Хайрулла Ҳамидов. Ҳамма сўзларимни айтишим мумкин, Фақат севишимни айтмай келганман…

0

КУТИШ
Кутган мен бўлдиму, кутган сен бўлдинг,
Азоблар гиламдек тушди ўртага.
Оловда тобланиб сарғарди олтин,
Кунлар ҳам қочдилар фақат ортига.
Ҳа, сени ўйладим мудроқ тунлари,
Айландим охири парланган қушга.
Йилларга кўчганда васл онлари,
Дийдор айланаркан қўрқинчли тушга…

* * *
Айрилиқ тонгида ташвишлар учар,
Оламнинг рангига сиёҳ теккандек.
Юрагим тубида нигоҳинг – ханжар,
Санчилар, санчилар тикандек…
Сенга интилишим тамом бефойда,
Қўясан Мажнун ҳам ожиз шартларни.
Яна ҳайрат ичра тинглайман уйда
Ёлғиз дарахт чеккан чўнгсиз дардларни.

КИФОЯ
Бунча чиройлисан, бунчалар сара,
Оламнинг этаги пойингда йиғлар.
Кўйлакларингдаги гуллардан кўра
Атрофингда кўпроқ телба ошиқлар.
Мен улар ичида энг ғариби ва
Тамомий беимкон, билмас ниҳоя.
Сенга етишмайман, биламан. Аммо
Севиб яшашимнинг ўзи кифоя.

ИШҚ
Муҳаббат абадий ёнажак тилак,
Бука олмас уни дард, армон сўзи.
Севишдан тўхтадим, дейсанми, демак,
Севмаган экансан аввал ҳам ўзи.
Мажнуну Фарҳоднинг ўтмаган гали,
Ишқ ўтин ўчириш аслида қийин.
Муҳаббатга қурбон бўлиш орқали
Сен яна яшайсан ўлимдан кейин.

КЕСИШИШ
Хаёлларим энди унутган лаҳза,
Тушларим ҳам этмай қўйганда таъқиб,
Ҳаммасини яна эслатиб ларза —
Кўзгудан нурланиб келдинг-ку чиқиб.
Дардларим барглари хазон тўкилди,
Пойида сарғариб турган мен йўқсил.
Тақдирнинг бир гапи бордир шекилли,
Учраштираверар сен гулни нуқул.
Орзулар бу палла бутунлай маҳол,
Келажакка кўчган бир хотирасан.
Йўллари кесишган, аммо бемаҳал,
Бахтсиз бахтлилармиз, ўйлаб қарасам.

ИҚРОР
Кўзингизга чуқур қараёлмайман,
Бу юрак тахмини, кўнгил тахмини.
Ҳар қанча шод бўлмай, яйраёлмайман,
Сизни унутишга ҳаққим йўқ мени.
Агар ҳаётимдан чиқиб кетсангиз,
Тушларимга кириб келасиз кулиб.
Хаёлдан ногаҳон шошиб ўтсангиз,
Табиат тўхтайди ўзидан билиб.
Ҳа, тилим бормайди иқрорга бугун,
Мен энди ўтмишга қайтмай келганман.
Ҳамма сўзларимни айтишим мумкин,
Фақат севишимни айтмай келганман…

ЁНИМДАСАН
Ёнимдасан. Дунё бунча чиройли,
Булутлар қиқирлар устимизда тўп.
Ёнимдасан. Олам кўшку саройли,
Гуллаблар кетяпти ҳар гиёҳ, ҳар чўп.
Ёнимдасан. Тошлар шивирлаяпти,
Кабутар қаноти сим-сиёҳ рангда.
Ёнимдасан. Юлдуз жимирлаяпти,
Ой ястаниб олган енггандек жангда.
Ёнимдасан. Қуёш ботгиси ҳам йўқ,
Сенинг жамолингга манингдек ошиқ.
Ёнимдасан. Бизга отилган ҳув ўқ
Ҳавода муаллақ қотгандир шошиб…
Ёнимдасан. Илҳом қўшини пайдо,
Чўкка тушиб олган ўртамизга бахт.
Менга ёқмагани фақат шу пайтда
Бунча тез ҳаллослаб югурмоқда вақт?!

