ҚИЁМАТ ҚАЪРИДАГИ ҚИЗ-8…

0

 

* * *

Автобус жойидан қўзғалди-ю, Нилуфарнинг чеҳрасига табассум югурди. Юзларини ҳадик ва хавотир тарк этди. Қалбини тотли ҳислар қуршади. Хаёлан Яратганга шукр қилди.

Гарчи дунёни кўра олмаса-да, аланг-жаланг автобус салонини бир муддат кузатди. Йўловчиларнинг суҳбатларига қулоқ тутди.

Ҳамма ўзи билан ўзи овора эди.

Анча жойгача буёғига нима қилиш, қандай йўл тутиш ҳақида ўйлаб борди.

Ҳарқалай, бу қайғу аччиқ эмасди. Қанча қайғурмасин, кўнгли тинч, миясида ғужғон ўйнаётган хаёллар сал нари кетганди.

Шу аснода тунда кўрган тушини эслади. Ҳеч қачон кўрмаган онасининг сиймосини кўз олдига келтирди.

Нега ўзига ўхшамаганига ҳайрон бўлди. «Мен балки отамга тортггандирман» дея ўйлади-ю, сал енгил тортди.

Бир маҳал негадир юраги ғаш тортиб безовталана бошлади. Автобус қаерга етганини билгиси келиб ўтирган ерида ойнани ушлаб кўрди. Бир неча марта орқасига ўгирилиб, одамларни саволга тутмоқчи бўлди.

Аввалига ийманди. Кимдан нима сўрашни билмай гарангсиди. Лекин бу тахлит ўтиравериши ҳам тўғри эмаслигини илғаб турарди. Шу сабабли таваккал ёнгинасида турган йўловчига қўл чўзди.

— Биз ҳозир қаерга етдик? — сўради у қўрқув аралаш йўловчини пайпаслаб. — Шаҳардан четга чиқиб кетмадикми ҳали?

Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди.

Қўл чўзиб саволга тутган йўловчи йигит киши экан.

У сал энгашиб, Нилуфарга бирпас тикилиб турди-да, аста қўлидан тутди.

— Нилу, ўзингмисан? Ё мен адашдимми? — деди ҳаяжон аралаш.

— Сиз… Кимсиз? — сўради Нилуфар ҳайрон бўлиб. — Сизни танимадим.

— Ие, нега танимайсан? Мен Мажидман, Мажид! Болалар уйида сендан бир синф баландда ўқиганман.

Нилуфар бирдан Мажидни эслади. Эслади-ю, ичи музлаб шоша-пиша ўзини четга олган бўлди.

Ҳа, Мажид болалар уйининг энг интизомсиз, безори ва муштумзўр ўқувчиси эди. Ҳеч кимга кун бермасди.

Саккизинчи синфни битириш арафасида қайсидир қизни талашиб Бўрибой деган синфдошини пичоқлаб қўйганди.

Ҳовлида, мактаб ичкарисида кўриб қолса, Нилуфар билан мулойим саломлашарди-ю, ўтиб кетарди. У билан бирор марта ҳозиргидек яқиндан туриб гаплашмаганди. Гаплашишни хоҳламасди ҳам. Чунки қизлар уни ҳамиша болалар уйи биноси орқасида ўтириб наша чекишини тез-тез гапиришарди. Нилуфар ана шу феълидан хабар топгандан сўнг Мажиддан қўрқиб қолганди. Энди эса…

— Кўзингга нима қилди, Нилу? — хаёлини бўлиб сўради Мажид энгашган кўйи. — Нега бу аҳволга тушдинг? Ким сени шундай қилди?

— Мени тинч қўйинг, илтимос, — деди Нилуфар қўрқувни енгишга ҳаракат қилиб. — Дардим ўзимга етиб турибди.

— Бу нимаси? Мендан қўрқиб кетдингми? Қизиқмисан? Одам мактабдошидан ҳам қўрқадими? Ундан кўра қаерга кетаётганингни айт, ўзим обориб қўяман! Ахир тасодифан учратиб қолдим сени. Бир ёрдамим тегса тегибди-да!

Йигит шу қадар ишончли ва самимий сўзлардики, Нилуфар ўзи билмаган ҳолда тараддудланиб қолди.

— Мен… Шаҳар айланмоқчийдим, — Нилуфар ҳақиқатни айтишни хоҳламай, ёлғондан шундай деб қўя қолди. — Бирор фавворанинг ёнига ўтқазиб қўйсангиз, бас. Зерикканимда бошқа бировдан илтимос қилсам, автобусгача опкеб қўяр!

— Бўпти, унда кейинги бекатда тушайлик! Олдин меникига борасан. Қариндошларим билан топишволганман. Сени таништираман. Ана ундан кейин қаерга десанг бажонидил оборавераман. Хўш, нима дединг?

Нилуфар кўнгли янада ёришиб астойдил бош ирғади.

