Мафия сардори (4-қисм)

0

* * *

Шоҳруҳ ҳеч ўзига келолмасди. Қаерга бормасин, нима иш қилмасин, қулоғига янгасининг гаплари чалинаверарди. Бунинг устига, кийимларидан, бутун танасидан унинг ҳиди анқиб тургандай туйилаверарди. Айниқса, акаси сафардан тўлиб-тошиб, муваффақиятидан осмонга сапчигудек бўлиб қайтганидан сўнг унинг кўзига қараёлмади. Қўл бериб сўрашаётганида, Содиқ уни қучоқлаб олди. Шунда Шоҳруҳнинг бирдан капалаги учиб кетди. Гўёки акаси шу қучишнинг ўзида таниш атир ҳидини сезиб қоладигандай.

Бугун ҳам саҳарлаб уйқудан уйғонди-да, аввал спорт залига борди. Бўлган воқеаларни бутунлай унутиш учун, нафаси бўғзига тиқилиб қолгунча, роса югурди. Сўнг осилиб турган қопни обдан муштлади. Лекин кўксидаги алам барибир чиқиб кетмади. Аксинча, кучайгандек, унинг бўйнидан бўғаётгандек эди.

— Сенга нима бўлаяпти? — деди унинг ҳамма хатти-ҳаракатларини кузатиб турган мураббийи Диёр ака.

Шоҳруҳ пешонасидан оқаётган терни бокс қўлқопи билан артаркан:

— Мендан боксчи чиқмас экан, — деди унга қараб.

— Бекор айтибсан. Ўн беш ёшингдан бери “мусобақаларга қатнаш” деявериб чарчадим. Шу пайтгача бир неча марта чемпион бўлишинг керак эди. Мусобақаларга қатнашмас экансан, бокснинг нима кераги бор? Ўзимни ҳимоя қилишимга зарур десанг, аллақачон бунга тайёр бўлгансан… Тинчмисан ўзи?

Шоҳруҳ бошини эгди. Бироқ гапирмади. Қанақа қилиб гапирсин? “Янгам менга шунақа қилиқ қилди. Энди акамнинг юзига қараёлмаяпман”, десинми?..

— Бирдан профессионал бўлмоқчи эдим. Ўхшамаяпти. Кеча ўрта, оғир вазнлиларнинг боксларини кўрдим. Биронтасиям ёқмади. Ундан кўра “любител”ларники яхшироқ экан.

Шоҳруҳнинг сўзлари беўхшов чиқди. У Диёр акани ишонтиролмади.

— Майли, ука, — деди мураббий унинг елкасига қўлини қўйиб, — ўзинг биласан. Лекин бирорта муаммонг чиқса, бемалол айтавер. Ҳар қалай, бир калладан иккитаси яхшироқ… Энди, ҳурматли проф бўлмоқчи йигит, рингга чиқинг, — деб Диёр ака ортига ўгирилди-да, нарироқда бошқа бир қопни обдан муштлаётган йигитга юзланиб: — Бахти! — деди.

— Лаббай, устоз, — қопни ўз ҳолига қўйган йигит унга қаради.

— Шоҳруҳ иккаланг олти раунд тушасан. Бир-бирингни аяш йўқ. Ҳақиқий бўлади.

Бахтиёр иржайди. Илгари у Шоҳруҳни бир неча марта ютган. Аммо охиргисида кутилмаган зарбани ўтказиб юбориб ўзи накаутга учраб, бирор беш дақиқа ҳушсиз ётган эди. Аламини оладиган пайт келганидан у қувониб кетди. Ҳатто ҳозирнинг ўзида югуриб келиб Шоҳруҳнинг жағига туширгиси келди. Аммо бунинг иложи йўқ. Боксдаги тартиб-қоидани бузиш мумкин эмас. Бахтиёр ғазабдан зўриқаётганидан қопни кетма-кет уч марта қаттиқ уриб, кейин тезда рингга кўтарилди.

Хаёллари бутунлай бошқа нарсалар билан банд бўлган Шоҳруҳ эса бошини эгиб секин унинг ортидан борди. Бу юриши мураббийга ёқмай, бақириб ҳам берди.

Биринчи раунднинг ўзидаёқ беш-олтита кучли зарбани ўтказиб юборган Шоҳруҳ полга қулади. Буни кўрган Диёр аканинг қони кўпчиди. У бир сакрашда рингга чиқди-да, Шоҳруҳнинг тепасига югуриб борди.

