Мафия сардори (6-қисм)

0

Шоҳруҳнинг юз-кўзларини Мафтунахон ювди. Қолган икки овсин бурунларини жийиришди. Айниқса, айни Шоҳруҳнинг қўйнидан бир олам лаззат олишни орзу қилган Хонзода шунақанги жиркандики, чала ўлик ҳолига келган қайнисига башарасини бужмайтириб бир-икки кўз ташлагач, кўнгли беҳузур бўлаётганини баҳона қилиб ташқарига чиқиб кетди.

Содиқ эса меҳмонхонага кирди-ю, ароқни пиёлага ҳам қуймай, шишанинг ўзидан ичди. Сўнг қизини эслаб қолди. Бу пайтда Бўрон билан Соҳиб ишларини баҳона қилиб жуфтакни ростлашганди. Шуниси ҳам Содиққа алам қилди. Яна ҳамма ташвиш унинг бўйнида қолди. Акаси билан укаси Шоҳруҳни унга қўшилиб калтаклашди. Лекин масалани охиригача ҳал қилишмади. “Улар жигар эмас. Яхшилик чиқмайди. Бойликларига бойлик қўшишади, лекин менга ёрдам беришмайди. Ўлиб кетганим билан ишлари йўқ”, деб тўнғиллади ўзича. Шундан кейингина хаёлига Шаҳло келди.

— Хонзода, қизингни топ! — деб бақирди. У умрида биринчи марта хотинига бақириши эди.

Хотиндан садо чиқмади. Хонзода эрининг овозини ташқаридаги эшик ёнида туриб эшитганди. Бироқ ўзини эшитмаганга олди. Унинг-да ҳамма алами ҳали ичида эди. Овсини Фароғатнинг гўрига ғишт қаларди. Чунки, Худо кўрсатмасин, Шоҳруҳ ўлиб-нетиб қоладиган бўлса, тағин улар балогардон бўлишарди: айни ўша Фароғатнинг ўргатимчилиги боис. “Нега шунинг гапига кириб “Шоҳруҳ қизимга ёмон қараш қилди”, дедим-а?.. Шундоғам “ўғри бизнинг уйда турмасин” деб оёқ тираб туриб олганимда, эрим барибир укасини уйдан ҳайдаб юборарди. Энди унинг касалиям дардисар”, дея ўйларди у.

— Хонзода! — бақирди яна Содиқ.

Унинг бақириши Хонзоданинг юрак-юрагидан ўтиб кетди. Агар кечами, аввалги кунми шунақанги томоқ йиртганида, қандай жавоб қилишни у жуда яхши биларди. Аммо ҳозир озгина паст тушиши керак.

— Нима дейсиз? — деди у меҳмонхонага бориб.

— Қизинг қани? — сўради хотинига ўқрайиб қараб қўйган эр.

— Вой ўлмасам! — дея кўзлари ёниб кетди Хонзоданинг. — Бечора қизгинам ҳамманинг эсидан чиқиб кетибди-ку! Хонасидадир?

— Чақир.

Хонзода югуриб тепа қаватга чиқди. Бироқ қизини тополмади.

— Дадаси! — деди қўрқувдан юраги дук-дук уриб. — Йўқ!

— Нега йўқ бўлади, қаёққа йўқолади? Қизингнинг ўзидаям айб борми дейман!

Қўполликларга Хонзода ортиқ бардош беролмади.

— Намунча бақирасиз боядан бери менга?! Бечора қиз амакисининг қилиқларини эшитгач, шармандаликларга чидолмай бирон ёққа кетиб қолгандир-да! Шу ўғрининг касри ҳаммага ураяпти!..

— Ерни тагидан бўлсаям топ!

— Жинни-пинни бўлдингизми? Қаердан топаман?! Озгина совигач, ўзига келар. Келиб қолар ахир! Келмаса, дадамга айтаман, укаларим билан бирга қидиришади!

Хонзода навбатдаги тулкиликни ишлатиб, дадасининг номини эрига эслатиб қўйди. Бироқ кутилган натижа бўлмади. Бойлигу обрўда аллақачон қайнотасини ортда қолдирган Содиқ бошқа сўз демай, пиёласини ароққа тўлдириб ичди-ю, аммо чўчиб тушмади. “Нима қиласиз, хоним, уларни овора қилиб? Айтганингиздай, ўзига келса қайтиб қолар. Келмаса, ўзим излаб чиқаман”, демади. Бу эса Хонзоданинг юрак-юрагига бориб қадалди. У кўзёшини яширолмай, бироз эрига қараб тургач, бошини эгганча алам билан лабини тишлаб чиқиб кетди.

Орадан ярим соатча ўтди. Ташқарида ҳалгинчак ўриндиқда ўтирганча Хонзода эри ва унинг қариндош-уруғининг гўрига қаламаган ғишт қолмади. Аммо, бир дақиқа бўлсин, қизини эсламади.

Содиқ эса укасини яна бориб тепкиламаслик учун ичаверди, ичаверди. Маст бўлди. Сўнг ғўлдираб алланималарни гапирганча столга бошини қўйиб ухлаб қолди.

