Мафия сардори (17-қисм)

0

Мурод ойисини уйлари ёнида қолдириб, Шаҳлони кузатгани кетди. Мурод изига қайтиб кетганидан сўнг, Шаҳло дарвозаси қўнғироғини босиш-босмасликни билолмай, бироз туриб қолди. Охири Фотима опанинг сўзларини эслаганидан кейин тугмачани босишга ўзида журъат топди.

Хонзода қизини кўриши билан кўзига ёш олди. Уни дарров бағрига босди.

— Мени пичоқсиз сўйишингга оз қолди, болам, тириклайин гўрга кириб кетардим бугун ҳам келмаганингда, — деди йиғламсираб.

Шаҳло дарахт мисол қотиб турар, ойисининг сўзларидан янада алами ортганди.

— Ойи, — деди у лаблари титраб, — мен кўпга келганим йўқ.

— Нега? — деди ҳайрон бўлган Хонзода уни қучоғидан бўшатаркан.

— Узоғи билан бир ҳафта тураман уйингизда, сўнг кетаман.

— Қаёққа?!

— Турмушга чиқиб кетаман.

— Нималар деяпсан?! Эсинг жойидами?!

— Севган йигитим билан гаплашиб келдим. Эртага совчилар келишади…

— А-а?! — дея оғзи очилганча қизига термилиб қолди Хонзода.

* * *

Шомурод аканинг ёдига куёвининг ит мисол думини ликиллатиб, бир парча нон умидида ялтоқланганлари тушди. “Содда бўлган эканман: ҳамма нарсани тахт қилиб бераверибман, думининг бир четидан босиб турганимда, ҳозир бунақанги кеккайиб кетмасди. Хом сут эмган банда кўпни кўргани билан барибир алданиб қоларкан. Қизим, набираларим бор-ку, қилсам шуларга қиламан-да, дебман. Афсус!” — дея хаёлидан ўтказди у.

— Ака, ўйланиб қолдингиз? — деди ундан кўзини узмай рўпарасида ўтирган Маъмур.

— Маъмуржон, мени неча йилдан бери биласан? — дея сўради пешонасини қашлаган Шомурод ака.

— Йигирма йилдан ошди-ёв, адашмасам, — деб совиб қолган чойни ҳўплади унинг рўпарасидаги қотмадан келган, сочлари силлиқ, боқишлари жиддий киши.

— Шунча йилдан бери бировнинг бурнини қонатганимни биласанми?

— Бунақа иш қўлингиздан келмаса керак.

— Қўлимдан келишга келарди. Ҳатто мени кўп марта алдаб кетишганларидаям индамаганман. Лекин кимки менга хусумат қилган бўлса, ўзи абгор бўп қолган. Худонинг ўзи жазолаган. Ука, мен сенга айтсам, шу сафарги хусумат этимдан ўтиб суякка қадалди. “Бейрон” фирмасини билсанг керак?

— Билганда қандоқ. Куёвингизники-ку! Бойвачча бўп кетган куёвингиз. Бопларкан ишни.

— Бир-иккита жойида касали бор. Мен кўрсатиб қўяйин сизга. Бориб обдан текширсангиз, — деди Шомурод ака қаншарини қашлаб.

— Тушунмадим. Куёвингизнинг фирмасини-я?! Тинчликми, ишқилиб?

— Ҳаммасини кейин ўзим тушунтираман. Сиз ишни кўраверинг. Лекин шундай қилингки, жони бўғзига келсин.

Маъмур қўлини кўксига қўйиб: “Сизни уринтирмайман, куёвни ўзим тавбасига таянтириб бераман”, дея чиқиб кетди. Шомурод ака уни хунук нигоҳи билан кузатиб қўйди. Унинг гаплари ёқмади, лекин айни ёқимсиз гап унга сув билан ҳаводек зарур бўлиб турган бўлса, не қилсин?!

Маъмур ваъдасининг устидан чиқди. Чиқмаганда қаёққа борарди? Ўтган йили қарз олган. Кийимнинг аввал астарини кўрадиган Шомурод ака, сумма йирик (йигирма минг доллар) бўлгани учун, пулни нотариус орқали расмийлаштириб қўйганди. Аслида камроқ пулни ҳам у гувоҳлар орқали берарди, токи эрта бир кун чув тушмаслиги учун. Шомурод атайлаб, Маъмурдан қарзини сўрамайди. Қачонки, унинг ўрнини боса оладиган ишончли одам топилсагина, узун ташлаб қўйган ипининг бир четидан секин тортади. Қарзини Маъмур у сўраган вақтда берса берди, бермаса, машинаси, уйи дегандай, ундириб олаверади.

Орадан икки кун ўтиб, Содиқ қайнотасининг ёнига келди.

— Дада, дўконимни босишди. Лаънати сотувчи ҳеч кимга чек ёзиб бермабди. Аввал шундан ушлашди. Кейин беш-олти хил молнинг ҳужжати йўқ эди, бошқа ишкаллар ҳам бирин-кетин чиқиб келаяпти. Ёрдам беринг, — деди йиғламоқдан бери бўлиб.

