Мафия сардори (16-қисм)

1

Улар шаҳар ташқарисига чиқишгач, ёши етмишдан ошган кампирникига қўноққа киришди. Кампир аввалдан Юлдузни яхши таниркан, қучоқ очиб кутиб олди. Айланиб-ўргилиб ҳаммани уйига таклиф қилди. Дастурхон ёзди. Бор егулигини меҳмонлар олдига қўйди, ўзи эса Юлдузнинг ёнига ўтирди.

— Ўзимнинг қизим, гўзал қизим, — дея эркалади.

Шу пайтгача қовоқларидан қор ёғаётган йигитларнинг ҳам, Юлдузнинг ҳам чеҳраси очилди. Иштаҳа билан тамадди қилишди. Озроқ ичкилик ҳам бўлди. Сўнг кампир қиз билан бирга бошқа хонага кириб кетди.

Шу билан Шоҳруҳ эртасига пешингача Юлдузни кўрмади. У хонадан мутлақо чиқмади. Бу сирли йўқолув Шоҳруҳни ўйлантириб қўйди. У хаёлан минг бир кўчани айланди. Бироқ Юлдузнинг нега кўриниш бермаётганини барибир билолмади. Йигитлар эса шод-хуррам эдилар. Бир-бирлари билан ҳазиллашар, қарта ўйнашар, ора-чора пиво ичишарди. Улар кампирни егулик учун бошқа безовта қилишмади. Бек бозор қилиб келди. Кампир эса масаллиқлардан таом тайёрлаб берди.

— Мол кепти. Бизни кутишаяпти, — деди ниҳоят хонасидан чиққан Юлдуз йигитларга.

Унинг шу кўриниши, қарашлари Шоҳруҳ илк маротаба вокзалда кўрган ҳолдагига қайтган эди. Кўзи чақнарди.

— Базага туширамиз, ҳамма нарсага тайёр бўлинглар, — деди қиз гапини давом этказиб.

База билан кампирнинг уйи оралиғи икки ярим соатдан мўлроқ йўл экан. Шоҳруҳ қайинлару арчазорларни, кейин бир-биридан баланд иморатларни томоша қилавериб чарчади. Охири машина деразасига бошини қўйиб хаёл сура бошлади. Акаларини, янгаларини эслади. Ичида алам ўти ёнди. Қўли муштга айланди, кўзида ёш пайдо бўлди. Чуқур хўрсиниб қўйди.

Ниҳоят, машина вокзалдан унчалик узоқ бўлмаган, кўринишидан бирмунча хароба, каттагина дарвоза ёнида тўхтади.

— Жамол ака, — деди Юлдуз, — бориб айтинг, дарвозани очишсин.

Жамол икки дақиқача дарвозани урди. Аммо ичкаридан биров садо бермасди.

Юлдуз бир кафтига иккинчи қўлини мушт қилиб тез-тез ура бошлади. Бу унинг асабийлашаётганидан дарак берарди. Унинг ички ҳаяжони тилига ҳам кўчиб:

— Падар лаънатилар, нега очишмайди, ўлиб қолишганми? — деди ва ортига ўгирилиб Шоҳруҳга юзланди-да:

— Бориб тепинг, — дея буйруқ берди. Шундоғам қизнинг безовталигидан жойида зўрға ўтирган йигит машинадан отилиб тушди-да, илдам юриб дарвоза ёнига борди. Аммо тепишга улгурмади. Дарвозанинг кичик табақаси очилиб, калбош, соқоли ўсиб кетган, уст-боши исқирт, алкашнамо бир одам кўриниш берди.

— Онангнинг уйига келдингми? — деди у дағал овозда. — Келиб очаяпман-ку, нега тепасан?

— Имиллаб сасиб ётавермасдан, тезроқ очмайсанми, эшак?! — дея бақирди унга Жамол ва уни кўкрагидан итариб юбориб ичкарига бостириб кирди.

— Зўрликни юртингда қиласан. Киришдан олдин эллик граммга берсанг ўлармидинг? — дея ғўлдиради дарвозани очганига афсусланиб.

