САВОБНИНГ КУЧИ…

0

 

* * *

Касалхонанинг жонлантириш бўлимига ярим тунда ажнабий кампирни олиб келишди. У оғир аҳволда эди. Нуқул ҳарсиллар, ранги докадек оқариб кетган, оғриққа бардоши етмаётганидан бўлса керак, тинимсиз ингранарди.

— Ҳаммаёғим чилп-чилп ҳўл, кийимимни алмаштириб бер, ҳой қиз! — дея ёлворарди ётган ерида тепасида ҳеч сўзга тушунмай тош қотиб қолган фаррош қизга. — Нега қараб турибсан? Кийимимни алмаштирсанг-чи, жон қизим! Вой-эй-й-й!!! Нима қиламан энди? Ким менинг дардимни олади, ким?..

Хайрият, ҳамшира Муножотхон дори тайёрлаётган экан. Тайёр дориларни олиб чиқиб қолди.

— Нимага қараб турибсан, Нозима? — шоша-пиша келиб бемор кампирнинг тепасига энгашди Муножотхон. — Ҳа, холажон, нима бўлди?

— Кийимимни алмаштириб қўй десам, миқ этмаяпти анави қиз! — фаррошнинг устидан шикоят қилган бўлди кампир. — Қотганича турибди! Илтимос, бошқа кийим беринглар!..

— Хўп бўлади! — Муножотхон илкис бошини кўтариб, ҳануз бир четда ер чизиб турган Нозимага юзланди. — Нозима! Сенга нима бўлди? Нега беморга ёрдам бермаяпсан?

— Нима деётганини тушунсам ёрдам бераманми? — норозиланиб лаб бурди Нозима. — Ҳаммаёғи сасиб ётибди, қаранг! Ахир… Мен буларнинг исқиртини тозалаш учун келмаганман-ку ишга!

— Ие, нега келдинг бўлмаса? Бор, қайтиб кетавер унда уйингга!

— Сиздан сўраб кетмайман, — жеркиб берди уни Нозима. — Тилини тушунмасам нима қилай?

— Имлаяпти-ку тушунмаганингга! Шундаям фаҳминг етмадими? Бўл, кийимини алмаштир!

— Зарил кептими? Жа керак бўлса, ўзингиз тозаланг! Мен… Жирканаман! Бир ҳафта кўнглим айниб юрсинми кейин? Аҳмоғи йўқ! Кап-катта хотин ўзини ўзи эплай олмайдими? Менда нима гуноҳ? Мен касал қилибманми?..

Муножотхон тушунди. Фаррошга шу тобда бир сўзни уқтириб бўлмайди. Гапириб ҳеч ким барака топмайди. Шундай тошюрак, уқувсиз, шафқатсиз, дунёқараши тор, одамийликка ётлар билан бирга ишлаётганига минг надоматлар чекди-ю, ўзи бемор онахоннинг кийимларини алмаштирди. Укол қилди, дори берди, қон босимини ўлчади, хуллас, неки кўмак зарур бўлса, врач тайинлаганидек қойиллатди.

Кампир дорилар таъсир қилдими, ухлаб қолди.

Муножотхон эса секин йўлакка чиқди. Нозима энди йўлакнинг нариги бошида турар, ким биландир телефон орқали лақиллашарди.

Бир хаёли бориб юмдалаб ташлагиси келди. Аммо дарров ўзини қўлга олди. Беҳуда асабини бузишдан тийилиб, норози бош чайқаш билан чеклана қолди.

* * *

Муножотхон бошқа палаталардаги беморлардан хабар олиб, муолажаларни вақтинча бўлса-да, тамомлаб бўлгач, врачлар хонасига қадам қўйганди. Яна ажнабий кампирнинг дардли ва ҳазин ҳайқириғи бўлимни тутди.

— Ҳой қизларим, — дея нола чекарди кампир. — Овқат берингла-ар!!! Очдан ўлиб қоламан! Бир тишлам бўлсаям нон беринглар!

Барибир санитарка ёрдам қўлини чўзмаслигига кўзи етиб, Муножотхон кампир ётган палатага чопди.

— Ҳа-а, хола, — деди онахоннинг пешонасига кафтини босиб. — Қорнингиз очдими?

Бемор аранг бош қимирлатиб, ғўлдиради:

— У-уч кундан бери туз тотганим йўқ, — деди у йиғлаб. — Жон қизим, бир бурда бўлсаям нон беринг!

