Мафия сардори (3-қисм)

1

* * *

Илгари янгаси Хонзода Шоҳруҳни ёмон кўрарди. Икки гапнинг бирида жеркиб берар, йўқ жойдан баҳона топиб, ҳали ўнга ҳам кирмаган болани чимдир, баъзан уйда эри йўқлигида шапалоқ ҳам тортиб юбораверарди. Айби нималигини билмаган гўдакнинг йиғлашдан ўзга чораси йўқ эди. Акасига айтса, яна балога қолади. Бир марта айтиб, таъзирини еган. Айтмоқчи эмасди, унинг ўзи кўриб қолди. Пешонасидан оқаётган қон гарчи тўхтаган эса-да, жароҳат кўриниб турарди. Шоҳруҳ боғламоқчи бўлганди, эпини қилолмади.

— Нима бу? — сўради ишдан қайтган Содиқ унинг ярасини кўриб.

— Ҳалиги… Ҳалиги, янгам… — энди гап бошлаган Шоҳруҳнинг дарди ичида қолди.

— Баттар бўлсин! — деди унга ўқрайган Хонзода. — Анави куни сиз олиб келган янги гиламни дазмол билан куйдирибди. Айтса, кўйлагини ўзим дазмоллаб бермайманми?! “Нега куйдирдингиз?” дейишимни биламан, бирдан қочишга тушди. Эшикдан чиқди-ю, зинага қоқилиб, думалаб кетди. Шундаям ичим ачиб, йод суриб боғлаб қўяман, деб чақирсам, қани, ёнимга келса!

Воқеа бутунлай бошқача бўлганди: қорни оч Шоҳруҳ ошхонага кирди. Музлаткичдан икки дона тухум олиб, энди газ ёнига борганида, ердан чиқдими-осмондан тушдими, Хонзодахон пайдо бўлди ошхонада.

— Ҳа-а, — деди қошлари чимирилиб, — қоринчалари очқаб қолдими?

Шоҳруҳ миқ этмай кўз остидан янгасига қараб тураверди.

— “Ишёқмаснинг ётиб нон ейишини кўр”, деган экан биров, мусорни ташлаб келдингизми?

— Ҳа, — деди Шоҳруҳ бош ирғаб.

— Пақирни ювдингизми?

— Ҳа.

— Кўрай-чи?

Хонзода ахлат челакка қаради: тоза, лекин унинг кўнглидагидай эмас.

— Ҳали шу ювилганими?

Шоҳруҳ бошини эгди ва ҳар доимгидай гапиролмади.

— Мана сенга, ярамас!

Бошига теккан челак зарбидан Шоҳруҳнинг кўзидан ўт чиқиб кетди. Бақиришга ҳам улгурмай ерга йиқилди. Бир қанча муддат карахт аҳволда ётди. Йиғлашга қанчалик уринмасин, овози чиқмайди. Оёқ-қўли қалтирайди. Хонзоданинг эса жон-пони чиқиб кетди. “Ўлдим!” деб бақириб юборди ўзи ҳам сезмаган ҳолда ва Шоҳруҳнинг юзига сув сепди. Бола сесканди ва секин-аста ўзига кела бошлади.

— Юрагимни ёрдинг, эшак! Сал тегиб кетсаям одам шунақанги аҳволга тушадими?! Тутқаноғинг бор экан, айтмайсанми?!

У Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб ўрнидан турғизди, шоша-пиша пешонасидаги қонни ювиб ташлади ва қўлига дока тутқазиб:

— Мана шуни босиб тур, мен бошқа кийимларингни олиб келаман. Айтиб қўяй, бировга ғинг десанг, тилингни суғуриб оламан! — деди.

Хонзода ошхонадан чиқиши билан Шоҳруҳ ҳам қочди. Акаси келгунча янгасининг кўзига кўринмади. Бунгача Хонзода атай гиламни куйдириб қўйди ҳамда юқоридаги ёлғонни тўқиб чиқарди.

— Эй, тинмас экансан-да, биласанми, гиламни неча пулга олганман? Бу аҳволда косамиз оқармайди, ука. Яна ҳовлиқмалигингга бало борми? Яхшиям, янганг бор, бўлмаса, очингдан ўлардинг! — деди укасининг яраси боисгина ғазабини ичига ютган Содиқ.

— Ака! — деди Шоҳруҳ йиғлаб. — Бошқа қилмайман!

