Мафия сардори (2-қисм)

0

Меҳмонлар бир соатга қолмасдан дарвозада пайдо бўлишди. “Тавба, — хаёлидан ўтказди Хонзода, — чақиришимни кутиб турган экансанлар-да. Агар озгина индамаганимда, эрларимиз сизларникидамасми, деб ўзларинг келавераркансизлар”.

У сохта табассум-у сохта илтифотни бир қилиб овсинларини кутиб олди. Меҳмонхонага бошлади. Эрлар ҳам уларни кўришди. “Сенлардан қутулмасканмиз-да”, дея ҳазиллашган бўлишди. Лекин биронтаси ўрнидан туриб уларнинг ёнига келмади. Ичкарида хотинлар, ташқарида уларнинг эркаклари анча вақтгача чақчақлашиб ўтиришди.

Овсинларининг бироз кайфи ошиб, тўғри келган гапни қайтармайдиган бўлишгач, Хонзода мавриди келганини тушунди ва навбатдаги вино тўлдирилган қадаҳни қўлига олиб бошини эгди-да, юм-юм йиғлай бошлади. Овоз чиқармади, аммо кўзини ёшлашнинг уддасидан чиқди.

— Тинчликми, Хонзодахон? — сўради ҳайрон бўлган катта овсин Фароғат.

— Эй-й, — дея қўлини силтади Хонзода, — кўрган куним қурсин. Қўяверинг, пешонамга шундай ёзилган экан-да.

— Нима бало бўлди? Очиқроқ гапиринг. Қайним билан уришиб қолдингизми?! — деди юзига қайғули тус беришга уринган Фароғат.

— Бундан кўра Содиқ акамлар билан уришганим минг марта афзал эди!

— Нималар деяпсиз? Айтинг, сизни бу аҳволда кўриш бизгаям оғир…

— Илгари ҳечам гапирмасдим. Лекин пичоқ бориб суякка қадалди. Аслидаям сизларни шунга чақиргандим. Бу балони ҳаммамиз маслаҳатлашиб ҳал қилмасак, ажалимдан беш кун олдин ўлиб кетсам керак. Қайнукангизга айтсам, парвоям қилмайди.

— Нима бўлганини айтинг, айланай, қанақа қайғуки, сиз шунча эзилиб юрибсиз? — деди тоқати тоқ бўлган катта овсин.

— Шу… ҳамма кимлигини яхши биладиган Шоҳруҳ, шунча қилғиликлари камлик қилгандай, қизим билан менинг тилла тақинчоқларимни олиб кетиб қолибди. Ўғирлаб кетибди!..

— Йўғ-э!!! — деди бирдан иккала овсин.

— Бировга айтсанг ишонмайди. Лекин биз ўзимиздан чиққан балога ўзимиз қолиб, дардимиз ичимизда, ўтирибмиз бошимизни чангаллаб.

— Вой ўлмасам! — деди кичик овсин Мафтуна.

— Уйгинанг куйсин, шунақанги қилиқлариям бормикан?.. Бугун тилла тақинчоқлар ўғирлаган бўлса, эртага мошина-пошинаям ўғирлайди, бунақанги боладан ҳар бало кутиш мумкин, — деди ичкиликдан қизарган юзи баттар қизариб Фароғат.

— Нимасини айтасиз, овсинжон, Шаҳлонинг сепига деб қанчадан бери йиғиниб, уч миллионга брильянт кўзли узук олувдим. Олиб кетиб қолибди! — деди-ю Хонзода ўхшатиб хўрсинди, сўнг йиғлаб юборди.

— Ё тавба! — деди Мафтуна ёқасини ушлаб. — Шоҳруҳжоннинг қўлидан ҳали шунақанги ишлар келадими? Одамнинг ишонгиси келмайди. Камгап, меҳнаткаш, бировнинг дилини оғритганини ҳалигача кўрмаганман.

— Уйингизда яшаганда билардингиз! — деб уни узиб олди бирдан йиғидан тўхтаган Хонзода. — Олиб кетинг, борсин, каталакдай уч хонали домга! Ундан кейин ҳолингиз нима кечаркан, кўраман!

