АЛАМЗАДА-11… (Биринчи фасл)

0

 

* * *

Толиб миробнинг сўнгги гапини эшитди-ю, афтини бужмайтирганча нари кетди ва телефонга ёпишиб, кимнингдир рақамини терди. Шу орада бир неча марта сўппайганча туриб қолган Мелибой миробга жирканч назар ташлаб қўйди.

— Менга қаранг, ўша ҳамтовоғингизнинг оти нимайди? — кутилмаганда сўради Толиб миробга еб қўйгудек тикилиб. — Бўлинг тезроқ лаллаймай!

— Ҳ-ҳайдар, ҳа, Ҳайдар! — ҳовлиқиб жавоб қилди мироб титроқ аралаш. — Ўзи… Сувчилик қилади пахтапояда!

Толиб саволига жавоб олгач, гўшакдан кимгадир уқтира кетди.

— Сен ҳозироқ йигитларни ишга сол! Ҳайдар деган қўқонлик чолни ернинг тагидан бўлсаям топларинг-да, меникига судраклаб келларинг! Бир соат ичида ўша нусха уйимда бўлиши керак! Бўпти, қолганини кейин гаплашамиз! Айтганча, вагон масаласи нима бўлди? Э, қайси бўларди? Нягандан келадиган вагон-да, овсар!.. Ҳа-а, шунақа дегин? Жуда зўр бўпти! Майли, гапни калта қилиб мен айтган ишни қил! Кечикма!..

Толиб гапини тугатиб гўшакни жойига қўйди ва яна мироб томон ўгирилди.

Аммо сўз бошлашга шошилмади. Аста юриб бориб сервантдан ўзининг севимли коньягини олди ва қадаҳга тўлдириб қуйди. Қадаҳдаги ичкиликдан бир ҳўплаб олгачгина миробга қараб беўхшов иршайди.

— Ҳа, бобой, қўрқиб кетдингизми? — сўради у коньякдан яна бир марта ҳўплаб. — Жон ширин-а? Нима дедингиз?

— Й-йў-ўқ, иним, — дея ер чизди мироб беихтиёр хўрлиги келиб. — Б-бир бошга бир ўлим-да! А-агар айб қилган бўлсак…

— Қилдингиз айб! Шартимизни бузиб қўйдингиз. Лекин сизни ўлдирмайман. Жаллод эмасман-ку! Қўрқманг! Бошни кўтаринг, бобой, бошни!..

— Илоё умрингиз узоқ бўлсин, иним! — Толибнинг сўнгги сўзи худди ҳаёт учун берилган катта имкондек туюлиб кетди.

Мелибой мироб ўзи сезмаган ҳолда икки қўлини баланд кўтариб, уни дуо қилди. — У дунёи бу дунё ёмонлик кўрманг!..

— Жа айёрсиз-а, айёрсиз? — деди Толиб асабий лаб тишлаб. — Менинг оғриқ нуқтамни жа боплаб топгансиз, ҳа! Қойилман, қойилман!..

— Йўғ-э, иним, — каловланди Мелибой мироб қўрқувданми, ҳаяжонданми, боши телбанамо қимирлаб. — С-сизни дуо қилмасам гуноҳ-ку, ахир! Сиз….

— Гапни калта қилинг! Боринг, асабимни бузмай, ўша сувчингиз келгунча хонангизда жи-им ўтира туринг! Келиши билан ўзим чақираман!

Қачонлардир тасодифан бир кино кўрганди. Ўшанда жаллод кундасига боши қўйилган маҳбусни давлатпаноҳ авф этди. Маҳбус бошини кундадан олди-ю, кўзларига, қулоқларига ишонмай, атрофга жавдирай бошлади. Унинг вужуди титроқдан тийила олмас, на кулишни, на йиғлашни биларди. Мелибой мироб ҳам худди ўша маҳбус ҳолига тушиб қолгандек эди. Толибнинг буйруғини эшитгандан кейин беихтиёр гарангсиди. Ортиқча сўзлашга ҳақсизлигини билса-да, ҳадеганда кета қолмади. Азбаройи енгил тортганидан сал қурса етти букилиб Толибга қуллуқ қилаёзди. Аранг тийилди…

Бир балодан қутулганига ҳануз ишонқирамай эҳтиёткорлик билан ортга тисланди. Сўнгра илкис бурилди-да, хонаси томон зипиллади…