— Ўғлим, — дея салмоқ билан гапирди Шомурод ака, — неча марта айтганман “Тоза ишланг”, деб. Бир кунмас-бир кун шундай бўлиши аниқ эди. Энди таниш-билишларингизни ишга соласиз-да. Мени биласиз, қаридим. Ошна-оғайниларим ҳам ўзим қатори, уйга кирса эшикка чиқолмайди, эшикка чиқса уйга киролмайди. Бизнинг замонлар ўтди… Бойсиз, тўрт-беш сўмнинг баҳридан ўтиб қўя қоласиз-да.

— Дада, мен танийдиганларнинг ҳаммаси пастда, келганлар анча юқоридан экан. Пул бераман, дедим. Кўнишмади. Нима қилай, уйим куядиганга ўхшайди. Ҳали набираларингизни уйли-жойли қилмадим. Турмада ўтирсам, уларнинг ҳоли нима кечади? — дея бошини чангаллади Содиқ.

Ўшанда Шомурод куёвининг устидан ошкора кулди. “Жипириқ, ҳолинг шу экан-у, кеккайишга бало бормиди?.. Шошма, қизимга қўл кўтарганинг учун қон қустираман сени… Қачонки бориб Хонзоданинг оёғини ўпасан, ундан кейин ўйлаб кўрамиз”, дея хаёлидан ўтказди.

— Менинг қўлимдан нима ҳам келарди, ўғлим? Набираларимнинг отасиз қолишини истамайман, лекин нима қилай, чорасизман-да…

Боши эгилиб, қора терга ботган Содиқ қайнотасининг кабинетини тарк этаркан, ич-ичидан эзилар: “Келиб-келиб, сен шоқолдан нажот истадимми?” — дея ўйлар эди. Аммо у дўконларидан бирига бориб, юраги қўрқувдан ёрилаёзди. Текширувчилар ёрлиқсиз қўлбола Қозоғистон ароғини топишибди. Яқиндагина Ренат исмли йигитдан сотиб олганди уларни. Бор-йўғи уч яшик эди. Беш-олтитасинигина сотишга улгурди. “Энди тамом бўлдим”, — дея хаёлидан ўтказди. Сўнг текширувчилар бошлиғи Маъмурнинг ёнига бориб оёғига йиқилди.

— Акажон, — деди йиғламоқдан бери бўлиб, — раҳм қилинг. Илтимос, оғзингиздан чиққанини бераман. Фақат шафқат қилинг, уйим куйиб кетади.

Маъмурнинг қовоғи уйилди. Ғазаб билан айбдорга тикилиб турди-да:

— Сизни бунчалик паст кетасиз, деб ўйламагандим. Ўзингизга ярашмаган қилиқни қилманг. Ҳозирча бўшсиз, агар савол туғилиб қолса, ўзим чақираман, — деди.

Содиқнинг оёқларидан дармон кетиб бўшашиб қолди. У нима қиларини билмай, бир неча марта дўкон ичига кириб чиқди. Чора ахтарди. Лекин муаммонинг ечимини тополмади. Хаёлида қайнотаси атай ёрдам бермагандай туйилаверди. Авваллари Шомурод ака уни қучоқ очиб кутиб олар, дарҳол котибасига чой дамлатар, куёвининг олдига ширинликлар қўяр, Содиқ бирон нимадан қийналаётгани ҳақида оғиз очиши билан: “Ҳал бўлади, бу дунёда ҳал бўлмайдиган иш бормикан? Мен шу ёшга кириб нималарни бошдан ўтказмадим дейсиз! Лекин ҳар доим қуруқ чиқиб кетганман. Аввал чойдан ичинг, кейин гапирасиз ўша сизни қийнаётган нарса ҳақида”, дерди. Бу сафар бошқача кутиб олди. Кўришиш учун ўтирган жойидан унга қўл узатди. Котибасига чой дамлатмади. Бутун суҳбат давомида хўмрайиб ўтирди. Аввалига Шомурод аканинг сўзларига чиппа-чин ишонган Содиқ ҳозир мана шулар ҳақида ўйлади-ю: “Қайнотам бекорга бунақа қилмади”, деган хулосага келди. “Шошма, — деди у кўча бўйида сигаретасини тутатаркан, — Хонзодада ишкал бўлмасин тағин. Манжалақи отасига бирон нима деган чоғи. Ҳа, шундай, бўлмаса, қари тулки тўнини тескари кийиб олмасди. Дарвоқе, илгари манави текширувчиларнинг бошлиғи билан ошначилигим бор, дегандай бўлувди-ку. Нега энди айнан унинг ўша таниши келди? Бир гап борга ўхшайди”.

— Ака, — деди у Маъмур ўтирган алоҳида хонага кириб, — мен Шомурод аканинг куёвлари бўламан.

Содиқнинг юзидаги табассум унинг ички ҳадигини яшириб турарди. “Қайнотамнинг номини айтишим билан, текширувчиям иржаяди”, деб ўйлаганди. Аммо Маъмурнинг хўмрайган башарасида мутлақо ўзгариш сезилмади.

