Мафия сардори (5-қисм)

3

* * *

Ойиси амакиси Шоҳруҳ ҳақида бўҳтон гапларни гапираётганида Шаҳло эшик ортида турарди. Чой керак-керакмаслигини сўраш учун келганди. Хонзоданинг йиғлаб-сиқтаб, қизига Шоҳруҳ бошқача қараш қилаётганини эрига айтиши билан қизариб кетди. “Вой ўлмасам, — деди пичирлаб, — ойим жинни бўлиб қолганми? Амакимни ўғрига чиқарганлари етмагандай, яна… Нега, ойи, нега бунақа қиласиз?” У бирдан кафти билан юзини бекитди ҳамда югургилаб тепа қаватга чиқиб кетди-да, хонасига кириб каравотга ўзини ташлади. Сўнг ўкириб йиғларкан: “Ойи!” дея бақириб юборди. Ҳартугул, овози пастгача эшитилмади. Эшитилганида борми, жуда бошқа воқеалар содир бўларди. Йўқ, Шаҳло онаси ёлғон гапираётганини айтолмасди. Тили бормайди. Ёлғончига чиқаролмайди. Бу эса ўз-ўзидан Шоҳруҳнинг гуноҳини икки ҳисса ошириб юборади.

Қиз талай муддат шу тахлит ётгач: “Мен ёлғонлар билан тўлиб-тошган уйда ортиқ яшолмайман. Амаким бизнинг касримизга қолиб азобланишларини кўриб жим қараб туролмайман”, дея хаёлидан ўтказди ҳамда қўл телефонини олиб дугонасининг рақамини терди. Аввал шўх мусиқа, сўнг Севинчнинг қувончли овози эшитилди.

— Алло, Севинч, уйингдамисан? — деди бирдан Шаҳло.

— Вой, дугонажон, салом-алик йўқ, тинчликми, нима бўлди, нега овозинг бунақа чиқаяпти? — хавотирланиб сўради нариги тарафдаги овоз соҳибаси.

— Тинчликмас-да, дугон, уйингда бўлсанг қимирламай тур, ҳозир мен етиб бораман. Хўпми?

— Хўп, лекин менинг юрагимни ёрма. Нима бўлганини озгина бўлса ҳам айтгин. Бўлмаса, келгунингча ўлиб қоламан.

— Телефонда айтадиган гап эмас. Борай, ҳаммасини тушунтираман…

— Сени бошқа болага узатишмоқчими?

— Кошкийди, шундай бўлганида, бошқа иш. Бўпти, кутгин, дарров етиб бораман.

Шаҳло шоша-пиша телефон тугмачасини босиб, эшикка қараб қўйди. Сўнг юмшоқ каравотидан сакраб турди-да, шкафини очиб, кийимларини бирма-бир гилам устига ташлай бошлади. “Бунча кўп бўлмаса бу латта-путталар? Одам қайсини кийишиниям билмайди!” дея аччиқланди у, сўнг улар орасидан бир ҳафта бурун ойиси олиб келган, баданига ёпишиб турадиган юпқа футболкасини танлаб кийди. Кейин унга мос тушадиган калта юбкасини қўлига олди-ю, бироз ўйланиб тургач, ташлади. Шимни маъқул топди.

Унинг ҳам уч юз мингдан зиёдроқ жамғармаси бор эди. Ойиси бирон нима учун дўконга жўнатганида ҳамма пулни ишлатмас, бир қисмини олиб қўярди. Тўрт-беш ой ичида йиғилиб-йиғилиб шунча бўлди. Пулларни бежиримгина сумкачасига амаллаб тиқди-да, йўлакка чиқиб, секин пастки қаватга туша бошлади. Бу пайт дадасининг овози янада баландлаган, томоғи йиртилгудек бўлиб сўкинарди. Ора-чора бошқаларнинг нимадир деганлари қулоққа чалиниб қоларди-ю, аммо дадасининг бақириши барини босиб кетарди.

Шаҳло ташқари эшикни очаётганида “ғийқ” этган овоз чиқди. У худди ўғирликка тушган одамдай қўрқиб кетиб, тўхтади ва орқасига бурилиб қараб қўйди.

Кейинги учрашув бутунлай кутилмаганда содир бўлди. Дарвоза очилиб, Шоҳруҳ кириб келди. Уни кўрган қиз жойида қотди. Кўкраги кўтарилиб, тез-тез нафас оларкан:

— Амаки! — деди. Овози қалтираб чиқди.

— Тинчликми, Шаҳло? — деди унинг ҳаяжонланаётганига ҳайрон бўлган Шоҳруҳ.

— Амаки, тезроқ кетинг. Илтимос, — дея Шаҳло бир-бир қадам босиб Шоҳруҳнинг ёнига келди-да, бирдан бўйнига осилди, — амакижон, — деди йиғламоқдан бери бўлиб, — кирсангиз, дадамлар ўлдириб қўядилар.