— Нима қилаяпсан, эшак?! — бақирди у. — Бунча ландавурлик қиласан!!!

Кўз тиниши кетиб, тепасидаги устозини аниқ кўра бошлаган йигит бир қўлига таяниб энди ўрнидан турмоқчи бўлганида, боши айланиб кетди. У бир зум кўзини юмиб турди. Сўнг қаддини ростлади.

— Ў-ў, бола, сен профессионал тугул любитель ҳам бўлолмайсан, тушунаяпсанми, любитель ҳам! Меҳнатимни бир тийин қилдинг! Яхшиси, йўқол, қайтиб кўзимга кўринма!

Диёр ака бақираётганида Шоҳруҳ унинг кўзига тик қараб турди. Сўнг:

— Бир дақиқа, — дегач, Бахтиёрга юзланиб, — нега қараб турибсан, бошла, — деди.

Рақибига нисбатан жуссаси бирмунча йирик бўлган, кўп мусобақаларда кераклича чиниққан Бахтиёр ошкора кулди.

— Камлик қилибди-да сенга, — дея бирдан Шоҳруҳга ташланди.

Кўзига дунё қоронғи кўриниб кетаётган Шоҳруҳнинг ғазаби икки ҳисса ошиб кетганди. Гўё янгаси иккаласининг орасидаги воқеага Бахтиёрнинг алоқаси бордай, унга еб қўйгудек тикилди-да, рақибининг зарбасини боши устидан ўтказиб юборди ҳамда ўзи уни шунақанги муштлай бошладики, бечора Бахтиёр кўзини-да очолмай қолди. Ҳатто таслим бўлганини билдириш мақсадида қўлини икки-уч марта юқорига кўтарди ҳам. Аммо буларни Шоҳруҳ кўрмади. Зарба кетидан зарба бераверди, бераверди…

Агар Диёр ака белидан қучоқлаб ушлаб қолмаганида, агар Бахтиёр полга гурсиллаб қулаганча ҳушидан кетмаганида унинг уриши қанча вақт давом этишини ёлғиз Худо биларди.

— Бўлди, бўлди, ўзингни бос! Ўзингни бос! — деб Диёр ака Шоҳруҳни зўрға ўзига келтирди. У бурнидан оқаётган қонни алам билан билагига артди ва ҳеч бир сўзсиз рингдан ташқарига чиқиб кетди.

Уч-тўрт кун оралиғида киравериб ўрганиб қолган қаҳвахонага борди. Одатий равишда юз грамм ароқ буюрди. Ичаётганида кўзидан ёш чиқиб кетди. “Йўқ, — деди ўзига-ўзи гапириб, — бу аҳволда жинни бўлиб қоламан. Кетишим керак. Бошим оққан ёққа. Ҳеч ким мени кўрмасин… Аслидаям кимнинг кўзи учиб турибди менга?” У ўрнидан туриб энди кетаётганида, хизматчи қиз тўхтатди.

— Менга қаранг, йигит, — деди афтини буриштириб, — ўтган сафар ҳам икки юз сўм қарз бўлувдингиз. Маст экансиз, индамадим. Бу сафар индамай туриб кетаяпсиз. Нима, сиз учун ҳар гал мен чўнтагимдан пул тўлашим керакми кассага?

— Кечирасиз, — дея хижолатдан қизариб кетди Шоҳруҳ ва чўнтагини ковлай бошлади.

Аксига олиб, чўнтагидан қизнинг қоғозчасидаги сумма чиқмади. Бундан баттар ўзини йўқотиб қўйган Шоҳруҳ қоғозчани қўлига олиб қизга тикилиб тураркан:

— Юз грамм ароқ уч ярим минг бўладими? — деди.

— Йигирма фоиз хизмат ҳақиям бор… Кечирасиз-у, кўринишингиздан чиройли йигит экансиз. Лекин нима қиласиз киссангизда пулингиз бўлмаса бу ерга кириб? Алкашларга ўхшаб сассиқ винони ичиб кетавермайсизми? Арзонгина, устига-устак, яхшигина кайф оласиз.

Ер ёрилмадики, Шоҳруҳ кириб кетмади. Бирдан елкасидаги сумкасини қизнинг қўлига тутқазди.

— Ичидагиларнинг ҳаммаси янги, нархи юз мингга бориб қолади. Ҳаммаси сизга. Уйдан чиқаётганимда…

— Нима бор бунда? — деди қовоқ-тумшуғи осилиб кетган хизматчи қиз.

