ЁЛЛАНМА ҚОТИЛ-27… (ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

Машиналар карвони икки чақиримлар наридаги кимсасиз шийпонга қараб йўл солди. Валининг эса, ҳануз юраги ғаш эди. Чўнтагидан сигарет олиб тутатди-да, яна Момохолни кўз олдига келтирди…

— Ҳа-а, — оғир хўрсиниб ўзи билан ўзи гаплаша бошлади у. — Ногирон бўлиш азоб экан. Севишгаям ҳақсиз бўларкан одам… Лекин… Бу адолатдан эмас-ку!.. Ногирон одам эмасми?.. Унинг бахтли бўлгиси келмайдими?.. Нега соғ кимсалар менга ўхшаганлардан қочишга уринишади?.. Айбим оёқсизлигимми?.. Кўзим, ё оғзим қийшиқ, бадбашара эмасман-ку!.. Э, йўқ, тақдирга тан берадиган аҳмоқ йўқ. Худо хоҳласа, мана шу ишниям қойиллатсам, Мерган акадан рухсат сўрайман. Ташлайман одам ўлдиришни… Тўплаган пулларимга ўзимнинг тижоратимни очаман… Ана ўшанда… Кўриб қўйсин Момохолга ўхшаганлар… Йў-ўқ, яхшиси, одам ёллайман-да, мажбуран ҳузуримга келтираман Момохолни. Қани, ўшандаям мени камсита олармикан?!. Камситиб бўпти…

Шу тобда узоқдан таниш машина кўриниб, Вали шоша-пиша ёнбошига яшириб қўйилган милтиқни пайпаслаб текширди. Ҳаммаси жойида эканига амин бўлгач, ҳеч нарса бўлмагандай йўл ўртасига чиқиб қотганча тураверди…

Машина катта тезликда келаётганди. Валигача ўттиз метрлар қолганда қаттиқ тормоз бериб тўхтади. У аниқ кўрди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган эркак ўша суратда кўрган табиб. Бунга шубҳа йўқ…

Секин чап ёнбошига қўл суқиб милтиқнинг қўндоғини маҳкам ушлади-да, табибнинг машинадан тушиб яқин келишини кута бошлади.

— Вей бола, жонингдан тўйганмисан? — барваста, сочлари оқариб кетган, серсоқол табиб машинадан тушибоқ ўдағайлай кетди. — Қоч йўлдан!..

Вали секин милтиқни қўлига олиб табибга тўғрилади. Табиб жонҳолатда ўзини машинанинг орқасига отди. Ҳайдовчи аллақачон машинани ичидан қулфлаб ўриндиқлар остига кириб кетганди… Аравача эса, тобора яқинлашиб борарди.

— Менга қара, аҳмоқлик қилма, ўзингни жувонмарг қилма!.. Ярим жон экансан! Қайт, қайт!..

Табиб машина ортидан туриб тинимсиз қичқирарди. Бу орада Вали унга жуда яқин бориб, милтиқдан ўқ узди. Аксига олгандек, ўқ табибга тегмади…

— Ҳали, шунақами? — дея эпчиллик билан машинанинг бошқа тарафига қочиб ўтди табиб. — Менминан мушук-сичқон ўйнагинг келдими?.. Сен чўлоқни-я?.. Худоям бекорга оёқдан қисмаган экан сен баччағарни!.. Энди ўзингдан кўр!..

Табиб шундай деб бирдан Валининг рўпарасига чиқиб қаддини ғоз тутди.

— Мен сени огоҳлантирдим, бола! Қулоқ солмадинг!..