* * *

Чамаси қирқ дақиқа вақт ўтиб, миробнинг кайфидан асар ҳам қолмади. Тамоман сергак тортиб, дунёни янада дилгирлик билан англай бошлади. Бозордаги суҳбат, мақтанишлар оқибати, Толибнинг ғазаби маънисини чуқурроқ ҳис этди. Ҳис этди-ю, юрагини баттар ваҳм босди. Гарчи бу зўравоннинг қўлида ўлиб кетмаганига шукр қилса-да, кўнглидаги хиралик худди туман каби бор бўйини чирмаб олди. Хаёлан келажагини тахмин қилди. Сира тахмини тиниқ чиқа қолмади. Нуқул жарлик, тўсиқлар, хўрликлар, аламлар гирдобида ётган бўлиб чиқаверди. Нияти, орзулари бўй кўрсатавермагач, шартта қўл силтаб, яна хаёлан қизи Севинч ҳақида қайғурди. Хайрият, қалби бу гал миробга тайинли жавоб қайтарди. Қизини ўйлаганда кўнгли ғаш тортмади. Кўзларини чирт юмиб чамалаганди, олисда бўлса-да, йилт этган нур кўринганини пайқади. Шу нур Севинчи, жони дилининг бахти эканига ўзини ишонтирди. Ана энди Мелибой мироб ҳар қандай жарлик, тўсиқлардан чўчимас даражага етди. Руҳан шу қадар енгил тортдики, кўкси гўё ўқ ўтмас қалқонга айланди. Қалбининг туб-тубидан «Мен кучлиман! Ўлимни ҳам енгиб ўтишга қодирман! Фақат дилбандимни хўрламасалар бас!» деган ҳайқириқ бўғзига қадар отилиб чиққандек туюлди. Мироб шу ички унсиз ҳайқириқ таъсирида қўлларини мушт қилган кўйи хонани айланиб, Толибнинг чорловини кутди…

Орадан яна ярим соат вақт ўтди. Миробнинг қулоқлари ҳануз динг эди. Тиқ этган товуш қулоғига чалинди дегунча дарров эшик тарафга юзланар, тезроқ сувчи келиши, Толибнинг айтажак гапларини эшитиш, бефайз, нафрат, совуққонлик уфурган, шафқатга бегона бу кулбадан кетишни хоҳларди. Кетишига кўзи етмаса-да, негадир шундай хаёл қиларди.

Ниҳоят ташқари эшик шарақлаб очилди-да, кимлардир ичкарига кирди. Мироб Толибнинг дағдағали товушини эшитди.

— Бобой, тез чиқинг буёққа!..

Мелибой мироб залга чиқишдан олдин қиблага ўгирилди-да, икки қўлини дуога очиб, ҳозиргина пайдо бўлган титроқлар исканжасида шивирлади:

— Илойим, кўзини кўр, тилини соқов қилгин! Менга ёмонлик қилиб қўймасин! Ҳайдаб солсаям, яхшиликча ҳайдасин! Ўзинг унга инсоф бер!..

Шундан сўнг у қўрқа-писа хона эшигини очиб залга ўтди.

* * *

Залда Толиб диванга ястанганча ўтирар, икки ёнида девдек барваста, соч-соқоли ўсиқ йигитлар турарди. Барзангиларнинг кўз қарашлари ўта ёқимсиз, туриши гўё муштлашишга шай муштумзўр янглиғ бежо эди. Пойгакда эса Ҳайдар сувчи икки қўлини кўксига босган кўйи худди таъзияли банда каби бош эгган ҳолда ер чизарди.

Барзангиларга кўзи тушганданоқ Мелибой миробнинг эти увишди. Ҳозир сувчи икковини боплаб савалашларини, оғиз-бурнини қонга белаб ҳов ўша ўзи билган ертўлага қамаб қўйишларини хаёлан тахмин қилди.

Ҳали ўйларини бир нуқтага жамлаб улгурмай, Толиб даст ўрнидан турди ва олдин Ҳайдар сувчига яқинлашди. Миқ этмай унга ўқрайиб бир неча ўн сония туриб қолди. Сўнгра ортга тисланиб миробнинг қаршисига келди. Тикилиш баҳонасида бир неча маротаба бош қашиб олди ва кескин барзангиларга юзланди.

— Сотим қаерда? — сўради уларнинг биридан. — Нега сенлар билан келмади?

— У киши керакли ҳужжатларни расмийлаштиряпти, — деди барзангилардан бири. — Кейин…

— Шунақами? Яхши. Хў-ўш… Нима қилса бўлади-а манавиларни? Нима қилса бўлади?

