Мафия сардори (1-қисм)

0

Қўш қаватли кўркам иморат. Ҳовлиси анча кенг, майса экилган. Ўртада фаввора отилиб турибди. Содиқ ҳалгинчак ўриндиқда ўтирганча тебранар, қўшиқ хиргойи қиларди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Битта “операция”дан саккиз минг “кўк”ида фойда қилса, қувонмай бўладими? Россиядан молни вақтида олиб келганини қаранг. Айни тақчил бўлиб турган экан. Бир зумда мижозлари талаб кетишди. “Эсиз, — деди шунда у, — кўпроқ олиб келмаган эканман. Пулга кўмилиб қолардим. Шошилинч яна боришим керак. Бир йўла уч-тўрт вагон олиб келаман”. У мана шу хаёллар гирдобида уйига келди-ю, нимагадир ишчанлик кайфияти йўқолди. Дам олгиси келди. Хотинига ош дамлатди. Иштаҳа билан еди. Мана энди ўриндиқда мириқиб ҳордиқ чиқараяпти. Агар хотини чинқириб қолмаганида шу ҳолида ухлаб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди.

— Войдод! — деди Хонзода уйдан ташқарига югуриб чиқаркан. — Бу ўғрининг дастидан кун кўрамизми-йўқми?! Ҳаммаёқни шип-шийдам қилиб кетибди-ку!

Содиқнинг бирдан кўзлари олайди. Бир муддат сочларини чангаллаганча уввос тортиб йиғлаётган хотинига қараб турди, сўнг ютиниб олди-да:

— Нима деяпсан, қанақа ўғри, нимани ўғирлайди?! — деб бақирди.

— Билмайсиз сиз ўғрини!.. Ўзингизни билмасликка оласиз! Бола-чақанинг кераги йўқ сизга, эртаси билан қизиқмайсиз уларнинг!.. Укангиз… укангиз олиб кетибди ҳамма тилла тақинчоқларимни!.. Қизингиз Шаҳлоникиям йўқ!!!

— Мараз!.. Ит!.. Қани у гўрсўхта, кўрсатиб қўяман ўғирлик қанақа бўлишини?! — дея ўкирди Содиқ аламидан кўзи қинидан чиққудек бўлиб.

— Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим! Энди бирим икки бўлади, деганимда, шумқадам рўзғоримнинг баракасини олиб қочиб қолади! Бирини яшираман, иккисини яшираман, токайгача…

— Қани деяпман?! — баттар тутоқди Содиқ.

— Билсам айтмасмидим, қўлидан етаклаб келиб, мана ўғри, демасмидим!.. Менга бақирасиз, жигарингиз келганда дамингиз ичингизга тушиб кетади…

Содиқ хотинининг қолган гапларини эшитмади. Шахт билан дарвозадан ташқарига чиқди. Бир муддат кўчада туриб қолди. Худди ҳозир укаси келади-ю, башарасига боплаб туширадигандай. Тутоқиб турганида, ёнига ойналари қорайтирилган яп-янги иномарка тўхтади. Содиқнинг бир муддат хаёли чалғиди: “Кимники экан, ҳеч кўрмаганман”. Ўйи охирига етмасдан эшик очилиб, иржайганча акаси Бўрон тушиб келди. Бошқа эшикдан эса Соҳиб укаси тушди.

— Ана шунақа-да, ука, тумшуғингнинг тагига келсам ҳам танимайсан, — деди Бўрон семиз қўлларини очиқ турган эшик устига қўяркан.

— Эй-й, ака, танимабман. Тойчоқни ҳар ҳафтада алмаштириб турганингиздан кейин, мендай камбағал укангиз қаердан танисин? “Олаяпман”, деб ҳеч қурса телефон ҳам қилиб қўймайсиз, — деди лаб-лунжини йиғиштиролмай қолган Содиқ.

— Мана, биринчи сени кўрсин деб келаяпмиз, нима дединг, Соҳиб?

Қотмадан келган, ёши йигирма бешлар атрофидаги йигит ҳам ўшшайди.

— Ака, — Содиққа мурожаат қилди у, — бир жойда ўтирмасангиз: ҳали Россия, ҳали Хитой; сизни топиб хабар бергунимизча битта мошинанинг пулини сарфлаб юборамиз.

Икки ака-ука ҳиринглашиб кулишди. Содиқ эса шунчаки мийиғида жилмайди.

— Ҳа, — деди унинг ёнига келган Бўрон, — мошина олганим ёқмади, шекилли, қовоғинг очилмаяпти.

— Нималар деяпсиз, Бўрон ака, худди ўзим олгандай бўлдим. Ҳозир ювамиз. Қани уйга киринглар, — деб дарвоза томонга ишора қилди Содиқ.

