ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАН ЙИГИТ-13…

0

 

* * *

Ниҳоят кутилган онлар яқинлашиб, қариянинг шотирлари икковини машинага ўтқазиб вокзал томон йўл олишди.

Мадали орқа ўриндиқда — Марусянинг қучоғида жим кетиб борар, режалаштириб қўйган ишини қандай, қачон бошлаш ҳақида бош қотирар, ҳозирги қилинажак қалтис иш хаёлига ҳам келмасди.

Ниҳоят, етдилар. Бироқ вагон кириб келишига ҳали икки соатча чамаси вақт борлигини айтишди.

— Мен бир ҳожатхонага кириб чиқай! — деди тўсатдан Мадали тоқатсизланиб. — Негадир ошқозон безовта қиляпти.

Олдинги ўриндиқда ўтирган йигит уни огоҳлантирган бўлди:

— Бу ерда ҳар қадамда бизнинг йигитлар изғиб юришади. Қочишни мўлжалласанг, ёмон бўлади.

— Мен сен ўйлаганчалик жинни эмасман, — зарда билан жавоб қилди Мадали. — Нима қилаётганимни яхши биламан.

У машинадан тушди-да, ҳожатхона томон кетди. Кутилганидек, машинадаги йигит секин пастга тушиб, ортидан йўл олди.

Афсуски, йигит қайсидир поезддан тушиб, бутун вокзални эгаллаб олган йўловчилар орасидан ўтаётиб Мадалини кўздан йўқотди.

Шунда ҳам ҳожатхона томон кетганини билгани боис ўша тарафга қараб юрди.

Мадали ҳақиқатан ҳожатхонага кирган эди. Лекин кирибоқ эндигина ҳожат чиқармоқчи бўлиб турган кийимлари жулдур, пиёнистани тутиб алоҳида хоналардан бирига судради ва бармоқларини лабларига босиб «овоз чиқара кўрма» ишорасини қилди. Ўзи эса ҳожатхона лампочкасини уриб синдирди.

— Менга қара, — пиёнистага уқтирди Мадали. — Манови пулларни оласан-да, ҳозир мен айтган ишни қиласан!

Пиёниста қўлига тутқазилган бир даста пулни кўриб ҳовлиқиб қолди.

— Хўп бўлади! Айтинг!

Мадали чўнтагидаги дорилардан бирини чиқариб бошқа чўнтагига солинган минерал сувни қўлига олди. Сўнгра шишадаги доридан чой қошиқчада ўлчаб минерал сувга керакли миқдорни томизди.

— Мана шуни охиригача қолдирмай ичасан! — деди пиёнистага. — Ичмасанг, пулдан ҳам, жонингдан ҳам айриласан. Ичсанг, пул сеники, кетаверасан.

Пиёниста аввалига сувдан бир ҳўплаб кўрди. Оддий минерал сув. Ҳеч қандай ортиқча таъм йўқ. Ўзича ҳиринглаб олган бўлди-да, сувни бир кўтаришда сипқориб ташлади.

— Энди кетаверайми? — сўради Мадалига умидвор термилиб.

— Шошилма. Ўн дақиқача шу ерда турамиз. Фақат овоз чиқарма. Бизни кузатиб юришибди.

Шу орада ичкарига шотир кириб келди, шекилли, овозининг борича бақира бошлади:

— Миша! Қаерга гум бўлдинг? Шу ердамисан?

— Ҳ-ҳа-а, шу ерда бўлмай гўрда бўлармидим? — ясама инқиллаш билан жавоб қилди Мадали. — Бемалол ўтиришгаям қўйишмайди-я!

— Ўтиравер, шу ерда экансан, етади!

Шотир чиқиб кетди. Бироқ Мадали биларди. У узоққа кетмайди. Эшик олдида кутади барибир.

На илож? Дорининг кучини текшириб олмаса бўлмайди.

У пиёнистанинг не аҳволга тушинини кута бошлади.

