ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАН ЙИГИТ — 2…

0

 

* * *

Эртаси куни эрталаб жисмоний машқларни бажариб, нонуштадан қайтишгач, барча курсантларни мажлислар залини эслатувчи катта хонага йиғишди. Взвод командири негадир ҳаммани жой – жойларига ўтқазгач, хонадан чиқиб кетди. У чиқиб кетиши билан ичкарига биринчи кунлари майдонга тўплаб курс билан таништирган подполковник кириб келди.

— Азиз курсантлар, — деди у ўйчан оҳангда. — Мана, бугун сизларга бор ҳақиқатни айтиш фурсати етди. Чунки, олдингизда ярим йиллик якунлари бўйича имтиҳон топшириш вазифаси турибди. Хўш, тайёрмисизлар?

— Худди шундай! — бараварига жавоб қилишди курсантлар.

— У ҳолда эшитинг. Сизлар олти ой давомида ўқиб ўрганган курс жосуслик мактаби ҳисобланади. Жосус сўзининг маъносини тушунган бўлсангиз керак. Келгусида сизлар тобора томир отиб бораётган хавфли жиноятчиликка барҳам беришдек буюк ишда иштирок этишингиз керак бўлади. Бунинг учун ҳозирча ўқиш, ўқиш, ўқиш ва ўрганиш зарур. Бу бошланиши, холос. Эҳ-ҳе, ҳақиқий профессионал жосус бўлиб етишиш учун ҳали қанча-қанча қийинчиликлар, синовлар турибди. Майли, гапни қисқароқ қилайлик. Хуллас, имтиҳон шарти шундай. Бугун кечаси ҳаммангизни самолётга ўтқазиб, ўзингизга мутлақо нотаниш, кимсасиз манзилларга ташлаб кетишади. Ёнингизда овқат ҳам, пул ҳам, ҳужжат ҳам бўлмайди. Эгнингиздаги манави ҳарбийлар либоси ҳам фуқаро кийимига алмаштириб қўйилади. Икки ой давомида сиз ўзгаларга ўзингизни танитмасдан, кимлигингизни билдирмасдан яшай олишингиз керак. Ҳужжатни ҳам, овқатни ҳам, пулни ҳам ўзингиз топасиз. Огоҳлантириб қўяй, мабодо милиционер ёки шунга ўхшаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимларининг қўлига тушиб қолсангиз-у, кимлигингизни, аниқроғи, ҳақиқий исми-шарифингизни, қандай курсда ўқишингизни билдириб қўйсангиз ёки бўлмаса, осонгина қўлга тушиб ишни бузсангиз, имтиҳондан ўтолмаган ҳисобланасиз. Бунга қўшимча, қилган жиноятингиз учун жазоланасиз. Сабаби, бизнинг ишда бу нарса хоинлик билан баробар. Хуллас, ҳақиқий жосусларга хос яшаш учун кураш синовининг илк босқичини бошингиздан кечирасиз. Гапларим тушунарлими?

— Худди шундай.

— Айтганча, сизлар ўн кишисиз. Аммо имтиҳон баҳолари икки ойдан сўнг эълон қилинганида, бу қадар озчилик эканингизга қараб ўтирилмайди. Бизга сон эмас, сифат керак. Қани, шунқорлар, олға!

Курсантлар гаплашиш мумкин эмаслигини билишгани учун ҳам битта-биттадан ташқарига йўл олишди.

* * *

Кеч тушди. Соат ўнларга яқин Мадалига ташқарига чиқишни буюришди.

Айлана атрофи брезент билан ўралган «Урал» негадир унинг бир ўзини олиб йўлга тушди.

Афсуски, ортиқча саволлар бериш тақиқланган.

Қор тинган бўлса-да, кучли совуқдан этлари жунжикиб бораётган Мадали эгнидаги юпқа гимнастёрка тугмаларини қадаганча индамай борарди.

Бир соатча йўл юришгач, машина тўхтади.

— Қани, шоввоз, туша қол! — брезентни кўтариб Мадалига қичқирди лейтенант. — Етиб келдик!

Мадали шунда билдики, кабинага ўзини ташқаригача кузатиб чиққан лейтенант ҳам чиқиб ўтирган экан.

