Мафия сардори (10-қисм)

0

* * *

Хонзода қилган ишидан ўзида йўқ хурсанд эди. Айни пайтда кўнглидаги хижиллик ҳам уни қийнаётганди. Ярим тунгача қизини кутди. Бироқ ундан дарак бўлмади. Қўл телефонига бир неча марта қўнғироқ қилди. Аммо телефон ўчирилган. Дардини эрига айтишдан қўрқади: “Қизингнинг бир балоси борки, уйдан кетиб қолган”, дейиши мумкин. Ўзи қизи билан қайнисини дарвозахонада кўрганини эрига айтиб, балога қолиб кетишига оз қолди. Яхшики, Содиқнинг кайфи бор эди. Ҳамма нарсани аниқ-тиниқ англаёлмади. “Шу овсиним Фароғатдан ҳеч яхшилик кўрмаганман, келиб-келиб шунинг гапига ишониб ўтирибман-а! Шоҳруҳни ўғрига чиқарганимнинг ўзи етиб ортарди-ку! Ишқилиб, охири бахайр бўлсин”, дея ўйлади у. Кейин Шаҳлонинг дугонаси Севинчнинг телефон рақамини қидирди, афсуски, ҳеч қаерга ёзиб қўймаган экан. Шундан сўнг эшикка термилиб ўтирди. Дарвоза ёнига бир неча марта бориб келди. Тун ярмидан ошганида кўзини уйқу босди ва: “Мабодо Шаҳло келса, кўчада қолиб кетмасин”, деган ўйда дарвозанинг кичик табақасини очиқ қолдирди-да жойига кириб ётди.

Алғов-далғов туш кўриб, эрталаб ҳаммадан олдин уйғониб кетди. Халатини елкасига илар-илмас, қизининг хонасига борди. Шаҳлонинг каравоти бўм-бўш эди. Бир муддат қотиб турди. Боши ғувиллади. Кечаги хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Эрталабдан асабийлашишига сабабчи бўлган Шоҳруҳни баттар ёмон кўриб кетди (энди у ҳақиқатан ҳам ёмон кўра бошлаганди). Бориб роса қарғаб хуморидан чиқмоқчи бўлди-да, зиналардан илдам юриб пастки қаватга тушди. Шоҳруҳнинг жойида йўқлигини кўргач, бирдан капалаги учди. Эрига хабар беришдан аввал ювиниш хонасини, бошқа жойларни кўриб чиқди. Бироқ Шоҳруҳ изсиз йўқолган эди. Ана шундан кейин ҳалигача пишиллаб ухлаётган эрининг ёнига югурди. Туртиб уйғотди.

— Укангиз йўқ! — деди алланечук ҳаяжон билан.

Содиқ дабдурустдан унинг нима деяётганини англамади. Кўзини уқалаб бироз ётди-да, оғзини кенг очиб энсади, кейин:

— Нима? — деди хотини бевақт уйғотганидан (соат саккиздан ошганди) норози бўлиб.

— Укангиз йўқ, деяпман. Қаергадир гумдон бўлибди. Бориб у ёқ-бу ёқни қаранг, яна кўчага чиқиб, бирон ерда ағанаб, бизни шарманда қилмасин…

Содиқнинг хаёлига бирдан кечаги воқеалар тушди. Кимсан, фалончи бойнинг укаси шу аҳволда кўчага чиқса, яна бирон жойда думалаб қолса… Яхши гап бўлмайди. Айниқса, қўшниларга гап топилади. Бирига минг қўшиб бутун маҳаллага достон қилишади. Шаҳарда бунақанги миш-мишларнинг умри кўпам узоққа чўзилмайди-ю, лекин эшитган қулоққа яхши эмас. Содиқ ана шу лаҳзаларда қизини унутиб, шатир-шутур кийимларини кийиб кўчага чиқди. Киши билмас атрофга назар ташлаб кетаверди. Бироқ Шоҳруҳ ҳеч қаерда кўринмасди. Охири унинг ҳафсаласи пир бўлиб уйига қайтди. Кутиб олган хотинига: “Жони тошдан экан, қорасини ўчирибди”, деди ва сўнг қизини сўради.

— Вой, дадаси, Шаҳло қаттиқ хафа бўлибди. Амакисининг шунақанги хурмача қилиқлариям борлигини билмаган-да қизим бечора, уялганидан дугонасиникига кетиб қолган, шекилли, кечадан бери йўқ.