Адашмаган экан. Орадан роппа-роса ўн бир дақиқа ўтгач, пиёниста унитаз қаршисига чўкди-ю, уйқуга кетди.

— Бу нусхани қаерга беркитсам экан? — бош қотирарди Мадали. — Иш битганидан сўнг натижасиниям билишим керак-ку! Бурчакка ётқизаман-да, ярим соатдан кейин келиб хабар оламан. Дори ростдан ҳам кучли бўлса, шу муддат ичида ёруғ дунёни тарк этади.

Мадали астойдил хуррак отаётган пиёнистани судраб ҳожатхонанинг кўздан панароқ бурчагига ётқизди-да, ўзи ташқарига чиқди.

* * *

Умрида катта жиноятларга шерик бўлиб кўрмаган йигит учун бу ишни амалга ошириш анча қийин кечиши аниқ эди. Мадали бир вагон оппоқ халтачаларга жойланган кукунларни бирма-бир қўлига олиб кўраркан, ҳайрон бўларди. Нима қилишади бу нарсаларни? Уннинг ўзи! Қандай фойдаланишади-ю, кайфи қанақа?

— Бир ҳидлаб кўриш керак, — деб қолди қариянинг ўнг қўли ҳисобланган Валера исмли шотир. — Ярамаслар ўтган гал молнинг ярмига оддий унни тиқиб юборишган.

— Ўзинг ҳидлаб кўравер, — Мадали унга халтачалардан бирини тутқазди.

— Тима амаки буюрганлар. Фақат сен татиб кўришинг керак экан.

— Мен аҳмоқ эмасман.

— Оқибатидан қўрқмайсанми?

— Мен фақат Худодан қўрқаман.

— Жуда яхши. Бу гапингни, албатта, қарияга етказаман.

Валера ноилож халтачани очиб ичидагини татиб кўрган бўлди. Ҳаммаси жойида эканига ишонди чоғи, ишга шай турган бир гуруҳ йигитларга вагондагиларни машинага ортишни буюрди.

— Сен буларни менинг ўрнимга кузатиб тура олмайсанми? — сўради Мадали ёнида бамайлахотир сигарета тутата бошлаган Марусяга ўгирилиб.

— Нега? Тинчликми?

— Қорин яна безовта қиляпти. Тез кириб чиқмасам бўлмайди.

— Оббо, қорнинг ҳам жонга тегди-да! Топган вақтини-чи! Бўпти, тез кел, тағин анавилар шубҳаланиб юришмасин!

— Кираман-у, чиқаман!

Мадали худди қорни қаттиқ оғрий бошлагандек югурганча ҳожатхонага йўл олди.

Хайриятки, ҳамон ичкаридаги лампочка алмаштирилмабди. Ҳожатхона қоп-қоронғи. У қўлига кичкинагина фонарни олди-да, ёқиб бурчакни кўздан кечирди.

Пиёниста қимир этмасдан ётарди.

Юрагига қулоқ тутиб кўрди. Аллақачон уришдан тўхтабди. Ҳатто, қўл-оёқлари ҳам совиб улгурибди.

— Демак, алдашмабди, — деди ўзига ўзига Мадали. — Дори ярим соат ичида ўз таъсирини ўтказаркан. Худога шукур, агар омадим чопса, шу кечаёқ ўз мақсадимга эришадиган бўлдим! Ишқилиб, бераридан қисмасин!

* * *

Қора дори операцияси муваффақиятли кечди. Мадали Валерани ҳам дам олишга жўнатиб Маруся ҳамроҳлигида катта миқдордаги мол юкланган машинани «мижоз»ларга етказди ва пулларни шахсан тепакалнинг қўлига олиб келиб топширди.

— Сен гуноҳларингнинг бир қисмини ювдинг, — унинг елкасига қоқиб қўйди қария. — Пулларнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмабсан. Бу жуда яхши. Хўш, ювамизда-а, бу ҳодисани?!

— Майлими, шундоқ ҳожатхонага кириб чиқсам? — хижолат тортган кўйи қарияга умидвор боқди Мадали.

