Фарзанднинг фарзи

0

Боймуродга бу иш эриш туйиларди. Хаёлидаги бу уринишга ҳадди ҳам, ҳақи ҳам йўқдек кўринар, бунда ўзининг бош-қош бўлиши юрагига тинчлик бермай келарди. Отасининг кейинги пайтларда улардан ўзини олиб қочаётганини билиб, кўриб юрибди, аммо бу галгиси ўтиб тушди.

Хотинининг олдида гирдикапалак бўлиб, ҳали сув ташиб, ҳали тандирга ўтин келтириб берадиган баъзи бир эрларни эркак ҳисобига қўшмай юрган одам бошидан офтоб ўтиб, кир ювиб ўтирибди. Кўрди-ю, кўзларига ишонмади. Туриб-туриб хўрлиги келди. Отасини чўчитиб юборишдан қўрқди. Секин томоқ қирди.

— Ҳа, ота, нима қиляпсиз?! — деди ёнига яқинлашаркан.

Отаси ўғлига ўгирилиб, зўрма-зўраки илжайди.

— Ўғлим… — чайналди ота, — келинга ҳадеб айтавериш…

Боймурод отасининг олдинлари бу тақлид мунгли овозда гапирганини эшитмаганди. Вужуди титраб кетди.

— Ота, нима деяпсиз ахир?! — деди алланечук бўлиб. — Бир сизнинг устингизни ювмаса… — Боймуроднинг овозида ўзи истамаса-да, хиёл жиддийланиш сезилди.

— Қизишма, Боймуроджон, — отаси синиққина кулимсиради. — Бўлди, бундан бу ёғига айтаман.

* * *

Энасига қирқ берган кун дастурхон устида хотини гапириб қолди.

— Бува, энди уйда ёлғиз ётманг, — деди бироз истиҳолали оҳангда. — Иссиқ жон, бизникига келаверинг, набираларингиз билан қайтага зерикмайсиз.

Қайнота бир зум сукут сақлагач:

— Иссиқ-совуғимга қараб турибсан, — деди келинига юзланиб. — Шунисига ҳам раҳмат. Ҳовлимиз битта, ораси бир қадам. Момонгнинг руҳи ўша уйда. Менга индаманглар.

«Танамда жоним борки, ўз ишимни ўзим қилавераман. Кир ювиш, оддий бир йиртиқни чандиб қўйиш ҳам иш бўлибдими?!» қабилида индамай юрибди отаси. Демак, Боймурод ҳам буни жимгина кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олиб юраверсин. Боймурод кўчанинг одами, уйдаги ишларнинг барчасидан хабари бўлавермайди. Эҳтимол, хотини… Келин дегани минг қилса ҳам келин. Ҳамма ишларни қилавериш жоиз эмасдир, балки. Нораво ишлар ҳам бор. Боймурод ўйга толди. Қарама-қарши ўйлар жисми-жонини қийнади. Шунда хаёлига яна ўша гап келди. Бироқ табиатан жаҳлдор отаси нима жавоб қиларкин? Жеркиб берса-я «Оғирлигим тушиб қолибди-да буларга», деб ўксинса-я? Аммо айтиб кўриш, бир олдидан ўтиш керак.

* * *

Кунлар шу тақлид ўтаверди. Энасига йил оши бергандан кейин бир куни ишдан келган Боймурод отаси ёнига келиб ўтирди. У ёқ-бу ёқдан гурунг бўлди. Суҳбат давомида Боймурод отасига зимдан назар ташлади. Анча сезилиб турибди. Чўкибди, анча чўкиб қолибди отаси. Энаси давридаги отаси қани? Бир йилнинг таъсири шунчами? Ҳамма нарсага бефарқ, тушкун. Қарашлари лоқайд. Худди дунёдан этак силкиган одам сингари. Боймуроднинг юраги «шиғ» этди. Боши айланиб кетгандай бўлди. Гўё отаси омонатдай туюлди. Кўрпача устида чўзиб ўтирган оёқлари қуриган дарахт танасидай сўлғин. Юраги эзилиб ўтирган Боймурод охири муддаога кўчди, миясига пишита-пишита келган гапни айтишга жазм қилди.

— Ота, — деди оҳиста гап бошлаб. — Келинингизга айтсангиз-айтмасангиз, жон деб хизматингизни қилади. Бироқ айтмайсиз, ийманасиз. Мен бир гапни айтмасам бўлмайди. Кейин… Бу менга фарз, бурчим. Хоҳ жаҳлингиз чиқсин, хоҳ йўқ. Бу ёғига сизга битта маҳрам керак.

Отаси, ерга қараганча жим қолди. Орага сокинлик чўмди. Боймурод отасининг жавобини кутиб, анча ўтирди. Отаси кўзларини юмган ҳолда садосиз эди. Сукунатни Боймурод бузишга мажбур бўлди.

— Шунга нима дейсиз, ота?!

Отаси, ниҳоят, бош кўтарди. Боймуродга юзланди. Бир зум тин олди.

— Менга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди, дейсан, болам, — деди сўнг ғамноқ бир овозда. Юзида истеҳзоли бир кўриниш инди. — Шарти кетиб, парти қолган бир одам бўлсам.

Отасининг гапидан Боймурод анча дадилланди.

