ЁЛЛАНМА ҚОТИЛ-28… (ИККИНЧИ ФАСЛ. ОХИРИ)

2

 

* * *

Вали инқиллай-инқиллай кўзларини очишга уринди. Негадир кўзлари очилмади… Атроф фақат зулматдангина иборат эди… Бирпас нималар бўлганини англашга уриниб кўрди. Ҳеч нарсани эслай олмади… Фақат… Қулоқлари остида кимнингдир майин овози янграгандек бўларди…

Ўнг ёнбошига ўгирилиб олмоқчи бўлди. Аммо оёғи шу қадар чимиллаб оғриди-ки, беихтиёр қичқириб юборди:

— А-а-а-а!..

— Сизга нима бўлди?.. Ўзингизни қўлга олинг!.. Кўзингизни очсангиз-чи!..

Бу овоз унга жуда таниш туюлди. Ҳа, қаердадир эшитган…

Лекин қаерда?.. Анави… Қария… Йўқ, унинг ёнида ҳеч ким йўқ эди… Унда қаерда эшитган…

— Очинг кўзингизни!.. Илтимос, оча қолинг!..

Вали яна кўзларини очиш учун ҳаракат қилиб кўрди. Йўқ, ҳеч нарсани кўрмаяпти. Кўз ўнгида қоронғиликдан бўлак ҳеч нарса йўқ…

— М-мен кўрмаяпман!.. — деди инқиллаб. — Ҳеч нарсани кўрмаяпман!!! Сиз кимсиз?.. Айтинг, кимсиз?..

— Менми?.. Наҳотки, овозимни танимаётган бўлсангиз? Момохолман мен, Момохол!..

— Қайси Момохол?.. Мен бунақа исмни эшитмаганман…

— Ахир… Мерган аканинг қизи…

— Нима?..

Вали қўллари билан пайпасланиб овоз соҳибини қидира бошлади.

— Сиз бу ерларга қаердан кеп қолдингиз? Кетинг!.. Тез кетинг!.. Бу ерлар шайтон малайларининг макони, тушуняпсизми?!. Кетинг, ҳали яшашингиз керак!..

— Йўқ, ундай деманг, Вали ака!.. Сиз шунчаки ҳушдан кетгандингиз холос… Жодулаб қўйишганди холос… Унақа гапларни гапириб мени қўрқитманг!.. Мана, муздай сувдан ичинг, ўзингизга келасиз!..

Вали Момохол тутқазган сувдан бир-икки ҳўплагач, ҳақиқатан ўзини таний бошлагандек қўллари билан оёқларини ушлаб кўрди.

— Момохол, оёқларим йўқ, оёқларим қани?!.

Қиз оғир хўрсиниб Валининг тепасига ўтирди.

— Мени қийнаманг!.. Илгариям йўқ эди оёқларингиз. Аварияга учраганингизда кесиб ташлашган экан.

— Кўзларим-чи? Нега кўрмаяпман ҳеч нарсани?..

— Бунисини билмадим… Билмадим…

— Менга қара, Момохол, адашмасам, сен мени ёқтирмасдинг! Нега мени сизлаяпсан?.. Йигитим бор демаганмидинг?.. Нимага ёнимдасан? Мерган акалар қани? Нега улар йўқ?.. Қаердаман ўзи?

— Сиз бизникидасиз… Аввалги гапларимни миянгиздан чиқариб ташланг!.. Аҳмоқ эдим илгари, ҳа, аҳмоқ эдим, Валижон!.. Мана, ўзим сизни айвонга жой қилиб ётқизганман.

— Й-йўқ… Тўхта, менга нима бўлганди ўзи?.. Ҳеч нарсани фаҳмлай олмаяпман!..

— Сиз жоду балосига учрадингиз. Ўша ярамас сизнинг ҳушингизни олиб қўйган. Сиз… Ёмон одамларнинг қўлига тушиб қолдингиз!.. Базўр опкелтириб олдим бу ерга сизни.

— Қачон?.. Қачон кеп қолдим бу ерга?..

— Бир ҳафта бўлди. Бир ҳафтадан бери ўзингизга келтиролмай ҳалакман. Дўхтир чақирай десам, қўрқдим… Топиб олишларидан қўрқдим!..