Чунки у умидлари, нолалари Яратганга бориб етганидан, шафқатга эришганидан, ниҳоят ҳаёт йўлини топа бошлаганидан мамнун эди.

* * *

Улар шаҳардан унчалик узоқ бўлмаган бир қишлоққа етиб келишди.

Мажид такси ҳайдовчиси билан ҳисоб-китоб қилгач, шоша-пиша Нилуфарни қўлтиқлаб олдинга бошлади.

— Ҳозир уйдагиларим билан танишасан, — деди у собиқ мактабдошига сирли боқиб. — Қўрқма, еб қўйишмайди. Яхши кутиб олишади…

Нилуфар бу гаплардан кейин тамоман ҳаяжон ва хавотирлар асирига айланиб бўлганди.

Ҳатто, нафас олиши тезлашиб, тез-тез хўрсиниб қўярди.

Шу аҳволда Мажид уни қандайдир ҳовлига олиб кирди. Нилуфар ҳовли унчалик катта эмаслигини қалбан ҳис этди. «Тўғри-да, — ўйлади ўзича. — Ҳатто шаҳарга яқин жойларда ҳам ҳовлилар фалон пул туради. Шуниям олволибди. Қандини урсин. Болалар уйида ўсган одам учун бу катта гап. Бунинг устига қариндошлари билан топишибди. Қандай бахт! Сени йўқлайдиган, сен ҳақингда қайғурадиган, меҳр кўрсатадиган яқин кишилар бўлса яхши-да.»

Бу орада Мажид Нилуфарни ичкари хоналардан бирига етаклаб кирди-да, оҳиста каравотга ўтқазиб ташқари эшикни қулфлади. Сўнг Нилуфарнинг тепасига келиб, икки елкасидан маҳкам тутди-ю, ўзига тортди.

Бундай бўлиши етти ухлаб тушига кирмаган Нилуфар жонҳолатда ўзини нари олишга уринди. Кучи етмагач, бор овозда бақира бошлади:

— Вой, нима қилмоқчисиз? Қўйворинг мени, қўйворинг! Қўйво-ор, ифлос, қўйво-ор!

* * *

Босқинчининг чангалида Нилуфар ўзини худди дўзахдагидек ҳис этганди. Мана энди ростакамига дунёнинг барча эзгуликларига этак қоқади. Ўлимни жуда-жуда яқиндан кўра бошлади.

Бироқ вужуди бўшашишга йўл қўймади. Бор кучини ишга солиб пишиллаганча кийимларини тортқилаётган Мажиднинг болдирини тишлади. Тишлади-ю, таваккал ўзини бир четга олди.

Жон аччиғига чидай олмаган Мажид эса иҳлай-иҳлай, букчайганча Нилуфарни бўралаб сўккан кўйи нари кетди.

— Ифлос! Қанжиқ! — саннарди оёғини чангаллаганча Мажид. — Кўр бўла туриб шундай ҳунарларингам бормиди? К-кўрсатиб қўяман сенга! Ўлдираман!

— Шу кўйга солгандан кўра тезроқ ўлдир! — деди Нилуфар пайпаслана-пайпаслана кийимларини тўғриларкан. — Сендай исқиртларнинг башарасини кўрмаётганимдан хурсандман. Яхшиям худо мени сўқир қилибди.

— Йў-ўқ, — хириллаб Нилуфарнинг тепасига келди Мажид. — Ўшанда сени деб бир шўрликни пичоқлагандим. Уям сени яхши кўрган экан. Энди-чи, хоним, менинг қўлимдан осонликча қутула олмайсан. Майли… Менам жа инсофини йўқотган бадбахт эмасман. Сўқир бўлганинг учун номусингга тегмайман. Лекин… Лекин билиб қўй, қамоқда ўтказган ҳар бир кунимнинг ўчини сендан оламан. Шундай ўч оламанки, дардингни бировга айта олмайсан! Ҳа-а, адабингни берама-ан! Боплайма-ан!..

— Сендайларни худо олсин илойим! Мараз, пасткаш экансан! Келиб-келиб кучинг мендай нотавонга етдими?

— Ўчир чакагингни! — бақирди Мажид Нилуфарнинг иягини сиқиб. — Ҳозир бир ёқли қилиб қўяман! Ғазабимни қўзғама!

— Ўлдир! Сенга қул бўлгандан кўра ўлганим яхши! Тезроқ ўлдир!

— Э, йў-ўқ! — беихтиёр ўрнидан туриб ортга тисланди Мажид. — Сени-чи, осонликча ўлдирмайман! Ҳали эсимни еганимча йўқ, ҳа! Ҳозир… Ҳозир сени нима қилишни ўйлаб кўраман! Ҳа, шу ерда бирпас қимирламай ўтиргин! Бе, қайгаям борардинг! Кўзинг кўр-ку барибир!

Мажид шундай деди-ю, нариги хонага кириб кетди.

