Мафия сардори (11-қисм)

0

Орадан бир соат ўтгач, пўрим кийинган Содиқ машинасига ўтириб, дўконларидан хабар олиш учун кетди. Шундан кейин озгина ўзига келган Хонзода хонасига кириб отасининг телефон рақамини терди.

— Дада, — деди йиғлаб, отаси “Алло!” дейиши билан, — тез уйга келиб кетинг…

У бошқа гапирмади. Дарров қўл телефонини ўчириб қўйди. Хонзода отасининг характерини жуда яхши билади. Агар шунақа қилса, бечора ота ҳамма ишини ташлаб, оёғини қўлига олиб, қизининг ёнига югуради.

Дадаси Шомурод ака Хонзода кутганидан ҳам тез — ярим соатлар ичида етиб келди. Ранги докадек оқариб:

— Нима бўлди, қизим? — дея сўради.

— Дада, — деди отасининг бағрига ўзини ташлаган Хонзода, — сизнинг шунча қилган хизматларингизнинг ҳаммаси осмонга учди. Бу кўрнамак куёвингиз мени хўрлагани етмагандай, сизниям роса ҳақорат қилди. Сизнинг дилингизни хуфтон қилмоқчи эмасдим, лекин чидолмадим…

— Эй, — деб аламли жилмайди ота, — шунга хафа бўлиб ўтирибсанми? Ҳа, куёв болалари бўй етиб қолганида эркалик қилгиси келиб қолган-да… Ҳозир ўзи қаерда?

— Кетди. Кеча уйдаги майда-чуйда гаплардан кейин Шаҳло аразлаб кетиб қолганди дугонасиникига, бориб олиб келайин, демади. Аксинча, унга айтганимга мен балога қолиб ўтирибман. Сўкканлари етмагандай, уриб ағдариб юборди.

Сочлари қордай оппоқ, тепакал, бўйи паст бўлганидан, ҳаддан зиёд дўмпайган қорни юмалоқ коптокка ўхшатиб қўйган Шомурод ака тутоқиб кетди. Шу қизи туғилгани бери уни биров хафа қилиб қўйса, жони чиқиб кетадиган отанинг кўзлари олайди.

— Вой итдан тарқаган! — дея сўкиниб юборганини унинг ўзи ҳам сезмай қолди. — Оёғи ердан узилибдими ҳали?! Сен… Сен, қизим, уйингга кириб ўтиравер, мен ўзим гаплашаман у билан, оёғидан озгина тортиб ерга тушириб қўяман.

У қизини бағридан бўшатиб, қўл телефонини олди-да рақам терди.

— Маъмуржон, — деди аллақандай тушкун кайфиятда, — ўғлим, ишхонамга ўтинг, озгина гап бор… Тинчлик… Тинчлик… Бирозгина муаммо чиқиб қолди. Хўп, кутаман.

Шундай дея телефонини ўчирган Шомурод ака дарвозадан чиқиб кетаркан: “Урган қўлларингни синдириб оламан сендақа итваччанинг!” — деди.

* * *

— Сен, — деди Мансур дўстига қараб, — анави хонага кириб ўтир, тез бўл.

Шоҳруҳ тўрдаги омборхонага кирибоқ эшикни ёпди.

Ҳартугул, машинани кўришлари билан югуриб келишган милиционерлар Шоҳруҳни кўришмади, бирдан устани сўроққа тутиб кетишди.

— Машина кимники?

— Кечаси бир бола ташлаб кетди.

— Ҳужжатлари қани?

— Бергани йўқ.

— Танийсанми уни?

— Йўқ.

— Нега айнан сенга ташлаб кетди?

— Билмадим.

— Аввал ҳам машина тузаттирганмиди?

— Эслолмайман.

— Эслай оласан, фақат бу ердамас, қани биз билан юр.

— Устахона…

— Устахонангга жин ҳам урмайди. Сержант Ҳожиев, сиз шу ерда қоласиз. Эшонқулов ёрдамчи бўлади.

Мансурни саволга тутган, кўзлари ўткир, савлатли, фуқаро кийимидаги киши икки ёнидаги худди ўзига ўхшаб кийинган, бироқ анча ёш бўлган йигитларга устадан назарини олмай буйруқ берди ва шартта ортига бурилиб кета бошлади. Йигитлар Мансурнинг қўлларидан ушлашди.