— Хўп бўлади! Ҳозир опкеламан!

Муножотхон ошхонага зипиллади. Ҳаш-паш дегунча қўлида қайноқ мастава, нон билан кириб келди. Бемор кампир косани қўлига олди-ю, кўз ёшлари томоғигача сирғалиб тушди. Қўллари титрай-титрай, маставадан бир неча қошиқ тановул қилди. Кейин эса Муножотхонга жавдиради.

— Ҳа, хола, ёқмадими? — сўради Муножотхон кампирга ачиниш аралаш тикилиб. — Мастава яхшимасмикан?

Бемор унга жавобан норози бош чайқади.

— Ж-жуда мазалийкан!

— Унда нега йиғлайсиз?

— Мана шу овқатни кўриб болаларим эсимга тушиб кетди.

— Вой, нечта болаларингиз? Кўпми?

— Уч ўғлим бор. Каттаси қирқда, кенжам бу йил 25 га тўлади…

Кампир ора-сирада нон кавшаб, маставадан татиб ҳийла дадилланиб қолганди. Бир қўли билан Муножотхоннинг юзларини силаб қўйиб давом этди.

— Улар мендан хабар олишмайди… Уч кун уйимда қолиб кетдим. Яхшиям ён қўшнимиз Зарифахон боракан… Ўша уйинг донга тўлгур инқиллаб ётганимда кириб қолиб, дарров дўхтир чақиртирди.

— Болаларингиз-чи? Ҳеч ким уларга хабар бермадими?

— Э, хабар берганда нима ўзгарарди. Келишмайди… Ҳа, кўрасиз ҳали, башарти хабар топишган бўлса, кеп қолишсаям ажабмас… Аммо бетига қарамайман ҳеч қайсисининг.

— Нега, хола? Ахир…

— Барибир қарамайман. Қуриб кетишмасин! Шу кунгача онаси йўқдай бўлдими, бундан кейин ҳам шундайлигича қолади…

Муножотхон кампирнинг сўнгги сўзлари бағрини эзиб, истамайгина ўрнидан қўзғалди ва ташқарига йўл олди…

Ҳа, она экан-да, бир ҳафта ўтдими-йўқми, уч ўғил олдинма-кетин кампирни кўриш учун бўлимга кириб келди. Уччаласи ҳам басавлат, норғул йигитлар экан…

Кампир бирпас юзини терс буриб турди-ю, аммо чидай олмади. Дод деб йиғлаганча ўғилларини бир-бир қучиб, елкаларига бош қўйиб, ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Кейин эса кўз ёшларини енгига арта-арта атрофдаги бошқа беморлар ва ҳамшира, врачларга фарзандларини ўзича кўз-кўз қилган бўлди.

Онахоннинг лаблари кулар, кўзлари эса юм-юм йиғларди…

Муножотхон бу манзарани бир четдан туриб томоша қиларди-ю, ўпкаси тўлиб-тўлиб келар, бемор кампирга жуда-жуда ҳавас қиларди.

«Худойим, — ўйларди энтикиб. — Майли, мениям қариганимда фарзандларим шу кампирнинг болаларига ўхшаб ташлаб кета қолсин! Чидардим, бардош қилардим. Асосийси, тирноққа зор қилмасайдинг!.. Ўн йилдан бери қийналиб кетдим-ку! Розиман, болаларим юзимга тарсакиб туширсаям, олиб бориб сувга чўктириб юборсаям розиман! Фақат уларни эркалаб-суйиб улғайтирсам, меҳримни берсам бас!..»

ХОТИМА ЎРНИДА

Савоб иш, чин кўнгилдан тилаган тилаклари орадан бир неча йил ўтиб Муножотхонга ростакамига юз кўрсатди.

У қўчқордек эгизак ўғилларни дунёга келтирди.

Бироқ бир-биридан ширин эгизакларига қараб туриб қачонлардир худодан тилаган бемаъни тилаклари учун қайта-қайта тавба қилар, хаёлан бўлса-да, «Оллоҳим, мен гумроҳ бандангни кечир! Ўшанда бемор кампирга азбаройи ҳавасим келганидан болаларим мениям ташлаб кета қолсин, розиман», дея нола қилгандим. Жон художон, ўтиниб сўрайман, ёлвораман, мени болаларимдан ҳеч қачон жудо қилмагин! — дея дард чекарди.

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here