— Бунинг қорни оғрияпти! — кулиб юборди Маруся. — Вокзалдаям икки марта кириб чиқди.

— Шунақами? Майли, қаршилигим йўқ. Фақат сен кузатиб бор.

— Хўп бўлади.

Мадали Марусянинг кузатуви остида ташқарига чиқар экан, ҳожатхона томон юрди.

Шошилмаса бўлмасди. Айни пайти. Қария ичкилик таклиф этиб турганда ҳаракат қилиб қолмаса, кейин кеч бўлиши мумкин.

— Ичкиликни ким келтиради қарияга? — секин шивирлаб сўради у Марусядан.

— Ким бўларди? Хизматкор аёллар-да!

— Сенга бир қалтис илтимосим бор. Агар шошилмасак, кейин кечикамиз.

— Хўш, нима дейсан, яна?

— Манави дорини қариянинг қадаҳига қуйиб қўйиш керак.

— Бу нима ўзи?

— Ухлатадиган дори. Шу йўл билан биз ниятларимизни амалга оширишга киришамиз.

— Жуда хавфли-ку бу иш… Сезиб қолса…

— Сен сездирмасдан ҳаракат қил. Ахир…

— Бўпти, бер!

Маруся ими-жимида Мадалининг қўлидан дорини олди-да, сийналари орасига беркитди.

* * *

Қария кайф-сафо учун фақат Маруся ва Мадалини беҳуда танламаганди. Мадалига барибир ишонмас, мақсади уларнинг икковини ҳам шу кеча нариги дунёга жўнатиш эди. Бунинг учун ҳаммаси олдиндан режалаштириб олинганди. Хизматкор аёллар коньяк тўлдирилган қадаҳларни олиб келишади. Иккита қадаҳдаги коньякларга заҳар аралаштирилган. Шу йўл билан қария улардан ўч олишни ният қилганди.

Афсуски, улгурмади. Иккови ҳам оғу аралаштирилган коньякларни ичишга шошилишмади. Қария эса ўз қадаҳини бўшатиб, навбатдагисига буюртма берди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, у каравотга ёнбошлади-ю, уйқуга кетди.

Шошиб қолган Мадали дарҳол ташқари эшикларни тамбалаб, магнитофоннинг овозини янада баландлатиб қўйди.

Эндиги иш Валера ҳамда қарияга содиқ бўлган бошқа шотирларни қўлга олишдан иборат.

* * *

— Қани, ҳаммасини бу ёққа чақир! — Марусяга буюрди у нариги хонага қариянинг жасадини беркитгач. — Бирортасиям ташқарида қолмасин.

— Қуроллари-чи?

— Ҳа-я, улар, ахир, қуролланган-ку! Энди нима қиламиз?

— Тўхта, бу ерда асосий хавфлилари икки киши. Валера ва ҳов анави бинода ухлаётган малла. Бояги дорингдан пича қолганди. Уларниям олдин ухлатиб қўяйми?

— Дорини нима қиласан? Ана, иккаламиз учун махсус тайёрланган заҳар. Ўшаларни бир амаллаб ичир, вассалом!

— Кейин-чи?

— У ёғини менга қўйиб беравер!

Маруся пилдираганча икки қадаҳ қўйилган патнисни кўтариб ташқарига йўл олди. Мадали эса эҳтиёт шарт жомадон тўла кўкимтир пулларни диван остига беркитиб, қарияга тегишли қуролларни белига тақиб олди.

