кетган дуруст бу қадар азобда яшагандан… Қачон қараса, чўлоқлигингни эсга оласан, ҳар кимгаям ўзингни тенг била олмайсан… Яна… Камситганлари… Майли, кўрсатсин ўша жодугар табибни. Уёғини ўзим биламан…»

— Майли, кўрсатмаларингизни бераверинг! — тилга кирди Вали бошини кўтариб. — Ҳаммаси сиз айтгандай бўлади.

— Сени Ҳайбатилла машинада олиб боради. То ишни битиргунингча кутиб туради. Лекин милиса-пилисасига эҳтиёт бўл. Тағин чув тушиб ўтирмагин. Мениям жувонмарг қип кетасан-а!..

— Хотиржам бўлинг! Қўлга тушган тақдиримдаям сизни сотадиган аҳмоқ йўқ.

— Бўпти, хонангга кириб тайёргарлигингни кўр… Айтганча, бир сидирға кийимларингданам олвол! Ўнг келмай қолса, ўша атрофдан жой топиб тунаб туришларингам мумкин…

Вали тушунмади. Нега керак кийимлар?.. Баҳор иси келиб қолган бўлса. Совуқ эмас…

Шунда ҳам эътибор қилмай хонасига кирди-да, зарур кийимларни дипломатга жойлаб, милтиқни тозалашга тушди…

* * *

Бу галги режа янада пухта ишлаб чиқилди. Мерган ака атайин Ботирни аралаштирмади. Сабаби аён. Жодугар табиб ўта хавфли одам. Қотилни кўрмаган тақдирда ҳам барибир кимлигини ажиналари орқали аниқлаб ола билади. Одамлар бекорга у ҳақида турли афсоналар тўқиб юришмайди. Қолаверса, шу кунгача ўлдирмоқчи бўлганларнинг ўзлари нариги дунёга равона бўлганликлари табиб кучлилигига аниқ исбот… Шундай экан, бу ишга иложи борича узоқроқ кишиларни жалб этган маъқул. Токи, Ботирга ўхшаган яқинлари жабр кўришмасин…

— Қани, Валижон, энди сенга оқ йўл тилайлик!..

Мерган ака ўн беш нафар қуролланган йигитлар олдида турган Валининг елкасига қўлини қўйди. — Ишқилиб, омадингни берсин!.. Эсингда тут, агар ўша жодугарнинг бошига етсанг, бойликларининг ҳаммаси ўзимизга қолади. Хатлаб оламиз. Ҳа энди сендай содиқ укамниям хафа қилиб қўймайман!..

Вали биринчи маротаба Мерган аканинг гаплари сохта эканини англади. Англади-ю, тунда кўрган туши ёдига тушди…

Ҳа, бепоён саҳрога бориб қолганди тушида. Саҳро шу қадар иссиқ, ҳаво дим эдики, нафас олишга қийналар, қайноқ шамол учириб юбораётган қумлар оғзига кириб нуқул ўқчирди…

Бир маҳал узоқдан қандайдир аждаҳосифат маҳлуқлар у томон чопиб кела бошлади. Вали қўрқиб кетди. Лекин қочишга сира имкон йўқ эди. Нима бўлса бўлар деди-ю, орқа-кетига қарамай қоча бошлади…

Барибир фойдаси бўлмади. Маҳлуқлар Валига нисбатан юз чандон тез чопишарди. Нақ елкасидан келиб босишди. У ерга кириб бораётганини ҳис этди. Нафаси бўғилиб, бир-икки сония ичида дунёдан буткул узилиб қолди…

Вали ўлдим шекилли деб хаёл қилганди. Тирик экан. Эрталаб қора терга ботган ҳолда уйғонди… Тушини эслади… Ўзича таъбир излаб кўрди…

Топа олмади… Қанча ўйламасин, ўлимдан бўлак нарса миясига келмасди…

Охири безор бўлиб юраги ғаш тортганча ўрнидан қўзғалди…

Ҳозир сал бўлса-да, пайқаб турибди. Жодугарнинг лаънатига қолиши мумкин. Балки, тайиндир?!. Йўқса, Мерган ака ёнига шунча қўриқчини қўшиб бермасди. Авваллари икки, ё нари борса тўрт киши кетаверишарди…

— Майли, мен сиздан ёмонлик кўрмадим. — дея Мерган аканинг кўксига бош қўйди Вали. — Мабодо қайтиб келиш насиб қилмаса, мендан рози бўлинг!..

— Э, унақа совуқ нафас қилма! — норози бош чайқаб қўйди Мерган ака. — Бекорга шунча йигитни қўшиб беряпманми сенга? Битта жодугарни тинчита олмасанг, қанақа устамон қотилсан?!. Энг асосийси, руҳни туширмасанг бас. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Омадингни берсин!..

Валини қўриқчи йигитлардан бири эпчиллик билан «Мерседес»га ўтқазди. Қолганлар ҳам орқадаги учта машинага жойлашишгач, Мерган ака ҳайдовчиларга жўнаш учун изн берди…

* * *

Табиб аслида чўл ҳудудлардан бирида жойлашган бозорнинг каттаси экан. Уни ана шу чўл йўлидагина учратиш мумкин эди. Чунки катта йўл, қатнов у қадар кўп эмас. Икки ёнбош адирсифат баланд-пастликлардан иборат. Одамни ўлдириб, бирон-бир чуқурчага ташлаб кетилса ҳам ҳеч ким пайқамайди.

— Шунинг учун Мерган ака буёқларни танлаган экан-да, — ёнидаги ҳайдовчига ўгирилиб кулиб қўйди Вали. — Жа бизбоп жойларга ўхшайди…

Ҳайдовчи боши билан маъқуллаган бўлди-ю, тўсатдан қаттиқ тормоз берди.

— Уёғига бориш мумкинмас. — деди икки қўли билан рулни муштлаб. — Бозор деярли яқин қолди. Ўн километр ҳам чиқмайди… Сизни шу ерга ташлаб ўзимиз ҳов анави кўриниб турган шийпонда пойлаб турамиз. Эсингизда бўлсин, табиб ўтадиган машинани чалкаштириб юборманг!.. Узоқдан кўришингиз билан дарҳол йўл ўртасига чиқинг!..

— Ўзим яхши биламан нима қилишни. — ҳайдовчини жеркиб берди Вали. — Менга ўргатишнинг ҳожати йўқ. Фақат… Сизлар қайтариб опкетишни унутмасангиз бас…

— Ие, бу нима деганингиз? — хохолаб кулди ҳайдовчи. — Мерган ака нақ теримизга сомон тиқади-ку!.. Ташвиш тортманг, сиз отишни бошлаганингиз ҳамоно етиб келамиз…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here