— Спорт кийимлари.

— Бошимга ураманми? Пул беринг менга! — деб чинқирди қиз.

Шоҳруҳ баттар ноқулай аҳволга тушиб, атрофига аланглади. У ер-бу ерда ўтирган хўрандаларнинг ҳаммаси уларга қарашар, мийиғида кулиб қўйишарди. Йигит даҳшатдан қотиб қолди. Бунақанги шармандаликдан кўра унга пичоқ санчганларида минг маротаба афзал эди.

Юзу кўзига аямасдан бўёқ чаплаган, қошларини тераверганидан фақатгина кичкинагина из қолган қиз унга бўзрайганча термилиб тураверди. Атайин шундай қилди. Азбаройи йигитнинг қадди-қомати келишганидан, чиройлилигидан уни ана шундай азоблаб роҳат олгиси келарди унинг.

— Хўш, — деди қиз Шоҳруҳнинг бутунлай довдираётганидан ўзини аччиқланган кўрсатиб, — пулингиз борми-йўқми ёки хўжайинни чақирайми?

— Кечирасиз, балки сумкамни гаровга олиб турарсиз, мен тез бориб келаман…

— Ҳеч кимга кераги бўлмаган латта-путталарингизни аҳмоқларга ўхшаб олиб қолавераманми? Карам шўрвангизни йиғиштиринг-да, пулни чўзинг, — деб ғўдайди қиз.

Шу пайт унинг ёнида тўладан келган, кўзлари ўйнаб турувчи бўйи узун бир одам пайдо бўлди.

— Нима гап, Поти, — дея қиздан сўради у.

— Манави бола, — деб Шоҳруҳни кўрсатди қиз, — ўтган сафар еб чиқиб кетувди. Маст бўлганлиги учун икки юз сўм қарзини айтмовдим. Кассага ўзим тўловдим. Бугун энди юз грамм ичиб индамай суриб қолмоқчи.

— Эй, йигит, — деди хунук иржайган киши Шоҳруҳга қараб, — онангнинг пайкалимиди хоҳлаганда кириб еб-ичиб чиқиб кетадиган.

— Ака, — дея унга жовдираб боқди Шоҳруҳ, — манави сумкамни гаровга олиб қолинг, уйга борибоқ…

— Гадойларни боқадиган жой эмас бу ер, киссангда пулинг бўлмаса, ичишга бало борми? Сендақалар ҳиқилдоғимга келди! — деб қаҳвахона хўжайини кутилмаганда Шоҳруҳнинг юзига шапалоқ тортиб юборди.

Оловга керосин сепилди гўё. Шунча камситишларига чидаб турган йигитнинг бардоши синди. Ва “бойвачча”нинг ияги тагига қарсиллатиб мушт туширдики, бечора ярим метрлар чамаси кўтарилди-да, орқаси билан гурсиллаб йиқилди. Ҳақорат, камситишнинг жавоби шу билан тўхтамаслиги мумкин эди. Лекин вужуди изтиробга лиммо-лим йигит ортиқ ҳафсала қилмади. Бақа бўлиб қолган қизга қаҳрли нигоҳини бир қадади-да, сумкасини елкасига илганча ташқарига чиқиб кетди. Беш-олти қадам босар-босмас ортидан: “Ўзига келмаяпти, ўлдириб қўйганга ўхшайди!” деган чинқириқ эшитди.

— Дунё озгина тозаланибди-да, — дея пичирлади у ва яна йўлида давом этаверди.

У анчагача ўзига келолмади. Янгасининг қилган қилиқлари билан қаҳвахонадаги воқеалар қоришиб кетгандай эди. Энг алам қиладигани, ҳар икковидаям Шоҳруҳ кўпроқ азият чекканга ўхшарди. Кўпроқмас, фақат у. Бошқалар унинг устидан кулишди.

“Акамнинг кўзига қандай қарайман?” деган савол уйига яқин қолганида яна исканжага олди. У бир-икки бор юришдан тўхтади. “Уйга бормасам-чи?” деган хаёлга ҳам борди. Аммо қуп-қуруқ чўнтак билан қаердан бошпана топади? Бирозгина жамғарган пули бор, лекин у ҳам уйда, ёстиғининг тагида. Уни олиш учун барибир акасини кўриши керак. “Ишқилиб, акам уйда бўлмасин-да, бирон ёққа кетган бўлсин-да”, дея ўйлаган йигит Содиқ уни ўлдириш учун пичоқ яланғочлаб турганини билмасди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here