— Бўлмаса нимага бунча очилмаяпсан? — деди Бўрон у кўрсатган томонга юраркан. —Ёки санқиб юришинг келинга ёқмаяптими?

— Кираверинг, айтаман, айтмасам бўлмайди.

Бўрон ҳовлида келинини учратди. Доим ихчам, замонавий кийинадиган, лаб бўёқсиз ҳатто ўзининг хонасидан чиқмайдиган, бўйнидаги шода-шода тилла занжирлар-у, бармоқларидаги брильянт кўзли узуги билан бошқаларнинг кўзини ўйнатишни хуш кўрадиган, ёши ўттиз бешдан ўтган эса-да, юзида бир дона ҳам ажини бўлмаган Хонзодахон унинг кўзига ўта сўлғин кўринди.

— Ассалому алайкум, — деди Хонзода қайноғасини кўриши билан нигоҳини ерга қадаб.

— Ва алайкум, ҳа, келин, тинчликми, шаштингиз паст? — деди Бўрон унга яқинлашар экан.

Хонзода жавоб бермади, олақараш қилиб уйига кириб кетди.

— Ҳалиям ёш болага ўхшаб хотининг билан уришиб юрибсанми? — деди Бўрон укасига.

Бу сафар Содиқдан садо чиқмади. У тўғри фаввора ёнидаги стол тарафга юрди. Уч ака-ука айлана стол атрофига ўтирганларидан кейин Содиқ қўл телефонидан Хонзодага қўнғироқ қилиб чой-пой олиб келишни буюрди. Сўнг хўрсиниб қўяркан:

— Шоҳруҳ ҳиқилдоғимга келтирди, ака, — деди.

— Тағин нима гап? Битта укангни эплаёлмасанг, нима қилиб ака бўлиб юрибсан?

— Унингиз одам бўлмайди. Қизим билан янгасининг тилла тақинчоқларини, яна озгина жамғариб қўйган пулимни ўғирлабди.

— Ни-ма?! — деди катта ака ўрнидан туриб кетиб.

Содиқ қўлини мушт қилиб тугди. Сўнг жаҳл билан столни урди.

— Нонкўр, ярамас! На кундузи, на оқшом ҳаловатим бор. Итдай ишлайман. Топганимни уйга ташийман, лекин Шоҳруҳ: “Акам бечора шунчалик меҳнат қилаяпти”, демайди. Янгасининг тилла тақинчоқлари борми, уйда кўзга кўринадиган нарса борми, фарқи йўқ, кўчага ташийди. Арзон-гаровга пуллаб маишатга сарфлайди. Келса ўлдираман! Агар тирик қолишини хоҳласанглар, ана, бировинг уйингга олиб кет! Фақат менмас-ку унинг акаси, — деди.

Бўрон секин жойига ўтирди. Укаси Солиҳга бир қараб қўйди-да, чўнтагидан сигарета чиқариб секинлик билан лабига қистирди. Лекин тутатмади. Қўлга олиб бармоқлари билан айлантириб эзаркан, гап бошлади:

— Эсингда бўлса, ойим раҳматли жон бераётганларида, Шоҳруҳни уйли-жойли қилишни бўйнингга олгандинг. Мен бўлса Солиҳни олувдим…

— Эй-й, ака, у пайтда мен бу боланинг аҳмоқлигини қаердан билибман? Тушимгаям кирмаган! — деб бақириб юборди Содиқ.

— Ўзингни бос, Содиқ, ҳовлиқма! Ундан кўра, бор, топган-тутганингни олиб кел, эллик-эллик қилайлик, ундан кейин ётиғи билан ҳал қиламиз ҳаммасини. Тутаб турибсан, бу аҳволда сен билан гаплашиб бўлмайди. Бор айтганимни қил.

Содиқ туришга улгурмади, хотини патнисда нон, қанд-қурс кўтариб келди.

— Аввал ароқ билан салат-палат олиб келинг, — деди Содиқ Хонзодага бир қараб қўйиб.

Бўронга укаси аёлини сизлагани ўтиришмади. “Бунинг хотини бурнидан ип ўтказиб олган, бир умр энди мана шунақа хотин қули бўлиб ўтади. Ҳе, аҳмоқ, одам хотинниям сизлайдими? Мендан ўрнак олсанг ўласанми, ҳозир ҳам ўрни келса янгангни тепкилаб оламан. Дадаси аввал амалдор эди, ҳозир сенга ўхшаган бизнесмен, нимадан қўрқасан?” — дея хаёлидан ўтказди.

Бирпасда дастурхон турли ноз-неъматлар, қовурилган гўшт, ичимликлар билан безатилди. Содиқ ҳамманинг пиёласини тўлдириб-тўлдириб ароқ қуйди.

— Ака, — деди Бўронга юзланиб, — мана шуни мошинангизнинг тагидан доим шамол эсиб туриши учун оламиз.

