Мафия сардори (15-қисм)

0

Поезддан тушишиб, ўн-ўн беш қадам юришлари билан оқ-сариқдан келган, бошига шапка, эгнига қора коржома кийган, лабига сигарета қистириб олган, узун бўйли, шунга яраша елкалари кенг йигит пешвоз чиқди.

— Петенка, одам шунақа ҳам ҳазил қиладими? — деди Юлдуз уни кўриши билан соф рус тилида.

Петенка деганлари қўлларини икки ёнига ёзиб:

— Ҳазил менинг жоним, — дея иржайди.

— Ўша ҳазилингни деб, ўлиб кетишим мумкин эди-ку?

— Мана ўлмабсан.

Улар қўл бериб кўришишди. Петканинг эътиборини дарров Шоҳруҳ тортди.

— Бу йигитингни аввал кўрмагандим, — деди у Шоҳруҳнинг қўлини сиқаркан.

— Захирадагилардан, шу сафар керак бўлар, деб олиб келдим, — дея унга жилмайиб жавоб қилди Юлдуз. — Петка, нега телефонларингнинг ҳаммаси ўчирилган? Сен билан қўнғироқлашамиз деб келишгандик-ку!

— Шунақа бўп қолди, гўзал қиз, шунақа. Истаган пайтингда ёмғир ёғдириб, истаган пайтингда уни қорга айлантиролмайсан. Бу иш ёлғиз Худонинг қўлидан келади. Кўп туриб қолдик.

Петка Юлдузни қўлтиқлаб олди-да, унга алланималарни гапирганча кета бошлади.

Шоҳруҳ уларнинг ортидан эргашди. Вокзалнинг нариги ёғида, йўл бўйида иккита қора “Мерседес”, уларнинг ортида фургонли машиналар турарди. Юлдуз Петка билан суҳбатга шунчалик берилиб кетган эдики, ўртадаги “Мерс”га ўтираётиб ҳам, ортига бурилиб қараб қўймади.

Уч кунга яқин бир бўлмада у билан суҳбатлашиб, керак бўлса, уришиб ўрганиб қолган Шоҳруҳга қизнинг қилиғи бироз оғир ботди.

Улар шаҳарнинг антиқа ресторанига киришди. Шоҳруҳ қизнинг бошқа йигитлари қатори умумий залда ўтирди. Юлдуз эса Петка билан алоҳида хонага кириб кетди. “Наҳотки, шу ўрис билан юрса, — ўйлади у, — қуриб қолганмикин ўзбек зоти? Поездда ўзини тутишидан, бошқача қиз деб ўйлагандим. Адашган эканман-да. Ўзи бекор у билан ишлашга рози бўлибман. Балки ҳали ҳам кеч эмасдир, индамай ўрнимдан туриб кетворсамми? Йўқ, менимча, кейинроқ, озгина сабр қилай-чи, булар яна нима кароматлар кўрсатишаркан?”

У ўйини охирига етказмасидан, стол турли ноз- неъматлару егуликлар билан тўлдирилди. Гарчи нонушта қилишмаган бўлса-да, Юлдузнинг йигитлари тотинишдан ўзларини тийиб туришди. Шунингдек, Шоҳруҳ ҳам. Фақат у йигитларнинг нега тамадди қилишмаётганини тушунмасди. Орадан бироз ўтгач эса Жамол безовталанди. Юлдуз кириб кетган хонага тез-тез қараб қўя бошлади. Унинг безовталаниши аста-секин кучли ҳаяжонга айланди ва у чўнтагидан латтага ўралган бир нимани олиб столнинг тагига тиқди.

— Бек, — деди ёнида ўтирган йигитга, — телефон қил. Чўзилиб кетди.

Бек бошқаларга нисбатан жуссаси кичик, аммо нигоҳи ўткир, қорачадан келган йигит эди. У чаққонлик билан қўл телефонидан рақам терди. Қулоғига қўйди. Бироз кутди. Сўнг Жамолга юзланиб, бошини қимирлатди-да, “йўқ” ишорасини қилди. Аллақачон нигоҳлар билан гаплашишнинг ҳадисини олган йигитлар деярли бир вақтда ўринларидан туриб, Юлдуз кириб кетган эшикка яқинлаша бошлашди. Худди шу маҳал бошқа томондан иккита барзанги уларнинг олдини кесиб чиқди.