Содиқнинг кўз олдига укаси билан қизининг бир-бирини қучиб тургани келди. Қошлари чимирилиб, юзи бўғриқди.

— Маразлар! — деб бақириб юборди кутилмаганда. — Иккови тил топишиб олган. Ҳойнаҳой, ҳозир улар бирга!

Бу гапдан Хонзода даҳшатга тушиб, кўзи олайиб кетди. Ўзи тўқиган ёлғони чинга айланиб кетганидан, юраги қафасидан чиққудек урар, хўрлиги келиб, аламини кимдан олишни билмай жиғибийрон бўларди.

— Ёшгина қизнинг бошини айлантирган эшак! Келиб-келиб ўз синглингни!..

Қолган гапларни Содиқ айтолмади. Тили бормади. Қони кўпчиганидан бўйин томирлари бўртиб чиқди.

— Қизингиз эсли-ҳушли…

— Ўчир овозингни! — ўкириб юборди Содиқ. — Ҳаммасига сен айбдорсан! Уйда тухум босиб ўтирасан! Ўласанми, орқа-олдингга қарасанг?! Иккови шунча гаплашибди, биргалашиб бир жойга жуфтакни ростлабди, лекин сенинг ҳеч вақодан хабаринг йўқ! Мен энди қандай бош кўтариб юраман! Нима деган одам бўлдим!!!

Хонзода ўзини ташлаб юборди ва ерга чўзилиб олди-да, ўкириб йиғлашга тушди. Содиқ унга нафрат билан қараркан, деди:

— Ўликка ўхшаб ётволиб томоғингни йиртгунингча уйга кир! Телефон қил дугона-пугонасига, сен билмаган нарсани улар билишар!

Содиқ ғазаб билан зинани тепди-да, бориб ҳалгинчак ўриндиққа ўтириб, чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Аммо ичидаги аланга босилмади. Яримлаган сигаретасини улоқтириб юборди. Сўнг яна биттасини олиб лабига қистирди.

Хонзода эридан ҳеч қачон бунақанги қўпол муомалани эшитмаганди. Қизи йўқолиб қолгани, Шоҳруҳни айбсиз айбдор қилгани буйрагини булк эттирмади. Бироқ эрининг ҳақорати суякларигача зирқиратиб юборди. У алам билан ўрнидан тураркан: “Ким сени одам қилувди? Дарров ҳаммаси эсингдан чиқиб кетдими, кўрнамак?! Ҳали шошмай тур, дадажоним ҳалиям аввалгидай, бойликда ундан ўзган бўлсанг ҳам, таниш-билиш, ошна-оғайнинг йўқ сенинг!” — деди пичирлаб ва уйга кирди.

Кетма-кет асабий жиринглаган телефон унга юқори қаватга чиқишига имкон бермади. “Эй, Худо, ишқилиб, Шаҳло бўлсин”, дея ўйлаган Хонзода шоша-пиша гўшакни кўтарди. У ўйлагандай, гўшакдан қизининг: “Ойи”, деган майин овози эшитилди.

* * *

Эшик “ғийқ” этиб очилганида Шаҳлонинг эти жимирлаб кетди. Кўзини ним очиб эшик тарафга қаради. Мурод бир-бир босиб унинг ёнига келди. Бирдан қизга ташланиб қолмади. Каравотнинг ёнгинасига келиб ўтирди. Секин севгилисининг иссиқ қўлини ушлади. Юзига суртди. Ўпди. Тишини-тишига босиб зўрға ётган Шаҳло:

— Мурод ака, — деб юборди ўзи сезмаган ҳолда ҳаяжонланиб, — нима қилаяпсиз?!

— Ухлаёлмаяпман, жоним. Ухлаёлмаяпман!

Шундай дея у ўрнидан турди, Шаҳло томон энгашди. Қизнинг юз-кўзларидан ўпди. Бу сафар Шаҳло қаршилик қилишга ожиз эди. Унга меҳр керак эди. Айни дамда ўша меҳрни туяётгандай эди…

Бир соатлардан кейин қиз йигитнинг кўксига бошини қўйиб кўзини юмиб ётар, Мурод эса бағридаги гўзалнинг сочини силарди.

— Нега йиғламадинг? — сўради Мурод қиздан.