Укасининг гапи Бўронга мойдай ёқди ва пиёласини бир кўтаришда бўшатди.

* * *

Хонзода ака-укаларнинг олдига егуликларни қўйиб бўлгач, қўл телефонини халатининг чўнтагидан олиб, режасини амалга ошириш учун Соҳибнинг хотинига қўнғироқ қилди.

— Овсинжон, бормисиз, ўргилай, — деди у ёқдан гўшак олингач, — бундоқ бизларни эслаб ҳам турмайсиз…

— Опажон, ичимсиз-да, ҳозир ўзим телефон қилмоқчи бўлиб турувдим. Бойлигингизга бойлик қўшиларкан, — жавоб қилди Соҳибнинг хотини.

— Мафтунахон, телефонда гаплашгандан кўра, юзма-юз ўтириб чақчақлашганга нима етсин? Бунинг устига, хўжайинингиз ҳам шу ерда. Ака-укалар маишат қилишганда биз овсинлар қилолмаймизми? Дарров йўлга чиқинг, — деб Хонзода Мафтуна жавоб беришга улгурмасидан тугмачани босди. Сўнг бироз ўйланиб тургач, катта овсинини ҳам уйига чақирди. “Барибир ўша шумқадамни уйдан йўқотаман. Шунақанги шумлик қилайинки, икковингдан бировинг уйингга олиб кет”, деб хаёлидан ўтказган Хонзода телефонини қайтадан чўнтагига соларкан, ошхонага кирди. Бу пайтда катта қизи Шаҳло диванга ўтирганча шарбат ичиш билан овора эди.

— Ойи, — деди онасини кўргач, — нега бунақа қилаяпсиз? Шоҳруҳ акам ҳеч нарсани ўғирлагани йўқ-ку, тиллаларимизни ўзингиз олиб яшириб қўйдингиз-ку! Энди акам бечорани дадам бекордан-бекорга койийди.

Ўн олтидан энди ўн еттига қадам қўйиб, ранги тиниқлашган, кўрган йигитнинг хаёлини ўғирлайдиган даражада гўзаллашган қизига Хонзода бироз термилиб турди-да:

— Қизим, кўп нарсаларга сенинг ақлинг етмайди. Шоҳруҳнинг ёшиям йигирмадан ошди. Ҳализамон уйлантириш керак. Уйлантиргандан кейин унгаям биронта уй қуриб беришга тўғри келади. Шуларнинг бари дадангнинг елкасига тушишини хоҳлайсанми? Кўраяпсан, даданг сенларнинг яхши яшашларинг учун эртаю кеч тинмайди. Гўрсўхта аканг бўлса, умрини қаердаги боксгами-балогами сарфлаб юрибди. Шу пайтгача уйга битта нон кўтариб келганини кўрганим йўқ. Шунинг учун, ана, катта акасиникига борсин. Ака-укалар ичида энг бойи, иккита данғиллама участкаси бор. Хотинчасигаям мошина обериб қўйибди. Бу йил қизи коллежга киргани учун яқинда униям мошина билан табрикларкан…

— Вой-й! — деди Шаҳло қўлидаги стаканни ёнидаги стол устига қўйиб сапчиб ўрнидан тураркан. — Сарваранинг мошинаси бўларканми?!

— Дадаси қоплаб пул топганидан кейин бўлади-да, — деди Хонзода бирдан қовоғини уйиб. — Анави дардисар амакинг бўлмаганида, балки менгаям оберармидилар?

— Ойи, керакмас. Шоҳруҳ акамнинг бизга ҳечам зиёнлари тегаётгани йўқ. Қайтанга, дадам мол олиб келсалар, тиним билмайдилар, ҳали у ёққа олиб борадилар, ҳали бу ёққа. Баъзида эрталабгачаям ишлаганлар. Кейин уйимизнинг бозор-ўчари-ю, бизни бирон жойларга олиб бориб олиб келиш, дадам йўқликларида уйимизга қоровуллик қилиш ҳам зиммаларида. Шунча меҳнатлари сингсаям туҳмат қилиб уйимиздан ҳайдатиб юбормоқчисиз, — деди Шаҳло хафа бўлиб.

— Ўчир овозингни! — бирдан жаҳли чиқиб кетди Хонзоданинг. — Бўйинг етиб айниб қолдингми?! Укангнинг ёши ўн бешга кирди. Худога шукур, бундан бу ёғига ҳамма ишини ўзи бемалол қилаверади. Ҳали униям ўқиши бор. Уйлантиришимиз керак. Ўзингниям сарполаринг охиригача битгани йўқ. Битта итальян мебели қанча туришини биласанми?! Агар яна шунақа гапингни қиладиган бўлсанг ўзингдан кўр! Бор энди меҳмонхонага, столларни тўғрилаб қўй, ҳализамон меҳмонлар келади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here