Мафия сардори (13-қисм)

0

* * *

Шаҳлонинг ўтирганига икки соат бўлди. У охирги умидини кўзида ёш билан кузатиб қўйгач, сумкачасини елкасига илди-да, кетишга ҳозирланди. Шу пайт анча нарида бир йигит билан аёлнинг қорасини кўриб қолди-ю, юраги яна гупиллаб ура кетди. Тўпланиб қолган барча шубҳа-гумонлари тумандай тарқаб, ўрнини ҳаяжон эгаллади. У нима қиларини билмай, аввал ўтирди, сўнг ўрнидан турди. Бир-икки қадам юрди. Қайтди. Тағин жойига ўтирди. Сумкачасидан бежирим ойначасини олиб, юз-кўзига қаради. Юзи қизарибди. “Тезда упа суртиш керак”, деган ўй ўтди хаёлидан. Аммо энди кеч эди. Пардоз вақти ўтиб бўлганди. Упа суртаётганини Муроднинг онаси кўрса борми, бир-биридан “гўзал” иккита сўз айтиб, орқасига бурилади-ю, кетади-боради. Ундан кейин ҳаммаси тамом.

— Вой, манави қизнинг кетворганига қаранглар, даҳшат!..

Шаҳло чўчиб тушиб, овоз келган тарафга қаради. Атиги тўрт-беш қадам нарида уч йигит турар, улардан иккиси оёқда туролмай тебранарди. “Қайси гўрдан пайдо бўлди булар?” — дея уларга ўқрайди.

— Чучмомо! Ёлғизми, значит, биззи кутиб турибди, — деди тебранаётганлардан бири, — ҳозир мен ўзим гаплашаман…

Шаҳлонинг жон-пони чиқиб кетди. Агар озгина олдин келишганида борми, у олд-орқасига қарамай қочарди. Маст-аластларнинг уни қувиб етиши гумон, қолаверса, одамлар серқатнов катта кўча ҳам узоқ эмас. У ерда мелиса бўлишиям аниқ. Лекин айни дақиқада… бунақанги бошоғриқларнинг пайдо бўлиши… Аксига олади, деганлари шу экан-да, ахир ҳозир Шаҳлонинг тақдири ҳал бўлиш арафасида-ку!

— Сизга нима керак?! — деди бутун вужуди титраётган қиз ўзига яқинлашиб қолган йигирма беш ёшлардаги маст йигитга.

— Битта ўпич, — деди йигит иржайиб, — сендай чучмомонинг битта ўпичи мени жаннатга обориб қўяди. Бошқа нарса керакмас сендан!

— Йўқол! Ана, эрим келаяпти, — қўли билан икки юз-уч юз метр нарида қадам олиши тезлашган Мурод томонга ишора қилди Шаҳло, — спортсмен, башарангни бузиб ташлайди!

Йигит секин у кўрсатган тарафга қаради.

— Ҳе, — деди сўнг қизга юзланиб, — анави хотин билан келаётган болами?! Сўтак-ку! Ҳақиқий эркак мана биз бўламиз!

Маст йигит аввал кўкрагига муштлаб урди, сўнг Шаҳло томон қўлини чўзди.

— Йўқол дедим! — бақириб юборди қиз. — Тегинма!

Унинг овозини Мурод ҳам эшитди. Бир зум юришдан тўхтади, сўнг югура бошлади.

— Ҳоой! Қўлингни торт! Ўлдираман!!! — дея бор овозда бақирарди у.

Бироқ бутун ўй-хаёли Шаҳлода бўлган маст йигитнинг қулоғига унинг гаплари кирмади. Шериклари эса оёғи деярли ерга тегмай елиб келаётган йигитга қарашди-да, сўнг бир-бирларига юзланишди.

— Толмас, бугун роса қўлим қичиганди. Сабабини энди билдим, — деди бири иккинчисига.

— Менинг оёғимда шунақа дард бор. Касалдан қутуларканман-да, — деди иккинчиси.

Уларни иккаласи ҳам ҳиринглашиб енг шимаришди.

Кўп ўтмай, Мурод етиб келди. Бу пайтда, гарчи Шаҳлонинг қўлидан тутишга мастлиги халақит берган бўлса-да, сумкасидан ушлаб олган йигит уни ўзига тортар, қиз эса унга ёлвориб:

— Қўйворинг!.. Қўйворинг!.. — дея ялинарди.

