Мафия сардори (8-қисм)

0

Опа-ука ошхонада гаплашишди.

— Ярим тунда нега бунақа аҳволда юрибсан, кимлар билан уришдинг?! Сен бемаҳал кўчада юрмайдиган, босиқ боласан-ку! — деди ўзининг дарди қолиб, укасига ачинган Раъно.

— Мени қўяверинг, опа. Кўчада бир-иккита безори ўзларича катта кетишди. Муштлашишга мажбур бўлдим. Йигитчиликда бўлиб туради… Лекин, опа, мен сизни бу ерда ортиқ қолдиролмайман. Нега доим анави маразнинг қилиқларини биздан яширасиз?

Опа титради. Эри кириб кетган хонага ўғринча қаради. Сўнг:

— Поччангни ҳақорат қилма, сендан ёши улуғ. Оилада нима гаплар бўлмайди, дейсан, ҳаммасини кўтариб акаларимнинг ёнига чопаверсам, ажрашишимга тўғри келади… Пешонамга ёзилганидан қочиб қаёққа борардим… Жиянларингнинг ҳаммаси қиз, бир кун уларни узатишим керак. Отаси бўлмаса, қайси одам уйимга совчи қўяди? Шу томонларини ҳеч ўйлайсанми, укажон?

— Опа, сиз қачон ўзингизни ўйлайсиз? Кўз тегмасин, жиянларимнинг ҳаммаси бир-биридан ақлли. Худо хоҳласа, бари бахтли бўлади. Қолаверса, мен поччам билан ажрашинг, демаяпман. Уни бир йўлга солиш керак. Бунақа хўрлайверса…

— Қўй, унақа дема.

Шоҳруҳнинг боши эгилди. Қайғу бутун вужудини титратиб юборди. Ортидан чорасизлик бостириб келди. Уйсиз-жойсиз, нажот истаб келди-ку шу ерга, энди опасини олиб қаёққа боради?

— Кетасиз, тамом-вассалом, ҳезалак билан…

— Шоҳруҳ! — бақириб юборди Раъно.

Йигит секин бошини кўтарди. Унинг кўзи олов бўлиб ёнарди. Опаси сесканди. Бир муддат укага тикилиб, гапини давом эттиролмай қотиб қолди. Шоҳруҳнинг кўксида қаҳр алангаси гуркираганди. Сиполик, камсуқумлик, меҳр ортга чекинганди.

— Жиянларим! ҳезалаксиз ҳам бахтли бўлишади, — деди Шоҳруҳ қатъий. — У билан яшамайсиз, тамом. Агар яшайдиган бўлсангиз, ўлдираман уни!

Ғайбулло ётоқхонага кирган бўлса-да, қулоғи динг эди. Хотини гапираётганида ич-ичидан хурсанд бўлган: “Мендай эрини ҳимоя қилади-да, қилмай кўрсин-чи, жавобини бериб юбораман”, дея хаёлидан ўтказганди. Аммо қайнисининг ҳақоратга лиммо-лим кескин гапини эшитгач, эти музлади. Бирдан бориб шкаф ойнасига қаради-да, қовоғини силаб-силаб кўрди. Кўзининг таги бироз қизаргандай эди, лекин кўкарадими-йўқми, худо билади. Агар кўкармаса, у Шоҳруҳдан бир тийин ҳам ололмайди. Ҳақорат… Ҳақоратга ўрганиб қолган. Ишхонасида ҳам уни зиқна, ҳезалак дейишади. Аввал бу лақаблар унга оғир ботган эса-да, секин-секин ўрганиб қолди. Ўрганмасдан иложи қанча, бировга сўзи ўтмагани камлик қилганидай, Худо уни эркакча овозу куч-қувватдан ҳам қисиб қўйганди. Мана шулар боис, ўта юраксиз эди. Кучи ёлғиз хотинига етарди. Раъно бўлса, элдан уяларди. Одамлар орасида: “Шу ҳам эридан ажрашган”, деган гап тарқалишини истамасди. Кейин турмушга чиқиши билан ҳомиладор бўлиб қолди. Фарзанд унинг учун ҳамма нарсадан азиз эди. Шунингдек, унинг боласи-да кам бўлмаслиги лозим. Албатта, ота томондан ҳам. Бунинг учун эрининг барча пасткашликларига чидамоқ керак. Мана, чидаяпти…

— Ўҳ, яшшамагур, — деди юраги орқага тортиб кетган Ғайбулло Шоҳруҳнинг сўнгги гапини эшитгач. Сўнг қулоғини эшикка тутиб, хотинидан нажот кутди.