— Қилиб кўринг-чи, йигитча! Энди эркалигингизга қараб ўтирмайман. Акангиз келгунича ўзим жазонгизни бериб қўяман! — деди унга ўқрайиб қараган Хонзода.

У пайтлар бу жувоннинг тили узун эди. Отаси Толиб Эрматович — катта идоранинг бошлиғи, қўлида минглаб одам ишлайди. Содиққа бир эмас, учта дўкон очиб берди. Лекин уни мол билан тўлдиришга Содиқда пул йўқ эди. Хотинини авради. Бир неча кун хушомад қилиб юрди ва у орқали қайнотасидан анчагина пул олди. Шу бирга Хонзодага тобе бўлди-қолди…

Шоҳруҳнинг бўйи ўсиб, билагига куч эниб, мўйлаби сабза уриб, ёши йигирмага яқинлашиб, қизларнинг кўзини ўйнатадиган ҳуснга эга бўлгач, Хонзода бирдан ўзгарди. Қайнукасини ўзгача эркалай бошлади. “Шоҳруҳжон, — деди, — “қайним” дейишга тилим бормайди, укамсиз, укам”, деди. Баъзан Содиқ унга дашном берганида, тарафини оларди. “Нега арзимаган нарса учун ҳам уришаверасиз? Худога шукр, ақли-ҳуши жойида, фаросатли йигит. Яхшиямки, бор экан. Бўлмаса, сиз йўқ пайтларингиз ким бизнинг ҳолимиздан хабар оларди?” дея қайнисини оқларди.

Шоҳруҳнинг хотирасида янгаси аламзада аёл сифатида муҳрланиб қолганди. Унинг бунақа ўзгариши аввалига довдиратиб қўйди, сўнг аста-секин кўникди. Ёшлигида қилган “каромат”лари учун ўч олишни мўлжал қилганди, у ҳам тумандай тарқаб, ўрнини меҳр эгаллай бошлади. Бироқ унинг нега бунақа меҳрибон бўлиб қолганини ўйлаб кўриш хаёлига келмади.

Шундай кунларнинг бирида акаси Содиқ Россияга кетди. “Дўконлардан, уйдагилардан ўзинг хабар олиб турасан”, деб укасига тайинлади. “Хавотир олманг, ака, бемалол бориб келаверинг”, дея ука ҳам аканинг кўнглини хотиржам қилди. Сўнгги пайтларда хотини билан анча апоқ-чапоқ бўлиб қолган укасига ҳамма нарсани ишонган Содиқ сафарга кетди.

Орадан икки кун ўтди. Учинчи кун тун ярмидан ошганда, ҳамма маст уйқудалигида Шоҳруҳнинг хонаси эшиги секин очилди. Сўнг ўзидан хушбўй анбар таратган бир шарпа ичкарига кирди-да, ортидан эшикни секин ёпди ва ниҳоятда назокат билан оҳиста қадам ташлаб ширин туш оғушида маза қилиб ухлаётган йигитнинг тепасига келди. Бироз ҳавас билан термилди. Кейин эҳтиёткорлик билан кўрпанинг бир четини кўтарди.

Шоҳруҳнинг бурнига ҳар қандай эркакни эсдан оғдирадиган ҳид урилди. У тамшанди ва бироз қимирлаб қўйди. Сўнг елкаларига, кўкрагига нимадир бир-бир тегиб ўтди, орқасидан секинлик билан силаш бошланди, унинг ортидан эҳтиросни қўзғайдиган товуш чиқди ва у ўпичга уланди.

Шоҳруҳ тушида гуллари чаман бўлиб очилиб ётган боққа кириб қолди гўё. Ҳаммаёқ гўзал, одамнинг дили яйрайди. Бир маҳал унинг ёнида ниҳоятда сулув қиз пайдо бўлди. Йигит уни қаердадир кўргандай эди. Ким экан бу хилқат, дея иккиланиб турганида, қиз у томонга қўлларини чўзди.

“Кел ёнимга”, деди мафтункор овозда. Шоҳруҳнинг юраги гупиллаб уриб, аста-секин унга яқинлашди. Чирой маликаси бирдан унинг бўйнига осилди. “Жоним! Жоним! Сенинг дардингда адо бўлдим!” деди жонона. Шоҳруҳ ҳам унинг белидан маҳкам қучди ва шу он бу гўзални таниб қолди. Чўчиб кетиб, уни қўйиб юбораркан:

— Янга! — деди-ю, уйғониб кетди.

