Мафия сардори (14-қисм)

0

Юлдуз бошқа сўз айтмай, жойига ўтирди, лекин гўзал табассумини Шоҳруҳдан аямади. Бундан қизариб кетган йигитнинг ҳам тили айланмай қолди. Ички ҳаяжони сира босилай демас, тез-тез нафас оларди.

Бўлмага яна бир йигит кириб келди. Бу ҳам синовчиларнинг бири бўлса керак, дея ўйлаган йигит унга бургут қараш қилди. Бироқ келувчи Шоҳруҳга эътибор ҳам бермай, Юлдузнинг ёнига ўтириб:

— Хабар келди. Яна Пахмоқ эгаллаб опти. Икки вагон туширибди, ярим нархида сотаётган эмиш. Болалардан учтасининг абжағини чиқариб ташлабди, — деди.

Юлдузнинг бирдан қошлари чимирилиб, юзи жиддий тус олди. Энди нигоҳидан ўт чақнамоқда эди.

— Ярамас! — деди у қўлларини мушт қилиб тугиб. — Ҳар доим оёғимдан чалишга уринади. Мен обораётган мол энди ачиб-бижғиб қолавераркан-да… Пермга телефон қилинглар, тез!

— Хўп, — дея йигит илдам юриб бўлмадан чиқиб кетди.

Қиз эса сумкасини олиб ичидан ён дафтар билан калькулятор чиқарди-да, алланималарни ҳисоблашга тушиб кетди. Бир соатлар бош кўтармади. Ҳисоблайверди, ҳисоблайверди ва аллақандай сонларни ён дафтарчага ёзаверди. Охири натижадан қониқмади, шекилли, қўлидагиларни вагон деразасидан улоқтирди.

— Мана шунақа! — деб бақирди у Шоҳруҳга. — Бизникилар думини қисиб юришади, бошқалар келиб оғзимиздаги нонни тортиб олишади!

— Менга нима дейсиз, ёрдамингизни пеш қилаяпсизми?! — деди қизнинг ҳаддидан ошиб кетганидан жаҳли чиққан Шоҳруҳ.

— Сиз ҳам юрибсиз-да аммамнинг бузоғига ўхшаб, қўлингиздан битта билет олиш келмайди. Бунча ношудсизлар?..

— Ўзингизни босиб олинг, яхши қиз, ҳақорат ҳам эви билан. Яхшиямки, қиз боласиз, йўқса…

— Туринг ўрнингиздан! — деди ўткир нигоҳини йигитга қадаган қиз Шоҳруҳнинг гапини охиригача эшитишни истамай.

— Буйруғингизни бошқаларга қилинг.

Шоҳруҳ шундай дейиши билан кўкрагига тепки тегди. Юлдуз юқори қаватга осилганча иккала оёғи билан бараварига унга зарба берган эди. Кўксида оғриқ пайдо бўлган йигит ўрнидан сапчиб турмоқчи бўлди-ю, лекин қизнинг антиқа чалишидан полга ағанади. Шоҳруҳ учун бундан ортиқ шармандалик йўқ эди. Юрагига биров ханжар санчгандай бўлди. У важоҳат билан ўрнидан турди, аммо шу пайтнинг ўзидаёқ Юлдуз қайчи усулда оёқлари билан бўйнини қайирди. Сал қолди йигит бечоранинг бўйни синиб кетишига, лекин шу сафар қиз йигитни ағдаролмади. Унинг оёқларидан маҳкам ушлаган Шоҳруҳ “қайчи”ни очиб юборди-да, Юлдузнинг елкасига мушт туширди.

— Имм! — деди қиз ва секин ўтираркан. — Уятинг йўқ экан, қиз бола демадинг-а, аямадинг-а!

— Қиз болалигингни билсанг, эчкига ўхшаб сакрайвермасдан қиз болага ўхшагин-да! — деди ҳамон қўллари мушт йигит шаштидан тушмай.

— Кенгроқ жой бўлганида, ким эчкига ўхшашини кўрсатиб қўярдим, — деди Юлдуз.

— Агар ўғил бола бўлганингда жағингни синдирардим.

Қиз ўрнидан туриб елкасини уқалади-да, аччиқ жилмайди. Сўнг кутилмаганда йиғлаб юборди. Кўкраклари силтаниб, ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Шоҳруҳнинг муштлари ёзилди. Кўзида ачиниш аломатлари пайдо бўлди. Секин Юлдузнинг ёнига яқинлашиб:

— Қаттиқ оғрияптими? — деди.

Юлдуз унга ялт этиб қаради. У ёшли кўзлари билан жилмаяр эди. Буни кўрган йигит бутунлай довдираб қолди.

— Адашмабман, — деди Юлдуз пичирлаб.

— Нимага, нимага адашмайсан?

