Бирминҳемда 14 ёшли мусулмон болакай масжид ташқарисида пичоқлаб кетилди

0

14 ёшли ўспирин мусулмон Бирминҳемдаги масжид ташқарисида бир неча марта пичоқланган ва у ҳозир оғир аҳволда, дея хабар бермоқда Birmingham Mail маҳаллий нашри.

Жиноят жумадан шанбага ўтар кечаси содир бўлган. Боланинг отаси машинасини қўйиш учун кетган, фарзандини эса Ҳуссайня масжиди ташқарисида қолдирган.

«Бу ҳодиса пиёдалар йўлкасида содир бўлди. Ота машинасини тегишли жойга жойлагунича унинг ўғли ерда қонга беланган ҳолда ётарди. Бир ёш йигит болакайга пичоқ билан ваҳшийларча ҳужум қилган», дейди масжид раҳбари Азҳар Киана.

«Ҳамма жой қонга беланган, жиноятчи эса боланинг бўйин ва бошига пичоқ билан тинмай урарди. Кейин у қочди ва машинага чиқиб кетди».

Бу ҳужум жума тунида ва шанба тонгида тўртта шаҳарда бир вақтда содир этилган ҳужумлардан биридир. Натижада икки киши ўлган ва бир қанча одам яраланган.

Полициянинг баёнотига кўра, шанба куни эрталаб жиноятни амалга оширишда гумонланиб 29 ёшли эркак ҳибсга олинган ва у ҳозир назорат остида.

Полиция бу жиноятни террор ҳужуми деб баҳоламаётгани, лекин жиноятдан кўзланган мақсад ноаниқлигича қолаётганини айтди.

Аммо бу жиноятнинг ортида ирқий ва диний нафрат ётган дея гумон қилинмоқда.

Лондон полицияси 2016 йил апрелдан 2017 йил мартга қадар мусулмонларга қарши нафрат сабабли амалга оширилган 1200 дан ортиқроқ жиноятларни қайд этган. Бу эса Буюк Британияда исломофобиянинг авж олаётганига яққол далилдир.

manba: azon.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here