Муроднинг кўзига ҳеч нарса, яъни уни пойлаб турган икки йигит ҳам кўринмасди. Шу боис у оёғидан чалишганини сезмади ва бирдан умбалоқ ошиб кетди. Шу йиқилишнинг ўзида у бошини асфальт устидаги тошга уриб олиб ёрганди. Оғриқни сезадиган аҳволдан йироқ бўлган Мурод ўрнидан сапчиб турди ва ҳали-ҳамон шилқимлик қилаётган йигитнинг қўлидан ушлаб ўзига қаратди-да, башарасига мушт туширди.

* * *

— Нима қилишни сиздан сўрамайман, боринг, янгани чақиринг! — дея ўқрайиб қаради Қоплон Ғайбуллога.

Шу қарашининг ўзиёқ Ғайбуллонинг суягигача тешиб юборди. У киприклари пирпираб, пилдираганча эшик ортида бир аҳволда деворга суяниб турган хотинининг ёнига борди.

— Кир, — деди меҳмонхонага бир қараб олгач, — сени сўраяпти, укангнинг ҳамма қилиқларини айтиб бер. Бизга тинчлик берсин де. Эримни ургани камлик қилганидай, менгаям икки-уч шапалоқ туширди де.

У кейинги гапларини овозини пасайтириб айтди. Унинг пичирлашини эшитиб қолган милиционер мийиғида кулиб қўйди.

Раъно рўпарасига келиб ўтиргач, шундай ўқрайдики, бечора аёл нима қиларини билмай типирчилаб қолди.

— Нега бозорда жанжал кўтардингиз?!

Бунақа савол бўлишини кутмаган Раъно бақа бўлиб қолди. Унинг фақатгина киприклари қимирлар, ранги оқаргандан оқарар, боши айланарди.

— Ме… Ме… Мен, — деди у дудуқланиб, — бозорга бормаганимга бир йилдан ошиб қолди-ку!

— Ёлғон гапирманг, куни кеча бозорда қассоб билан уришгансиз, уни юлгансиз, кейин худди шу шаллақилигингизни уйга келиб эрингизга қилгансиз, бунинг устига, укангиз, анави зўравон спортсмен, ёстиқдошингизни хуморидан чиққунча тепган, унга сиз ҳам қўшилгансиз… Бу фактларнинг ҳаммаси менда бор, яширганингиз билан жиноятингиз салмоғини оширсангиз оширасизки, аммо ҳечам…

Қалтираётган Раъно йиқилиб кетмаслик учун столни ушлади. Қоплон билдики, яна озгина шунақа пўписа қилса, ўзидан кетиб қолади.

— Сизнинг мутлақо айбингиз йўқ, — деди Қоплон Раънони ҳайратлантиришда давом этиб, — барига эрингиз айбдор. У сизни ураётганида укангиз келиб қолган-у, аччиқ устида поччасига бир-иккита шапалоқ туширган бўлиши мумкин, ҳолбуки, бу шапалоқлар сиз еган калтакларингиз олдида ҳолва. Буни афт-ангорингиз ҳам айтиб турибди. Ғайбуллобой, яъни сизнинг эрингиз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бўҳтонларни ҳам устингиздан ағдарди. Шу пайтгача унинг гапларини гапиргандим, шунинг учун мени кечирасиз. Энди бўшсиз, опа. Бемалол ишларингизни қилаверинг, эрингиз эса мен билан бирга кетади. Отделда озгина хат-ҳужжат ишларимиз бор, у билан биргаликда қиламиз. Ҳа, олдиндан айтиб қўяй, сиз хавотир олманг, хўпми?..

Раъно бирон нима дейишга тили айланмас, ҳали-ҳамон ҳайратланар, бўлаётган воқеалар тушида кечаётгандай эди. Шу боис милиционер ўзи билан бирга эрини ҳам олиб кетганини сезмай қолди. Фақат катта қизи бўйнига осилиб:

— Ойижон! — дея йиғламсираб гапирганидан кейингина ўзига келди. Худди уйқудан уйғонгандай чўчиб тушди. Атрофига олазарак боқди.

— Ойижон! — такрорлади қизи. — Нималар бўляпти?!

— Милиционер амаки қани? — сўради Раъно қизидан.

— Дадам билан чиқиб кетишди.

