КУН КУЛГИСИ…

0

ҲЎКИЗ МОНОЛОГИ

Ордона қолган оқибат

Акаммисан, укаммисан, ким бўлсангам менинг кимлигимни билсанг керак. Билмасанг билвол! Мен Ҳўкизбой Торғил ўғли Суярқулов бўламан. Авлодларимиз ўша киройи ҳўкизлардан бўлишган. Бобомнинг бобосими, ё бобосининг бобосими, алламбало зотлардан бўлишган экан. Зотимиз ўша каттакон зотлардан экан. Олахон момом гапириб берган. Момом раҳматли мени не ҳасратда катта қилганди. «Бўйинг ўсиб, думинг узайганини бир кўрсам армоний йўғиди», дерди нуқул. Мана, думим ер супурар даражада узайди, шох йўғонлашди. Аммо момом шу кунларни кўролмади. Умуман, ўша момом қариндош-уруғларни тергаб, бир-бирига эгилтириб тураркан. Момомдан кейин бегоналашиб кетдик…

Ҳа-а, ҳозир думимни мундай силкити-иб ўйлаб кўрсам, ҳақиқатан биз ҳўкизлар орасидаги меҳр-оқибат оғилхоналардан чиқиб узо-оқ-узоқларга кетиб қолганга ўхшайди. Биродарлар, ҳурматли ҳўкизлар, агар ўша меҳр-оқибатни қайтариб оғилхоналарга опкириб қўймасак, аҳволимиз жуда-а оғир экан…

Эшшакка қондош бўлсаммикин-а?..

Оқибат ҳақида ўйлаб тургандим, яйловга қора эшакни арқонлаб кетишди. Шу баччағар ғалати эшак экан. Ҳар куни уни офтобнинг нақ жазирамасига арқонлашади. Кечгача куяди-пишади, аммо миқ этмайди, даюс. Олдида сув ҳам, «свежий» ўт-ўлан ҳам йўқ. Оёғи остидаги етимнинг башарасидай сарғайиб кетган ажриқни титкилайверади, титкилайверади. Тишлари синиб тушмаганига қойил қоламан. Мени ажаблантиргани, шундаям калта, гўнглаган думини қимирлатиб-қимирлатиб уйи томонга қарайди, аммо ҳанграмайди…

Буниси майли, ўзи эшак зоти оғир карвон бўлади. Ҳурмат-иззати бўлмасаям, индамай тураверади. Мен шу эшакка қараб туриб ўзимизнинг ҳўкизлардан хафа бўп кетаман баъзан. Девдай-девдай ҳўкизлармиз-у, оқибатимиз йўқ. Илож топсак, кўчада салом-аликниям нася қип ўтиб кетамиз. Эшак-чи? Во, бу баччағарлардан оқибатли ҳайвон бўлмасакан-эй! Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, буларнинг жа сир-асрори кўп. Биринчи сири шуки, эгасидан бўлак одам қамчиласа, «ҳап сеними» деб қўяди. Бир кунмас-бир кун албатта ўчини олади. Ана, рўпарамдаги анави баччағар ҳам ўтган куни эгасининг ўғилчаси темир билан туширгани учун «хап сеними» деб қўйганакан. Кеча ўша болача устига миновди, шаталоқ отиб бориб девордаги ари ини ёнида тўхтади… Шўрлик бола эшакдан тушишга улгурмай қолди. Арилар талаб ташлашди. Отаси табибма-табиб чопиб зўрға тузатволди ўғлини. Мана шунақа ўч олишга устайкан бу эшаклар.