Барзангилар Толибга жавобан иккиланганнамо елка қисиб қўйди. Толиб эса беихтиёр кулимсираб миробга яқин келди.

— Кўпам сиқилаверманг, бобой, — деди у Ҳайдар сувчига бир қараб олиб. — Ҳазиллашгандим. Сизни бир текшириб кўрмоқчи бўлгандим. Аслида ҳеч бир айб қилмагансиз. Шунчаки… Нима деркансиз, ўзингизни қандай тутаркансиз дедим холос. Қани, бир кулимсиранг-чи, бобой! Ана шундай! Бўларкан-ку!..

— Раҳмат, иним, — деди мироб бош эгиб. — Сиздай иним борлигидан теримга сиғмас даражада хурсанд бўлиб юраман, ҳа! Илойим, бошингиз тошдан бўлсин!

— Бошим шундоғам тошдан, — деди Толиб тўсатдан жиддий тортиб. — Тошдан бўлмаса, душманларимнинг қанотини синдира олмасдим. Ё шундаймасми?

— Худди шундай, шундай, — жавоб қилди мироб ҳовлиқиб. — А-ана… Қишлоқдошимгаям айни шундай деганман!..

— Баракалла… Энди гап мундай… — Толиб барзангиларга бир-бир кўз ташлаб олди-да, қўлларини мушт қилди. — Сизга ка-атта бир ишни ишониб топширмоқчийдим. Аммо жуда қалтис иш. Қалтислиги шундаки, узоқ йўл юрасиз, ҳар хил одамлар билан тўқнашасиз. Лекин қўлингиздан келишига ишонаман. Хўш, ёрдам берасизми бизга?

— Албатта ёрдам бераман, иним, — деди мироб Толибнинг бу хабаридан кўнгли яйраб. — Хизмат қилсам, сиздай одамга қиламан-да! Буюраверинг! Дунёнинг нариги четига бўлсаям кетавераман! Буюрсангиз бас!

— Унда ҳозирдан тайёргарликларингизни кўраверинглар! Қишлоқдошингизам сизга ҳамроҳлик қилади. Майли, дунёни кўрсин, томоша қилсин! Баҳонада сизнинг мушкулингизниям осон қилади… Бобой, икковингизам паспорт, керакли буюмларингизни тахт қилволинг! Йўлга чиқасиз! Йўл жуда олис.

— Б-б-биз… — Мелибой мироб ҳадик аралаш беихтиёр нимадир эсига тушган каби сўзламоққа шайланди. Бахтга қарши тили ҳадеганда айлана қолмади.

— Сиз ҳадеб маҳмадоналик қилаверманг, бобой, — миробнинг нима демоқчилигини англагандек қайириб ташлади Толиб. — Иккалангиз Сибирга жўнайсиз. Ўша ёқдан ўн вагон ёғоч келиши керак. Ўша вагонларни қўриқлаб келасиз. Агар олдириб қўйсангиз, каллангиз билан жавоб берасиз. Оғзи бўш, калтафаҳмлик қилиб юрманг! Ё тушунтиролмадимми?

— Й-йў-ўқ, тушундик, иним, — шоша-пиша жавоб қилди мироб. — Сиз нима десангиз шу-да!

— Қизингиздан хавотир олманг! Уни ит емайди. Даволаниб бўлса, уйига жўнатвораман.

Мироб айни шу гапни кутганди. Қизи тинч бўлишини эшитиб дарров енгил тортди. Кўнглидаги ғашликлар тарқаб чеҳраси очилди. Қалбан Яратганга беадад шукр қилди. Ундан қизига узоқ умр беришини, Толибдайларнинг ғазабидан асрашини ёлвориб сўради.

— Шу кечаси самолётда учасизлар, — тайинлашда давом этди Толиб. — Тағин узоқдамиз, билган қандимизни еяверамиз-да деган хаёлга бориб юрманг! Ернинг тагидан бўлсаям топа оламан сиздақаларни! Биласиз-ку, биз ишни кенгайтирганмиз! Демак, қудратимизнинг чеки йўқ. Мана шу нарса ҳамиша эсингизда бўлсин!.. Хуллас, борасиз, кутиб олишади, вагонларни кўрсатишади, жойингизни тайин қилишади, поездда ортга қайтасиз. Ҳар бир дона ёғоч учун жавоб берасиз. Овқатдан, пулдан хавотирланманг! Агар шу вазифани қойиллатсангиз, ишонинг, сизни бошқача рози қиламан! Уддалай олмасангиз… Уёғи ўзингизга маълум!