ЙИҒИ
Мен йиғладим, осмонда қадр
Бир йўқолди меҳрдан олдин.
Мен йиғладим, ёнимдан, ахир,
Сен кетиб қолдинг.
Мен йиғладим, яноқларимда
Гуллаб кетди чанқоқ баҳорлар.
Мен йиғладим, орзу яримта,
Чалаёвуқ қотди изҳорлар.
Мен йиғладим, йиғиларимдан
Чўчиб кетган тоғлар ўкирди.
Мен йиғладим, садоқат тутган
Энг яқинлар юзин ўгирди.
Мен йиғладим, хаёллар тунаб
Тушларимни ўғирлаб кетди.
Эртакдаги Ёсуман санам
Йўлларимни сеҳрлаб кетди.
… Мен тинмасдан йиғлайвераман
Тунларгача, оппоқ тонггача.
Мен тўхтамай йиғлайвераман
Сен овутиб келар онгача.

ИҚРОР ФАСЛИ
Ҳеч кимни севмадим мен сендан кейин,
Мени ҳам ҳеч кимса суймабди бошқа.
Тушунгил-да, менга жудаям қийин,
Изҳорим айланиб бормоқда тошга.
Муздан муздайроққа айланмоқда дил,
Ҳайронлар турибман ўзим ўзимга.
Сенинг исминг айтиб юрмаганми тил,
Қандай айлансин-ей бошқа исмга?!
Ўтди у зарафшон кунларим мани,
Қарардим, боқардим сенга беканда.
Энди ётга кулиб, наф топса қани –
Кўзларим ҳам сени кўриб қўйган-да…
Мен шундай ўтаман яккаш, кўрасан,
Мени севолмайди бирор бир малак.
Кимга ҳам керакдир, ўйлаб қарасам,
Сенинг исминг ўйиб ёзилган юрак?!

* * *
Мени ҳам тушунинг, кўриниб туринг,
Ҳадеб ёзғирмасдан беайб кўзни.
Қаёққа қочардим кунда минг бора
Юрагим кўзимга буюрар сизни?!
Даллига айландим, дарвешман жуда,
Онгим қотиб қолган, бу нечук зўр ғам:
Яшаб бошлаяпман ўйлар ичида,
Хаёлимдан чиқинг ҳаётимга ҳам…

ХАЙР
Дилга ёпирилди таниш туйғулар,
Мен яна эсладим ўша қайғуни –
Ҳижрон юрагимга бардошлар тилар:
“Энди тонгга қадар изла уйқуни!”
Ҳа, менинг азизам, дилбар ғазални
Ҳамон унутмаган дил хонишларим.
Ўнгимда кўрсам-да не-не гўзални,
Сени излайверди қайсар тушларим.
Манглай сатрларим ёзилмиш тугал,
Сўнгсиз хотиралар ўтса-да кулиб,
Сездим ҳамма нарса ўткинчи экан,
Фақат севгинг қолди адабий бўлиб…
Ҳа, бизга муҳаббат шундай хат ёзган,
Ундан на қолиб, на ўзиб бўлади.
Севги уммон экан, тақдир тош босган…
Бу ҳолда қандайин сузиб бўлади?
Ўзимиз танладик шу оғир чекни,
Висол нақ ўртада термулар хомуш.
Умрбод интилдик унутмоқликни,
Кошкийди кифоя қилса бу юмуш.
Кетгандинг, жимгина юз бурганингча,
Ўшанда англовдим, ул ажиб тунда –
Юракка киргансан! Шу кирганингча,
Бировга бошқа жой қолдирмай унда…
Келмайди дедилар толени кутсанг,
Майли, ўтмишимиз энди ўтирик.
Чин севги ўлади қачон унутсанг,
Унута олмасанг, демак у тирик!
Суратим қаршида турмагин мулзам,
Мен рози – ачинма ҳолим гарчи танг.
Айрилиқ сўзига яқин исмим ҳам –
Хайр деб қолади сенинг Хайрулланг!

КЎЗЛАРИНГ
Ҳаммаси айланиб кетмоқда тошга,
Ҳаммаси рўёдан бошқа нарсамас.
Кўзларинг барибир ҳаммадан бошқа,
Бошқа бирон нарса унга арзимас.
Замин суйкалади осмонга доим,
Этагин ўпади ойни бериё.
Сени яратганда қодир Худойим
Бизни боғлаб қўйган ермонанд гўё.
Ҳаммаси ўткинчи, ҳаммаси сароб,
Сенинг муҳаббатинггина мангудир.
Кўзларинг боққанда тўкилар савоб,
Эски дард қўзғалур — яна янгидир.
Садоқат кўргандек бўлдим ҳар қалай,
Ўша мунг қоришган дардимни тингла:
Ижозат айлагин, санинг-ла ўлай,
Бу чирик дунёни унутай сен-ла!

Хайрулла Ҳамидов

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here