— Жоним! — деди Хонзода баттар эҳтиросга берилиб. — Ундай деманг…

— Янга… Янга, нима қилаяпсиз?! — деб устидаги жувонни нарига итарди Шоҳруҳ.

— Секинроқ, уйғониб қолишади…

Шоҳруҳ уни силтаб ташлади ва каравотидан сакраб тушди-да, ҳансираганча чироқни ёқиш учун эшик ёнига бораётганида:

— Шошманг! — деди ҳаяжондан нафаси бўғзига тиқилган Хонзода. — Бирпас шошмай туринг. Ўзим чиқиб кетаман.

У секин ўрнидан турди. Яланғоч танига халат илди ва бир-бир босиб, қўллари мушт бўлиб тугилган, ўзини зўрға тутиб турган Шоҳруҳнинг ёнига келди.

— Мен, — деди пичирлаб, — сизни тушунадиган йигит деб ўйлагандим.

— Нимани тушунишим керак?! — ғазаб билан унга юзланди Шоҳруҳ.

Шунда кутилмаганда Хонзода кафтлари билан юзини бекитиб йиғлаб юборди.

— Мен ҳам аёлман! — у ерга чўккалади. — Танам айни эҳтиросга тўлиб-тошган пайт. Лекин акангиз бир йилдан бери ёнимга яқинлашмайди! Чўлу биёбонда қолиб кетган одамдай роса чанқаганман! Дардимга малҳамни кўчадан излайми?!

— Кетинг! — ўшқирди Шоҳруҳ. — Ҳозироқ қорангизни ўчиринг!

Гап Хонзоданинг юрагига ханжардай ботди. У бирдан йиғидан тўхтаб, ўрнидан турди ҳамда тез халатининг боғичини боғларкан:

— Одаммас экансан, сўтак! — деди ва эшикни қарсиллатиб очиб чиқиб кетди. Хонасига бориб, икки кишилик юмшоқ ётоққа ўзини ташларкан, ўкириб йиғлаб юборди. Анчагача ўзини босолмади. Ҳиқиллаб йиғлайверди. “Ҳали шошма, — деди овоз чиқариб, — кунингни шундай кўрсатайки, туғилганингга пушаймон ейсан!”

Шоҳруҳ эртасига ювинаётганида ҳам ўзидан Хонзоданинг атири ҳиди уфуриб турганини сезди. Атир совун билан бутун танасини яхшилаб ювди. Лекин барибир унинг назарида ҳид кетмаган эди. Алам қилди, чиқиб янгасини бурдалаб ташлагиси келди-ю, яна ўзини босди.

Хонасига бориб апил-тапил кийинди-да, нонушта ҳам қилмасдан (айб иш қилиб қўйгандай, жиянларининг кўзига кўринишдан чўчиди), ташқарига отланди. Акасининг дўконларига бирма-бир кириб чиқди. Аммо ҳеч қаерга сиғмади. Дўкон ичида акаси ўтиргандай, унга термилиб: “Келиб-келиб сенга ишониб кетдимми?” деяётгандай туйилаверди.

Кўчада санқиб, амаллаб кунни кеч қилди-да, қаҳвахонага кирди. Нияти, бўкканча ичиб, уйига боради-да, янгасини обдан дўппослайди. Бироқ бу нияти амалга ошмади. Маст бўлгач, ўзига-ўзи гапирди, сўкинди, сўнг ухлаб қолди. Агар қаҳвахона ходимлари уйғотишмаганида эрталабгачаям бошини столга қўйганча ухлайверарди.

Хонзода уни уйига бутунлай киритмасликка қарор қилганди. Лекин болаларини огоҳлантирмаган экан, улар дарвозани очиб қўйишди. Шоҳруҳ тўғри хонасига кирди. Ечинди-ю, ўзини каравотга ташлади.

Шу-шу янгаси билан мутлақо гаплашмай қўйди. Уйдан овқатланмас, Хонзодага дуч келиб қолган кезлари ўзини кўрмасликка олиб ўтиб кетарди. Бундан Хонзоданинг юраги баттар ғашланди. Хавфсиради. “Бу бола акасига ҳамма гапни айтиб беради”, дея ўйлади ва фитна режасини туза бошлади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here