— Сизларга бу ёққа кириш мумкин эмас, — деди улардан бири.

— Хонимнинг чиқиши чўзилиб кетди, — деди унга хўмрайиб қараган Жамол.

— Керак бўлса ўзлари чиқишади. Жойингга бориб босиб ўтир. Суҳбатга халақит берма.

Қўпол сўзлар жамланмасидан тузилган гапга Жамол пинагини ҳам бузмади. Барзангига совуқ иржайиб қараркан:

— Беш дақиқа кутамиз, кейин киритишга мажбурсан, — деди паст, аммо кескин овозда.

Бу гап барзангини ҳам тиржайтирди, холос.

— Тушунмадим, — деди Бек жойига келиб ўтиришгач, уч стол нарига соқоллари ўсиқ, бурунлари узун йигитлар келиб жойлашганини кўриб, кўзи билан ишора қилиб уларни Жамолга кўрсатаркан.

— Юлдузга телефон қил, ўйин бўлаётганга ўхшайди.

Бек Юлдузнинг рақамини теришга улгурмади. Унинг ўзи Петка билан бирга олдинма-кейин чиқишди. Шоҳруҳ қизнинг юзи қизарганини дарров сезди. У жилмаярди-ю, лекин табассумининг сохталиги шундоққина кўриниб турарди.

— Тинчликми? — сўради Шоҳруҳ қиз ёнгинасидаги стулга ўтириши билан ичи ёниб.

Бундай савол асли Жамолдан чиқиши лозим эди. Бироқ у улгурмади. Оғиз жуфтлади-ю, ўзидан олдин сўз бошлаган Шоҳруҳга қараб қўйди. Айни пайтда кўнглининг чеккасида ғазабга ўхшаш бир нарса ҳам пайдо бўлди. Чунки у турганда, Шоҳруҳ тугул Юлдузнинг бошқа йигитлари ҳам тилларини тишлаб туришади. Шундай ёзилмаган, айтилмаган қонун бор. Бироқ ҳозир бировдан аччиқланишнинг мавриди эмасди, шунинг учун ҳам Шоҳруҳга бир қараб қўйиш билан чегараланди, холос.

— Тинчлик, — дея кулган бўлди Юлдуз ва қадаҳни ароққа тўлдирди-да, бир кўтаришда ичиб юборди.

— Хоним, — деди шу маҳал унинг ортидан келган Петка, — ёнингизда менга ҳам жой топилса керак.

Юлдуз ўз йигитларининг даврасига қўшилаётганида Петка боя Жамол билан Бекни орқасига қайтарган барзангилар билан гаплашиб қолганди.

— Бемалол, — деб Юлдуз Шоҳруҳга қараб қўйди.

Унинг нима демоқчилигини англаган Шоҳруҳ дарров ўрнидан туриб, Петкага жой бўшатди.

— Мана шу йигитинг, — деди Петка ўтирганидан кейин Шоҳруҳга юзланиб, — бошқаларига сира ўхшамайди. Ҳайронман, аввал нега олиб юрмасдинг? Бундай болаларни захирада тутиб бўлмайди.

— Сенга совға! — деб жавоб қилди Юлдуз Петкага еб қўйгудек тикилиб.

— О-о, совға! Совғаларни жуда яхши кўраман. Айниқса, тиригини!

Шоҳруҳнинг бирдан қони кўпчиди. Қўлини мушт қилиб, тишларини бир-бирига босди. Зеро, у илгари четга йигит-қизларни алдаб олиб бориб, сўнг сотиб юбораётганлар ҳақида кўп эшитганди. “Вой, ифлос, ҳали шу ниятда мени олиб келганмидинг? — дея хаёлидан ўтказди у. — Сендай гўзал шунақа ишлар билан шуғулланади, деса биров ишонмайди. Лекин хато қилдинг. Мени осонликча тўрингга туширолмайсан”.

Юлдуз унга жилмайиб қўйди. Бу ҳаммасидан ошиб тушди.

— Мен ўзимни соттириб қўядиган одамларданмасман, — деди Шоҳруҳ унинг табассумига жавобан.

— Жиннивой, — дея эркалаган бўлди уни Юлдуз.