* * *

Сония сайин Нилуфарнинг юрагида нафрат алангаси ловулларди.

У нима қилишни, бу зўравонни қандай инсофга чақиришни билмасди.

Фақат тақдирдан, тасодифдан нажот изларди. Яратгандан хаёлан Мажидга диёнат тиларди.

Афсуски, барчаси сароб эканини билмасди. Қамоқ кўрган бу эркак қандай қабиҳликларни ўйлаб қўйганидан бехабар эди. Шу сабабли тезроқ нариги хонадан чиқишини, бўғибми, бўғизлабми ташлашини ва бу балолардан халос бўлишни хоҳларди.

Ниҳоят Мажид сигарет тутатганча Нилуфар ўтирган хонага чиқиб келди.

Ҳайкал каби қотиб, ора-сирада ҳимоясиз, ожиз ва нотавон жуссасини қимирлатиб-қимирлатиб олаётган Нилуфарга масхарали нигоҳ ташлади.

— Сен мен учун бир иш қиласан, — деди охири сигарет қолдиғини бурчакдаги стол устида турган кулдонга ташлаб. — Менга жарақ-жарақ пул ишлаб берасан. Ана шунда бир қошиқ қонингдан кечишим мумкин. Эшитдингми? Гапир!

— Ҳали жазонгни оласан! — шивирлади Нилуфар совуққон оҳангда. — Бу ишларинг жавобсиз қолмайди, ярамас! Нега қараб қолдинг? Ўлдирақол! Барибир ниятингга етолмайсан!

Мажид аста келиб Нилуфарнинг бир тутам сочини сиқимлади.

— Намунча осмондан келмасанг? — деди тишларини ғижирлатиб. — Бор йўғи сўқир бир қизсан. Гўзаллигингни айтмаса, бир пулга қимматсан шу туришингда.

— Кўрлигим сенга асқотди. Агар кўзим очиқ бўлганда, ҳозир сенинг ифлос, наҳс босган уйингда ўтирмасдим.

— Майли-да, нима десанг деявер! Ҳозир кўнглим юмшаб турибди. Гапириб қол. Эртадан бошлаб Тупроққўрғондаги автовокзалда сайрайсан, ҳа! Вей, сендақанги кўрлар тиланчилик қилса, яхши пул топади.

— Нима? Ифлос!

— Ҳа, алам қилдими? Ёқмаяптими? Ана шунақа-а! Мени ранжитганларнинг ҳоли шу! Қани, энди бир туриб юборсинлар-чи!

— Ифлос қўлингни теккизма менга! — бақирди Нилуфар гавдасини орқага ташлаб. — Ким бо-ор? Ёрдам берсанглар-чи! Ўлдиришяпти!

Мажид жонҳолатда Нилуфарнинг оғзини ёпди-да, бир қўли билан томоғидан бўға бошлади.

— Ҳали шунақами? Овозлариям борми? Қани, энди бақир-чи! Ўласа-ан! Қийналиб, хўрланиб ўласан! Менинг кўнглимни олмаганинг учунам шундай ўлим топасан! Бу ерда сенинг овозингни ит ҳам эшитмайди! Бақир, ит, бақир!

Нилуфарга қолса, танасини тилка-тилка қилиб ташлашса ҳам бўш келмасди.

Мажидга қарши сўнгги нафасигача курашган бўларди. Бироқ руҳи унга итоат этмади.

Ҳаво етмай хириллай бошлаганда, типирчилашга тушди. Танани тарк этишни хоҳламаган руҳ жон-жаҳди билан Нилуфарни паст келиш ва ризоликка ундади.

— Қ-қўйвор! — дея олди базўр хириллаб. — Қ-қўйвор!

Мажид масхарали тиржайиб Нилуфарнинг томоғидан қўлини тортиб олди.

— Хўш, тавбангга таяндингми? — сўради зардали ҳаракат билан кўзойнагини тақиб қўяркан. — Ажал қўрқинчли бўлади. Жуд-даям қўрқинчли бўлади. Ё ишонмайсанми? Бошқатдан бошлайинми?

— Йўқ, йўқ, керакмас! — деди Нилуфар икки қўлини олдинга чўзиб. — Р-розиман! Ҳаммасига розиман! Мени ўлдирма! Ўлдирма!

— Мана бу бошқача гап бўлди, — дея ўрнидан қўзғалди Мажид. — Ҳали йўриғимга юрмайдигани онасининг қорнида ётибди. Қани, туриб олсинлар-чи хонимча! Қўлни бер!

Нима ҳам қила оларди? Боягина юрагида кўз очган умид, орзу, мақсадлари кузги япроқ каби сарғайган Нилуфар қўрқа-писа ўрнидан турди.

У шу қадар юрак олдириб қўйгандики, мустақил бир қадам олдинга босишга қўрқар, қалби қулоққа айланганча Мажиднинг сўнгги қарорини кутарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here