У овозининг борича қандайдир дуоларни ўқий бошлади. Вали бўлса, қичқириқларга қулоқ солмай, тағин милтиқдан ўқ узди…

Шу пайт…

Ўқ табибга бориб тегдими-йўқми, Вали пайқамади. Кутилмаганда орқа миясида кучли оғриқ пайдо бўлди… Ҳаммаёқ шовқин-суронга тўлиб кетгандай туюлди. Қандайдир чийиллаган товушлар қулоғига чалинди…

Бу ҳолат атиги бир-икки дақиқа давом этди…

Кейин… Чор атрофни зулмат қоплаб, Вали ўтирган аравача ағдарилиб кетди…

* * *

Атроф кимсасиз эди. Ҳавонинг иссиқлигини ҳам, совуқлигини ҳам билиб бўлмасди… Осмон қонга бўялган кўйи қип-қизил…

Вали қаерга келиб қолганини англай олмай, анча вақт кимсасиз биёбонда туриб қолди. Танаси қизиб, нафас олиши қийинлашаётганини, чанқагандан томоқлари қуриб бораётганини ҳис этган сари юрагини ваҳима босарди…

— Қизиқ, оёқ қайдан кеп қолди менга? — энгашиб тиззаларини чимдиб-чимдиб кўраркан, ўзича сўзланди Вали. — Боягина чўлоқ эдим… Аравача қаерга гумдон бўлди?.. Қаердаман ўзи?.. Ким келтириб қўйди бу ерларга мени?..

Шу тахлит туравериш ҳам бефойда. Томоғи қуриб, боши айлана бошлаяпти… Агар яна бирпас турса, ўқчиб юбориши ҳеч гапмас…

Вали эса, болаликдан қусишни ёмон кўради. Қусса, гўёки ўлим топадигандек бўлаверади…

— Э, Худонинг раҳми келди шекилли менга! — кўнглидан ўтказди у узоқ-узоқларга синчковлик билан тикилиб. — Тақдирим шундай экан, демак, бу кимсасиз жойлардан чиқиб олишим зарур. Балки, қаерлардадир одам зоти бордир…

Оёқ остидаги қумлар негадир босган сари одамнинг ғашини келтириб ғижирларди. Айниқса, Вали яланг оёқ бўлгани сабабми, товонига майда-майда тошсимон зарралар ботиб баттар асабини қўзғатарди…

Билмайди, чамаси икки чақиримлар йўл босди-ёв!.. Олис-олислардан учбурчак шаклидаги бино кўзга ташланди. Вали жонланиб чанқаганиниям унутди ва ўша томонга чопди…

Товонлари оғриётганига ҳам қараб ўтирмади. Не қилиб бўлса-да, ўша бинога етиб олиш илинжида бўлди…

Узоқдан кичкина кўринган экан. Аслида бу бино улкан қасрлардан кам эмасди. Дарвозада бўйи икки-икки ярим метр келадиган девсифат эркаклар қўлларида чалғи ушлаганча қотиб туришарди.

Вали қўрқа-писа уларга яқин борган эдики, худди анчадан бери кутиб туришгандек, иккала эркак ҳам унга пешвоз чиқиб қўлларидаги чалғиларни ташлашди-да, қўлтиғидан олишди.

— Сени пушти паноҳимиз қачонлардан бери кутяпти! — деди эркакларнинг бири. Овози қандайдир ёқимсиз, беўхшов чиққани Валининг шубҳасини баттар оширди.

— Сизлар кимсизлар ўзи? — гавдасини орқасига олишга уринди у. Аммо кучи етмади. Узун, бақувват қўллар билакларини янада қаттиқроқ қисиб олдинга етаклади.

— Сен бизнинг юртларда хор бўлмайсан. — давом этди эркак. — Эҳ, бу ерлар шунчалар яхшики… Мана кўрасан, бир-икки кун яшасанг, умуман кетгинг келмай қолади…

Дарвоза очилгани ҳамоно Валини титроқ босди. Ҳовли умуман йўқ. Ўрнида бир одам сиққулик сўқмоқ. Икки томони баланд ғиштин деворлар билан ўралган…

— «Ана энди тамом бўлдим. — кўнглидан ўтказди Вали. — Бир балодан қутулдим, Худо менга қайтадан оёқ ато этди деб қувонганим бир пул экан. Энди мени ростакамига балога гирифтор қилишлари аниқ манави маҳлуқсифатлар…»

Ўйлаганидек, уни темир эшиклардан бирининг рўпарасига олиб келишди.