Юлдуз ичкарига кириб кўрдики, иккала вагони ҳам унинг омборхонаси рўпарасида турибди. Ундаги кучли стресс ҳолати дарров тарқади. Жилмайиб вагонлардан бирини силаб қўйди ҳамда йигитларга гапириш учун ортига бурилди-ю, қотиб қолди. Чунки кўзи бошқа омборхонадан чиқиб келаётган узун-калта, гавдалари ҳам шунга монанд, кўзларидан қаҳр ёғилиб турган йигитларга тушди. Уларни бошлаб келаётган йигитни Юлдуз яхши танийди. Аввал ҳам бир неча марта тўқнаш келган. Исми Арзу. Ҳўл мева билан савдо қилади. Шаҳарни гўё ўзиники қилиб олган, бировни киритмасликка уринади доим. Неча-неча савдогарларни қонига белаган. Юлдузга ҳам илгари таҳдид қилганди. Огоҳлантиргандики: “Агар менинг чегарамни яна босиб ўтадиган бўлсанг, қиз болалигингга қараб ўтирмайман, аввал обдан топтаб, кейин терингни шиламан”. Мана, рўпарасидан чиқиб турибди.

— Сўзимни икки қилганларни жуда ёмон кўришимни биларсан, деб ўйлагандим, — деди рус тилини бузиб талаффуз қилган Арзу Юлдузга етишига беш-олти қадам қолганида тўхтаб, қалин мўйловини силаркан.

— Аёлмисан? — дея Юлдуз бир қўлини вагонга тиради.

— Ҳе…Ҳе…Ҳе, эркаклигимни кўрсатайми? — деди Арзу ёнидагиларга қараб иржаяркан. Унга рўпарадан қараганда, бурнининг узунлиги кўпам билинмасди, аммо ёнидан қарасангиз, бурун қурмағур керагидан ортиқ ўсиб кетганидан унинг турқини баттар хунуклаштириб кўрсатарди. Ёши қирқ бешларга яқинлашиб қолган бу одам шу пайтгача икки марта қамоқда “саёҳат”да бўлганди. Аввалига ўғирлик орқасидан (17 ёшида) беш йил умрини панжара ортига бағишлаган бўлса, кейингисида наша чекиб, кайфда қўшнисини бўғизлаб қўйганди. Турмада ҳам тинч ўтирмади. Оқибатда, иккала юзига ҳам чандиқдан нақш бериб, кейин озодликка чиқди. Пермга беш йил аввал келган ва шароитни тезда ўрганиб чиққач, атрофида ўзига ўхшаш дордан қочган одамларни тўплаган эди. Унинг тўпорилиги қолган бўлса-да, илгаригидай гўл эмасди.

Зўравонлик қилиш билан бирга кўпчилик амалдорларнинг томоғини мойлашнинг ҳам ҳадисини олганди. Шу боис дарров ошиғи олчи бўлди. Бир ўзи бутун шаҳарни мева-чева билан таъминлаб, чўнтаги ҳаддан зиёд бақувватлашиб кетганди. Энди унинг олдини унча-мунча одам кесиб ўтолмайди.

— Осилган этингга ишониб, эркакман деб юрибсанми? Агар эркак бўлганингда ёшгина қизчанинг ёнига бир тўда югурдакларинг билан келмасдинг. Битта ўзинг келиб ишни битирардинг! — деди Юлдуз тап тортмай. Афтидан, шунақа кўринаётган эди у, аслида қўрқув аллақачон бутун вужудини эгаллаб бўлганди.

— Вой, ярамас-э, илон билан қариндошлигинг бор экан-ку. Сен билан пачакилашиб ўтиришга вақтим ҳам, сабрим ҳам қолмади, — деб Арзу ёнидан пичоғини чиқариб қўлининг атрофида айлантирди.

— Менга қара, ҳов эркак, бошқаларнинг қонини тўкиб нима қиламиз? Менинг одамларим ҳам сеникидан кам қуролланмаган. Ҳеч бўлмаганда, иккита итваччангнинг пешонасидан дарча очиб қўйишади. Сенинг ўзингни-ку, биринчи навбатда йўқ қилишади. Ундан кўра, кел, иккаламиз олишамиз. Мени ютсанг, икки вагон юким сеники, агар қиз болага ютқазсанг, менимча, тўртта барзангига бош бўлишингнинг ўзи уят. Хўш, розимисан?

Арзунинг кўзи ўт бўлиб ёнди. Зеро, у бунақанги таҳқирни сира кутмаганди.

