Мафия сардори (7-қисм)

0

* * *

Шоҳруҳ кўзини очганида ярим кеча бўлганди. Аъзойи бадани қақшаб оғрир, юзи ловуллар, қимирлашга мадори йўқ эди. У бир муддат нега бунақа аҳволдалигини билолмай ётди. Аввалига хаёли Бахтиёр билан бокс тушганига кетди. “Наҳотки Бахтиёр мени шу аҳволга солган бўлса?!” — деб ўйлади ҳам. Аммо тезда уйга кириб келгани, жияни Шаҳлони учратгани, сўнг акаларининг, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, унга ташланиб қолганлари, ҳақоратлари ёдига тушиб, юрагигача оғриқ етиб борди. Ичикди. Ойисини эслади. Шоҳруҳ отасини хаёлида тиклолмайди. Бир ярим-икки ёшида авариядан ўлиб кетган. Ойисини эса жуда яхши билади. У кенжа ўғлини ҳаммадан кўпроқ эркалатарди. Еру кўкка ишонмасди. Доим ўзи билан бирга олиб юрарди. “Супрақоқдим, дадасининг худди ўзи. Ёнимда бўлса, бехавотир бўламан”, дерди у. Ана шу меҳри боис мактабга борадиган ёшга етганида ҳам ўзи билан бирга олиб ётар, Шоҳруҳнинг уйқуси қочганида, бир-биридан қизиқ эртаклар айтиб берарди. Лекин кўз тегди. Шоҳруҳ иккинчи синфга ўтганида, ойиси бедаво дардга чалиниб қолди. Айни нариги дунёга сафарга отланаётган куни эркатой ўғлини ёнига чақирди.

— Болам, — деди озғин қўллари билан ўғлининг юзини силаркан, — сенинг учта аканг, иккита опанг бор. Ҳеч нарсадан зориқтирмайди. Бирови отангнинг ўрнига ота бўлса, бошқаси ойинг бўлади. Агар менга бир бало бўладиган бўлса, сира ўкинма. Кейин манави уй ҳам сеники. Катта бўлганингда келинни шу уйга туширасан. Тўй қиласан…

Она шўрлик ўзи ўша тўйни, келинини кўролмай кетаётгани алам қилиб йиғлаб юборди. Унга қўшилиб Шоҳруҳ ҳам йиғлади. “Ойи, ўлманг, ойижон, ўлманг”, дея ялинди.

— Ўлмайман, болам, мен… мен келинни ўзим сенга топиб бераман, келингинамнинг қўлидан чой ичаман, болагинам, йиғлама, — деди ойиси. Аммо ўзининг кўзидан шунчалик кўп ёш оқардики, ёстиғини ҳўл қилиб юборди. Шундан сўнг Шоҳруҳга акалари ва опаларини чақириб келишни буюрди.

— Соҳибни сенга топширдим, — деди сўнгги нафасини олаётган она Бўронга, — Шоҳруҳжонимни бўлса, Содиқ боқади. Уйлантиради. Кейин ўзи бошқа уй олиб чиқиб кетади. Агар мени гўрида тик турмасин десанглар, айтганимни қиласизлар…

Она бошқа гапиролмади. Мангу уйқуга кетди.

Орадан кўп ўтмай, қайнотаси ёрдамида ишлари юришиб кетган Содиқ уйни бузиб, бошқатдан икки қаватли қилиб қурди. Ичларини ҳашамдор қилиб безатди. Ҳовлисига кўм-кўк майса экди. Кейинроқ фаввора ҳам пайдо бўлди. Шунинг ўзиёқ Содиқнинг абадул абад бу уйдан кетмаслигини кўрсатиб турарди. Ва албатта, буни унинг хотини Хонзода кўпроқ истарди. Демак, бунинг учун меросхўрни йўқ қилиш керак. Айни истак важи, қолаверса, Хонзоданинг сўнгги пайтларда қайнисига ишқи тушиб қолгани Шоҳруҳни мана шу кўйга солганди.

