Диққат, Бразилиядаги ўғрилар энди дронлар (ўзиучар самолётчалар) дан унумли фойдаланишяпти!!!

0

Сўнгги бор полициячилар шундай дронлардан бирини қўлга олишди. Дрон хотирасига ўғрилар гуруҳига тегишли Сан-Паулу шаҳрида яшовчи бойваччалардан бирининг уйи ҳақидаги энг керакли маълумотлар жойланибди. Маълум бўлишича, ўғрилар олдин ўзиучар самолётча кўмагида туналиши керак бўлган уйдаги вазиятни ўрганишаркан. Дрон уларга уй эгалари қачон, қай вақт уйдан чиқади ва қай пайт қайтади, оила аъзолари, қоровуллар ва ҳоказоларнинг кўриниши қанақа, уйда ит ё видеокузатув борми, қоровул қўйилганми, ишқилиб барча зарур маълумотларни хотирасига камера ёрдамида ёзиб, видеоёзувни тақдим этади. Полициячилар худди шундай видеоёзув ёрдамида ўғриларнинг изига тушишди ва оқибатда қўлга олишди.

Расмий маълумотларда айтиладики, бразилиялик киссавур ва қароқчилар дронлардан 2014 йилданоқ фойдалана бошлашган. Илк ҳодиса Сан-Паулу шаҳрида содир бўлган. Номаълум кимсалар шаҳардаги турма камерасига дрон кўмагида наркотик моддалар, сим карталар, телефонлар ва пулларни етказиб берган. Шу воқеадан сўнг дронлардан ўғирлик мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар урчиб кетди.

Маҳаллий наркобаронлар ҳам ўзиучар самолётчалардан наркотик савдосида кенг фойдаланади. Масалан, 2017 йил майида шундай наркобаронлардан бири Рио-де-Жанейрода қўлга олинди. У дронни рақобатчиларнинг савдо «точка»ларини разведка қилишга ўргатибди. Разведка давомида самолётча рақобатчилар ким билан нима ҳақида гаплашди, ким наркотикка қанча буюртма берди, бу аслида ким, қачон учрашишга келишишди… Хуллас, батафсил маълумотни видеоёзув кўринишида эгасига тақдим этган. Аммо жиноятчи узоққа бора олмади. Уни қўлга олишди.

Ҳукумат раҳбарлари, полиция, хавфсизлик хизмати вакиллари ҳам анойи эмас. Шу йил июнидан дронларга эга фуқаролар учун тегишли меъёрлар ҳақида қарор қабул қилинди. Бунга кўра, дронлари 250 граммдан ортиқ фуқаро махсус сайт орқали назоратдан ўтади. Сайт уни барча маълумотлар билан рўйхатга олади. Албатта, ўзиучар самолёт ҳам расмий жиҳатдан рўйхатга олинади.

rambler. ru

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here