— Бу ёғини менга қўйиб беринг, — деди юзи ёришиб. — Дўст бор, таниш-билиш бор. Сўраймиз, суриштирамиз. Қариган чоғингизда қийналиб юрманг, дейман-да, ота.

* * *

Боймурод отаси билан қилган гурунгни ичига сиғдиролмади. Отасининг қадрдони Элмурод бобоникига шошилди. Элмурод бобога кўнглидаги гапларни айтди.

— Ҳеч дидлаб юрганинг борми бу атрофларда? — деди Элмурод бобо бироз ўйланиб. — Беваси тушкурлар ҳам бу замонда камёброқ-да, жиян.

— Чўл томонда битта бор эмиш. Минжирда. Фарзанди йўқ, укасининг уйида яшаб юрибди, кўп покиза аёл дейишади.

— Укасининг исми ким экан?

— Ҳасан полвон дейишади.

Элмурод бува бош ирғиб қўйди.

— Ҳасан полвонни-ку, танийман-а… Ҳа, қани, бир борайлик-чи, совчи билан элчига ўлим йўқ, дейишган-ку…

Орадан икки кун ўтиб, Элмурод бобо Боймуродни чақириб келди. Боймурод билан қучоқлашиб кўришаркан:

— Тайёргарлигингни кўравер, — деди мийиғида кулиб, — савобга қоладиган бўлдинг, жиян.

Боймурод беихтиёр энтикди. Сабрсизланди.

— Битдими ўзи?! — дея ҳаяжонланди. — Қачонга, амаки, қачон олиб келамиз?!

— Бозор кунига бирорта машина айтиб қўй!

Элмурод бобо йигитларга хос дадиллик билан ошнаси турадиган уйга қараб юраркан, Боймуродга хитоб қилди:

— Ҳой, Боймуроджон-ов, куёв билан куёвжўрага битта аччиққина чой дамла!

* * *

Боймурод ишдан келиб телевизор кўриб ўтирганди хотини овқат кўтариб кириб, ўзи ҳам эрининг ёнига чўкди-да:

— Ҳой, энди мен ҳам даштга чиқаверармишман, — деб кулди.

Боймурод хотинига норози қаради.

— Ким айтди сенга? Болага қара. Боғча битаверсин-чи, кейин бир гап бўлар.

— Э, йўқ, — дея сирли жилмайди хотини. — Энамиз «Ишга чиқаверинг, болаларингизга ўзим қараб тураман», деди. Мана, бугунги овқатни ҳам энамиз пиширди. Ҳозир бериб кетди…

Боймурод индамади. Тилига бирорта тайинли гап келмади. Бироқ юрагида сирли бир севинч кезинди. «Энамиз дедими хотини? Шундайми энди?»

* * *

Боймурод тонгда отасининг боғда айланиб юрганини кўриб, хурсанд бўлди. Устидаги ҳали оҳори тўкилмаган кийими ярашиб турибди. Бир қўлида ток қайчи, бир қўлида арра.

Боймуроднинг ишлари бугун унумли бўлди. Бироз чарчади ҳам. Ўрнига чўзилди. Чарчоқ негадир унинг уйқусини олиб қочди. Кўзи илинавермади. Кечаси ётганда ҳам бир нарса хаёлидан кетмади. Унинг одати шундай, хурсанд бўлса ҳам, хафа бўлса ҳам тунда уйқуси қочади. Кейин қачон ухлаб қолади, сезмайди. Бу кеч ҳам шундай ҳол юз берди. Энасини кўрди тушида. Яна ўша майда гулли оқиш рўмолини ўраган. Бир гала аёл. Аллақаёққа боришяпти. Чаккасида райҳон. Бирам чиройли. Боймурод чақирди, ҳайқирди, биров қарамади. Энаси таққан райҳонлар силкиниб-силкиниб бораверди…

Боймурод босинқираб уйғонди. Ҳозиргина уйғоқ эди-ку? Бетоқатланди. Нохуш бир кайфият билан атрофга аланглади. Тонг анча ёришиб қолганди. Боймуроднинг нигоҳи беихтиёр отаси турадиган уйчадан чиқиб келаётган аёлга тушди. Дафъатан юраги ҳаприқди. Уйдан чиқиб келган аёлнинг бошида худди ҳозиргина тушида кўрган рўмол. Энаси тўйларга ўраб борадиган рўмол. «Ё тавба, худди энаси-я?!» «Эна!» беихтиёр пичирлади Боймурод. Кейин ҳовлида куймаланаётган аёлга тикилиб қолди. Аста-аста фикри равшанлашди. «Тавба, бўй-басти худди энаси-я. Рўмоли-чи? Нега энасининг рўмолини ўраб олди. Ёки шунақа рўмол бу аёлда ҳам бормикин? Эҳтимол, отаси…»

Боймурод пешонасини кафтларига суяди ва ҳорғин кўзларини юмди. Хаёли билан холи қолди. «Мен бош бўлдим ҳаммасига, — дея хаёлланди у. — Бу ишим сизга маъқулмикин, эна?! Тушларимда безовта юрганингизни шундай тушундим. Кеча отамни боғда кўрдим. Жуда қувондим. Назаримда, отам энди бардам, тетик бўлиб қолгандай, энажон!»

Турсунмурод ЭРМАТОВ

«Ҳордиқ» газетасидан олинди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here