Шоҳруҳ кўзидаги ёшни артди ва оғриқдан жони қийналиб секин ўрнидан турди-да, бир-бир қадам босиб чироқни ёқди. Шунда билдики, уни пастки қаватдаги хоналардан бирига ётқизишибди. У амаллаб ювиниш хонасига ўтди. Бошини, юзини ювди. Барибир оғриқ тўхтамади. Шундан сўнг эмаклаб юриб иккинчи қаватга кўтарилди-да хонасига кирди. Кийимларини сумкага жойлади. Сўнг қора кунга деб атаб яшириб қўйган пулларини олди ва юқорига қандай чиққан бўлса, шу тахлит пастки қаватга тушди.

Машиналар қатнови камайган кўчага етганидан кейингина нафас олиши бироз яхшиланди. Тўхтаб чуқур нафас олди, энди қаёққа боришини ўйлади. Шунда хаёлига уч бекат нарида яшайдиган опаси келди.

Опаси унга жудаям меҳрибон, аммо Шоҳруҳ поччаси билан кўпам келишмайди. Поччаси уйида биров бир пиёла ортиқча чой ичиб юборса жиғибийрон бўладиганлар хилидан. Бундан уч йил муқаддам Шоҳруҳ уларникида икки кун турган. Шунда ҳам поччаси хизмат сафарига кетиб, опаси илтимос қилганидан кейин ноилож борувди. Сафардан қайтган почча аввал ошхонага ўтди. Музлаткични очиб, бир муддат тикилиб тургач, картошка-пиёзни текширувдан ўтказди ва чамасидан анча камайиб қолганини сезди-ю, опасига бақира кетди: “Сан эканомикани билмайсан, йўғимда хоҳлаганча нарсаларни ишлатаверасан, белинг оғриб пул топмайсан-да. Биласанми, бир кило картошкани сотиб олиш учун мен қанча пешонамни терлатишим керак…” ва ҳоказо. Шоҳруҳнинг ичидан зил кетганди ўшанда. Алами келиб, поччасини урмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин ўзини босди. Мунғайиб, бошини эгиб, улкан айб иш қилган одамдай қизарганча кўзидан ёш оқизиб турган опасига:

— Мен борай, бирон нима керак бўлса айтарсиз, — деди. Аслида: “Агар яна ортиқча гап қилса, айтинг”, демоқчийди.

Шоҳруҳ доим бир нарсага ҳайрон бўларди. Опаси Раъно эри нимаики пасткашлик, зўравонлик қилмасин, на акаларига ва на укаларига шикоят қилар, ҳар доим эрини ҳақ билиб, ўзини айбдор ҳисобларди. Худди агар шу одам бўлмаса, у эрсиз қолиб кетадигандай эди. Бошқа бировга турмушга чиқолмай, қариқизлигича ҳаётдан боши очиқ ўтиб кетадигандай гўё.

Ана шу тарафлари билан у онасига жуда-жуда ўхшаб кетарди.

Шунинг учун ҳам Шоҳруҳ ҳаммадан кўп Раъно опасини яхши кўрар, яхши кўргани боис, поччасининг қилиқларидан хабардор эса-да: “Опам хафа бўлиб қолади”, деган ўйда тишини-тишига босиб юрарди.

Тўрт қаватли бино ёнига борганидан кейин: “Бемаҳалда кириб борсам, уларни безовта қилиб қўймайманми?” — деган хаёлда кириш йўлаги ёнида Шоҳруҳ бироз туриб қолди. Иситмаси янаям кучайди, баданини титроқ босди. Ҳолсизланди. “Ҳали ўлишимга эрта, бунчалик тез ўладиган бўлсам, ойим хафа бўлади. Нима бўлса бўлди, бегоналарникига келаётганим йўқ-ку! Ҳеч қурса, эрталабгача уйларида туришимга рухсат берар”, дея ўйлади Шоҳруҳ ва зинанинг суянчиғидан ушлаб, бир-бир қадам босиб, танасининг оғриқларидан юзи буришиб учинчи қаватга кўтарилди. Ўзига таниш қизғиш темир эшик ёнига етганида, ниҳоятда чарчаганидан, ўпкаси томоғидан чиқиб кетгудек нафас оларди у.

