Мафия сардори (12-қисм)

0

Қиз тўққизинчи вагон ёнида тўхтади ва кузатувчи(проводник)нинг ёнига бориб:

— Фазлиддин ака! — деди шўх овозда.

Бошқа ёққа қараб турган кузатувчи бирдан у томонга ўгирилди ва негадир саросималаниб қолди. Ҳаттоки сўзлаётганда ҳам дудуқланди. Шоҳруҳ унинг бундай аҳволга тушишини ўзига таниш бўлган гўзални яна учратганига йўйди.

— Юлдузхон! — деди у иржайиб.

— Кутмаганмидингиз?

— Сиз ҳамма вақт кутилмаганда келасиз-ку, — дея ялтоқланди кузатувчи.

— Сюрпризни яхши кўраман, биласиз, — деб Юлдуз исмли қиз кузатувчига янада яқинроқ борган эди, Фазлиддин бир қадам орқага чекинди. Шу пайт Юлдуз қўлини орқасига ўтказиб, бармоқлари билан Шоҳруҳга поездга чиқиш ишорасини қилди.

Йигит кузатувчига қарамади, дарров зиналардан кўтарилди.

Вагон йўлагида нима қиларини билмай турган Шоҳруҳ орадан беш дақиқалар ўтганидан кейин пайдо бўлган Юлдузни кўргач, бироз хотиржам тортди.

— Ўн биринчи купега киринг, — деди қиз унга яқинлашаётиб.

Тўрт кишилик вагон бўлмасига поезд қимирлагунча Юлдуз билан Шоҳруҳдан бошқа ҳеч ким кирмади.

Қиз бепарво эди. Гўё ундан бошқа ҳеч ким йўқдай, қандайдир қўшиқни хиргойи қилиб, сумкасини жойлаштирди. Сўнг пастки ўриндиққа оппоқ чойшаб ёзди. Кичкинагина столча устига сомса, колбаса ва яна аллақанча егуликлар қўйди. Шоҳруҳ эса унга термилганча миқ этмасдан ўтирарди. Ниҳоят қиз ҳамма ишларини битирганидан кейин йигитнинг рўпарасига ўтирди.

— Уч кун давомида сиз билан бирга бир оила бўларканмиз. Менимча, танишиб қўйсак, ёмон бўлмайди. Менинг исмимни эшитдингиз, шундай бўлса ҳам айтай, Юлдуз, — дея қўлини чўзди қиз.

— Шоҳруҳ, — деб йигит унинг қўлини сиқиб қўйди. — Менга жуда ноқулай бўлди. Биринчи марта қиз болага илтимос қилишим эди… Борганимдан кейин қарзимни узаман.

— Мардикор ишлаб, шундайми?..

— Балки. Бошқалар нима иш қилишаётган бўлишса, мен ҳам…

— Латта экансиз. Ҳали шу умид билан кўчага чиқдингизми? Афсус, бекор ёрдам берибман. Ниятингиз бошқача бўлса керак, деб ўйлагандим.

Қизнинг гаплари Шоҳруҳнинг суяк-суягигача етди. Бир хаёл сумкасини елкасига илиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Аммо қандайдир куч уни жойидан жилмасликка мажбур этди.

Сўзсиз ҳайкалдай қотиб қолган йигитни бироз кузатиб турган қиз сумкасини ковлаб бир шиша ароқ олди. Қултуллатиб пиёлани тўлдириб қуйди. Сўнг бир кўтаришда ичиб юборди-да, стол устидаги егуликларни иштаҳа билан ея бошлади. Шоҳруҳга, бир оғиз бўлсин, “олинг” демади.

Орадан беш соатча вақт ўтди. Юлдуз бу пайтда ухлар, Шоҳруҳ ундан кўзини узмай тикилиб ўтирарди. Эшик шиддат билан очилди-да, бирдан икки барзанги кирди. Улардан бирининг қўлида пичоқ бор эди.

— Жуда топибмиз-ку! — деди сочи тап-тақир олинган, рухсатсиз кирган гавдали йигит.

Унинг овозидан Юлдуз уйғониб кетди ва чойшаб билан бўйнигача ёпаркан:

— Кимсизлар?! Нима керак?! — деди.

— Вой, оппоқ қиз, бизга сиз кераксиз. Аввал оппоқ баданингиз, кейин пулга тўла сумкангиз, — деди иржайган калбош.