— Нима деяпти? — сўради ҳеч вақога тушунмаган Петка.

— Ўзаро гап, ишга алоқаси йўқ, — изоҳ берди қиз. Унинг юзи янада жиддий тус олган, нимадандир безовта эди у. — Ишга кўчайлик. Шунча гаплашсак ҳам, барибир ҳал бўлмади.

— Одамларингнинг ёнидаям гаплашаверасанми? — деди Петканинг ҳам қиёфаси тундлашиб.

— Булардан яширадиган сирим йўқ. Демак, қўлингдан ҳеч вақо келмайди. Мен олиб келган молимни ерга ағдараман-у, орқамга қайтаман, шундайми?

— Вазият ўзгарди, деб неча марта айтишим керак?

— Бўпти, келишдик. Сен четда турасан. Ўзим молниям тушираман, сотаман ҳам. Лекин халақит берма. Орамизда уруш чиқишини истамасанг керак.

— Оҳ, аёллар, аёллар, сизлар билан ишлаш нақадар оғир. Шунақанги сирлисизларки, буни билиш учун эркак зотининг умри етмайди. Хоним, мен сизга аниқ-тиниқ қилиб айтдим. Овора бўласиз. Аллақачон сизнинг юкингиз ҳақида маълумот олишган. Етиб келиши билан, эгалари…

— Эгаси менман, — деди Юлдуз Петканинг гапини бўлиб ўзини кўрсатаркан. — Тирик эканман, мендан бошқа одам эга чиқолмайди. Ўша зўравонларингга шунақа деб айтиб қўй… Ҳартугул, базадаги омборхонамга биров тегмагандир. Ёки униям сен орқали топишдими?

— Мен дўстларни ҳеч қачон сотмайман.

— Сотмайсан, лекин сен бечоранинг қўлинг кўрсатиб қўяди-да.

— Бас! Ўзингдан кетма! Қиз бола бўлганинг учун чидаяпман ҳақоратларингга, лекин ҳаддингдан ошадиган бўлсанг, ўзим учун жавоб бермайман! — дея бақириб юборди Петка.

— Қўлингдан қўрқитишдан бошқа ҳеч вақо келмайди.

Петканинг кўзи олайди. Ғазаб билан аввал Жамолга, кейин Бекка, сўнгра Юлдузга қаради. Ёнидан сигарета олди. Ўпкасини тўлдириб тутун ютди. Ана шундан кейин унинг йигитлари ҳаракатга тушиб қолишди. Бирдан беш киши югуриб келиб ўтирганларнинг атрофини ўради. Ҳар бирининг қўлида тўппонча.

— Бунчалик қуён юраклигингни билмаган эканман. Аввалдан билганимда, сендақаларни мутлақо ёнимга яқинлаштирмасдим, — деди жаҳли чиққанидан қизариб кетган Юлдуз чаққонлик билан Петканинг биқинига тўппончасини тираркан, — югурдакларингга айт, “ўйинчоқ”ларини орқаларига тиқишсин-да, бу ерда қораларини ҳам кўрсатишмасин.

Петка сигаретасини шошилмасдан кулдонга эзди. Сўнг йигитларига боши билан ишора қилиб кетишларини буюрди.

— Баракалла, калланг ишлайди, — деди мийиғида кулган Юлдуз, — энди биз кетамиз, боплаб меҳмон қилдинг. Бир умр эсдан чиқмайди.

Петка бошини эгди. Ғазаби бўғзига келган, аммо шу ернинг эгаси бўлса-да, битта ҳам ортиқча ҳаракат қилишга ҳақи йўқ эди унинг.

Шоҳруҳ Юлдузнинг ёнида юрди. Қўрқди. Бунақанги кескин гаплардан кейин, албатта, унга ҳужум бўлади деб ўйлади. Уни қаттиқ ҳимоя қилгиси келаётган эди. Яна кўнглида аллақандай қизғанишга ўхшаш бир нарса ҳам пайдо бўлганди.

Ташқарида уларни бошқа — Россияда ишлаб чиқарилган машина кутаётганди. “Тузоқ бўлмасин тағин бу?” — дея ўйлаган Шоҳруҳ машинага ўтирганидан кейин билдики, ҳайдовчиси ўзбек экан.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here