* * *

Мурод шу заҳоти ўзи ҳам орқа елкасидан мушт еди. Бироқ анави шилқим йигитга ўхшаб йиқилиб тушмади, тик оёқда қолди-ю, тугилган қўлнинг яна битта аччиқ “таъм”ини татиб кўришга мажбур бўлди. Ўзиям кўзидан ўт чақнади. Бир муддатга кўз олди қоронғилашди. Агар ўша зарба такрорланганда, гурсиллаб йиқилиши ҳам мумкин эди.

“Тўхта!” — дея кимдир бақирди. Мурод дарров илғаёлмади. Ўзига келганда, учала йўлтўсар ҳам орқасига қараб қочмоқда эди. Икки милиционер эса уларни қувлаётганди. Шаҳло эса кафтлари билан юзини бекитиб йиғларди.

— Йиғлама, — деди унинг ёнига борган Мурод, — қочиб қолишди. Бўлди, энди ҳеч нарса бўлмайди.

— Нега?! Нега?! — дея юзидан қўлини олган Шаҳло ҳансираганча уларга яқинлашиб келаётган аёлни кўриб қолди. Сўнг шоша-пиша кўзидаги намни артди.

Фотима опа етиб келиши билан ўғлининг қўлидан ушлаб унинг юзига қаради.

— Ёмон уришмадими? Ҳеч қаеринг оғримаяптими?! Яшшамагурлар ким экан?..

— Яхши, ойи, менга ҳеч нарса қилмади, лекин маразни боплаб урдим, агар мелиса келиб қолмаганда, учовиниям адабини бериб қўярдим.

Ўғил онасининг кўнгли учун юзидаги оғриқни айтмади, кўнглини кўтариш учун шилқимларнинг додини бериб қўйиш қўлидан келажагини ғурур билан гапирди. Аммо она кўз ўнгида ўғлини савалаганликларидан жони чиқиб кетаёзган эди. Ҳар қандай таскин сўзи уни ҳали-бери юпатолмасди. Қарғагиси келаётганди. Ич-ичидан шундай қилаётганди ҳам. Ва айни чоғда, Шаҳлони ҳам чин дилдан кўргиси келмаётганди. Тўғрироғи, ҳали танишмай, бир оғиз сўзини эшитмай туриб, ёмон кўриб қолаётганди.

— Шаҳло, кечирасан, озгина ушланиб қолдим, келишимиз қийин бўп кетди, — деди Мурод ойисининг эътиборини қизга қаратиш учун.

— Жа, овлоқни танлабсизлар-да, — деди Фотима опа Шаҳлога юзланар экан. — Қиз боланинг бундай жойда ёлғиз ўтириши яхшимас.

Фотима опанинг айни дақиқада айта олиши мумкин бўлган энг юмшоқ гапи мана шу эди. Ортиғига унинг кучи етмасди.

— Мурод акам, — дея паст овозда тилга кирди қиз, — шу ерни айтгандилар, шунга…

— Хаёлимга ҳам келмаган эди шундай бўлиши, лекин хафа бўлма, бунақанги шилқимлар ҳар қадамда топилади. Муҳими, вақтида келиб қолибмиз, тўғрими, ойи? — деб Мурод Фотима опага юзланди ва қўлини юзидан олиб, тобора катталашиб келаётган шишларни кўрсатиб қўйди.

Бирдан кўзлари қинидан чиқиб кетаёзган она, дарров ҳамма нарсани унутиб, ўғлининг юзини силади.

— Оғримаяптими? — дея сўради.

Севган йигитининг азобланганини кўриб, Шаҳло титради. У ҳам худди Фотима опа сингари Муроднинг юзини силагиси, ҳатто ўпиб қўйгиси, кечирим сўрагиси келаётган эди. Аммо имкони йўқлиги боис, ҳаммасини кўз ёши билан бирга чиқариб юбораётганди.

— Сезилганиям йўқ, ойи, сиз хавотир олманг, яхшиси, танишинг, бу Шаҳло, — дея Мурод жилмайишга уриниб қизни кўрсатди.

Кўрсатилган гўзалга бошдан-оёқ қараб чиққан Фотима опа ич-ичидан севинди. Зеро, ўғлининг диди чакки эмасди. Бироқ, шу пайтнинг ўзидаёқ, кўнглида пайдо бўлган оз фурсатли қувонч ортга чекинди. Гўзалликнинг ошиғи кўп, ҳар ким унга етишишни истайди. Демак, бундай гўзаллик бошга кўп ташвиш келтиради.

