Филиппин раҳбари наркотик савдосига қарши кураш доирасида террорчиларга нисбатан ҳам уруш эълон қилди!!!

1

 

Террорчилар наркоманлардек эмаскан, — демоқда Филиппин раҳбари Дутерте. — Уларга қарши жанг олиб боришнинг ўзи бўлмаяпти. Лекин мен қаёқдаги жангариларга таслим бўладиганлар хилидан эмасман. Эртами-кечми, барибир уларнинг кулини кўкка совураман…

Филиппин раҳбарининг шу тахлит ваъдаларига қарамай, мамлакат ҳарбий денгиз флоти пиёда аскарлари ва қуруқликдаги қўшинлар 110 кундан бери жангариларга қарши кураш олиб боришяпти. Улар Минданао оролида жойлашган Марави шаҳрини жангари каллакесарлардан тозалаш ниятида олдинга интилишмоқда. Филиппин қўшинларига АҚШ, Хитой ва Австралия яқиндан кўмак бермоқда. Олдинда филиппинликларни нима кутиши, жанглар қандай натижа билан якун топишини худонинг ўзи билади.

ЎТА ХАВФЛИ ЖОЙ

Марави шаҳрида хавфсиз ҳудуднинг ўзи йўқ. Кўчада кетиб борасиз-у, ўқ қай тарафдан учиб келиб йиқитишини билмайсиз. Филиппин армиясининг 6- пиёда қўшинлар дивизияси матбуот котиби Жоэнн Петинглэйнинг гапига қараганда, яқинда Минданао ороли мусулмонлари делегати 45 ёшли Марвин Абландони ҳам шаҳар кўчаси бўйлаб кетаётганда отиб ўлдиришди. Ачинарлиси, ўқ дарёнинг нариги соҳилидан туриб отилган ва Абландо ўтирган машина корпусини тешиб ўтиб, делегатнинг умрига зомин бўлган.

Агар Филиппин армияси генераллари, қолаверса, президент Родриго Дутертенинг ваъдаларига ишонсак, Маравидаги жанглар тез кунда тамом бўлиши керак. Уларнинг айтишича, шаҳарда нари борса 40 нафар жангари қолган. Уларга тегишли ҳудуд атиги 500 квадрат метрнигина ташкил этади. Бу учта мачитдан иборат ҳудуд ҳисобланади. Мачитлар орасида энг каттаси Бато мачити саналади. Бу мачит деворлари худди қалъаники каби баланд ва мустаҳкам қурилган. Деворларни ҳеч қандай ўқ ёки снаряд тешиб ўта олмайди. Ичкарида эса ерости йўллари, душман ҳужумидан асровчи алоҳида хоналар мавжуд. Филиппин ҳарбийларининг гапига кўра, мачитга — Оллоҳга ҳамду сано айтиладиган жойга қуролдан ўқ узишнинг ўзи ҳам оғир иш. Аммо армияда тартиб-интизом, қатъийлик ҳукмрон. Буйруқ берилгач, аскар ўқ узишга мажбур. Қолаверса, бу мачитга жангари каллакесарларнинг оила аъзолари, яъни, хотин-бола-чақаси мустаҳкам жойлашиб олган ва Филиппин армияси ҳарбийларига айнан ўшалар жиддий зарбаларни йўлламоқда.

— Нима қилайки, — деди Филиппин президенти Родриго Дутерте. — Ярамаслар бизнинг оғриқ нуқтамизни топишди. Биз худойимнинг азиз масканига зиён етказа олмаслигимизни билишади. Шунинг учун ҳам жангарилар мачитлардан туриб бизга қаршилик кўрсатяпти. Шунга қарамай, жангариларда икки йўл бор. Ё ўлиш, ё таслим бўлиш…

УРУШНИНГ БОШЛАНИШИ

Бу жанглар 2017 йил 23 майида бошланганди. Чангалзорлар ортидан қўлида қурол билан чиқиб келган «Мауте» ҳамда «Абу-Сайёф» жангарилар гуруҳи аъзолари Маравининг асосий қисмини эгаллаб олди. Шаҳардаги мусулмонларнинг кўпчилиги уларни олқишлашди. Жангариларнинг аксарияти ҳам айни шу шаҳар фуқаролари ҳисобланарди. Шунга қарамай, шаҳар аҳолисининг олқишларга қўшилмаган қисми шаҳардан қочишни бошлади. Жангариларнинг мақсади шаҳардаги 103- бригада штабини қўлга олиш эди. Бўлмади. Филиппин армияси уларга қарши жанг бошлади. Ўшанда армия раҳбарлари, жумладан, президент Дутерте ҳам иккита жангари гуруҳ аъзоларини бир ҳафта ичида йўқ қилишга умид боғлашганди. Лекин бунинг тескариси бўлди. Террорчилар таслим бўлиш ўрнига армияга жиддий қаршилик кўрсата бошлади. Кўп йўқотишларга юз тутишди. Барибир таслим бўлишмади. Шаҳардаги ҳар бир мавзе учун икки ўртада қонли жанглар давом этди. Уруш фақатгина қуруқликда кечмади. Марави аслида Ланао кўли соҳилида жойлашган. Худди шу кўл орқали жангариларнинг ҳамтовоқлари уларни қурол-аслаҳа, ўқ-дори, кўнгиллилардан иборат қўшимча кучлар билан таъминларди. Филиппин ҳарбийлари шу кўлда ўз флотиясини ташкил этди. Лекин бу ҳам жангариларни тўхтата олмади. Кўлда ҳам жангларни давом эттиришди.

Бундан бир неча кун олдин жангарилар ниҳоят Филиппин армиясига ультиматум қўйди. Ультиматум шундан иборат бўлдики, армия улар шаҳардан соғ-саломат, йўқотишларсиз чиқиб кетишини таъминлайди. Эвазига улар қўл остидаги 300 дан зиёд асирликдаги фуқароларни озод этади…

Бу ультиматумни Филиппин президенти Дутертенинг ўзи қайириб ташлади.

— Бекорнинг бештасини айтибди ўша каллакесар маҳлуқлар, — деди у. — Жангарилар фақат таслим бўлсагина менинг ғазабимдан қутулиб, одил суд ихтиёрига берилади. Биз ҳеч бирларини қийноққа солмаймиз, ўлдирмаймиз. Бунга шахсан мен кафолат бераман. Жангарилар ушлаб турган гаровдагиларга келсак, улар ҳарбий асирлар эмас, шунчаки ўшаларнинг ўзига ўхшаган маҳлуқлар….

Ҳа, Дутерте сўзидан қайтмоқчи эмас. Ишонч билан айтмоқдаки, тез орада иккала гуруҳ жангарилари ҳам ер тишлайди ва Филиппинда яна сукунат, хотиржамлик ҳукм сура бошлайди.

ЛЕНТА.РУ

Алексей Куприянов

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here