— Нималар деяпсан, Шаҳло?! Тушунтириброқ гапир, тинчликми?!

Айни шу дамда Хонзода ўзига келиб олиш учун ташқарига чиққан ва қайниси билан Шаҳлонинг гаплашаётганини эшитиб қолганди. Қувончдан унинг юзи ёришиб, ўзини ичкарига урди.

— Дадаси… Дадаси! — деди шошиб. — Ана, ўзингиз кўринг!

Содиқ ўрнидан сапчиб турди. Акасини туртиб ағдариб юборишига оз қолиб, ташқарига югурди.

— Ифлос! — унинг оғзига келган биринчи сўз шу бўлди.

Бу пайтда Шаҳло амакисини ҳали қўйиб юбормаган, дув-дув кўз ёш тўкиб йиғлар, Шоҳруҳ эса уни юпатиш билан овора эди. Икки севишган гўё айни шу ерда учрашиб қолишган, бир-бирларига соғинчларини изҳор қилиш билан овора эди. Манзарани кўрган бегона одам айни шу ўйга бориши турган гап. Бошқача айтиб бўлмайди. Қиз йигитнинг қучоғида, йигитнинг қўллари қизнинг сочларини силайди…

Содиқнинг томоғига аччиқ бир нарса тиқилди. У нафас олишга қийналаётганди. Укаси билан қизи… Эй, Худо! Нима гуноҳ қилувдики, бунақа шармандаликни раво кўрса?! Агар қизи билан укасини мана шу аҳволда кўрмаганда, Шоҳруҳнинг бир ўзи уйга кирганида у ҳозиргидай қотиб қолмасди. Бирдан укасининг ёқасидан олган, башарасига мушт туширган бўларди. Кейин ётқизиб олиб, хуморидан чиққунча тепкиларди. Ундан сўнг уйидан ҳайдаб соларди. Лекин ҳозирги манзара — куппа-кундузи қизини Шоҳруҳнинг қучоғида кўриши қон босимини ошириб юборди. Аста-секин оёғидан дармон қоча бошлади.

Бўрон Хонзоданинг гапларига кўпам ишонмаганди. “Аёл зоти қўшиб-бичмаса, кўнгли бир жойга тушмайди”, деган ўйда эди. Аммо Шаҳлони Шоҳруҳ қучоқлаб турганини ўз кўзи билан кўргач, бошқа тафсилотга ўрин қолмади. Демак, келини алдамаган. Бечора, куйиб кетганидан кейин, иложсиз қолгач, сирни ошкор қилган. Илгари бир неча бор Шоҳруҳни қайтаришга уриниб кўргандирки, уддасидан чиқолмагач, бошқалардан нажот сўраган.

Аслида ниҳоятда оддий ҳол эди бу. Ака-укалар бир-бирларининг қизларини худди ўз сингилларидай, қизларидай кўрар, шу боис уларнинг пешонасидан ўпиб қўйишни канда қилишмасди. Бўрон эса Содиқнинг фарзандларини доим бағрига босиб эркалар, юз-кўзларидан ўпиб қўярдики, биров бошқа хаёлга бормасди.

Бемазагарчиликни кўриб туришга Соҳибнинг сабри чидамади. У укасининг ёнига борди-да, қулоқ-чаккасига шапалоқ тортиб юборди. Шоҳруҳ бирдан шолғомдай қизарди, кўзи ўт бўлиб ёнди. Бундан баттар ғазабланган Соҳиб уни аёвсиз калтаклашга тушиб кетди.

— Бу ердамас! — бақирди Бўрон. — Уйга олиб кир! Қўшнилар ҳам эшитиб, баттар шарманда бўлмайлик.

Соҳиб укасининг сочидан ғижимлаб ушлади ва уни ичкарига судради. Бу пайтда Содиқ тиззаси билан ўтириб қолган, ранги оқариб, ғазабдан титрар, тили калимага келмай, нуқул ғўлдирарди. Хонзода унинг атрофида гирдикапалак: “Дадаси, дадаси, сизга нима бўлди?! Нима бўлди сизга?!” — дея жаврарди.

Шаҳло ортиқ чидаёлмади.

— Ёлғончилар! Ҳеч қайсиларингни кўришга кўзим йўқ! — деб чинқирди-да, дарвозадан кўчага чиқиб кетди. Аммо унинг бақирганини биров эшитмади, кетганига ҳам ҳеч ким эътибор бермади. Ҳамманинг бутун эътибори Шоҳруҳда эди.

— Қўйворинглар! — бақирди Шоҳруҳ.

— Қўйишни уйда кўрасан! — жавоб берди катта ака.