Қўнғироқни кетма кет икки марта босди. Опасию жиянлари қаттиқ уйқуда, шекилли, ҳеч ким жавоб бермади. Шоҳруҳ тугмачани бу сафар кўпроқ босиб турди. Шундан сўнг ичкаридан тушуниксиз товуш эшитилди. Борган сари дармони кетаётган Шоҳруҳ: “Менга шундай туйилди, шекилли”, деган хаёлга бориб, тағин тугмачани босишга мажбур бўлди. Бу сафар кимдир (поччасилиги аниқ) сўкинди, ортидан биров ғўлдираган товуш чиқарди. Лекин бунга Шоҳруҳ эътибор бермади. Деворга суянганча эшик очилишини кутди.

— Ким?! — деди эшикнинг нариги томонидан поччаси.

Шоҳруҳ бирданига жавоб беролмади. Унинг назарида, ҳеч ким гапирмагандай эди.

— Ким дедим?! — бақирди яна почча аламли овозда.

— Ме… Мен, — деди зўрға Шоҳруҳ, — почча, мен келдим.

— Ярим кечаси пишириб қўйибдими? Санқиб юраверасанларми туни билан?! — дея ўкирган почча, ёнида биров бор бўлса керакки: — Оёқ остида юмалаб ётаверасанми, йўқол, манжалақи! — деди.

Сўнгги сўз Шоҳруҳни сергаклантирди, бир зум у танасидаги оғриқни унутди.

— Почча, Шоҳруҳман, иш билан келдим! Эшикни очинг! — деди йигит бу сафар нисбатан дадил овозда.

Эшик қулфи шарақлади, сўнг очилди ва поччанинг қовоқлари уйилган башараси кўринди.

— Нима гап? — деди у бирдан салом-аликсиз. — Ярим оқшомда нима қилиб бировларнинг эшигини қоқиб… Шошма, оғайни, абжағинг чиқиб қопти-ку. Камроқ ичиш керак эди! Яна шу аҳволингда менинг уйимда бало борми?!

Ёпилаётган эшикни Шоҳруҳ зўрға ушлаб қолди.

— Почча, опамда гапим бор, дарров кетаман, — деб шу сафар ҳурматни йиғиштирган йигит ўзини ичкарига урди. Бироқ остонадаёқ қотиб қолди.

Кираверишда Раъно оғзи-бурни қонга беланиб деворга орқаси билан қапишиб турарди.

Раъно укасини кўриши билан жилмайишга уринди-ю, аммо кўзидан ёш чиқиб кетди. Сўнг лаблари титради.

— Ҳалиги… укажон, яхши келдингми? Мен йиқилиб… Вой, Шоҳруҳжон, юзингга нима қилди?!

Опа укаси томон интилаётиб қалқиб кетди. Агар Шоҳруҳ ушлаб қолмаганида, полга гурсиллаб ағанарди.

— Қариндош-уруғингнинг дастидан кечасиям тинчлик йўқ. Ўз уйингда кечасиям тинчгина ухлаёлмайсан. Ичиб олиб, кимлар билан уришган бу?! Балки битта-яримтани уриб ўлдириб ҳам қўйгандир. Ҳализамон орқасидан милисаям келиб қолса керак. Қилғилиқни бу зўравон қилади-да, балога биз қоламиз! — дея валдирай бошлади поччаси Ғайбулло.

Шоҳруҳ опасини кўргандаёқ ўзининг оғриғини унутган, ғазаби жунбушга келганди. Бир калом қўпол сўз сабр косасини тўлдириб юборарди. Бунақанги сўздан бир нечтаси кетма-кет айтилди. Шоҳруҳ секин опасини полга ўтқазди ҳамда навбатдаги ҳақоратга оғиз жуфтлаган Ғайбуллога ўқрайиб қаради.