— Ундай деманг, Толиббой иним, — деди ҳовлиқиб мироб. — Айтганингизданам аълороқ бажарамиз бу ишни, ҳа!..

Аслида миробни зиммасига юклатилаётган юмуш, жавобгарлик ҳисси сира қизиқтирмаётганди. Олдинда ўзини қандай оғир вазифа, синовлар кутаётганини умуман тасаввур этмасди. У қисқа вақт бўлса-да, каллакесардан олисроқ бўлиши, эркин нафас олиши, ҳазил-ҳузулга эрк бериши, ҳадикларсиз уйқуга кетиши яқинлигидан мамнун бўлаётганди. Шуларни ўйларкан, мисоли бир қоп олтин топиб қаергадир беркитиб келган, тағин ўша бойлик сари талпинаётган кимса каби Толибнинг тезроқ кетишга рухсат беришини кутарди.

Орзуси ушалди. Толиб бир қарорга келди. Барзангиларга икки ҳамқишлоқни аэропортга олиб бориб самолётга ўтқазишни қаттиқ тайинлади-да, миробнинг қўйин киссасига бир даста пул солиб қўйди.

— Бу пуллар қайтгунингизча етади, — деди у қовоқ уйиб. — Энди йўлга отланинглар! Тез бўлинглар! Вақт кетмасин!..

* * *

Мелибой мироб Ҳайдар сувчини эргаштирганча самолёт томон юриб борарди-ю, нуқул ҳайрат аралаш чор атрофга аланглашдан тийила олмасди.

— Қара, Ҳайдар, — дерди ёнидаги қишлоқдошини туртиб. — Шундай каттакон айриплонга чиқиб осмону фалакка кўтарилсак-а!.. Туйқусдан пастга тушиб кетса-чи? Абжағимиз чиқиб кетса керак-а?

— Бе, бунақасида илгариям учганман, — мақтанди Ҳайдар сувчи. — Жинам урмайди.

— Йўғ-э, — юришдан тўхтаб қишлоқдошига ҳавас билан боқди мироб. — Қачон чиқа қолдинг айриплонга, Ҳайдар?

— Анча бўлган. Ёш эдим. Ўшанда бўлган-да бир!

Бу ҳайратлар ҳолва эди. Салонга чиқиб жойлашишгандан сўнг самолёт ҳавога парвоз қилди-ю, миробнинг ранги оқарди. Ҳадеганда ёнида хотиржам ўтирган сувчининг билагини маҳкам сиқиб бош эгганча тош қотаверди. Сал ўтмай, ҳийла тинчланди. Орқа-олдига қараб ўтирганларни кузатди. Азбаройи лол қолганидан бошини қимирлатиб, қур-қур ичига туфлади. Шу лаҳзада стюардесса қиз аравача етаклаб келиб уларнинг рўпарасида тўхтади.

— Минерал сув, чой! Нима хоҳлайсизлар?..

Мелибой мироб қизнинг кийимларига, аравачага елка қисганча назар ташлаб, савол назари билан Ҳайдар сувчига тикилди.

— Қизим, бизга бир пиёладан кўк чой бера қолинг! — деди сувчи кулимсираб ва шу баҳонада «шарманда қилавермасанг-чи, тентак!», дегандек миробнинг биқинига бир туртди. Мироб эса унинг турткисига эътибор бермай, шоша-пиша стюардесса қизга савол ташлади.

— Қизим, кўк чой дейсизми? Анави… Нимайди?.. Ҳожатхоналарингам борми ўзи бу ерда? Ҳарқалай…

— Бор, амаки, бор, — деди уятдан дув қизариб қиз. — Фақат… Ҳозирча мумкинмас. Тўлиқ юқорилаб олганимиздан кейин рухсат берилади…

— Ҳа-а, шунақами? — бошини сарак-сарак қилди мироб. — Жа чатоқ экан-да! Йў-ўқ, биз кўк чой ичмай турамиз унда! Ҳа, кўтарилволайлик, ана ундан кейин опкеласиз! Айтмоқчи, кўк чойингизнинг ичига бир бўлак новвот ҳам солиб қўйинг, хўпми!?.

Стюардесса қиз Мелибой миробнинг соддаларча айтган сўзлари наша қилиб кула-кула нари кетди. Мироб бўлса назарида ўзини жуда ақлли ва адолатли иш тутган дея ҳисоблади-ю, Ҳайдар сувчига юзланиб «Кўрдингми, бизам жа анойимасмиз. Унча-мунчасини йўлга солиб қўя оламиз» дегандек қош қоқиб қўйди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here