— Ит! — деди Бўрон Шоҳруҳни Соҳиб судраб ичкарига олиб киргач. — Нима ишлар қилиб юрибсан?!

Шоҳруҳнинг хаёлига кечаси янгаси қўйнига киргани келди. Янга қайниси сотиб қўйишидан қўрқиб, воқеани бошқа томонга ўзгартирган бўлиши ҳам мумкин-ку: яъни Шоҳруҳ Хонзоданинг хонасига кирган тахлитда.

— Мараз! — бақирди Соҳиб Бўронга яхши кўриниш мақсадида овозини баландлатиб. — Тилла тақинчоқларни ўғирлаганинг етмагандай, ўз синглингга кўз олайтириб юрибсанми?!

— Ни-ма?! — деди ҳайратдан товонигача титраб кетган Шоҳруҳ. — Нималар деяпсиз, ака?!

— Нонкўр!

Бу Содиқнинг овози эди. У жойидан қимирлайвермагач, Фароғат ошхонадан сув олиб чиқиб қайнисининг юзига сепганди. Содиқ дарров ўзига келди ва бақир-чақир бўлаётган уй ичкарисига ўзини урди.

— Гўдаклигингдан туз бердим сен молга! — дея ўкирган Содиқ Шоҳруҳнинг устига бостириб кела бошлади. — Башарамга оёқ босдингми?!

— Ака!..

— Сенинг аканг йўқ. Сени ойим туғмаган. Кўчадан келиб қолгансан!

Шоҳруҳ гапиришга улгурмади. Уч ака уч томонидан тепишга тушиб кетди. Ҳар учовига ҳам Шоҳруҳнинг кучи етарди. Истаса, кўз очиб-юмгунча, акаларини қонга белаб ташларди. Бироқ у бундай қилолмасди. Сабаби, бир онанинг қорнидан талашиб тушган инилари…

Кўзлари қонга тўлган уч ака беш дақиқача тинмади. Бу пайтга келиб Шоҳруҳ полга қулаган, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолганди. Икки катта овсиннинг пешонаси тиришган эса-да, улар ич-ичидан хурсанд эдилар. Мафтунанинг бўлса, иккала кўзи ёшга тўла эди. У Шоҳруҳни калтаклаётган ака-укаларга шунақанги нафрат билан қараб турардики, агар эркакча кучи бўлганида, ҳар учовини ерпарчин қилиб ташларди. Шоҳруҳ бутунлай қонига беланиб қолганида, у бақириб юборди:

— Ўлдириб қўясизлар, тегманглар!

Зўравонлар бир зум тўхташди. Соҳиб хотинига ўқрайиб қаради.

— Манжалақи, ўчир овозингни! — деди.

Ўлим ҳақидаги сўз бирдан Бўроннинг миясига урди.

— Бу сволочнинг тиригидан ўлиги қиммат. Бўлди қилинглар, — деди иккала укасига ҳам.

Содиқ ҳали-бери қониқмаганди. Яна калтаклагиси келаётганди. Шу боис, акасининг гапидан кейин ҳам ўзини босиб туролмай, Шоҳруҳнинг биқинига тепди.

— Бас қил, дедим! — бақирди Бўрон.

— Ака, — деди Содиқ кўзи олайиб Бўронга қараркан, — бу ифлосга ҳали кам!

— Етади.

Содиқ башарасини бужмайтириб, оғир-оғир нафас олаётган укасининг бошига энгашди-да:

— Тиллалар қани? — дея сўради.

Шоҳруҳ ғўлдираб тушуниксиз товуш чиқарди.

— Эй, Худо, ишқилиб, бир бало қилиб қўйган бўлманглар-да, — деб Мафтуна югурганча келиб қайнисининг бошини кўтарди, рўмолчаси билан бурнини, оғизлари атрофини артди ва кўрдики, лаби бир неча жойидан ёрилибди.

— Дўхтир чақириш керак! — деди эрига илтижо билан боқиб.

Шундан сўнггина овсинларининг ҳам ичидан зил кетди.

— Шарт эмас, ваннага олиб боринглар-да, яхшилаб бетини ювинглар иссиқ сувда. Агар бирон жойи тилинган бўлса, дори-пори суртинглар, дарров одам бўлиб кетади. Сал нарсага дўхтирга чопаверсанглар, спортсменлиги қаёқда қолади? Ўзи шунча вақтдан бери боксга қатнагани билан гўр ҳам бўлмабди. Мен бу баччағарни ўзимга телех қилиб оламан деб юрувдим, — деди Бўрон.

Ҳолбуки, у ҳам қўрқиб кетган, мабодо Шоҳруҳни дўхтирга олиб борадиган бўлишса, ўйламасдан қилган ишларининг оқибати жуда хунук бўлишини эндигина тушунган, вақтида тўхтатиб қолгани учун кичик келинидан ич-ичидан миннатдор эди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

3 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here