* * *

Шаҳло таксидан тушди-ю, йўл бўйида кутиб турган дугонасини кўриб йиғлаб юборди. Ва югурганча бориб уни қучоқлаб олди.

— Нима гап, дугонажон?! — деди уни бағрига босган Севинч хавотирга тушиб.

— Севинч, айтишга тилим бормайди. Тилим! Мен адо бўлдим. Тушунаяпсанми, адо бўлдим! — деди кўзидан дув-дув ёш оқаётган Шаҳло.

— Жоним, қийнамасдан тезроқ айт, бўлмаса, мен ҳам йиғлаб юбораман!

— Йўқ, бу ерда айтолмайман. Уйингга… Йў-ўқ, бўлмайди. Биронта кафега кирайлик, ҳаммасини айтиб бераман!

— Бўпти. Кўз ёшингни арт, одамлар қарашаяпти.

Икки дугона озгина пиёда юришди. Шаҳло бироз ўзига келди. Кейин улар такси тўхтатишди. Севинч шаҳар марказига ҳайдашни айтиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Улар то манзилга етгунларича лом-мим дейишмади. Шаҳло ойнадан ташқарига қараб кетар, ора-чора чуқур хўрсиниб қўяр, худди шу маҳал уни қучоқлаб олган Севинч баттар ўзига тортарди.

Икки қиз қаҳвахонанинг алоҳида хонасига кириб ўтиришди. Хизматчи қизга Севинч салқин ичимлик буюраётганида, Шаҳло унинг сўзини бўлди:

— Коньяк олиб келинг. Шоколад ҳам! — деди.

Севинч дугонасига ҳайратланиб қаради. Бироқ хизматчи қиз ҳеч таажжубланмади. Боиси, у бундай ёш, гўзал қизлар коньяк ёки винони хуш кўришларининг бир неча марта гувоҳи бўлган. “Хушторингдан оладиган лаззат кам бўпти-да, коньяк ичиб яна кайф қилишни истаб қолибсан-да”, дея хаёлидан ўтказиб қўярди.

— Шартмиди, Шаҳло? — деди Севинч хизматчи қиз чиқиб кетгач.

— Ичмасам, ўзимга келолмайман.

— Мурод бирон ҳунар кўрсатдими? — дея дугонасининг кўзига тикилди Севинч.

— Э, йўқ. Айтдим-ку, сенга… Агар… агар бирон нима қилганларидаям бу аҳволга тушмасдим. Мурод акамдан хафаям бўлмасдим. Мен уни жонимдан ортиқ севаман… Лекин дардимни унгаям айтолмайман. Фақат сен, сенгагина…

Патнис кўтариб хизматчи қиз келиб қолди-ю, Шаҳлонинг гапи бўлинди. У кириб келган қизга хунук қараб қўйди.

Гарчи Севинч қадаҳга шунчаки лабини теккизиб қўйган эса-да, Шаҳло бир кўтаришда идишидаги коньякни ичиб юборди. Кейин у сўзлади. Бўзлаб-бўзлаб, ойисининг қилмишларини, амакисининг бошидан инсон хаёлига келмайдиган туҳматларни ёғдирганини сўзлади ва гапириш асносида кўзидан тинимсиз ёш оқизиб турди. Оч қоринга коньяк ҳам тез таъсир қилиб, қизнинг бўзлашини баттар кучайтириб юборди.

Севинч орага бир оғиз ҳам сўз қўшолмас, фақат ҳайратдан киприклари пирпираб: “Ё тавба!.. Ё тавба”, дерди.

— Билмадим, — деди гапининг сўнгида Шаҳло, — амаким бечорани нима қилишди? Балки роса калтаклашгандир. Амаким уларнинг ҳаммасидан зўр. Лекин акаларига қўл кўтаролмайди! Жигарларига қандай қўл кўтарсин бечора амаким!

Шаҳло қадаҳини тағин коньякка тўлдириб ичиб юборди. Севинч унинг ичганини ҳатто сезмай ҳам қолди.

— Уйга бормайман, бутунлай! Ёлғончилар орасида бошқа яшамайман! — деди Шаҳло лабини артар экан. Шу пайтда бирдан унинг боши эгилди. Қизнинг кайфи ошиб қолганди.

Севинч Шаҳлонинг гапларидан кейин унга қанча ачинган бўлса, дугонасининг маст бўлганидан шунча қийналарди.

— Шаҳло, жоним, бизникига борамиз. Мен билан бирга турасан, — дея дугонасининг қўлидан ушлади.

— Мурод акамга телефон қил. Мени олиб кетсин. Қаерга бўлсаям майли. Розиман бугуноқ хотин қилиб олишига! — деди Шаҳло бошини кўтариб, тобора юмилиб кетаётган кўзларини зўрға очаркан.