— Тез бориб машинага чиқ, — дейишди.

Мансур бурнини қора мой қўли билан артиб қўйди-да, уларнинг айтганини бажарди.

Шоҳруҳнинг ичидан зил кетди. Қоровулликка қолган йигитлар мабодо омборга киришса, албатта, Шоҳруҳни кўришади, яшириниб ўтиргани учун ундан дарров шубҳаланишади. У ёғи суриштирув бошланиб кетади. Табиийки, бундан акалари ҳам хабар топишади. Ўлса ёрдам беришмайди улар. Қайтага, йўқ жойдан беш-олтита айб қўйишади. Қарабсизки, Шоҳруҳ камида уч-тўрт йиллик “дам олиш”га равона бўлиб турибди.

Иккита милиционер йигит омборни кўришга улгуришмади. Улар тутатган сигареталарини охиригача чекиб бўлмасларидан устани олиб кетган бошлиқ қайтиб келди. Машинадан тушмади. Деразадан бошини чиқариб:

— Мен нарироқда бўламан. Уста сенлар билан бирга бўлсин, — деди-да, Мансурни тушириб, ўзи машинани ҳайдаб кетди.

“Жигули”нинг эгаси кўп куттирмади. Бирор соатлардан кейин кўриниш берди. Унгача икки милиционер машинани обдан ўрганишди. Қон юқи бор жойларини суратга олишди. Мансурдан баъзи нарсаларни сўрашди.

— Мансуржон! Мансуржон! — деди кутилаётган йигит устахона дарвозаси ёнига келгач.

— Шу ердаман, — жавоб қилди Мансур ўра ичидан.

Бошқа савол-жавоб бўлмади. Тўғрироғи, мижознинг гапи оғзида қолди.

— Салом бердик, яхши йигит, эски танишларни дарров эсдан чиқариб юбориш экан-да. Яхшимас, оғайни, — дея устахона ичкарисидан бир йигит чиқиб келди.

“Жигули” эгасининг кўнгли ниманидир сезди ва аста-секин ортига чекина бошлади-ю, аммо елкасидан кимдир ушлагач, товонигача музлаб кетди. Аста орқасига ўгирилиши билан қўли қайрилди. Зумда иккинчи йигит ҳам етиб келиб, бошқа қўлининг суякларини жойидан қўзғатган эди, шўрлик машина эгаси инграб юборди.

Уни машинага чиқараётганларида тўполон қилди. “Қўйворинглар, нима ҳақларинг бор қўлимни қайиришга, менга азоб беришга!” — дея бақирди. Нияти атрофга кўп одамларни тўплаш, шулар баҳонасида машинага минишдан қутулиб қолиш эди. Ўтаётган йўловчилардан бир-иккитаси қизиқсиниб қараб туришди. Узоқроқдагилар ҳам бақираётган бола-ю уни машинага зўрлаб ўтқизаётган йигитларга нигоҳларини ташлашди, аммо биров: “Нега бола бечорани қийнаяпсизлар? Нима айби бор бу шўрликнинг?” — дейишмади. Ҳаммаси томоша қилишди, холос.

Милиция машинаси юриб кетганидан кейин чуқур хўрсиниб қўйган Мансур:

— Шоҳруҳ, чиқавер! — деб дўстини чақирди.

Ташқарида нима воқеалар содир бўлаётганини билолмай, ичи қизиб ўтирган Шоҳруҳ унинг овозини эшитиши билан омборхонадан дарров чиқди.

— Нима бўлди? — деди пешонасидаги терни артиб.

— Олиб кетишди. ЦУМнинг ёнида бир одамни уриб кетган экан. Сволоч, бечорани касалхонага олиб бориш ўрнига қочиб қолибди. Лекин кўпчилик мошинасининг рақамини кўриб қолган экан. Анави милиса бошлиғининг гапига қараганда, падар лаънати, кўпнинг шўрини қуритган экан. Мошиналарнинг запчастини ўғирларкан…

— Қаердан билибди? — сўради Шоҳруҳ бошини қашлаб.