— Қилғилиқни қиласанлар, кейин менга…

Поччаси бошқа гап айтолмади. Кўзининг тагидан келиб тушган муштнинг зарбидан “Имм!” деб юборди ва башарасини кафти билан бекитганча секин чўккаларкан:

— Илтимос! Илтимос, урма! Касалман, касаллигимни биласан! Ўлиб қоламан! — дея ёлворишга тушди.

— Опам арпангни хом ўрганмиди, итдан тарқаган?!

— Шоҳруҳжон, — деди Раъно, унинг овози жуда шикаста чиқди, — мен ўзим айбдорман, укагинам. Билмасдан поччанг олиб келган гўштдан кўпроқ ишлатиб юборибман!

Шоҳруҳнинг фиғони фалакка ўрлади.

— Ҳали шунинг учун урдингми?! Бир бўлак гўшт учун бир аёлни қонига белаш керакми?! Опамнинг қадри шунчалик тушиб кетдими?!

Шоҳруҳ қолган-қутган кучини тўплаб Ғайбуллони яна урмоқчи эди, бирин-кетин югуришиб жиянлари келишди. Келибоқ, қаққайганча ота-онаси ва тоғасига термилишди. Ҳеч биридан садо чиқмайди. Ҳаммасининг кўзлари тўла қўрқув. Каттаси ўн олтидан ошган, кичиги саккиз ёшда. Бешта. Бешаласи ҳам қиз. Бирортасида ҳам юрак йўқ. Барака топгур, ота гўдакликларидаёқ суғуриб олган юрагини. Уларга қараб Шоҳруҳ баттар эзилди. Ҳозир отасини урадиган бўлса, жиянлари қай аҳволга тушишини тасаввур қилди.

— Нодира, — деди катта жиянига, — ойингнинг юз-қўлларини ювинглар. Йод, кейин иситма туширадиган (Шоҳруҳ дорини ўзи учун айтди, эҳтимол, опасида ҳам иситма бордир) дориларингдан олиб келинглар.

Катта жиянининг орқасидан энг кичиги ҳам югуриб кетди. Бирпасда косада сув, дока олиб келишди.

Ғайбулло ўзининг бир мушт еганини милиса орқали ўн баробар қилиб чиқариб олиши мумкин, аммо ишлатилган доканинг ҳақини кимдан ундиради? Қолаверса, йод, иситма туширадиган дори ишлатилаяпти, буларнинг пулини ким тўлайди? Мана шу нарса уни кўпроқ қийнар, сарф-харажатни кўриб қийналганидан, кўзини юмиб, ўзини дарров ухлаб қолганга солиб ўтириш минг карра яхшироқ эди.

Опа-сингиллар бирпасда ойижонларининг юзини ювишди, ёрилган жойларига йод суришди. Шунда ҳам Раънонинг кўзи эрида эди. Бир неча марта паст товушда қизларига илтимос қилди. “Дадангни суяб жойига ўтказинглар, шўрлик ўтирган жойида ухлаб қолди”, деди. Аммо отага нафрат кўзлари билан боққан қизлар шу сафар буйруқни бажармадилар. Унга раҳмлари келмади. Зеро, улар арзимаган гўшт сабаб ойилари қанчалик калтак еганини ўз кўзлари билан кўришганди. Энди қандай қилиб золим отасига суянч бўла олишади? Лекин она барибир чидаб туролмади. Катта қизини уришиб берди. Кўзидан дув-дув ёш оқаётган Нодира отасининг тепасига бориб бир муддат турди, сўнг:

— Дада! — деди нафрат оҳангида. — Туринг, жойингизга ўтинг!

— А-а! — уйқусидан чўчиб уйғонгандай Ғайбулло атрофига олазарак боқиб, гўё хотинини энди кўриб тургандай кўзи олайди. — Раъно! — деди ҳаяжонли товушда.

Дори ичганидан кейин иситмаси тушиб, анча ўзига келган Шоҳруҳ унинг қилиғидан ғижинди.

— Сени ким бу аҳволга солди, деб сўранг, “ҳурматли” почча, — деди ўзини зўрға босиб.

Ғайбулло унга қарамади ҳам. Индамай турди-да, ётоғига кириб кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here