— Ҳозирча шу хонада ўтира турасан. — деди эркакларнинг бири. — Пушти паноҳимиз чорламагунча индамай ўтириб кутасан. Билиб қўй, бизда бақир-чақир қилиш, тўполон кўтариш мумкин эмас. Жазоси оғир кечади…

Вали индамай хонага кирди. Ичкари ним қоронғи эди. Қандайдир қўланса ҳид келарди…

Эшик шарақлаб ташқаридан ёпилгач, эҳтиёткорлик билан ён верини кузатди. Бурчакда соқоллари ўсиб кетган, елкаси туртиб чиққан бир қария ўтирар, юз-кўзлари қонга бўялган, нуқул йиғларди…

— Нега йиғлаяпсиз, бобо? — эҳтиёткорлик билан қарияга яқин бориб сўради Вали. — Қаер ўзи бу жойлар?..

Қария йиғлашдан тўхтаб Валига боқди.

— Сен нимага келдинг?.. Бор, тез кет!.. Ёш жонингга жабр бўлади, болам!..

У шундай деб полга энгашди-да, қўлига ҳассасини олди.

— Нега қараб турибсан, йигит?.. Кета қолсанг-чи!..

Вали ҳеч нарсага тушунмай елка қисди.

— Қайга борай?.. Ҳозиргина олиб келишди мени!..

— Шунақами?.. Ваҳшийлар!.. Буларда раҳм-шафқат йўқ!.. Менга қара, сен шайтонлар мамлакатидасан… Агар кетишнинг иложини топмасанг, бекорга жувонмарг бўп кетасан.

— Мен ўлганман-ку!.. Яна…

— Бекорларни айтибсан!.. Ўлмагансан. Шунчаки… Қаттиқ ухлаб қолганингдан фойдаланиб, бу ерга келтириб қўйишган сени… Агар айтганимга қулоқ тутмасанг, ростакамига ўласан… Биласанми кейин нима бўлади?..

— Йўқ.

— Ана, кўрдингми, ҳали ғўрсан, ғўрсан!..

Валининг кулгиси келди. Қизиқ, бу қария қаердан олиб гапиряпти бу гапларни?.. Ўзи-чи? Ўзи нега бу ерда йиғлаб ўтирибди?.. Демак, ўзиям ўлган эмас… Хўш, ўзи кетиш ўрнига нега уни ҳайдаяпти?..

— Бобо, сиз-чи? — ниҳоят юрак ютиб сўрашга журъат этди Вали. — Ўзингиз ҳам ўлмаганмисиз?..

— Ҳа, ўлмаганман. Бироқ менга энди барибир. Ёшимни яшаб бўлганман… Ҳали замон жонимни олишга келишади. Шунга… Яқинларимминан хаёлан видолашаётгандим…

— Нимага ҳаммаёғингиз қон?..

— Э, бунинг тарихи узун. Яхшиси, сўрама!..

Қария бир муддат сукутга чўмди. Афтидан, дардини қаршисидаги Валига барибир айтмоқчи бўлдими, асабий қўл силтаб давом этди.

— Болам-ей, мен қиморбоз эдим… Шу… Қиморга кириб ҳали ютқазиш нималигини билмаган одамман… Афсус… Кўролмайдиганлар кўп экан… Ўзимминан шунча йил ошиқ тепиб, ошимни мақтаб-мақтаб еганлар, тузимни ичган улфатлар ўласи қилиб калтаклашди… Мана, шунинг касрига манави ерда-а ўтирибман…

Бу гапларни эшитиб Валининг нафрати қўзғалди. Ахир, қандай ифлос одамларки, саксондан ошган чолни калтаклаб пулини шилиб олишса?!.

— Бобо, сиз ҳам менминан кета оласизми? — секин сўради Вали. — Айтинг, кета оласизми?..

— Йўқ, нафасим етмайди, болажоним!.. Бўғиламан мен, бўғиламан… Бир ўзинг кетишинг керак…

— Мен қаерга боришни билмасам… Қандай кетаман?..