Мафтуна шу пайтгача, бирор марта бўлсин, овсинларига гап қайтармаган. Ҳар доим улар сўзлаётганида жим туриб эшитган. Лекин ҳозир босиқлиқ қилолмади-ю, эвазига балога қолаёзди.

Орага бир неча сониялик сукунат чўкди. Овсинларидан садо чиқавермагач, Хонзода бурнини тортди-да, алам билан қадаҳини бўшатиб, стол устига тўқ этказиб қўйди-да, иккала овсинига бирма-бир қаради.

— Содиқ акамлар билан гаплашдим. Хуллас, Шоҳруҳ бизникида турмайдиган бўлди. Ахир унинг яна иккита акаси бор. Бир кун унисиникида, бир кун бунисиникида турсаям куни ўтади.

Бу гаплар Фароғатнинг юрагига пичоқдай қадалди. Соҳиб бой эмас, эрининг хизматида. Унга уй олиб бериб қутулмоқчи бўлишганди, бўлмади. Энди хотинини етаклаб кунда-кун ора келиб туради. Фароғатга қолса, икковиниям остонадан ҳайдарди-ю, аммо Бўрондан қўрқади. Бу чапани одамники бир тутмасин. Агар худо кўрсатмасин, тутиб қоладиган бўлса, қопағон итлар унинг олдида ип эшолмай, тумтарақай қочади. Лекин охирги пайтларда Соҳиб билан хотинининг ёрдами тегиб турибди. Болалари улғайганлиги учун бирови ўқишга, бошқаси ишга кетади. Кичкиналарини боғчага беришади. Фароғатнинг ҳам ўз фирмаси бор. Бир кун бормаса, ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетади. Мафтуна шундай пайтларда уйида бўлади. Қоровуллик билан бирга, у ёқ-бу ёқни супуриб-сидиради, овқат тайёрлаб қўяди.

Аммо Шоҳруҳ ортиқча. Агар ҳозир йўлини қилмаса, бўйинтуруқдай илиб олади эри Бўрон. Фароғат бироз қошларини чимириб ўйлаб турди ва бирдан хаёлига келган ўйдан юзи ёришиб кетди.

— Мафтунахон, — деди кичик овсинга, — бориб хўжайинларни чақириб келинг. Улар билан биргаликда бу масалага нуқта қўймасак, эртага ҳаммамизнинг бошимизга бало бўлади.

— Хўп, — деди Мафтуна ва ўрнидан туриб ташқарига йўналди.

Унинг чиқиб кетишини кутиб турган Фароғат бирдан Хонзоданинг билагидан ушлаб ўзига тортди.

— Овсинжон, — деди паст товушда, — бир гап айтаман. Ҳозир шуни қиласиз. Шу билан ҳаммамиз қутуламиз.

— Нима қилай? — дея киприкларини пирпиратди Хонзода.

— Шаҳлонинг бўйи етиб турибди. Ҳозир хўжайинлар келишганида, уларга: “Шоҳруҳ қизимга ёмон қараш қилди, бундай амакининг боридан йўғи афзал”, дейсиз. Қолганини менга қўйиб бераверинг, ўзим боплайман.

Хонзоданинг бирдан ранги оқариб, кайфи тарқаб кетди. Шу он миясига қизининг Шоҳруҳни ҳимоя қилгани келганди. Ахир шундай тантиқ, эрка қиз ҳар қанча яқин бўлганида ҳам амакисининг ёнини олмайди. Бир гапи борки… Фароғат овсинининг гапида жон бор.

— Намунча қотиб қолдингиз? — деди ундан кўзини узмаётган Фароғат.

— Миямга келмаганини қаранг. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлса нима қиламан? Шаҳло ўлгур ҳам жуда очиқ-сочиқ кийинади. Модний қизлардан-да, — дея безовталаниб овсинига қаради Хонзода.

