Татуаж ҳақида ҳақиқатлар: Тури, нархи, йўқотиш усуллари

0

Перманент татуаж – татуировканинг бир тури бўлиб, татуировкадан фарқи у терига эмас, балки тери остига махсус бўёқ ёрдамида юз контурлари (қош, қовоқ, лаб) «чизилади». Шуни айтиш мумкинки, аксар ҳолларда татуаж ёмонлашади, унинг зарарлари ҳақида гапиришадию, аммо барибир татуаж қилдиришади.

Нега ранги ўзгаради?

Татуаж учун ишлатиладиган бўёқ тури турли хил бўлади. Баъзи аёллар: татуаж қилиш учун ишлатилган бўёқ қанча кўпга етса, у шунча сифатли бўлади, деган янглиш фикр мавжуд. Аёл киши ўзгаришни истайди, татуаж бўёғи аёлнинг мана шу истагини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқарилган. Сифатли бўёқ узоғи билан 3-5 йилга етади ва секин-аста танадан чиқиб кетиши керак.

Арзон татуаж бўёқлари кимёвий бўлиб, уни теридан фақат лазер ёрдамидагина йўқотиш мумкин. Шу билан бирга, вақт ўтиши билан татуаж яшил ёки кулранг тусга ҳам киради. Бундай татуажларнинг нархи одатда 25 000-30 000 сўм атрофида бўлади.

Табиий бўёқ эса ўсимликлардан олинади, нархи ҳам қиммат. У терида 3-5 йил давомида туриб, кейин секин-аста йўқолиб бораверади. Бундай татуаж турларининг нархи 55 000 сўмдан 65 000 сўмга қадар. Ҳамда бундай табиий бўёқда чизилган татуаж ўз рангини бошқа рангга ўзгартирмайди. Татуаж қилдирмоқчи бўлсангиз, албатта америкача ёки французча бўёқ турини танланг. Бўёқ флаконларини текшириб, ўқиб кўришга ҳам эринманг. Шу билан бирга, косметолог-мутахассиснинг аввалги ишлари билан ҳам танишганингиз маъқул. Яъни унинг ишини портфолиосига қараб эмас, мижозидаги натижасига кўра танланг.

Мутахассис албатта мижоз терисининг ўзига хос хусусиятини ўрганиши лозим. Чунки терида меланин моддаси турли миқдорда ажралиб чиқади ва бу ҳам бўёқнинг қандай рангга кириши учун муҳим аҳамият касб этади. Яна баъзи ҳолатларда нина жуда чуқур киритилган сабаб, бўёқ қон билан аралашади ва унинг ранги ўзгаради. Бу ҳам мутахассиснинг нақадар ўз ишини билишига боғлиқ.

Татуаж учун нина

Татуаж қилдириш учун албатта бир марталик ниналар қўлланилишига аҳамият беринг. У албатта стерилланган қадоқда бўлиши керак. Мутахассис албатта махсус қўлқопдан фойдаланиши керак. Одатда бундай ниналар никель, платина ёки пўлатдан ясалади. Мутахассис татуаж нинасини тўғри қўллай билиши даркор. Акс ҳолда натижа кутганингиздай бўлмаслиги мумкин.

Муолажа пайтида…

Ҳозирги кўпгина аёллар косметологга қилинган татуажни корректировка, яъни тўғирлатиш учун мурожаат қилишади. Татуаж чизиш нафақат моҳирликни, балки шу билан бирга рассомликни ҳам талаб қилади. Мутахассис мижозга татуаж чизганда унинг албатта юз овали, кўзлари жойлашиши, қош узунлиги, тери ранги барча-барчасини ҳисобга олиши зарур.

Аёллар баъзан ўзини мутахассисга юз фоиз топшириб қўйишади. Бу нотўғри, чунки сиз татуаж билан 1 ёки 2 ҳафта эмас, бир неча йил юрасиз. Шунинг учун ўз фикрингиз ва нимани истаётганингизни мутахассисга айтишга, ундан талаб қилишга ҳаққингиз бор. Мутахассис аввалига татуажни сизнинг юзингизга ўчириш мумкин бўлган бўёқ билан чизиб кўрсатиши лозим. Татуажни чиздириб ойнага қаранг, натижа сизни қониқтирганидан кейингина мутахассис ишнинг асосий қисмига киришиши мақсадга мувофиқ.