— Қаёққа, нега чиқиб кетади? Дадангни қамаб қўйишса нима қиламиз?! — дея Раъно ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, аммо мувозанатини йўқотиб яна жойига ўтириб қолди ва йиғлаб юборди.

* * *

— Проводник танишим бўлади, ҳозир айтсам, поездни тўхтатади. Кейин сизларни милицияга берворади. Яхшиликча чиқиб кетинглар! — деди кўзлари олайиб кетган Юлдуз.

— Биз чиқайлиг-у, сизлар кайфу сафо қилинглар, шундайми? Вой… Вой, шунақанги аҳмоғингни топдингки, қизалоқ, тенги йўқ. Ундан кўра, кел, бир бағримда эркалайин.

Унинг гапига шериги ҳиринглаб кулди.

— Менимча, бошқа адресга тушиб қолдиларинг, — деди ниҳоят гапга аралашган Шоҳруҳ.

— Буни қара, — деди биринчи барзанги ёнидагига кўз ташлаб қўйиб, — молокасоснинг тили бор экан. Суғуриб олмаймизми-а?

— Зўр бўлади-да, — дея босқинчиларнинг бири йигитга яқинлашди. Пичоғини Шоҳруҳнинг кўксига тирамоқчи эди, улгурмади, ияги остидан шунақанги кучли мушт тегдики, кўз олди қоронғилашиб, орқа мияси билан эшикка урилиб, шилқ этганча полга қулади.

— Вой мараз! — деди капалаги учиб кетган навбатдаги босқинчи. — Сен ҳали…

Унинг қолган гаплари ичида қолди. Шоҳруҳ жуда чаққонлик билан аввал унинг қорнига, энгашиб қолгач, умуртқасига зарба берди. Йиқилган душманни бир-икки тепмоқчи ҳам эди, аммо Юлдуз:

— Бас! — деб бақириб юборди.

— Нега?! — деди ўзини боса олмай титраётган Шоҳруҳ унга қараркан.

— Ўлиб қолишмасин.

— Шуниси яхшимасми?

— Йўқ, улар керакли одамлар.

— Ни-ма?!

— Эшитганингиз, — деб Юлдуз ўриндиқдан пастга тушди, — лекин бопладингиз. Аслида булар бундан ҳам ортиғига лойиқ. Ландавурлар!

— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, — деди Шоҳруҳ бу сирли қизга ҳайратланиб боқаркан, — булар сизнинг танишларингизми? Танишларингиз бўлса, нега пичоқ кўтариб келишди?

— Биласизми, сизни вокзал ичида кўрганимдаёқ бошқача фикрга келдим. Кўзингизда ўт бор. Қонингиз қайноқ…

— Нима бўпти шунга… Озгина ёрдам бериб, кейин устидан куламан, деб ният қилганмидингиз?

Юлдуз жилмайди. Табассуми шунчалик мафтункор эдики, биров уни қилни қирқ ёрадиган, бир нечта алпқомат йигитлар устидан ҳукмронлик қилади, деб ўйламасди. У жудаям назокатли, бошқача айтганда, севилишгагина лойиқ қиз дейилса, тўғри бўларди.

— Синамоқчийдим, — деди Юлдуз.

— Синамоқчийдим?! Қанақа синов?

— Кейин тушунтириб бераман қолганини.

Қиз иккала босқинчининг ҳам ўрнидан туришига кўмаклашди. Сўнг уларнинг қўлларига сочиқ тутқазиб, ювиниб келишга чиқариб юборди. Ортидан ўзи ҳам қаёққадир кетди.

Ёлғиз қолган Шоҳруҳнинг боши ғувилларди, нималар бўлаётганига ақли етмасди. Уни: “Бу қиз ким?” — деган савол сиқувга олмоқда эди. У стол устида турган ароқдан пиёлага тўлдириб қуйди-да, бир кўтаришда ичиб юбориб, қотиб қолди. Чунки шишага ароқ эмас, сув тўлдирилган эди. Буни қарангки, худди шунақа бўлишини олдиндан билгандай, Юлдуз кириб келди. Яна ўша табассум. Унинг ортидан:

— Синамоқчийдим, — деган гап.

Бир тарафдан, Шоҳруҳнинг жаҳли чиқди. Иккинчи томондан, ажабланди. Буларнинг бари нима мақсадда қилинаётганига ақли етмасди унинг.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here