— Жинни бўлиб қолибсан. Нима деяётганингни ўйлаяпсанми?! Тур, бизникига кетамиз. Бир-икки кун мен билан бирга…

— Йўқ. Мурод акамни чақир, агар мени ҳақиқатан ҳам севса, мана шундай кунда билинади. Шу пайтгача бойваччанинг набираси, бойваччанинг қизи эдим. Энди, мана, уйдан кетдим. Чўнтагимда уч юз мингдан бошқа бойлигим йўқ. Севсин, ардоқласин… Агар, агар…

Шаҳло бошқа гапиролмади. Юм-юм йиғлайверди. Киприкларига, кўз остига сурилган бўёқлар мутлақо қолмади. У табиий гўзал эди. Аслида унга бўёқнинг ҳожати йўқ эди. Шундай эса-да, қиз барибир бўёқ ишлатаверарди.

Севинч уни бағрига босди, йиғлади, сўнг Шаҳлонинг илтимосини бажарди. Қўл телефонини сумкасидан олиб қўнғироқ қилди-да, Муродга манзилни айтди.

Орадан ярим соатча вақт ўтди. Бу вақт оралиғида ичи ёниб кетаётган Шаҳло бир неча марта коньякка қўл чўзди. Аммо ҳар сафар унинг қўлини дугонаси қайтарди. Шаҳло бир қултумгина ичишга беришини сўраб ялинавергач эса, хизматчи қизни чақириб, коньякни бериб юборди. Ўрнига шарбат олиб келтирди.

Бўй-басти келишган, сочи сарғиштоб йигит кириб келганида, иккала қиз бир-бирига сўзсиз термилганча ўз хаёллари билан банд эди.

— Мурод ака! — деб ўрнидан туриб кетди Шаҳло йигитни кўриши билан ва унинг бўйнидан қучиб, лабидан ўпиб қўйди.

— Тушунмадим, — деди бирдан қовоғи уйилган йигит севган қизини қучоғидан бўшатиб нари итараркан, — ичибсанми?! Нима қилиқ бу?!

— Ҳозир тушунасиз, Мурод ака, — деди унга салом берган Севинч дугонасининг ўрнига жавоб бераркан, — Шаҳлонинг бошига ташвиш тушиб қолди.

— Қанақа ташвишки, бунинг учун ичиш зарур бўлса?..

— Ўтиринг, — дея унинг қўлидан ушлаб тортди Шаҳло, — айтиб бераман. Аслида, дилингизни хира қилмоқчимасдим. Лекин… Лекин ёлғиз сизгина қутқароласиз мени!

Бу пайтда Шаҳло яна йиғлай бошлаганди. Йигит иккала қизга бир-бир қараркан: “Уйидагилар бошқа бировга турмушга беришмоқчи бўлса керак”, деган хаёлга борди.

Мурод Шаҳлонинг ёнидаги стулга ўтириши билан қиз унинг елкасига бошини қўйди. Сўнг ўпкаси тўлиб кетганидан, бақириб юборишдан ўзини зўрға тийиб, кафти билан оғзини бекитди.

Севинч сездики, дугонаси гапиролмайди. Қандай гапирсин? “Амаким менга ёмон назар билан қарабди, буни нимагадир мен сезмасдан, ойим сезиб қолибди”, десинми? Севган йигитига бу гапни айтиш учун қизнинг юз териси қалинлиги қанча бўлиши керак? Қолаверса, Мурод унинг гапларига қай даражада ишонади? У ҳам ташлаб кетиб қолмайдими?

Севинч энди гап бошлаганида, Шаҳло уни тўхтатди.

— Ўзим… Ўзим ҳаммасини айтаман. Бундан олдин, Мурод ака, сиздан бир нарсани сўрасам майлими? — деди.

— Бемалол. Ҳамма саволингни беравер.

— Мени жудаям яхши кўрасизми? Ҳар қандай шароитда ҳам ёлғизлатмайсизми?

— Сен менинг ягонам, эркатойим, шириним, новвотимсан. Агар сен бўлмасанг, мен яшолмайман. Тушунаяпсанми, яшолмайман!!!

Унинг сўзларидан Шаҳло ҳаяжонланиб кетди ва ёнларида Севинч бўлишига қарамасдан, йигитини узоқ берилиб ўпди. Севинч уялди, қизарди, бошини эгди. Охири чидаёлмади.

— Сизлар гаплашиб туринглар, менинг озгина ишим бор эди, — деб ўрнидан турди.

Орадан бироз ўтиб, Шаҳло уйида бўлган воқеаларни бирма-бир гапириб берди. Лекин амакисининг шаҳват назари билан қараганини айтмади. Чунки қолгани ҳам Муродга етиб-ортганди.

— Уйимдагилар, — деди талай муддат бир нуқтага термилиб турган Мурод Шаҳло сўзлаб бўлганидан кейин, — кеча дам олгани кетишди. Ўн кунсиз келишмайди. Ёлғиз ўзимман уч хонали уйда. Ҳозир сени олиб кетаман. Мен билан яшайсан.

Шаҳло унга ҳеч бир жавоб қилмади. Бошини хам қилиб ўтираверди. Боягина: “Муродникига кетаман”, деганди Севинчга. Энди Мурод айни у хоҳлаган гапни айтгач, негадир юраги орқасига тортиб кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here