* * *

Пешинга яқин Мурод билан Шаҳло хиёбонга боришди. Музқаймоқ ейишди. Йигит қизнинг кўнглини овлаш учун қилмаган ҳазили, айтмаган ширин сўзи қолмади. Бироқ бир марта бўлсин, Шаҳлонинг юзида табассум аломатлари сезилмади. У мудом бир нарсалар тўғрисида хаёл сурар, баъзан ёнида ким борлигини ҳам унутарди. Кеча уйидан қочиб чиққанида Муроддан жуда кўп нарса умид қилганди. Аммо йигити ҳам унинг қайғусига қайғу қўшиб қўйди. Албатта, энди у ўзини ҳам бегуноҳ ҳисобламаётганди. Агар дугонасининг гапига кирганида, бугунги бир-биридан чигал ўйлар бошида йўқ эди. Балки, уч-тўрт кундан кейин ҳаммаси изига тушиб кетиши ҳам мумкин эди, лекин тундаги воқеани тузатиб бўлмайди. Ҳар не бўлганда ҳам, оппоқ келинлик либосини Шаҳло оппоқлигича киймайди.

— Шаҳло, — деди Мурод қизнинг қўлини тутиб, — тўғрисини айтсам, эзилиб кетдим. Кўнглингни кўтаришга қанчалик уринмайин, фойдаси бўлмаяпти. Барака топгур, озгина бўлсаям чиройингни оч!

Шаҳло йигитига маъюс қаради-да, хўрсиниб:

— Сизниям роса қийнаб юбордим. Аслида бир ўзим юрсам бўларкан… Мен ўзимни кечиролмаяпман. Амакимни ёмонотлиқ қилганлари учун уйдан кетиб қолувдим. Лекин… Лекин ўзим ундан баттар ишни қилиб қўйдим-ку! — деди. Унинг кўзи ёшга тўлган, азбаройи, ёнларидан ўтаётганлар кўплиги учун ўзини йиғидан зўрға тутиб турарди.

— Мен сенга уйланмайман, номардлик қилиб қочиб кетаман дедимми? Агар ўзинг кўчага чиқайлик демаганингда, уйда ўтирган бўлардик. Уйдагилар келиши билан сени таништирардим. Худо хоҳласа, тўйимизни ҳам тезлаштирардик. Ҳозир ҳам шундай бўлади.

Мурод ёнидан қўл телефонини олиб уйига қўнғироқ қилди. Бироқ у томондан ҳеч ким гўшакни кўтармади.

— Ҳалиям келишмабди! Намунча сайр қилишмаса?..

— Асабийлашманг, — Шаҳло унинг елкасига бошини қўйди, — келиб қолишар, мени деб сизнинг ҳам сиқилишингизни истамайман… Ундан кўра, юринг, бирон жойда овқатланамиз. Қорним очди.

Тушликдан сўнг соат иккиларга яқин Мурод уйига қўнғироқ қилди. Ҳартугул, бу сафар ойиси гўшакни олди.

— Хайрият, — деди ўғил Шаҳлога қараб қўйиб, — бугун ҳам келмайсизларми деб ўйлагандим.

— Болам, — дея юмшоқ овозда гапирди она, — ўзинг қаерларда юрибсан? Соғиниб қолдик, тезроқ кел.

— Ойи, меҳмон бор. Уни сизлар билан таништиргани олиб бораман.

— Ким экан у?

— Ойижон, борганда кўрасиз. Сизга ёқади, аниқ биламан.

— Нималар деяпсан? Ҳали сен… сен…

— Бўпти, ярим соатда борамиз, — ойиси охиригача гапириб улгурмасидан Мурод телефонни ўчирди ва севган қизини қўлтиқлаб, деди: — Қани, хоним, юринг, қайнона-қайнотангиз билан танишиб олинг-чи?

— Мурод ака, қандай бораман? Юзларига қандай қарайман? Нима дейман?!

— Ҳеч нарса, ҳеч нарса демайсан, борсанг бўлди, қолган гапларни ўзим гапираман. Хўпми?

Юраги гупиллаб уриб, ҳаяжон босган Шаҳло ҳеч нарса демади. Бошини эгди.