— Қолганлар қани? — ниҳоят юрак ютиб сўрашга жазм этди у.

— Қолганлар бошқа томонларга жўнаб кетишди. Сенинг манзилинг бўлак!..

Мадалини кичик ҳарбий аэропортга олиб келишганди. Улар бошини совуқ шамолдан тўсган кўйи учишга шай турган вертолёт қаршисига боришди.

— Эсингда бўлсин, — уқтирди лейтенант. — Синов муддати икки ой. Шу орада айтилган барча топшириқларни бажаришинг ва манави қоғозда кўрсатилган муддатда курсимизни топиб боришинг лозим бўлади. Хўш, гапларим тушунарлими?

— Тушунарли.

— Унда олға!

Мадали шоша-пиша хайрлашди-да, вертолётга чиқди.

* * *

— Мана шу ерга сени ташлаб кетамиз! — икки соатлик учишлардан сўнг вертолёт қандайдир очиқ майдонга келиб қўнганди. Учувчилардан бири Мадалини ташқарига олиб чиқиб, атроф билан таништирган бўлди. — Ҳов анави ўрмонни кўряпсанми?

— Кўряпман.

— Ўша ўрмон орқали кўзлаган жойингга етиб олишинг мумкин. Фақат эҳтиёт бўл, бу ерларда одам зоти яшамайди. Чор атрофда бўрилар изғиб юради.

— Бир амалларман, — сир бой бермай қўл силтади Мадали. — Ёш бола эмасман!

— Хўп, омадингни берсин, курсант!

Мадали вертолёт осмонга кўтарилгунча бир жойда туриб қолди. Сўнгра таваккал қилиб ўрмон ичкарисига йўл олди.

* * *

Қишлоқда ўсиб катта бўлган йигит учун, албатта, бундай кенг, қалин ўрмонларни кўриш қизиқарли кечади. Аммо шу тобда ўрмон, гўзаллик ҳақида ўйлашга вақт йўқ. Совуқ тобора кучайиб бормоқда. Ана, қор ҳам учқунлай бошлади. Аввалига панароқ жой топиб исинмаса, бу совуқда қотиб ўлиш ҳеч гап эмас.

Мадали шохларга урила-урила кетиб борар, хаёлида фақат бир ўй — қандай бўлмасин, ғорми ё шунга ўхшаш пана, иссиқ макон топиб тунаш!

Қайсидир қайинга етиб, шох-шаббалар устига оёқ қўйиб, нафас ростлаш учун тўхтаганди, оёғи тойиб кетди ва чуқурга қулади. Бу қандайдир сониялар ичида шу қадар тез содир бўлдики, нима эканини фаҳмлашга улгурмай қолди.

Яхшики, тушган ери қаттиқ эмасди. Ниманингдир устига йиқилди. Ҳеч қаери лат емади.

Устига ўпирилиб тушган қорни тозалаб кўр-кўрона ўзи ўтирган нарсани пайпаслаб кўрди.

— Нима? Нима бу? — йигит жон ҳолатда ўрнидан туриб ўзини четга олди.

Чуқурнинг кенглиги икки метрча келар, тик турганда бош кўринмай қоларди.

Мадали ҳамон ишонқирамай, бир муддат титраб-қақшаб чуқурда узала тушиб ётган мурдага тикилиб турди.

Наҳотки, қабристон бўлса бу ер? — ўйларди у. — Энди нима қиламан? Йўқ, мен қўрқмаслигим керак. Курсни эсга олишим зарур. У ерда неча марталаб ўликхоналарга бордим. Ўликларни мана шу қўлларим билан ушлаб кўрдим. Неча кунлаб уларнинг орасида яшашга мажбур қилишди. Нега бирдан қўрқиб кетдим? Ахир, мен жосусман!

Мадали ўзини қўлга олиб оҳиста энгашди-да, мурдани яна бир карра қўллари билан текшириб кўрган бўлди.

Эркак киши экан. Кўринишидан икки-уч кун олдин кўмилган. Қизиқ, нега бу ўрмонга кўмишди экан? Ҳа-а, тўхта.

У пайпаслай-пайпаслай, мурданинг чўнтакларидан ҳамён топди. Ичида бир даста пул ҳам бор экан. Қоронғиликда қандай пул эканини аниқлай олмади.