— Сизни танлашда.

— Тушунмадим.

— Ана шунақа, тушунмайсиз-да… Ҳурматингизни қилиб сиз деяпманми, мени ҳам сиз денг.

— Майли… Ўзинг бошладинг-ку!..

Уларнинг суҳбати узилиб қолди. Ювиниш учун кетган икки “зўравон” бўлмага кириб келди. Улар қизнинг кўзида ёш кўришлари билан ёнидан пичоқ чиқаришиб, Шоҳруҳга ташланиш учун хезланишганда, Юлдуз тўхтатди.

— Шодликдан йиғлаяпман, — деди у, — мен яна ўзига ишонган бир йигит топдим. Сезгим алдамабди. Яна шунақа беш-олти йигит топсам, азарларнинг кунини кўрсатаман.

Шоҳруҳ эндигина ниманидир англагандай бўлди. Демак, қиз бекордан-бекорга унга ёрдам бермаган. Ўзининг қандайдир ечилиши қийин бўлган муаммоси бор, шекилли, умрида кўрмаган беш-бегона йигитга кўмак берган.

Юлдуз дарров кўз ёшларини артди-да, йигитларига бошқаларни ҳам чақириб келишни буюрди. Сўнг Шоҳруҳга аввалгидай табассум ҳадя этаркан:

— Барибир сизни ҳали кўп тайёрлашимиз керак. Муштлашишингиз яхши, лекин мен қониқмадим. Ҳар қалай, қиз бола бўла туриб икки марта ағдардим-ку!..

Унинг гапларидан яна Шоҳруҳнинг асаб торлари таранглашди. Шундай бўлса-да, у ўзини ҳам, тилини ҳам тийди.

— Ҳечқиси йўқ, — давом этди Юлдуз, — шундай тайёрлашадики, ас бўлиб кетасиз.

— Сиз ўзингизча менинг устимдан ҳукм ўқиб қўйяпсизми?

— Ҳа. Мен билан ишлайсиз. Чунки қарздорсиз. Мен оладиган битта билетнинг нархи қанча туришини биласизми?

— Ҳар қалай, осмонмасдир.

— Ўн минг “кўк”ида.

— Нималар деяпсиз?

— Қулоғингиз, менимча, ҳали оғирлашмагандир.

— Адресингизни беринг.

— Нима қиласиз?

— Ҳозир поезддан тушиб қолиб, шу пулингизни топиб, олиб бориб бераман.

— Кўринишингиздан аҳмоққа ўхшамайсиз-у, аммо айтаётганларингиз фақатгина аҳмоқларнинг оғзидан чиқади. Чунки мен ҳар доим клиент келишувимизни ўзининг зиёнига бузсаям, охиригача ишлайман. Қачонки, иш битиб, ҳамма ўз долясини олиб бўлади, ундан кейин тарқаламиз.

У гапираётганида турли ёшли, турли жуссадаги беш киши бирин-кетин кириб келди. Юлдуз уларнинг биронтасига ҳам эътибор бермай, сўзлашда давом этди.

— Тихирлик қилаяптими? — деди келганлардан бири Юлдузнинг ўриндиғига ўтираркан.

— Менимча, бир-биримизни яхши тушундик. Бундан бу ёғига биз билан ишлайди. Агар қочадиган бўлса, ернинг тагидан бўлсаям топаман. Кейин ўзидан кўрсин, — деди Юлдуз ҳамон Шоҳруҳдан кўзини олмай.

— Мени малай қилиб оламан деб ўйласангиз, адашасиз, — деди Шоҳруҳ ўзини ноқулай сезиб.

Юлдуз кўзини юмди. Талай муддат шу тахлит ўтирди. Жимжитлик. Биров сўз қотмайди. Қулоққа поезд оёқларининг темир изга тегиб чиқарган овозларигина эшитиларди.

— Сизни малай қилиш ниятим йўқ эди, лекин сиз бўласиз. Фақат менга эмас, азарлар ёки гуржиларга. Итдай хизмат қиласиз-да, итдай ўлиб кетасиз. Сизни ақли расо, фаросатли йигит бўлса керак, деб ўйлагандим. Адашибман. Билагингизда кучингиз бўлгани билан, бошингизнинг ошқовоқдан фарқи йўқ экан. Сизга қилган ёрдамларимнинг ҳаммасидан кечдим. Сариқ чақангиз керак эмас. Энди купени бўшатиб қўйинг. Сизга ўхшаган кимсалар билан битта купеда кетишдан ор қиламан!

Юлдуз дона-дона қилиб, аллақандай алам, нафрат билан гапирарди. Унинг сўзларидан кейин нафақат Шоҳруҳ, балки, ўзининг йигитлари ҳам бош эгиб қолишди. Қизнинг эса кўзидан ёш сизиб чиқди. Ана шу кўз ёш Шоҳруҳни йўлдан қайтарди. У қаққайганча тураверди.