— Уйдагилар ҳаммаси яхшими? — сўради Фотима опа тил учида. — Ойингизга айтмабсиз-да, танишиб олардик. Балки манавинақанги ғавғо ҳам бўлмасди. Хушчақчақ келиб, хушчақчақ кетардик.

Унинг сўзлари қизнинг юрагига наштардек ботаётганини Фотима опа сезмасди. Агар у шундай гапиришда давом этса, Шаҳлонинг ортиқ туришга мадори етмай қочиб кетиши ҳам мумкин эди.

— Ойи, — деди Мурод Шаҳлонинг ўрнига гапириб, — сизга йўлда ҳаммасини айтдим-ку.

— Ҳа, болам, айтдинг.

— Ана шунақанги гаплар-да, ойи… Лекин Шаҳло жудаям яхши қиз. Ҳали сиз ҳам ёқтириб қоласиз.

Қиз севгилисининг сўзларидан қизарди ва бирровга ола қараш қилиб қўйди.

— Мен сизларни кафега таклиф қиламан, қани кетдик, — деди Мурод ташаббусни қўлдан чиқармаслик учун.

Қаҳвахонанинг алоҳида кичик давралар учун ажаратилган хонасида ойиси билан севгилисини ёлғиз қолдирган Мурод буюртма бериш баҳонасида ташқарига чиқди.

— Қизим, — деди Фотима опа ўғли кетганидан кейин, — жанжал бўлмайдиган бирортаям оила йўқ. Бундай ўйлаб қарасангиз, ҳаммаси майда-чуйда гап. Шунинг учун бу ердан чиқишингиз билан тўғри уйингизга боринг, ойингиздан кечирим сўранг. Шу билан ҳаммаси изига тушиб кетади. Бу менинг сизга айтмоқчи бўлган биринчи гапим. Кўринишингиздан ниҳоятда ақлли қизга ўхшайсиз. Муроджон сизни роса яхши кўраркан, йўлда мақтади. Ишқилиб, умрингиздан барака топинг.

Мақтов ердан нигоҳларини узолмай ўтирган қизнинг бошини баттар эгди.

— Ойижон, — деди у зўрға, — мени кечиринг. Сизнинг ёнингизга бунақанги қилиб чиқмоқчимасдим. Кутилмаганда бўлиб қолди.

Унинг «ойижон» дейиши Фотима опанинг кўнглини мойдай эритди. Қаҳвахонага келгунларича у бу қизгинанинг роса танобини тортмоқчи эди. Мана шу биргина “ойижон” деган сўз уни ниятидан қайтарди.

— Ўзим ўргилай, — деди Фотима опа аллақандай, меҳри товланиб, — “ойижон” деган тилларингизга жонимни берай. Ҳаётда нималар бўлмайди? Ҳаммасига асабийлашаверсак, яшашимизга ҳожат қолмайди. Лекин, қизим, барибир уйингиздагилар билан гаплашмасангиз бўлмайди. Кечирганни Оллоҳ ҳам кечиради. Агар сизни ноҳақ уришишган бўлишса ҳам, ўзингиз кечирим сўранг. Кўрасиз, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади…

“Ойижон, — хаёлидан ўтказди Шаҳло, — кошки менинг аҳволимни билсангиз. Агар мени бирорта номаъқул ишим учун уришишганларида, калтаклаганларида ҳам рози эдим. Лекин амаким бечорани бекордан-бекорга жигарларига ёмон кўрсатиб қўйди ойим. Буларни сизга айтолмайман, яхшиси, мени уйингизга олиб кетинг. Розиман, оппоқ кўйлак киймасликка, тўй қилмасангиз ҳам майли, фақат… фақат ўғлингизга мени никоҳлатинг. То абад хизматингизни қиламан”. Шаҳлонинг кўзидан томчилаётган ёш Фотима опанинг юрак-бағрини эзиб юборди. У бўлажак келинини бағрига босди.

— Қизим, — деди.

— Ойижон, — деди унга жавобан Шаҳло ҳам.

Буюртма бергандан кейин ҳам талай муддат ташқарида турган Мурод бу пайтда эшик ёнига келиб, ойиси билан Шаҳлонинг сўнгги гапларини эшитган ва ич-ичидан хурсанд бўлиб кетган эди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here