— Ўзимнинг пучуғим, — деб Мурод унинг бурнидан чимдиб қўйди-да, қўлидан ушлаб етаклади.

Манзил яқинлашгани сайин Шаҳло сиқилаверди. Кўз олдига дадаси билан ойиси келар, иккаласи ҳам қизларидан юз ўгираётгандай туйилаверарди. Охири у чидамади.

— Мурод ака, — деди ёнгинасида ширин хаёлларга берилиб кетаётган йигитга, — илтимос, таксичига айтинг, бизни шу ерда тушириб қолдирсин.

— Нега? — ҳайрон бўлиб унга қаради Мурод.

— Илтимос, айтинг.

Мурод ҳеч нарсани тушунмади. Айни пайтда бироз асабийлашди ҳам. Шундай бўлса-да, қизнинг истагини бажарди.

Машинадан тушишгач, худди Шаҳло Муродни қолдириб ўзи кетиб қолгандай, улов ортидан бироз тикилиб турди. Сўнг чуқур уҳ тортди-да, ўзига термилиб турган соҳибжамолга қаради:

— Бу ёғига пиёда кетаверамиз. Менимча, шундай демоқчи бўлгандинг.

— Мурод ака, — деди мўлтираб Шаҳло, — ойингизнинг кўзларига қарашга ботинолмаяпман. Уйимдагилар ҳақида сўраб қолсалар, нима дейман? Кейин ота-онам бўла туриб, сизникига уялмай боришимни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетаяпти.

Мурод уни қучоқлади ва бироз шу ҳолатда туришгач, деди:

— Унда сен анави анҳор бўйидаги ўриндиқда ўтириб турасан, мен ғизиллаб уйга бориб, ойимни олиб келаман. Йўлда ҳаммасини тушунтириб бераман. Сен ойимнинг қанақа аёл эканини билмайсан. Дарров тушунадилар. Энди вақтни ўтказмайлик.

Шаҳло боши эгик мажнунтол остида нигоҳини ерга қадаб, бир соатдан мўлроқ ўтирди. Ҳар-ҳар замон келаётган-келмаётганликларини билиш учун атрофга боқар, Мурод ва унинг ёнидаги аёл кўринмагач, ҳафсаласи пир бўлиб, тағин ўша ҳолда ўтираверарди. Бошида билинмаган бўлса-да, аста-секин кўнглида умидсизлик пайдо бўлди. “Ойиси: “Келиб-келиб, уйидан қочиб кетган қизни келин қиламанми? Ота-онасини ёмонотлиққа чиқарган қиз эртага бизниям маҳаллага достон қилмайдими?.. Ҳеч вақт қизнинг ўзи мени келин қилинг дейдими? Қўй, болам, дарахтни тепсанг, қиз ёғилади, нечта-нечтаси йигит тополмаганидан иккинчи хотин бўлиб кетаяпти. Ўзим сени яхши қизга уйлантириб қўяман”, — деган бўлса-ю, Мурод акам ҳам ойисининг гапини икки қилолмай, менинг ёнимга келмай қўя қолган бўлсалар керак. Агар шундай йўл тутган бўлса, мен асло кечирмайман. Кечирмаганимда нима бўпти? Уларга барибир эмасми, эрта бир кун бошқа қизни топиб уйланаверадилар. Мени… Мени ким ҳам оларди? Ҳеч кимга ғубор теккан қизнинг кераги йўқ”.

Мана шундай ўйлар гирдобида у бир неча бор ўрнидан туриб, кетишга чоғланди. Бироқ оёғи шу ерга елимлангандай эди. Қанча уринмасин, ҳеч қаёққа кетолмади. Шубҳа-гумонларнинг бир четида милт-милт ёниб турган умид шамчироғи уни қўйиб юбормади.

Қиз ўтиравериб зериккач, Севинчга қўнғироқ қилди. Аммо дугонаси ҳали гўшакни кўтармасидан ўчириб қўйди. “Фойдаси йўқ, — ўйлади у, — ёнига чақиради. Шу билан ҳеч нарса ўзгармай қолиб кетаверади”.

* * *

Муродни пешонасидан ўпиб қаршилаган ойиси унинг ёнида ҳеч ким йўқлигини кўриб ҳайрон бўлди.

— Қани меҳмонинг? — дея сўради.

