Мафия сардори (9-қисм)

2

* * *

— Эй, командир, — деди участка нозирининг хонасига отилиб кирган Ғайбулло, — яхшиям ўзингизда экансиз.

У бирдан йиғлаб юборди. Кўз ёшини енгига артди, сўнг бурнини тортиб, ўзига ҳайрон бўлиб қараб турган милиция капитани Қоплон Бўриевга юзланди-да:

— Кечаси билан итнинг азобини кўрдим, ака. Опа-ука менинг бошимга не кўйларни солмади. Тепкилайверишганидан ичим эзилди. Башарам бузилишига сал қолди. Ўлай-ўлай деб тонг оттирдим…

— Нималар деяпсан?! — деди унинг гапини бўлган Қоплон ҳеч вақога тушунмай.

— Хотиним укаси иккови кечаси билан мени калтаклади. Мени яхши биласиз, Қоплон ака, бировнинг мушугини “пишт” дейдиган одам эмасман. Шундай одамни хўрлашди…

— Ҳовлиқма, нимага уради? Бири хотининг, бири қайнуканг бўлса, бекордан-бекорга калтаклашмагандир. Ўзингам каромат кўрсатгандирсан, — деди унинг гапини бўлган капитан.

— Кеча хотиним гўшт олгани бозорга тушибди. Қассоб суяклироқ қилиб берган экан, уришиб кетибди. Қассобхона қандайдир аёлга тегишли экан. Чиқибди-да, хотиним билан юлишибди. Қассоб аёлларни ажратиб қўйиш ўрнига хотинимни бир-икки муштлабди. Яхшиям атрофида бошқа одамлар борлиги, бўлмаса, хотиним касалхонага тушармиди… Кечқурун уйга келсам, хотиним шумшайиб ўтирибди. Юзи кўкарган, тирналган… Мени кўрди-да, йиғлаб юборди. Кейин нима бўлган бўлса, ҳаммасини оқизмай-томизмай айтди. Қассоб билан бориб ёқалашади, деб ўйлаган бўлса керак-да. Мен унинг ўзини уришдим. “Суякли гўшт берган бўлса нима қипти? Шўрва қилиб юборамиз, олам гулистон. Шунга шунча жанжалми?..” дедим. Аслида, уйга гўшт-пўшт келмаган, пул ҳам йўқ… Хуллас, ака, Раънони уришиб турсам, ердан чиқдими, осмондан тушдими, укаси пайдо бўлди. Ҳе йўқ, бе йўқ, қорнимга шунақанги тепдики, нафасим қайтиб ўлай дедим. Боксчи бўлса, мен бечоранинг қандай кучи етсин? Камига: “Ҳали сен мени уришадиган бўлдингми?” — деб хотиним ҳам швабра билан, ҳалиги, нозик жойим…

Капитан ортиқ чидаёлмади. “Пиқ” этиб кулиб юборди.

Ғайбуллонинг эса бирдан юраги шув этди. Шу ергача режалаштириб келган ёлғонлари ошкор бўлиб қолгандай қизарди.

— Ўзиям овозинг чинкиллаб аёлларникига ўхшаркан-да. Хотининггаям ёқмаган бўлса керакки…

— Эй, командир, илгари хотиним учун дунёдаги энг яхши эркак ўзим бўлганман. Унинг ўзи шундай деган. Лекин ҳозир икки акаси бойвачча бўлиб кетди. Қўша-қўша машиналари, данғиллама иморатлари бор. Мана, — дея ўксинди Ғайбулло ва кўзини ёшлади, — энди мени сариқ чақагаям олмай қўйди. Озгина бурнидан баланд гапирсам, акаларимга айтаман, гўштингни майдалаб сомса қилиб сотиб юборишади, дейди. Укаси… Ҳа, укаси кимлар биландир уришган экан. Турқига қараб бўлмайди. Қўли қон. Аниқ бировни сўйиб, бизникига келган… Ишонмасангиз, болаларим гувоҳ. Яшшамагур, қонга тўймай мениям қонимни ичмоқчи бўлган-да…

Қоплон сергакланди. Юзи жиддий тус олиб, стол устидаги қоғозларни тахлаб бир четга қўйди-да, ўрнидан тураркан:

— Кетдик, — деди.

Улар Ғайбуллонинг уйига кириб боришганида, Шоҳруҳнинг кетганига бор-йўғи беш дақиқа бўлганди.

— Қани у зўравон, қаерга яширдинг?! — дея бақирди Ғайбулло эшикни очган Раънога.