— Мен сенга йўл кўрсатаман… Ёрдам бераман… Майли, умримда ҳеч бўлмаса сенга яхшилик қилай. Йўқса, армон билан ўлиб кетаман… Қулоқ сол, ҳали замон қоронғи тушади. Ана ўшанда менинг орқамдан юрасан. Ишқилиб, шайтоннинг малайлари сезиб қолишмаса бас… Уёғи яхши бўлади… Тўхта, оёғингга нима қилган?..

Вали ҳайрон бўлиб оёқларини кўздан кечирди.

— Ҳ-ҳеч нима… Мана, жойида турибди… Оёқларим бутун.

— Йўқ, иккала оёғинг ҳам негадир кўринмаяпти.

— Мана турибди-ку, бобо!..

— Э, жа қайсар бола экансан ўзинг ҳам!.. Сенга шундай туюляпти холос… Бўпти, пешонага ёзилгани бўлади-да! Қўлингдан нимаям келарди. Оллоҳнинг инояти буям!.. Сабр қилиб яшайверасан энди…

— М-менинг оёқларим бутун… Бутун… Мана, ўзим кўриб турибман…

— Гапни кўпайтирмай, буёғига қулоқ сол!.. — жеркиб берди қария. — Ё кетишни истамайсанми?..

— Билмасам. — Вали бўшашиб полга ўтириб қолди. — Худо изн бермаса-чи?.. Боягина ўзингиз айтдингиз-ку!..

— Изн бериб турибди, ўғлим, бериб турибди!.. Фақат… Ўзинг ҳам ҳаракат қилишинг лозим. Бўшашиб ўтираверсанг, сени кўтариб олиб бориб қўйишмайди…

— Қаерга боришим лозим?..

— Уф-ф…

Қария аччиқланиб Валининг билагидан тутиб турғазди.

— Қаерга бўларди? Асфалософинга эмас ҳарқалай! Ёруғ дунёга қайтасан…

— Йўқ!!! — Вали кутилмаганда силтаниб қариянинг қўлидан чиқиб кетди. — Уёққа қайтишни истамайман!.. Яна… Оёқсиз яшашни истамайман!!!

— Ким сендан сўраб ўтирарди?.. Яшашинг зарурми, вассалом!.. Қани, юр, ана, қоронғи тушиб қолди. Энди орқамдан юравер! Фақат димингни чиқарма!..

Қария уни хона бурчагига судраб борди. Қўли билан деворни сийпалаб-сийпалаб чиққанди, девор икки томонга сурилиб, қаршиларида бепоён кенглик пайдо бўлди. Вали ҳовлиқиб осмонга тикилди. На юлдуз бор, на ой. Бутун осмонни қоп-қора булут қоплаб олибди чамаси…

— Ҳов анави томонни кўряпсанми? — қария Валига олис-олисларни кўрсатди. — Ўша ёққа қараб югурасан. Бораверсанг, бир кўприк чиқади. Олд томони баланд деворлар билан ўралган. Деворга яқин бориб «Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм!» дейсан. Девор ўз-ўзидан иккига бўлиниб сенга йўл беради. Шошил, анграймай, тезда ўтиб олгин. Чунки, девор бир дақиқагина очиқ туради холос… Уёғини ўзинг тушуниб олаверасан… Чоп, кечикма! Йўқса, ҳадемай анави ярамас малайлар уйқудан уйғониб қолишади!..

Қариянинг «оёқларинг йўқ» деган гапи ҳали кўнглидан чиқмаганди. Вали ишонқирамай, оҳиста югуриб кўрди. Ҳаммаси жойидадек кўринди…

Шундан сўнг орқа кетига қарамай чопиб кетди…

Югурган сари яшашга бўлган иштиёқ кучайиб бораверди…

Ярим йўлга етганда нафаси тиқилиб сал қурса йиқилиб тушаёзди. Аммо ўзини тутиб олиб чопишда давом этди…

Фақат деворга яқин келгандагина кўнгли ағдарилиб ерга юзтубан йиқилди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here