— Йўл ёқасида тўхтаб турган “Нексия”ни очиб, магнитофонини олаётганида кўриб қолишибди. У бирдан қочиб, шу кетишда одам урибди… Хуллас, шунақа гаплар. У ёғини милисаларнинг ўзлари ҳал қилаверади. Юр, ундан кўра, чой ичамиз, мен ҳали нонушта қилмагандим.

Мансур устахонасини ёпди. Сўнг иккала ўртоқ шу яқин-атрофдаги чойхонага киришди. Шоҳруҳнинг роса қорни очқаган экан, овқат олиб келишларига сабри чидамай, чой билан битта нонни бир ўзи еб қўйди. Унинг мана шу қилиғи Мансурни шубҳалантирди.

— Шоҳруҳ, оғайни, менга тўғрисини айт, яширма. Сен уйингда ётмагансан, буниси аниқ. Кейин юзингдаги моматалоқлар ҳам боксда бўлмаган. Қаердан келаяпсан, нима қилиб юрибсан? Нега милиционерларни кўрганингдан рангинг оқариб кетди? — деди у.

Шоҳруҳ дўстига қараб қўйди. Сўнг лаб-лунжини қоғозга артган бўлди-да, шошмасдан пиёладаги чойни ичди. Унинг сўзлаши чўзилиб кетганидан Мансур тоқатсизланди.

— Мендан, ўз ўртоғингдан яширяпсанми? — деди аччиқланиб.

— Нималар деяпсан? Проста, кеча кечқурун бир-икки бойваччанинг боласи билан гапимиз келишмай қолди. Уришишга тўғри келди. Биласан, башарам бузилганини акаларим кўришса, сўрайвериб эзиб юборишади… Кароче, ўйлаб кўрдим. Мана қара, сенинг қўлингда гулдай касбинг бор. Уйлансанг ҳам хотинингни бемалол боқоласан. Мен бўлсам, агар шу ҳолимда биронта қизни уйимга оборсам, битта кўйлак олиб бериш учун ҳам акамдан ёки янгамдан рухсат сўрашим керак. Хуллас, оғайни, бунақанги ҳаёт жонимга тегди.

— Унда кел ёнимга, бирга ишлаймиз. Тўрт-беш сўм топасан. Кейин сен…

— Қўйсанг-чи, — бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — акамнинг қулоғига чалиниб қолса, туғилганимга пушаймон едириб юборади.

— Хўп, унда нима қилмоқчисан?

— Шу, дўстим, Россияга борсамми, дейман-да, қора иш қилсам ҳам биров бир нарса демайди. Юравераман ўз кунимни ўзим кўриб.

— Ҳимм, билмадим, билмадим.

Шоҳруҳ айтганларининг барини аввалдан ўйлаб қўймаган эди. Хаёлига келганини гапираверди ва ўзига ҳам Россияга кетиш фикри маъқул тушиб қолди.

У кунни Мансурнинг устахонасида ўтказди. Ишламагандан кейин одам ниҳоятда зерикар экан. Неча бор ўтирган жойида ухлаб қолай деди.

Қуёш ботиб, атрофни зулмат эгаллаганидан кейин:

— Мен шу ерда қолсам майлими? — дея сўради Мансурдан.

Дўсти ажабланди. Унга бироз тикилиб турди.

— Бугун ҳам бормоқчи эмасмисан? — деди.

— Айтдим-ку бу аҳволда…

— Бўпти, тушундим. Дўстимсан, бу ерда қолдиролмайман. Қолаверса, ётадиган жой ҳам йўқ. Уйимга борасан. Бугун зўр футбол бор, биргалашиб кўрамиз, — деди Мансур жилмайиб.

Бир ҳафта кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Шоҳруҳ чипта олиш илинжида икки марта вокзалга борди. Лекин ҳар сафар иши ўнгидан келмади. Учинчисида бирдан нарсаларини ҳам ўзи билан олиб кетди. Вокзалга борди. Кассада ўтирган қиз қовоғини солиб, чипта йўқлигини айтди. Пешонаси тиришган йигит анча вақт вокзал ичида у ёқдан-бу ёққа юрди. Биринчи йўлга Москвага жўнайдиган поезд келиб тўхташини эълон қилишганидан сўнг вокзал ичи арининг уясига айланди, Шоҳруҳнинг эса юраги гупиллаб ура бошлади. Кўзига поездга чиқиш учун шошилаётган одамлар шунақанги бахтли кўриниб кетдики, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Охири чидамади, сафарга шошаётганлар орасидан у ҳам эргашди.