Раъно эрининг орқасидаги милиционерни кўриши билан қотиб қолди. Ҳатто эрининг гапларини ҳам эшитмади.

Ғайбулло уни кўкрагидан итариб юбориб, арслондай ичкарига кирди. Раънонинг кўкси жароҳатли эди. Эри туфлисининг учи билан тепганди. Бирдан инграб юборди.

— Ҳов, зўравон! Бу ёққа чиқ, яна кучингни кўрсат! — дея бақирди хотинининг инграшига эътибор ҳам бермаган Ғайбулло уйга кира солиб.

Раъно тез ўзига келди. Гарчи оғриқдан юзи қизариб кетган эса-да, жилмайишга уринди. Милиционерга:

— Келинг, — деди.

Қоплон унга хўмрайиб қаради. Бу қарашдан аёл бечоранинг ўйнаган юраги баттар безовталанди.

Ғайбулло ҳамма хонага бирма-бир кириб чиқди, лекин қайнисини тополмади. Алами келганидан ўкириб юборди.

— Ака! — деди чуқур-чуқур нафас оларкан. — Қочирибди! Сездирмай уйдан чиқиб кетувдим, лекин булар ернинг тагида илон қимирласа биладиганлар хилидан. Қаранг, қочирворибди-я!

— Ҳечқиси йўқ, ернинг тагидан бўлсаям топамиз, — деди Қоплон ва ўтиришга жой излади.

Унинг нима истаётганини дарров сезган Ғайбулло меҳмонхонага бошлади. Кейин хотинига чинқириб, чой олиб келишни буюрди.

— Керакмас, — деди Қоплон босиқлик билан, — келиннинг ўзи келсин. Бўлган воқеа мен ўйлаганимдан анча жиддийга ўхшайди.

— Жиддий, жудаям жиддий, буларнинг менга берган азоблари учун умрбод қамоққа тиқиш керак.

Раъно эрининг гапини эшитди. Юраги увишди. Вужудини титроқ босди. Кўзи тинди.

* * *

Улар ўринларидан туриб ташқарига чиқишди. Севинч йигитини қўлтиқлаб олган дугонасининг секин тирсагига туртди. Шаҳло унга ўгирилиб қаради.

— Сенда гапим бор эди, — деди Севинч бироз ҳаяжонланиб.

Шаҳло билан бирга Мурод ҳам ажабланиб унга қаради.

— Мурод ака, сиз хафа бўлманг, Шаҳлога икки оғиз гапимни айтиб олай.

— Бемалол. Мен ҳозир сигарета олиб келаман, унгача гаплашиб туринглар, — деди дарров икки дугонани ёлғиз қолдириш зарурлигини англаган йигит.

— Шаҳло, дугонажон, нима қилаётганингни ўйлаб кўрдингми? Мурод аканинг уйида ҳеч ким йўқ экан. Нима, бутун тунни у билан бирга ўтказмоқчимисан? Уйдагиларингдан аразлаб ёмон иш қилиб қўйишдан қўрқмайсанми? — деди Севинч Мурод ўзларидан озгина узоқлашгач.

Шаҳло жавоб беришдан аввал йигитининг ортидан бироз қараб турди, сўнг дугонасига юзланиб:

— Мен Мурод акамга ишонаман. Ҳар қандай шароитдаям қўполлик қилмайди. Ҳов бирдаям иккаламиз тоққа чиқиб келганмиз. Ўшанда кун бўйи дачада бўлганмиз. Биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Лекин Мурод акам ўзларини босганлар, бўлмаса, имкониятлари бор эди. Агар астойдил хоҳлаганларида, қаршилик қилолмасдим, менимча. Фақат тўйимизни тезлаштиришимиз кераклигини айтганлар, — деди.

Ваҳоланки бунақа бўлмаганди. Мурод унга роса ёпишганди. Дала ҳовлида (ижарага олганди улар) ёлғиз бўлмаганликлари, шунингдек, Шаҳлонинг қаршилиги боисгина у ниятига етолмаганди. Кейин шилқимлиги учун кечирим сўраганди, албатта. Ҳозир Шаҳлонинг ўзи Мурод билан қолгиси келаётганди. Шу боис, ёлғон гапирди.

— Одам ўзгарувчан бўлади-да, тағинам ўзинг биласан, бизникига борганингда яхшироқ бўлармиди? — деди бироз ўйланиб турган Севинч.

— Сизларникигаям бир кун сиғаман. Кейин ойингга нима дейман? Уйимда бўлган гапларни айтиб беролмайман-ку!.. Мурод акам менга бегона эмас. Худо хоҳласа, турмуш қурамиз.