— Ўзингни бос, — дея йиғламсиради Раъно, — поччанг яхши бўлиб кетади. Охирги пайтларда анча ўзгарганди…

— Ўзгарганди?! Кўриб турибман қанақа ўзгарганини!.. Агар мен келмаганимда, эшикнинг тагида ётаверармидингиз?! Йўқ, опа, мен буни шу аҳволда қўймайман, ҳозир ҳезалак…

— Бас!!! — бақириб юборди Раъно. — Билагимда кучим бор деб ҳар нарсани гапираверасанми?! Сен ҳезалак деяётган одам менинг эрим, бир умрлик ёстиқдошим! Жиянларингнинг отаси!.. — деб Раъно йиғлаб юборди ва кафти билан юзини бекитди. Ёрилган лаби таранглашиб, жароҳатидан тағин қон сизиб чиқди.

— Опа, — деди унга юраги ачишган Шоҳруҳ, — қўйинг, куйинманг, майли, мен ҳеч нарса демадим. Қайтариб олдим.

Раънонинг дарров юзи ёришди. У шоша-пиша кўз ёшини артди-да, жилмайишга уринди. Ўшанда Шоҳруҳ опасининг лабидаги қонни кўрди ва ичида бир нима чирт этиб узилгандай бўлди.

— Ҳозир, — деди у бутун дардини ичига ютиб, — поччамдан кечирим сўрайман.

— Ана, ўзингга келдинг, Шоҳруҳжон. Юр, мен ўзим…

— Йўқ, опа, сиз битта чой дамлаб беринг, роса чанқадим, — деб ука секин ўрнидан турди.

Ётоқхона эшиги ортида ҳамма гапни эшитиб турган Ғайбулло бирдан қаддини ростлади. Қовоғини уйди. “Мени ким деб ўйлагандинг, зумраша? Битта муштни икки оғиз кечирим сўрашинг билан унутиб юборавераманми? Чучварани хом санабсан. Тонг отсин, сен билан бошқача гаплашаман. Икки миллион олиб келасан, ундан кейин кечиришни ўйлаб кўрамиз”, дея хаёлидан ўтказди ва оёқ учида тез-тез юриб икки кишилик каравотнинг бир четига ўтирди-да, пешонасига қўлини тиради. Худди еган калтагидан қаттиқ изтиробга тушган, қайниси қўл кўтарганидан ўзига келолмаётгандек эди.

Шоҳруҳ секин эшикни очди ва опаси эшитиши учун:

— Почча, ухлаб қолмадингизми? — деди.

Қайғуга ботган Ғайбулло секин бошини кўтарди ҳамда пешонасини тириштириб унга қаради.

— Ухлаёлмайдиган қилиб қўйдинг-ку! Уйимга келиб, болаларимнинг кўз ўнгида кучингни кўрсатдинг-а, номард. Мен-ку, майли, ўзингнинг опангни ҳурмат қилмадинг-а! — деди.

— Почча, кечиринг! — деди Шоҳруҳ. Унинг бу гапини ҳам опаси эшитди. Шундан кейин йигит эшикни ёпди ва бир-бир босиб Ғайбуллонинг ёнига келди ва аразлаган ёш боладай тескари ўгирилиб олган поччасининг сочидан ғижимлаб ушларкан:

— Овозинг чиқса, ўлдираман! — деди.

Ғайбулло бир мартагина бақирса, хотини югуриб келар, укасига ёпишар, уйидан ҳайдаб соларди. Аммо қуён юрак эр бақиролмади. Қўрққанидан кўзи олайди ҳамда қулт этиб ютинди.

— Гапимни яхшилаб эшитиб ол, ҳезалак! Агар опамни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, мен сени ўлдираман! Эшитиб қўй, қўл кўтариш у ёқда турсин, оғзингдан биттагина сассиқ сўз чиқсаям. Уқдинг-а! — дея Шоҳруҳ Ғайбуллонинг сочидан қаттиқроқ тортди.

— Ҳа-а, тушундим, вой, тушундим! — деб оғриқ зўридан ўрнидан туриб кетди Ғайбулло.

Шоҳруҳнинг баттар ғазаби қўзиди. Бўғиб ташлагиси келди-ю, аммо ўзини босди. Худди шу пайт эшик очилиб, опаси кўринди. Яхшики, йигит тезда поччасининг сочини қўйиб юборди, йўқса, опасининг хурсандчилиги бир зумда ҳавога учарди.

— Чойга чиқинглар. Ошхонада бошқа гапларни бафуржа гаплашиб оласизлар, — деди Раъно бир эрига, бир укасига қараркан.

— Йўқ, сиз ҳам дамингизни олинг. Ҳадемай тонг отиб қолади. Чойниям кейинроқ ичарман, — деб Шоҳруҳ ётоқдан чиқиб кетди.