* * *

«— Тўхта, мен нима қилмоқчиман ўзи? — ўйларди Маруся, секин-секин одимлаб бораркан. — Ахир, у ёлғиз бўлса! Валералар эса кўпчилик. Қолаверса, уларнинг қандай кучга эга эканлигини яхши биламан. Йўқ, мен унга ҳақиқатни айтмасам бўлмайди. Мишага барибир ишониш қийин. Бир кун келиб мениям йўқ қилиш пайига тушиб қолмаслигига ким кафолот бера оларди? Ҳа, тўғрисини айтаман. Биламанки, у ҳар қандай шароитдаям енгилади, таслим бўлади. Балки, шу кечанинг ўзидаёқ итдай ўлиб кетар…»

Аёл Валеранинг хонасига киргач, қадаҳлар жойланган патнисни стол устига қўйди. Йигит бу маҳалда телефон орқали ким биландир гаплашиб ўтирарди. Аёлнинг кириб келганини кўриб гапни қисқа қилди ва гўшакни жойига қўйиб ўрнидан қўзғалди.

— Валера, шўримиз қуриб қолди! — эшикни ичкаридан тамбалаб сўз бошлади Маруся.

— Нима гап?

— Тима оламдан ўтди!

— Нима? Қандай? Қ-қанақасига оламдан ўтади?

— Анави ярамас Миша ўлдирди уни.

— Миша? Оббо, ифлос-ей! Билардим… Билардим. Мурда… Мурда қаерда?

— Хонасида. Миша тепасида ўтирибди.

— Шунақа дегин? Ҳеч гап бўлмагандай-а?

— Энди нима қиламиз? Ана, менга қурол ўқталиб сизларниям тинчитишга буюрди. Ҳов анави коньякларга заҳар қўшиб берди.

— Заҳар? У бизга заҳар бермоқчи бўлдими?

Валера кутилмаганда Марусянинг томоғидан бўғиб олди.

— Гапир, ифлос, балки ҳаммаси сенинг ишингдир-а? Ахир, сен…

— Б-бу нима деганинг? Томоғимни қўйвор, ўлдириб қўясан! Қўйвор!

— Гапир! — қўлларини олиб аёлни диванга ўтқазди Валера. — Гапир! Фақат ҳақиқатни гапирасан! Йўқса…

— Хўп, ўзингни бос! У ҳаммани ўлдириб пулларга эга чиқмоқчи!

— Сен-чи? Сен нега унинг гапларига лаққа тушиб юрибсан-а?

— Лаққа тушганим йўқ. Охирини кутдим, холос. Менга қара, Валера, жоним! Ҳаммаси тугади. Энди қарияни ортга қайтариб бўлмайди. У ўлган, тушуняпсанми, ўлган! Бу ёғига нима қилиш ҳақида бош қотиришимиз зарур! Мени… Мени ҳайдаб юбормайсан-а? Айт, ҳайдаб юбормайсанми? Ахир, сенга содиқ қолдим-ку! Биламан, энди қариянинг ўрнини барибир сен эгаллайсан!

— Ҳа, мен эгаллайман! — Валера бўшашиб секин ўрнидан турди ва дераза оша ташқарига ўйчан тикилиб қолди. — Бир тарафдан-чи, яхши бўлди ўша тепакалнинг ўлгани. Кейинги пайтларда жа ҳаддидан ошиб кетганди. Мендан пул яшира бошлаганди. Баракалла, зўр иш қипти ўлдириб ўша Миша!

— Хўш, энди нима қиламиз? Бир оғиз айтсанг бас. Мен ҳамма ишни қиламан.

— Ҳамма ишни? Жуда яхши. Яхшилаб қулоқ сол, бугун тунни яна Мишанинг қўйнида ўтказасан. Фақат узоқ вақт эмас. Уйқуга кетиши билан ўлдирасан! Мана тўппонча!..

— Йўқ, мен бундай қила олмайман.

— Нега?

— Тўппончам борлигини сезиб қолиши мумкин…

— У ҳолда тунда ухлаётган хонасига пойлаб кирасан-да, тинчитасан. Хуллас, ортиқча овоз чиқмаслиги лозим. Ундан кейин навбатдаги ишларни ўйлаб кўраверамиз.

— Бу маъқул, — тиржайди Маруся. — Мен кетдим!

— Билиб қўй, — огоҳлантирди Валера. — Ҳар бир қадаминг кузатув остида бўлади.