Мурод келиб қизларга музқаймоқ тутқазди.

— Сиз доим кўнглимдагини топишингиз билан мени ҳайрон қолдиргансиз, — дея севгилисини мақтаган бўлди Шаҳло. Атайин, Севинчнинг ёнида шундай деди. У Муродни қанчалик севишини дугонасига яна бир карра билдириб қўйиш учун шундай деди.

Севинчни бошқа таксига ўтқазиб юборганларидан кейин бир-бирининг пинжига тиқилиб олган икки ошиқ-маъшуқ бошқа машина тўхтатишди.

Улар Муродларнинг учинчи қаватдаги уйига кирганларида қуёш уфққа ёнбошлаган эди. Шаҳлони ҳаяжон босди. Остонадан ўтиши билан худди ўғирликка тушган одамдай ҳар томонга аланглади. Сўнг йигит кўрсатган хонага кирди. Ўртада стол, унинг атрофида олтита стул. Тўрда шкаф. Ҳар хил сувенирлар қўйиладиган жойларга китоблар терилган. Ҳаммаси оддий. Эскича удум. Мана шу манзаранинг ўзиёқ хонадон аҳлининг ўртамиёна кун кечираётганидан далолат берарди.

— Ҳозир сизга, — деди Мурод Шаҳлонинг бурнидан юмшоқ чимдиб қўяркан, — кофе дамлаб келаман.

Қиз жилмайди ва айни пайтда ўнғайсизланди. Мурод ошхонага кетганидан кейин стуллардан бирига ўтириб хонани яна бир марта назаридан ўтказди. Таксидан тушиб уйга яқинлашиб қолишганида юраги гупиллаб уриб кетганди. Ҳозир бу ҳаяжон босилиб, ўрнига ўзига бўлган ишонч пайдо бўлди.

Қаҳва қизнинг хаёлини тиниқлаштирди. Муродга тан олиб айтдики: “Агар коньяк ичмаганимда, бу ёққа, менимча, келмаган бўлардим”, деди.

— Унда яхшиям ичганингиз, — дея кулди Мурод ва шу ондаёқ яна юзи жиддийлашди, — лекин яна ичсанг, сендан қаттиқ хафа бўламан. Балки орамиздаги алоқани узишим ҳам мумкин.

— Шунақа ниятингиз ҳам борми?

— Агар ичсанг…

— Унда бир қултум ҳам оғзимга олмайман.

— Ўзимнинг асалим, — деб Мурод ўрнидан турди ва секин қизнинг ёнига яқинлашиб унинг чўғдай лабидан нозиккина қилиб ўпиб қўйди. Шаҳло қизариб бошини эгди. Аввал Мурод уни эҳтирос билан узоқ муддат кўп маротаба ўпганди. Лекин хиёбонда ўпишишганди. Шаҳло ҳеч нарсадан ҳайиқмаганди. Уялиши ҳозиргидай эмасди. Агар ҳозир ана шундай яқинлашишса борми, у ёғи бошқа нарсаларга ҳам уланиб кетиши ҳеч гап эмасди. Чунки бу ерда уларга халақит бериши мумкин бўлган бирорта ҳам одам йўқ.

Қиз билан йигит анча муддат гаплашиб ўтиришди. Келажакда оилалари қанақа бўлишини режалаштирган бўлишди. Ундан кейин кино кўришди ва шу билан вақтни алламаҳал қилишди.

Мурод севгилисини синглисининг хонасига бошлаб кириб:

— Хоним, сиз бундан буён шу хонанинг эгаси бўласиз, — деди ва ўзи чиқиб кетди. Хонасига кириб ечинди. Тўшакка ётди. Бироқ уйқу дегани мутлақо унга яқинлашмасди. Бир неча марта кўзини қаттиқ юмиб олди. Кошки ухлаёлса, хаёлига Шаҳло, унинг кулиши, ёноғидан бўса олганида уялиб қизаргани келади. Ухлаёлмайди. Бошқа ёнига ағдарилади. Каравот ғичирлайди. Унинг баттар уйқуси қочади. Булар камлик қилганидай, пешонаси терлайди.

Нариги хонадаги гўзалнинг ҳам аҳволи шу. У деворнинг нариги тарафидаги каравотнинг ғичирлаганини бир неча марта эшитгач, юраги гупиллаб уриб кетди.

Мурод барибир чидамади, эҳтирос бутун вужудини қамраб, секин ўрнидан турди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

2 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here