— Ана кўрдингизми? Лекин бунинг учун қизингиз айбдор эмас. Ана, мен ҳам қизларимга замонавий кийинишни ўзим айтганман. Латта-путтага ўраниб юргандан кўра, ёшлигида ўйнаб қолсин. Эрга тегиб битта болали бўлсин, ана ундан кейин ўранаверади ўша латта-путтага… Ҳа, овсин, бу гапни мен сизга айтганим йўқ. Яна сиримиз очилиб қолмасин. Эримнинг қанақалигини биласиз.

— Хотиржам бўлинг, ўзим у ёғини боплайман. Шу қайним ўлгурни кўрмайдиган бўлсам бўлгани.

— Унда манавидан яна биттадан ичайлик, ҳар қалай, бардам бўламиз, — деб Фароғат қадаҳларни винога тўлдирди.

Бироздан кейин ака-укалар бирин-кетин меҳмонхонага кириб келишди.

— Вой-бўй! — дея ўшшайди Бўрон. — Бизни ташқарида қолдириб, ўзларинг байрамни авжига чиқарворибсизларми?

— Хўжайин, шундай эрларимизнинг сояи давлатида маза қилмасак, нима қилиб юрибмиз? — дея ҳиринглади Фароғат.

Содиқ тузатилган столни кўрганида қувонганди. Аммо хотинининг бошини эгиб хафа бўлиб ўтирганига кўзи тушгач, укасининг кўрсатган каромати ёдига тушиб, дарров қовоғини уяркан: “Ҳали сени дардисар болага хафа қилдириб қўйдимми? Шошма, келсин, обдан “ҳақ”ини бераман”, дея хаёлидан ўтказди.

— Эй-й, келин, нима ўтириш бу? Доим хушчақчақ юрардингиз… Бизнинг ҳурматимиз шу бўлдими ёки кетайликми? — деди Бўрон Хонзодага ҳазиллашиб.

— Кечирасиз, ака, — дея зўрма-зўраки жилмайган бўлди Хонзода.

— Иш тутманг, келин, Содиқбой эртанинг ўзида аввалгисидан зўр тақинчоқлар олиб келиб беради. Сиз бунақа ўтирманг.

— Хўп, ака.

Эрлар столнинг бир томонига, хотинлар уларнинг рўпарасига ўтиришди. Худди икки рақиб гуруҳ бир жойга тўпланган-у, муҳим масалани тинч йўл билан ҳал қиладигандай. Бундай пайтда Соҳиб хушомадни жойига қўядиганлардан эмасми, чаққонлик билан ўртада турган коньякни очди.

— Охирги марта бунақа ўтирганимизни ҳечам эслолмайман. Гапдан олдин қиттай-қиттай олайлик. Менделевдай жуда катта олим: “Одам ҳар куни юз-юздан олиб турса, соғлиғи учун кони фойда”, деган экан, — деди иржайиб.

— Ука, унда бу гап сенга тааллуқли эмаскан, чунки сен юз эмас, бирор уч юзтани аллақачон олиб бўлдинг. Яхшигина ўрганганга ўхшайсан. Менинг мазам қочиб қолди-ю, сен ҳалиям қилт этганинг йўқ, — деди Бўрон укасига, сўнг Мафтунага ўгирилиб, — уйга ҳар куни ичиб келаяптими-йўқми? — дея сўради.

Мафтуна бироз қизарди ва жилмайиб:

— Ичмайдилар, ҳар-ҳар замон байрамларда озгина-озгина, шунда ҳам маст бўлар даражада эмас, — деб жавоб қиларкан, кўз остидан эрига қараб қўйди. Бу билан: “Кўрдингизми, агар кечагидай оёқда туролмайдиган бўлиб уйга келсангиз, ҳаммасини айтиб бераман”, деган гапни қисман билдириб қўйди.

— Келиб-келиб мениям келиндан сўраганимга қаранглар. Бу икковининг тили бир-ку!

Бўрон, унинг хотини ва Соҳибдан бошқа ҳеч ким кулмади. Одатда, у сал қизиқроқ гап айтиб юборса, Содиқ ҳам, унинг Хонзодаси ҳам дарров иржайиб-тиржайишга тушиб кетарди. Ҳозир эса миқ этишмади. Қовоқларини уйиб ўтираверишди.