— Даданг-чи? Қани Мерган ака?..

Момохол бир муддат жим қолди.

— Дадам қамалиб қолди. — деди ниҳоят. — Ўша… Сиз ҳушдан кетган кунингиз катта миқдорда қурол топишди уйимиздан. Бутун уйни титкилаб ташлашди текширувчилар… Айтишларича, Самад ака деган одам сотиб қўйганмиш дадамни…

— Самад ака?.. Наҳотки?..

Вали ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо гавдасини кўтаришга қурби етмади.

— Ўша… Ҳароми… Вадим акамниям ўлдирган!.. Мерган акани нега сотади?.. У киши ўша ярамасга… Хизмат қиларди-ку!..

— Ҳа, лекин… Охирги марта қуролларни сал қимматроқ сотмоқчи бўлган экан…

Момохол бир қўли билан Валининг сочларини оҳиста силаб, иккинчисини пешонасига қўйди.

— Вали ака, кечиринг!

— Ҳа-а, ундами? Э, мендай ногирон йигитнинг кимгаям кераги бор?.. Хафа бўлганим йўқ ўшандаям… Кўникиб кетганман… Сен… Бекор бу ерга опкелибсан мени… Кўчада қолдириб кетаверсанг, яхши бўларди…

— Иккинчи марта менинг олдимда ўзингизни ногирон деманг!.. Хафа бўламан…

— Хўш, сенга нима керагим бор?.. Мана, буям камдек, кўр ҳам бўлиб қолдим шекилли. Бошингга урасанми мени?.. Ҳа энди йигитлик устун келиб севги изҳор қилсам қилгандирман… Эътибор қилма у гапларимга!.. Ҳалиям бўлса, ўша йигитингдан қолма!..

— У менга керак эмас… Уям анави каллакесарларга ўхшаган бўлади-да!.. Отасининг йўлидан боради-да!.. Қўйинг!.. Мен қасам ичганман… Сиз билмайсиз… Энди бир умр сизнинг ёнингизда бўлишга қасам ичганман… Ҳаммасини ҳал қилиб бўлганман!

— Раҳминг келганидан бўлса керак-да! — деди Вали инқиллаб.

— Бекорларни айтибсиз… Раҳмим келганидан эмас… Сиз… Сиз… Ҳеч кимга ўхшамайсиз… Сизни жуда-жуда қадрлайман!.. Буни ўша куни… Бир ўзингиз юмалаб кимсасиз жойларда қолиб кетганингизни эшитганимдан кейин англаб етдим. Шу сабаблиям ўзингизни танладим. Менга бошқача ҳаёт керакмас… Фақат… Вали ака, қасам ичинг!.. Ортиқ одам ўлдирмайман деб қасам ичинг!..

— Сен ўйлаб гапиряпсанми? Кўр одам қандай қилиб бировни ўлдирсин!?. Кулгимни қистатма!.. Шундоғам аъзойи баданим оғриб кетяпти. Лекин… Бундай қарорга келганинг чатоқ бўпти…

— Бўлди, бошқа гапирманг!.. Ҳали кўрмагандай бўп кетасиз… Худога шукр, отам менга ажратган пуллар иккаламизгаям бир умрга етади… Узоқ-узоқларга опкетаман сизни!.. Ўлдир-ўлдирлардан, қон тўкишлардан нари бўлсак бас… Мен ҳаммасига чидайман…

Валининг кўзларига беихтиёр ёш келди…

Ўпкаси тўлиб келди-ю, шундоқ ёнгинасида Момохолни ҳис этиб ўзини додлашдан базўр тийиб қолди…

Пайпаслана-пайпаслана, қизнинг қўлларини топиб кафтлари орасига оларкан, эшитилар-эшитилмас, пичирлаб қўйди:

— Ҳаммаси яхши тугади-ку, лекин кўзларим ҳам кўр бўлиб қолгани, сенинг жамолингга тўёлмаслигим ёмон-да, Момохол!..

Момохол индамай бошини Валининг елкасига қўйиб, йиғлаб юборди.

— Унақа деманг!.. Кўнгил кўзингиз очиқлигига шукр қилинг! Менга ўша кўзингизнинг ўзи етади!.. Яна бир маротаба мени кечиринг!

Тамом.

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

2 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here