— Нима фойдаси бор? Барибир изига тушмайди-ку… Сизнинг гапларингизга ишондим. Агар сўзларингиз ёлғон бўлса, дунёдаги энг нафратли қизга айланаман. Бунақанги қизнинг яшамагани афзал… Уйдан ёлғон сабаб чиқиб кетгандим. Ҳозир ёлғиз ишонадиганим сизсиз… Илтимос, сиздан ҳам нафратланмайин…

— Шаҳло! Жоним, сен мен учун борлиғингдан кечдинг. Қиз бола бошинг билан шунчалик мардлик қилсанг-у, мен сўзимда турмасам, эркак деган номдан воз кечсам ҳам бўлаверади. Эртага пешинда уйдагилар қайтиб келишади, ўшанда уларга сени таништираман. Ирим-сирим, бошқа нарсалар кейинги масала, асосийси, бир умрга меники бўлишинг муҳим. Розимисан?

Шаҳло жавоб қайтармади, фақат бош силкиб қўйди ва талай муддат хаёл сургач:

— Улар келганларида мени кўришса, бошқача хаёлга боришади. Шунинг учун келгунларича бирон ёққа бориб турайлик, — деди.

— Сен нима десанг шу.

Кўрганлари, бўлиб ўтган даҳшатли воқеа Шаҳлонинг худди тушида рўй бергандай эди. У қийналди. Жисмоний қийноқ зумда ўтиб кетгани билан кўнгил оғриғи талай муддат хаёлидан кетмади. У бургага аччиқланиб кўрпа куйдирганга ўхшарди. Шу боис, анча вақт ухлаёлмади. Сассиз йиғлади. Мурод эса бу пайтда пишиллаб ухларди.

Тонг отганидан кейин ҳам талай муддат ўзига келолмаган қиз тўйсиз жувонга айланиб қолганлигининг бош сабабчиси — ойиси билан гаплашмоқчи бўлиб уйига қўнғироқ қилди. Бу вақтда отаси ҳали ухлаб ётишини яхши биларди у.

— Қизим, — деди Шаҳлонинг овозини эшитиши билан Хонзода, — юрак-бағрим эзилиб кетди. Пичоқсиз сўйиб қўйдинг-ку, қаерларда юрибсан?!

— Ойи, шундай дейишга уялмайсизми? Қизингизни бадном, ёмонотлиқ қилган ўзингиз-ку! Сиз уни тириклай кўмдингиз-ку! Амакимнинг нима гуноҳлари бор эди? Ўғрига чиқарганингиз камлик қилганидай, қизингизга ёмон назар билан қараганини айтдингиз дадамга! Дадам йўқликларида унинг ўрнини босадиган одам қандай қилиб ўз жигарига ўта жирканч ишни раво кўриши мумкин?..

— Шаҳло! Қизим! Шаҳло! — деди шошиб Хонзода.

— Ойи! — деди кўз ёшларини тиёлмаган Шаҳло. — Гапларимни бўлманг, чунки сиз билан охирги марта гаплашаяпман. Амаким шунча гап-сўздан кейин барибир уйда турмайди. Бош олиб чиқиб кетади. Мен уларни яхши биламан, жуда ориятли йигит. Энди сиз яширган тилла тақинчоқларим ҳам ўзингизга қолди. Бойлик, мол-мулк хоҳлагандингиз, ҳаммасига эришдингиз!..

Гўшакдан қисқа товуш келиб қолди. Хонзоданинг юзини кўз ёши ювар, у бутунлай ёлғизланиб қолган, ота-онаси ташлаб кетган етимга ўхшарди. Қайғу шунчалик оғир бўлиши унинг тушига ҳам кирмаганди. Биргина қайнукаси унинг измига юрмагани учун ўч олмоқчи бўлганди. Эвазига… Эвазига олгани ҳаддан ошиб кетди.

— Топаман! — деган ўкирик эшитилди ташқаридан. — Ернинг тагидан бўлсаям топаман, икковиниям қонини ичаман!

Отилиб уйга кирган Содиқ хотинини туртиб ўтди-да шошганча юқори қаватга чиқиб кетди. Полга гурсиллаб йиқилган Хонзода эри ётоқхонанинг эшигига етганда:

— Дадаси!!! — дея чинқириб юборди.

Содиқни ток ургандай бўлди. У бир сапчиб тушди-да зина бошига келиб пастга қаради.

— Қизингиз тоза! Унга ит ҳам тегмаган… Дугонасиникидан телефон қилди!

— Мараз, ўласанми шуни эртароқ айтсанг?! — деди алами бўғзидан отилиб чиққан Содиқ ва бўшашиб ўтириб қоларкан. — Хайрият!.. Хайрият, — дея пичирлади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here