— Биламан.

* * *

Маруся навбатдаги қотилликка ўзини тайёрлаб олгунча тун ярим бўлди.

У Мадали қолиб кетган хонага йўл олганда, чироқлар ўчган, фақат ташқарида у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган соқчиларнинг қадам товушлари-ю, аллақаерлардадир ўз тилида зўр бериб куйлаётган қурбақаларнинг қуриллашигина қулоққа чалинарди.

Маруся қоп-қора кийимда, қўлидаги овоз пасайтиргич ўрнатилган тўппончани енги орасига яширган ҳолда ичкарига кириб борди.

Остона ҳатлаб хонага қадам қўйгач, бир муддат тўхтаб, қулоқларини динг қилди.

Қоронғилик қаъридан хуррак овози бемалол эшитилиб турарди. Маруся ўзича минғирлади:

— Аҳмоқ, ҳоким бўлмоқчи! Ким ҳам сенинг гапларингга лаққа тушарди?! Кимлигингни, мақсадингни билмасам экан. Эртага мениям худди Тима каби бўғизлашга тайёрсан. Бўғизлатиб бўпман! Ўшандай манаман деган махсус хизмат катталарига чап берган сени ўйинимга ўйнатолмайманми? Майли, насиб этса, бир кун келиб у дунёда учрашармиз. Ўшандаям менинг пайимга тушмасанг бўлгани. Сендақалардан ҳамма балони кутиш мумкин.

Маруся каравотга яқин қолганда, тўппончани тўғрилаб икки маротаба ўқ узди.

Шу заҳоти хуррак овози тинди.

— Ҳа-а, — ўйлади аёл баданидаги титроқни енгишга уриниб. — Ҳолинг иккита ўқ холос сенларнинг! Ишқилиб, жойинг жаннатда бўлсин!

Шу лаҳзада кутилмаган ҳодиса юз берди.

Дераза пардаси секин очилиб қоронғилик қўйнида Мадалининг шарпаси кўринди.

Шошиб қолган Маруся шунча ҳаракат қилиб тепкини босса-да, ўқ отилмасди.

— Ўша ҳамтовоқларинг сенга бор-йўғи иккитагина ўқ беришганга ўхшайди, — кулиб аёлга яқин келди Мадали ва қўлидаги тўппончани тортиб олиб деразадан ташқарига ирғитиб юборди. — Афсус, яна орзунгга етолмайдиган бўлдинг! Омадинг йўқ экан, жонидан!

— Қимирламаларинг! — бу овоз Валерага тегишли эди.

Мадали кўрдики, рўпарасида у тўппонча ўқталиб турибди. Тезда орқасига ўгирилиб ўзи беркитиб қўйган автоматни олишга тутинди. Бахтга қарши, деразадан ҳам иккита автомат унга тўғрилаб қўйилганди.

— Жа айёр экансанку-а? — иложи борича ўзини босиб Валерага юзланди Мадали. — Ўзинг мени ўлдириш учун манави манжалақини жўнатгандинг. Энди яна ўзинг келиб бизни қуршовга олдинг. Мақсадинг нима ўзи?

— Бунинг қўлларига кишан уринглар! — буюрди Валера орқасида турган соқчиларга.

Мадали ортиқча қаршилик кўрсатиб ўтирмади. Унинг қўлларини кишанлаб олиб чиқиб кетишди.

— Сен-чи? — Валера энди лабларини асабий тишлаб қўяётган Марусяга ўшқирди. — Сотқин! Индамасдан кетаверади, деб ўйлаганмидинг? Чучварани хом санабсан! Сенга ўхшаганлар, ҳеч кимга вафо қилишмайди!

Ниҳоят тўппончадан икки-уч маротаба ўқ узилди.

Маруся полга қулади.

Валера эса хотиржамлик билан қолган икки йигитга мурдани йўқ қилишга буйруқ берди-ю, Мадали олиб тушиб кетилган ертўла томон зипиллади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here