“Ишқилиб, — ўйлади у ошхонага бориб столга ўтираркан, — аҳмоқ ҳезалаклигига бориб, опамга ҳамма нарсани айтиб қўймасмикин?” Кўнглида пайдо бўлган шубҳадан диққати ошиб, ётоқхона томонга қулоқ солди. У тарафдан ҳеч қанақанги гап-сўз эшитилмади. Шундан сўнг стул суянчиғига суянди-да, бошини деворга тиради. Кўзини юмди ва беш дақиқа ўтар-ўтмас ухлаб қолди.

Тундаги асаббузарлик барибир кучини кўрсатганди, худди Шоҳруҳ каби Раъно билан унинг қизлари ҳам, гарчи қуёш бир терак бўйидан баландлаган эса-да, ухлашарди. Биргина Ғайбулло бу вақтда уйда эмасди. У аллақачон милисахонага югуриб қолганди.

Шоҳруҳни опаси уйғотди. Бўйинлари оғриб қолган йигит кўзини очаркан, юзини буриштириб оғриқли жойини уқалади.

— Укажон! — деди Раъно шошиб. — Поччанг йўқ. Кўнглим нотинч. У ҳеч вақт айтмасдан бирон ёққа кетмаган. Юзингни ювгин-да, дарров кетиш тадоригини кўр. Яна поччанг битта-яримтани етаклаб келиб, бирор ғавғони бошламасин.

Шоҳруҳ ҳеч нарса демади. Айтадиган гапнинг ўзи ҳам йўқ эди. Чунки бунақанги пасткаш поччадан ҳар балони кутиш мумкин.

Йўл бўйига чиққан йигит ажабланиб қараб ўтаётганлардан роса уялди. Тезроқ бирон ёққа кетишни мўлжаллади-ю, борадиган жойни тополмай қийналди. Охири хаёлига Мансур исмли ўртоғи келди. У билан мактабда бирга ўқиган. Дўстлиги бор эди. Лекин охирги пайтларда иккиси ҳам ўз иши билан овора бўлиб, жуда кам кўришишарди. Ҳозир Мансур машина устахонасини очган. Ёлғиз ўзи ишлайди. Устахона ҳам унчалик узоқда эмас, таксида бирор ўн беш дақиқада етиш мумкин.

Эрталабдан юзи-ю қўллари қора мойга ботган Мансур ўртоғининг овозини эшитиб, ўра устидаги “Жигули” остидан:

— Шу ердаман, — деди ва кучаниб больтни охиригача қотирди-да, секин энкайиб ўра ичидан чиқди ва Шоҳруҳга қараб қотиб қолди.

— Ҳа, — деди жилмайишга уринган Шоҳруҳ, — нега қотиб қолдинг?

— Оғайни, — дея киприкларини пирпиратди Мансур, — нима бало, боксда бошинг билан муштлашдингми?

Шоҳруҳ юзини силади.

— Боксчи бўлиш осон деб ўйлайсанми? Мана шунақасиям бўлиб туради.

— Топган касбингдан ўргилай… Бўпти, манави мошинани, — деди Мансур “Жигули”ни кўрсатиб, — кечаси олиб келишди. Тушгача ҳамма жойини тўғрилаб беринг, дейишиб анча пул ташлаб кетишди. Бунақанги заказ ҳамма вақт ҳам бўлавермайди. Лекин кўп пул беришди-ю, “касал”и унчамас, озгина қолди. Тўғрилаб қўяй. Сен кутиб тур, кейин гаплашамиз.

Мансур ўрага кирди. Шоҳруҳ эса машинанинг олд тарафига қўлини қўйиб чўк тушиб ўтирмоқчи бўлганида, давлат рақами орқасидаги қизил рангни кўриб қолди ва беихтиёр бармоғи билан ишқалаб кўрди. Ранг озгина ёйилди. “Аввал қизилга бўялган экан-да”, дея ўйлаган Шоҳруҳ бармоғини бир-бирига ишқалади-да, қотиб қолди.

— Мансур! — бақириб юборди у бирдан.

— Нима дейсан? — деган овоз келди ўра ичидан.

— Мошина кимники?

— Танимайман. Нимайди?

— Бу ёққа чиқ, манавига қара, номерининг орқаси қонга ўхшайди.

— Йўғ-э, — дея Мансур шошганча ўра ичидан тепага чиқди. Шоҳруҳ унга бармоғини кўрсатди. Шундан кейин устанинг бирдан ранги оқарди ҳамда шоша-пиша давлат рақамини ечиб олиб, орқа томонини кўрди: ҳақиқатан ҳам қон.

— Вой, ярамаслар! Одам урворишибди-ку! Айтдим, нега бунча кўп пул бериб кетишди деб? Нима қилдим энди?! — дея ўртоғига юзланди Мансур.

Шу пайт устахонанинг ёнгинасига патрул машинаси келиб тўхтади. Йигитлар бир-бирига қарашди. Мансурнинг ранги баттар оқарди.

— Мендан подазрения қилишлари мумкин. Башарам бузилган, — деди Шоҳруҳ шошиб.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here