— Жамол ака, — деди Юлдуз ёнидаги йигитга, — эшикнинг қаердалигини эсидан чиқариб қўйди, шекилли, ёрдам бериб юборинг.

— Қарздор бўлишни хоҳламайман, — деди Шоҳруҳ қизга худди унинг ўзидай тикилиб.

— Қарзингиз унчалик ҳам кўп эмас, Пермгача тамбурда бориб, кейин юкимни туширишга ёрдам берсангиз узасиз, тамом-вассалом.

Шоҳруҳ нарсаларини сумкасига жойлаб, бўлмадан чиқиб кетди. Бу пайтда аллақачон замин узра қоронғилик этагини ёзган, ҳаво ҳам анча салқинлашганди. Йигит жунжикиб қўлларини кўксига чалиштирди.

Орадан икки соатча ўтиб оёқлари толиқди. Кўзи ҳам юмилиб кетаверди. Вагонга суяниб, тик турганча ухламоқчи бўлди. Эплаёлмади. Уйқу элтгандай туйилди-ю, аммо йиқилиб кетишига сал қолди. Охири чидолмаганидан, сумкасини елкасидан олиб, устига ўтирмоқчи бўлганида, тамбурда Юлдуз пайдо бўлди. Йигит билан қиз бир-бирига бир неча сония тикилиб қолишди.

— Юринг, манзилга етгунча менинг купемда бўласиз, яна сиз шамоллаб, мен уволингизга қолиб ўтирмайин, — деди Юлдуз.

— Қарзга ботишдан кўра шамоллаш афзалроқ.

— Шу сафар текин.

Қиз бошқа гапирмади. Орқасига бурилиб, бўлмаси томон кета бошлади. Унинг ортидан бироз қараб тургач, Шоҳруҳ ҳам юрди.

Юлдуз эртасига тушгача Шоҳруҳга гапирмади. Фақат аҳён-аҳёнда келиб турган ўзининг одамлари билан гаплашди. Майда-чуйда гап эмас, ҳаммаси бир-биридан йирик. Айтилаётган миллионлар эса, Шоҳруҳнинг оғзини очиб қўйди. Назарида, Юлдуз исмли соҳибжамол озгина ҳаракат билан пулнинг тагида қолиб кетадиганга ўхшарди. Айни чоғда у шунақанги муаммоларни ўртага ташлардики, гўё уларнинг ечими йўқдай эди.

Кўп сўзлаганидан қиз чарчади.

— Жамол ака, анави Петкага яна телефон қилинг, балки оп қолар, агар уни тополмасак, ишимиз баттар расволашади, — деди.

Шундан кейин йигитлар чиқиб кетишди. Қиз жойига чўзилиб, чойшаб ёпинди-да, кўзини юмди. Шоҳруҳ эса вагон деразасидан ташқарига қаради. Сўнги кўринмайдиган қумликларни, саксовулларни кузатган бўлди. Дарров зерикди. У ҳам ётмоқчи бўлиб Юлдузга кўз қирини ташлаган эди, қизнинг ухламасдан шифтга қараб ётганини кўрди.

— Мен сиз билан бирга ишлайман, — деди.

Қиз унга юзланди. Жилмайди.

— Нега ўзгариб қолдингиз? — дея сўради.

— Билмадим, ишларинг қизиқ туйилди, шекилли.

— Қийналиб қолишдан қўрқмайсизми?

— Қиз бола қўрқмайдиган ишдан мен қўрқсам уят бўлар.

— Бировга малайлик қилмайман, дегандингиз-ку!

— Бирга ишлайман, деяпман, малай бўламан демаяпман-ку.

— Малайликдан баттар бизнинг иш.

Шоҳруҳ индамади. Бир муддат дераза тарафга қараб турди, кейин у ҳам ётди.

Перм вокзалига етганларидан кейин йигит билдики, Юлдузни бор-йўғи учта эмас, балки етти киши қўриқлаб келган экан. Шоҳруҳ шундан англадики, бу қиз бошқалардай оддий қиз эмас. Унинг отаси, акаси ёки шунга ўхшаш биронта яқин одами — камида катта амалдор. Яна шу нарса аниқки, бундай ўта гўзал, тағин сўнгги модада кийинадиган қизларнинг ошиқлариям мўл бўлади. Эҳтимол, ана шундай ошиқлардан биронтаси унинг ортида тургандир. Қизни қўриқлаб юрган йигитларни ҳам шу одам қўйгандир. Ҳартугул, ота ёки ака беш-олтита эркак билан қизнинг ёлғиз ўзини жўнатиб қўймайди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here