Мурод жавоб беришга улгурмасидан, ошхона томондан отаси кавшаниб чиқиб келди. У билан кўришгач, синглиси ҳам югуриб келиб елкасига осилди. Сўнг бутун оила жам бўлишиб, ошхонада бир стол атрофида ўтиришди. Мурод отаси билан синглисининг ёнида ойисига ҳеч нарсани айтолмасди. Шу боис чой қайнашини кутди. Кейин ярим коса овқатни бир амаллаб ейишига ҳам тўғри келди. Вақт эса ўтиб бораверди. Агар Муроднинг фақат ўзи битирадиган иш бўлганида, аллақачон сабаб топиб чиқиб кетган бўларди. Ҳозирги ҳолда эса кутишга маҳкум, қачонки қулай пайт келса, ойисига ҳамма нарсани ётиғи билан тушунтиради. Кейин иккаласи Шаҳлонинг ёнига боришади.

Гап орасида ойиси меҳмон кимлигини, нега олиб келмаганини қайта-қайта сўради. Мурод чайналиб, тузук-қуруқ гап айтмади.

— Ўн метр юрасанми-юз метрми, барибир одам қариганидан кейин билинаркан, нимагадир бошим ғувиллаяпти. Озгина чўзилай, — деб отаси ўрнидан турди-да, ётоғига кириб кетди. Синглисини эса қўшни қиз сўраб келди.

Шундан кейин ҳам Мурод тезда тилга кира қолмади. Гапни нимадан бошлашни билмай, талай муддатни ўтказиб қўйди. Бир хаёл Шаҳлога қўнғироқ қилиб: “Ҳеч қаёққа қимирламай тур, ҳозир борамиз”, деб айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо ойисининг ҳам «чарчадим» деб ётоғига кириб кетиши ёки синглиси қайтиб келиб қолишидан чўчиди.

— Сизга бир гапни айтмоқчийдим, — деди ойиси идиш-товоқларни юва бошлаганида.

— Сезиб турибман. Ўзим ҳам ҳайрон бўлаётгандим оғзингга толқон солгандай жимиб қолганингдан, — деди ойиси унга бир қараб қўяркан.

— Ойи, қўйинг шу косаларни, қизингиз ювиб қўяверади. Сиз кийининг, бир жойга борамиз. Фақат ҳозирдан қаерга боришимизни сўраманг. Ҳаммасини йўлда айтиб бераман.

— Мен билан таништирмоқчи бўлганинг, ҳар қалай, ўғил бола бўлмаса керак… Кейин менга ёқишиниям олдиндан биларкансан… Нега олиб кела қолмадинг? — деди ойиси ўғлининг кўзига тикилиб.

— Ойи… Юринг, ойи, ҳаммасини йўлда тушунтириб бераман, ҳозирча бошқалар билмасин. Илтимос, ойи, мен сизни пастда кутиб тураман.

Ўғли дабдурустдан: “Меҳмонни сиз билан таништираман”, дегандаёқ Фотима опа гап нимадалигини англаб етганди. Айни пайтда жаҳли ҳам чиққанди. “Энди бировнинг эшигини тақиллатаман, ўғлимга қизини сўрайман, келин бўлмишнинг уялиб бошини эгиб, бир-бир қадам босиб чой олиб келишини томоша қиламан”, дея орзу қилиб юрган онага бирдан ўғли: «Келинни уйга опкелиб таништириб қўяман», деса, қай аҳволга тушишини тасаввур қилаверинг.

Агар Мурод уйга етаклаб келганида борми, ўша қизни туғилганига пушаймон едирарди. Қандай уятсиз, беор қиз бўлдики, безрайиб йигитнинг уйига келса… Ҳартугул, Фотима опанинг кўнгли таскин топди. Айтмоқчи бўлган гаплари ичида қолди.

Йўл-йўлакай Мурод узуқ-юлуқ гапирди. Шаҳло билан оқшомни бирга ўтказганини айтишга эса мутлақо тили бормади.

— Ўғлим, қизиқсан-а, қайси оилада майда-чуйда гап бўлмайди? Шунинг учун аразлаб чиқиб кетиш шартми? Ойиси бечоранинг ҳам бўлари бўлгандир. Ўзим уйига қўйиб келаман, агар ўша қиз менга ёқса, — деди Фотима опа ўғлининг нима демоқчилигини тушунгач.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here