— Нима фарқи бор? — деди ўзига ўзи. — Омадим кеп қолди. Бу пул билан энди очдан ўлмайман. Энди бемалол мана шу ерда ухлаб, тонг отганда йўлга тушаман.

Мадали кўнгли бироз таскин топгандек, секин мурданинг ёнига ёнбошлаб кўзларини юмди.

* * *

— Алёша, қара, чуқурда яна кимдир ётибди. — Мадали юқорида кимларнингдир шивир-шивири қулоғига чалингандек, секин кўзларини очди. Тонг аллақачон ёришиб бўлган. Тепасида бир аёл ва эркак ҳайрат аралаш унга тикилиб турарди.

Сира ўзини йўқотмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетганига қарамай, икки қўлини қўлтиқлари орасига тиққан кўйи инқиллаб ўрнидан қўзғалди.

— Ие, тирик экан! — аёл бир қадам ортга чекиниб ёнидаги эркакка Мадалини кўрсатди. — Ким бу? Сўрасанг-чи! Айт, тез юқорига чиқсин!

— Ҳой, йигит, қани, юқорига чиқ! — буюрди эркак. — Нега қараб турибсан? Чиқ!

«Адашмасам, булар менинг халоскорларим, шекилли, — хаёлидан ўтказди Мадали. — Хайрият, шаҳар қидириб сарсон бўлмайдиганга ўхшаб қолдим. Лекин буларга нима дейман, кимлигимни сўраб қолишса-чи? Эгнимдаги кийимимдан хитланиб қолишлари мумкин. Йўқ, беҳуда олти ой ўқимадим-ку! Наҳотки, арзирли баҳона ўйлаб тополмасам?»

Мадали шошилмасдан эркак кўмагида юқорига кўтарилди. Аёл унинг совуқдан қизариб кетган юзлари, бурнини кўриб янада ортга чекинди.

— Кимсан? — сўроққа тута бошлади эркак. — Бу ерга қаердан келиб қолдинг? Гапир!

— Менми? — Мадали титрарди. Шундай бўлса-да, иложи борича ўзини тутиб олишга уринарди. — Мен мусофирман. Адашиб қолдим. Ҳеч кимим йўқ.

— Чуқурни қандай топдинг?

— Топганим йўқ. Ўрмонда кетаётгандим, дабдурустдан тушиб кетдим.

— Чўнтагини кавла, чўнтагини! — буюрди аёл. — Пулларни олволган бўлмасин тағин.

— Тўғри айтасан. — эркак қаршисидаги баланд бўйли бу йигитга эҳтиёткорлик билан яқинлашиб чўнтакларига қўл солди.

Мадали қаршилик кўрсатиб ўтирмади. У биларди. Энг асосийси, бошпана топса бас. Қолганини аста-секинлик билан уддалай олади.

— Ҳа-а, — эркак Мадалининг чўнтагидаги ҳамённи олди-да, югурганча аёлнинг ёнига борди. — Шу олган экан, қара! Пулларни шу олган экан.

— Ҳой бола, бизга яқин келма. — аёл тўсатдан пўстини орасидан тўппонча чиқариб Мадалига ўқталди. — Яқин келсанг, отаман!

— Менга бу пулларнинг кераги йўқ! — деди Мадали ўзини жилмайишга мажбур этиб. — Яхшиси, мени шаҳарга олиб бориб қўйинглар! Сизларга, албатта, ёрдамим тегади.

— Шаҳарга? Бекорларни айтибсан! — ҳамон тўппончани унга ўқталганча жавоб қилди аёл. — Манави мурдани кўргансан. Сотмоқчимисан бизни-а? Чучварани хом санабсан!

— Нега сотарканман? — деди Мадали. — Жуда очиққанман. Совуқдан ўлиб қолишим мумкин, тушуняпсизларми? Ишонинг, бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч қачон оғиз очмайман. Шаҳарга олиб борсаларинг бас.

— Қасам ич! — эркак оҳиста Мадалига яқин келиб кўзларига боқди. — Қасам ич, дедим!

— Қасам ичаман.

Эркак шеригига юзланди.

— Хўш, нима қиламиз?

— Майли, уйга олиб борайлик, қасам ичди-ку! Қолаверса, пуллар қўлимизда. Фақат чуқурни қайтадан бекитиб ташлаш керак.