— Сен иккаланг нимага бунча аммамнинг бузоғига ўхшаб турибсан? Кетса кетар озгина бойликларинг, жонларингни олиб кетмабди-ку. Ҳали келсин, ўзим Шоҳруҳ билан бошқача гаплашаман. Илгариям бир-икки марта талтайиб кетганини эшитувдим. Жа, ўзларингам бўш қўйиб юборгансанлар…

— Ака, — дея унинг гапини бўлди Хонзода, — у фақат ўғирлик қилмаган, бошқа иш ҳам бор. Мен укангизга айтолмай юрувдим. Ҳозир ҳам тилим бормаяпти… Нима қилай, мен ожизанинг қўлидан нима ҳам келарди?!

Хонзода аввал чуқур хўрсинди, сўнг кўзидан дув-дув ёшини оқиза бошлади.

Содиқ дарров сергакланди. Хотинига ўқрайиб қаради. Юраги гупиллаб урганидан, ўзини зўрға тутиб турарди. Охири чидамади.

— Хоним! — деди ғазаб билан. — Мендан яширадиган гапингиз ҳам бормиди?!

— Дадаси, қандоқ айтаман?! — деди Хонзода кўзидан оққан ёши юзини ювиб. — Жигарингизни бир бало қилиб қўйишингиздан қўрқаман!

— Гапир, чайналмай! — бақириб юборди Содиқ.

— Укангиз… укангиз ўз синглисига… Шаҳлога қандай кўз билан қараётганини айтгунимча тилим узилиб тушади-ку!

— Нима?! — ўкириб юборди Содиқ. — Шоҳруҳ… Менинг укам қизимга!..

Уни титроқ босиб, кўзи олайди. Беихтиёр қўлига санчқини олди. Қолган икки ака-ука эса ўринларидан туриб кетишди. Улар ҳам даҳшатдан қотиб қолишганди.

— Вой ўлмасам!.. Жигари-я?! Қандай шармандалик! — деди гўё бутунлай ўзини йўқотиб қўйган Фароғат.

Мафтуна уятдан қизариб кетди. У бир ака-укаларга, бир овсинларга термилар, эшитганлари шунчаки фақат унинг хаёлига келиб қолгандай эди.

— Шаҳло қани?! Шаҳло қани?! — дея наъра тортди Содиқ.

— У бечорани нима қиласиз? Шўрликнинг ҳеч вақодан хабари йўқ! Бекордан-бекорга вайрон бўлган кўнглини баттар вайрон қилмоқчимисиз?! Қизгинамнинг иситмаси чиқиб кетди. Дори бериб зўрға ўзига келтирдим.

— Ўлдираман! Бугуноқ! — Содиқ Бўронга қаради. — Ака, таъзияга одам йиғаверинг. Бугун битта укангизни кўмасиз, иккинчисини турмага тиқасиз!

— Ўзингни бос! — бақириб юборди Бўрон. — Аввал ҳамма гапнинг тагига етайлик. Кейин… одам ўлдирадиган даражадаги иш эмас! Уйингдан ҳайдайсан…

— Дадажониси, — деди овсинига қўшилиб йиғлаб юборган Фароғат, — ўғрилик қилган бўлса, уйга олиб кетиб тарбияласак, одам бўлиб қолар, деб ўйловдим. Мана, битта укангизни оёққа турғаздингиз-ку! Лекин энди ниятимдан қайтдим. Сизнинг бир эмас, иккита бўйи етган, бир-биридан чиройли қизларингиз бор. Бунинг устига, ҳализамон келин туширмоқчисиз! Шундай уйга қандай қилиб кўзи ўйнаган болани оборасиз!

— Ҳов, эшакмия, ким сенга уни уйга обораман, деди? Гаплашаман, деяпман-ку!!!

— Ака, — деди гўё нафаси тиқилаётгандай тез-тез нафас олаётган Содиқ, — номусимни топтатиб қўймайман! Шарманда бўлганимдан кўра, ўлганим яхши. Хуллас, гапим — гап! Келсин, ўлдираман!..

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here