Локигин улардан баъзи нарсаларни ўрганиб қўйсак, зиён қилмасди. Масалан, мана шу рўпарамдаги юнги тўкилиб тушаёзган эшак очликка, иссиққа, сувсизликка, калтакларга чидаб ҳанграмаслиги мумкин, аммо икки километр нарида бирор қондоши ҳанграганини эшитса, тамом. Темир билан урадими, занжирлаб ташлайдими, фарқ қилмайди. Ҳаммасини узади-ю, ўша қондоши томонга чопа кетади. Боради, салом-алик қилади, ҳол-аҳвол сўрашади. Шундан кейингина жойига қайтиб келади. Ана энди бу қилиғи учун ўлдириб ташлагандаям, миқ этмай тураверади. «За-тў» қондошига меҳр-оқибат кўрсатиб келди…

Гоҳида «Эшакка қондош тутинсаммикан?», дебам ўйлаб қоламан. Аммо бунинг иложи йўқ. Негаки, ҳўкизга эшак ҳеч қачон эл чиқмаслигини биламан…

Эҳ, ҳўкизлар, оғилинг сигирга тўлгурла-ар! Оқибатни эшаклардан ўрганайлик! Зора ўтган ҳўкиз ота-ю, боболаримиз у дунёда туриб биздан рози бўлишса!..

Орзулар оғилда қоп кетди, оға!

Икки йил олдинам қўшни маҳалладаги ҳўкиз-у ҳўкизчалар аканг қарағайнинг олдига туша олмасди. Яйловнинг нариги юзида бўлсам ҳам эринмасдан келиб сўрашиб кетишарди. Қўрқарди-да даюслар! Ким билсин?!. Ўзим ҳам ўшанда жа «серйўзний» ҳўкиз бўлсам керак-да! Тарғилой деган сигир бўларди. Роса кўз сузганди менга. «Каттазанг»лик қилиб, ўшаниям писанд қилмабман. Ана, бошқа ҳўкизга тегди-кетди. Йўқ, тонсам, ношукрлик бўлар. Қора-ю, олахон сигирларминан роса ҳамсўҳбат бўлганман вақтида. Ўғил-қизлардан кўп мендаям. Аммо улар оналарига тортди. Оналарига қўшилиб аллақаёқларга кетиб қолишган. Хабар ҳам олишмайди ярамаслар. «Отам ҳўкизларнинг ҳўкизийди, бир бориб дуосини олайлик, зора бизам отамдай басавлат ҳўкизга айлансак», дейишмайди нодонлар. Оналари-чи? Бир кўз сузиб қўйгудай ҳурмати йўқми ҳўкизнинг?.. Боя айтдим-ку, оқибат узоқлашган-да!.. Энди эса ҳеч кимга керагим қолмади. Бунинг устига юриб-юриб, бугун — дум оқара бошлаганда мўърашга тушибман. Думи оқарган ҳўкизни бошига урармиди сигирлар…

Барибир ачинмайман. Асосий бурчимни қойиллата олдим. Хўжайинга ҳалол хизмат қилдим. Қаёққа судрасаям, бир марта мўъраб қўймадим. Ювош-мўмин бўлиб ортидан эргашавердим. Кам бўлдимми? Йўқ. Мана, кеча хўжайин бир мошин сара ем опкелтирди. Билдим. Бу емни мен учун опкелтирган. Мендай думига оқ тушган, териси шалвирай бошлаган ҳўкизни обдо-он емлайди. Ана ундан кейин қассобга оборади. Майли-да! У дунёга борсам ҳам юзим ёруғ бўлади. Бобомнинг боболари, киройи ҳўкизлар мени роса алқашади. Росмана ҳўкизлик қилганим учун мақташади. Локигин бир армоним ичимда қолиб кетадиган бўлди, дўст! Ҳўкизлар орасидаги узоқлашиб кетган меҳр-оқибатни оғилхоналарга қайтариб опкиришга улгурмайман чоғи.

Ишқилиб, шу ниятим ҳеч қурса мендан кейин ушалсин! Ҳўкизларгаям оқибат деган баччағар ҳеч бўлмаса эшакдан юқси-ин!

Олимжон ҲАЙИТ

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here