— Албатта. Қани, йигит, иккаламиз аввал чуқурни беркитайлик! Ундан кейин бемалол уйга жўнайверамиз.

Мадали қувониб кетди. Азбаройи хурсандлигидан совқотгани ҳам ёдидан чиқиб қор босган дарахтлардаги шохлардан синдира-синдира чуқур устига ташлай бошлади.

Аёл эса барибир қўрқар, шу сабабли тўппончасини у тарафга қаратганча ҳимояланиш билан овора эди.

* * *

Мадалини ҳайрон қолдиргани аёл ва эркакнинг пиёда йўлга тушганлиги бўлди.

«Наҳотки, шаҳар бу ерга яқин бўлса, — ўйларди ўртада кетиб бораркан. — Акс ҳолда булар пиёда юрмаган бўлишарди».

Ҳақиқатан, ярим соатча юришгач, кўп қаватли уйлар кўзга ташлана бошлади.

Мадали билмасди. Олдинда уни нима кутяпти? Булар ким? Нега чуқурни қидириб боришди? Эркакни улар ўлдиришмаганмикан?

«Ҳа, аниқ, — кўнглидан ўтказди у. — Шулар ўлдирган. Йўқса, пул қидириб бормаган бўлишарди. Хўш, энди нима бўлади? Булар эртами-кечми, қўлга тушишади. У ҳолда мени ҳам шерик сифатида орқаларидан тортиб кетишлари тайин. Йўқ, мен буларнинг қўлидан қандай бўлмасин, халос бўлишим лозим».

Афсуски, ҳозир бунинг имкони йўқ эди. Аёл Мадалининг биқинига тўппончасини маҳкам тираб келарди.

Улар биринчи уйга яқин келишгач, олдинда бораётган эркак у ёқ-бу ёқни ўғринча кўздан кечирган бўлди-да, чапдаги подъездга кирди.

* * *

— Қани, манави курсига ўтир! — хоналари бўм-бўш, полида ювиқсиз идиш-товоқлар, қандайдир кир-чир латта, ичкиликдан бўшаган шишалар уйилиб ётган квартирага киришгач, аёл тўппончани Мадалининг орқа миясига тираб буюрди.

Мадали итоат билан оғир курсига чўкди. Бу орада эркак қаердандир йўғон арқон олиб, унинг қўл-оёқларини курсига қўшиб боғлаб ташлади.

— Мендан нима истайсизлар ўзи? — норози оҳангда сўради Мадали. — Қасам ичдим-ку! Қўйиб юборинглар мени! Сотмайман!

— Овозингни ўчир! — шанғиллади аёл. — Сендақаларга ишониб бўлармиди?! Матвей, ҳамённи бер!

— Тўхта!.. Намунча шошиласан, Маруся?.. — ҳиринглади Матвей. — Аввал бу ишни ювайлик!..

— Бер дедим!.. — Маруся кутилмаганда дераза токчасига қўйган тўппончасини қўлига олиб Матвейнинг пешонасига тиради. — Ўша ярамас каби итдай ўлиб кетасан!.. Мен билан ўйнашмагин!.. Бер дедим!..

Матвей, истар-истамас чўнтагидаги катмонни чиқариб Марусяга тутқазди…

— Бу бошқа гап. — деди аёл катмондаги элликталик қоғоз пулларни чамалаб кўраркан. — Энди тўрт томонинг қибла. Бор, кетавер!.. Бўшсан!

— Нима?.. — Матвей ранги оқаринқираб орқага тисланди. — Ахир… Ишни биргаликда қилдик… Қ-қанақасига?..

— Қилган бўлсак нима бўпти?.. Эсингда бўлсин, мабодо ҳунар кўрсатадиган бўлсанг, шу заҳоти милисаларнинг қўлида бўласан.

— Нега?.. — бақириб юборди Матвей. — Бу қанақаси?..