Жинси шим кийган, тор юпқа футболка кўкракларини кўтариб турган, хипча бел, қоп-қора узун сочлари елкасини ёпган оппоқ юзли, киприклари узун, қошлари ингичка қиз ҳаммадан ортда борарди. У шошмасди ва айни пайтда бир-бирини итариб олдинга интилаётганларга энсасини қотириб қарарди. Шоҳруҳ ундан олдинга ўтиб кетишга ийманди. Негадир ҳадди сиғмади. Уялди. Қиз юрса, юрди. Тўхтаса, тўхтади.

Қиз бир нарсани сездими ёки шунчаки ўгирилдими, Шоҳруҳга бир қараб қўйди. Нигоҳи тўқнашиб кетишидан чўчиган йигит бирдан кўзини олиб қочди. Аммо кўз қири қизнинг жилмайиб қўйганига тушди.

— Намунча шошасиз? — деди қиз бироздан кейин Шоҳруҳга, худди танишига гапираётгандай.

Йигитнинг тили калимага келмади. Индамади. Шунда қиз яна бир марта орқасига қараб қўйди. Бу сафаргиси олдингисидан бошқачароқ, тушуниксиз эди.

Шоҳруҳнинг хаёлига бирдан ғалати ўй келди. “Яхши қизга ўхшайди, поездга чиқиб олишимга ёрдам бермасмикин?” — дея ўйлади у. Лекин тезда гапиришга ийманди. Қиз боладан ёрдам сўраш… Яна шундай гўзалдан… Одатда, бунақалар ёлғиз бўлишмайди. Албатта, шериги бўлади. Мабодо, ор-номусини, йигитлик ғурурини бир чеккага суриб қўйиб илтимос қилса-ю, қиз “тошингни тер!” деган жавоб қилса, тамом. Бутунлай ерга кириб кетади. Биргина мана шу бегона қизнинг гапидан кейин тўғри бориб ўзини осиб юборса ҳам бўлаверади. Мабодо, қиз гапирмай, ҳамроҳлари (ҳамроҳи, албатта, йигит бўлади, деб ўйлаётганди Шоҳруҳ): “Сен менинг қизимга ёки синглимга гап отадиган бўлдингми?” — деб ёпишиб кетса ҳам унинг барча умидлари чилпарчин бўлади. Шоҳруҳ ўйини ўйлагунча қиз вокзал ичкарисини тарк этишига бор-йўғи бир қадамча қолди.

— Кеч-чирасиз, — деди Шоҳруҳ юрак ютиб, барча тахминларидан воз кечиб, — ҳалиги… сизда мабодо ортиқча билет йўқми?

Қиз ўгирилиб, унга ажабланиб қаради. Ўша лаҳзаларда йигитнинг бўлари бўлди. Юзи қизариб, иситмаси чиқиб кетди.

— Билетсиз Россияга кетмоқчимисиз? — деди қиз қўнғироқдай овозда.

Шоҳруҳнинг хаёлида унинг овозини ҳамма эшитган ва йўловчиларнинг бари унга таажжубланиб қарашаётгандай эди.

— Шунақа… шунақа бўлиб қолди, — дея дудуқланди йигит.

Қиз уни бошдан-оёқ назаридан ўтказди. Сўнг бошини чайқади. Бундан йигитни ҳаяжон босиб, пешонасидан тер чиқиб кетди.

— Билет тополмаган одам Россияда нима қилади? У ёқдаям юрасиз-да араванинг кейинги оёғи бўлиб, ҳаммани шарманда қилиб, — деди қиз жиддий боқиб.

Шоҳруҳ бу гапдан бутунлай довдираб қолди. Ўз-ўзидан қўли мушт бўлиб тугилди. Нигоҳидан ўт чақнади. Қиз эса чуқур хўрсинди. Кейин:

— Юринг, — деди-да, ўгирилиб юриб кетди.

Шоҳруҳ буткул шарманда бўлганди. Шу боис қадам олиши жуда қийин бўлди. Фақатгина акаларининг кўрсатган кароматлари, дўсту биродарлари олдида бош кўтаролмай қолганигина уни юришга мажбур этди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here