Муолажадан сўнг…

Татуаж қилингандан кейин тери устида юпқа қатлам ва енгил шиш ҳосил бўлиши табиий ҳол. Аммо бу шиш 3-4 кунда ўтиб кетиши керак. Татуаж қилингандан сўнгра ҳаммомга бориш, саунага тушиш каби сув билан алоқадор ҳолатлардан тийилган маъқул. Шунингдек, тери устида ҳосил бўлган юпқа қаватни юлиб ташлаш ҳам мумкин эмас, у табиий ўзи тушиб кетиши керак. Акс ҳолда юлиб олинган жойга бўёқ сингмасдан оқариб қолиш хавфи бор. Албатта ҳар бир терининг ўзига хослиги бўлгани каби, татуажда ҳам бирор бир камчиликлар кузатилиши мумкин. Бу камчиликлар: татуаж қилинган қисмнинг у ёки бу жойида оқариб қолиш ёки бошқа ҳолатлар кузатилганда, уни 1 ойдан сўнгра мутахассис косметологнинг ўзи тўғирлайди.

Мумкин эмас

Ҳар қандай косметологик муолажа сингари татуажда ҳам бир қанча тақиқлар мавжуд. Қандли диабет, оғир ёки ўртача шаклдаги юрак қон-томир касалликлари, астма, тери ва қон касалликларида татуаж қилдириш тавсия этилмайди. Шунингдек, оғриқ қолдирувчи воситаларга аллергияси бўлган кишиларга ҳам мумкин эмас. Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга ҳам татуаж катъиян тақиқланади. Ҳайз даврида гормонал ўзгаришлар бўлгани сабабли, бу кунларда татуаж қилдириш тавсия қилинмайди.

Натижаси

Биринчи ҳафтада макияж жуда ҳам ёрқин кўринади. Аммо хавотирга ўрин йўқ, бир ҳафтадан кейин бу ҳолат ўтиб кетади, яъни то кўникма ҳосил қилгунингизга қадар юзингиздаги татуаж ёрқин кўринади.

Татуаж қилдиришга қарор қилган бўлсангиз, қиёфангиздаги ўзгаришларга тайёр бўлинг. Баъзи ҳолларда чизиқлар аниқ билинмаслиги, ранг ҳам кутилгандек чиқмаслиги эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шу билан бир қаторда терида бўёқ ёки доғлар ҳам ҳосил бўлиши ҳам мумкин.

Бундай бўлишини истамасангиз, салон ва мутахассис танлашга жиддий аҳамият беринг.

Татуажни йўқотиш

Татуажни олиб ташлаш қимматбаҳо муолажа турига киради, десак адашмаймиз. Чунки бир марталик татуаж учун сиз 55 000 сўмдан 65 000 сўмгача сарфласангиз, татуажни йўқотиш учун 2-3 баробар кўпроқ ҳақ тўлашингизга тўғри келади.

Лазер ёрдамида татуажни йўқотиш учун тери ҳолати, ишлатилган бўёқга кўра муолажани бир неча марта такрорлаш талаб қилиниши мумкин. Натижани эса 3-4 ҳафта ўтгандан кейин кўрасиз. Бунда татуаж атрофидаги тери шикастланмайди, муолажа давомида терида бироз ачишиш ҳис этасиз.

Шаҳар клиникаларида татуажни лазер ёрдамида олиб ташлашнинг бир марталик нархи 50 000 сўмдан 100 000 сўмгача. Бўёқ рангининг кетиши ва терининг хусусиятларига кўра, муолажани такрорлаш талаб қилиниши ҳам мумкин.

Изи қоладими?

Ишлатилган бўёқ ва тери хусусиятига кўра татуажни лазер ёрдамида умуман олиб ташлаш ҳам мумкин. Лекин баъзи ҳолларда бўёқ турига кўра терида билинар-билинмас из ҳам қолиши ҳолатлари ҳам бўлади.

Муҳим!

Энг аввало татуаж қилдирувчи мутахассис танлашда эҳтиёткор ва эътиборли бўлиши шарт. Татуаж қилиш жараёнини албатта квалификация ва иш тажрибасига эга бўлган мутахассис амалга ошириши керак. Акс ҳолда гўзал бўлишнинг ўрнига, кармонингиз билан биргаликда ўз қиёфангизга ҳам катта зарар етказишингиз мумкин.

Манба: Darakchi

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here