— Эркакни сен отиб ўлдирдинг. Чуқурни сен қазидинг…

— Сен-чи?.. Сенам иштирок этгансан!.. Мурдани бир оёғидан ушлаб чуқурга туширишга ёрдамлашгансан… Умуман… Ҳазилни қўяйлик, Маруся!.. Иш битди. Энди пулларни ўртасидан бўлайлик-да, яхшиликча хайрлашайлик…

— Ҳеч қачон!.. Пуллар меники… Шундоқ ҳам бор будимни ичиб битирдинг… Қарзларинг-чи, қарзларинг?.. Шишаларни қара, ўнтадан ортиқ! Буларнинг пулини ким тўлайди?..

— Шунақами?.. — эркак лабларини тишлаб қўлини бигиз қилди. — Яхши!.. Лекин билиб қўй, ҳали сенминан алоҳида гаплашамиз!.. Мен бу ишни шундай қолдирмайман!..

— Бор, бор, бор!.. — Маруся ташқари эшикка ишора қилди. — Чўнтагингда мен берган юз сўм пул турибди. Индамагин-у, кайфингни қилиб юравер!.. Бор!..

Матвей сўкина-сўкина квартирадан отилиб чиқиб кетди…

* * *

Ҳарқалай, қийинчиликлар ортда қолиб, Мадалининг совуқдан музлаб қолган оёқ-қўлларига жон кирди. Иссиқ элтиб, бойлаб ташланган бўлишига қарамай, пинакка кетди…

Туш кўрибди. Онаси, отаси ва уларнинг ортидан Мавлуда кетиб борар, Мадали эса, негадир тутлар панасига беркиниб олганча, уларни кузатиш билан банд эди…

Шу пайт Мавлуда ёнбошига ўгирилди-ю, уни кўриб қолди…

— Ҳой, ҳой, менга қаранг!.. — дермиш тескари ўгирилиб олган Мадалига яқин келиб. — Қарасангиз-чи!..

Мадали кимнингдир турткисидан уйғониб кетди.

Тепасида Маруся кулимсираганча турар, эгнида юпқа, кирланган халат, оппоқ сийналари очиқ эди.

Умрида аёл сийнасини бу қадар яқиндан кўрмаган Мадали шошиб кўзларини қайтадан юмиб олди.

— Кўзингни оч! — деди кулиб Маруся. — Уялиб кетдингми?.. Қани, очақол энди!..

Мадали кўзларини очишга очди-ю, аммо бошини эгиб олди.

— Қорнинг ҳам очиб кетгандир? — сўради аёл.

— Кечадан бери туз тотганим йўқ. — деди Мадали ҳамон бошини кўтармай.

— Ўзинг кимсан-а?.. Шимолда нима қилиб юрибсан?..

Ана энди ёлғон тўқишнинг мавриди келганди. Агар ҳозир у қаршисидаги бу аёлни ишонтира олса, имтиҳондан ўтиш учун яна бир қадам олдинга юра олган ҳисобланади… Асосийси, қовун тушириб қўймаса бас.

— Менинг ҳеч кимим йўқ. — деди Мадали маҳзунлик билан. — Ота-онам ўлиб кетишган. Қишлоғимизда иш тополмагач, шу ёқларга таваккал жўнаворгандим… Адашиб қолдим…

— Алдамаяпсанми ишқилиб?

— Қасам ичайми?..

— Йўқ, жонидан, қасам ичишнинг кераги йўқ… Менга қара, агар ҳозир сени арқондан бўшатсам, савалаб қолмайсанми мени?

Мадали кулиб қўйди.

— Опажон, қўлингизда тўппонча бор-ку!.. Қандай савалай оламан сизни?..

— Ҳа-я, эсим қурсин!.. Унда бундай қиламиз. Мен ҳозир сени арқондан бўшатаман. То яхши одам эканингга ишонч ҳосил қилмагунимча тўппончани бошингга тираб тураман.

— Хавотир олманг. — деди Мадали. — Мен сиз ўйлаганчалик ёмон одам эмасман. Қорнимни тўйдириб қўйсангиз, бас. Тирикчилик учун шаҳарга чиқиб кетаман…

— Бўпти, келишдик…

Маруся айтганини қилиб, Мадалини арқондан бўшатди. Лекин бир қўлига тўппонча ушлаб олишни ҳам унутмади…

Шундан сўнг икковлашиб қайноққина карам шўрва ичишди…

Мадали бунчалар мазали овқатни яқин орада татиб кўрмаганди… Қорни тўймаган бўлса-да, иккинчи косани сўрашга ийманди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here