— Нима қипти шунга?! — деди у дағдаға билан. — Қайнотам фалончининг таниши бўлади, деб билган куйингни чалиб юраверасанми?! Кейин айтиб қўяй, мен Шомурод деган одамни тушимдаям кўрмаганман. Уқдингми? Энди бор, мен ҳужжатларни кўраяпман. Керак бўлсанг, чақираман. Ҳа, айтиб қўяй, узоқлаб кетма.

Ранги бўздай оқариб кўчага чиққан Содиқ тағин аламини тамакидан олди. Кўзига текширувчига қўшилиб қайнотасиям бало-қазодай кўриниб кетди.

“Ҳайдайман, — деди у ўзига-ўзи, — қизини ҳайдаб юбораман. Уйни сотиб бўлсаям камомадни тўлайман, кейин акамнинг фирмасига ўтиб ишлайвераман. Россияда танишларим кўп. Демак, акамга мендай одам зарур. Бемалол қўлимга беш-олти миллион тутқазиб, мол олиб келишга жўнатади… Шошма, аввал масаланинг тагига етай, Хонзода билан гаплашай. Агар у ҳақиқатан ҳам отасига сасиган бўлса, ундан кейин отимни қамчилайман”. У хотинининг телефон рақамини терди. Узоқ муддатли чақирув бесамар кетди. Шундан сўнг жаҳли чиққан Содиқ уйига қўнғироқ қилди.

Бу пайтда Хонзода қизининг юзига анқайганча термилиб турарди.

— Ҳазиллашаяпсан, тўғрими, қизим?! Мен билан бир ҳазиллашгинг келган. Бироз қўрқитиб қўйиш учун. Севган йигитинг бўлиши мумкин, эртага у совчиларини жўнатишиям мумкин. Лекин бир ҳафтадан кейин тўй бўлмайди, шундайми?! Келишиб…

— Ойи! Сираям ҳазиллашаётганим йўқ. Мурод акамнинг ойилари эртага келадилар. Агар бирдан мени беришга рози бўлмасангиз, ўзимни осаман ёки сирка ичаман. Тамом-вассалом, — дея кескин гапирди Шаҳло.

— Қизим, даданг мана шу гапларингни эшитса борми, иккаламизниям…

— Ҳеч нарса қилмайди, — дея бирдан Хонзоданинг гапини бўлди Шаҳло, — дадамнинг бурнидан ип ўтказиб олгансиз, қаёққа судрасангиз, шу ёққа кетади…

У бошқа гапларни ҳам айтмоқчи эди. Аммо юзига теккан шапалоқ бирдан сўзлашдан тўхтатди. Ойисига термилиб қолган Шаҳло киприклари пирпираб юзини силади.

— Ҳа, сизлар уришга ўрганиб қолгансизлар, қўлингиздан бошқа нарса келмайди! — дея Хонзодани четлаб ўтди-да, тез-тез юрганча уйга кириб кетди.

— Шаҳло, шошма, шошма дедим, Шаҳло! — дея бақириб Хонзода унинг ортидан уйга кирди. Телефоннинг асабий жиринглаётганини эшитгач, гўшакни олиб яна жойига қайтариб қўйди. Тинимсиз йиғлаб, юқорига кўтарилаётган қизининг ортидан термилди. Карахт бир аҳволга тушди. Яна телефон овози қулоғига чалинди. Гўшакни кўтариб:

— Нега ҳадеб безовта қилаверасиз?! Қанақа одамсиз ўзи?! — дея чинқирди.

— Хонзода, нималар деяпсан?! — деган овоз келди унинг қулоғига.

— Содиқ ака, сизмидингиз?

Хонзоданинг кўзидан ёш думалаб тушди. У ҳиқиллаганча эрининг қолган гапларини эшитмасдан:

— Тезроқ етиб келинг, қиз керак бўлса ўзингиз қайтаринг, менинг қўлимдан келмай-д-и-и! — деди.

— Яна нимани бошладинглар? Дўконларимни босишди. Давлениям мингга чиқиб турганда, тағин каромат кўрсатаяпсанларми?!

— Дўконингизни тўғриласа бўлар, лекин қизингизни ҳозир қайтармасангиз, кейин кеч бўлади!

— Бўлмаса, — деди Содиқ миясига келган ўйдан юзи ёришиб, — дадангга айт, оғайниси билан гаплашиб турсин. Унгача мен уйга бориб, Шаҳлодан хабар оламан!

— Хўп-хўп, бўлинг тез! — деб Хонзода дарров Шомурод аканинг телефон рақамини терди.

Дадасининг овози унинг кўнглини баттар бўшаштириб юборди. Анча вақтгача гапиролмади. Бурнини тортиб йиғлайверди, йиғлайверди. Қизининг тили калимага келавермаганидан Шомурод ака бўғилди: “Ҳойнаҳой, лаънати Содиқ тағин қилиқ чиқаргандир”, деган ўйга борди.

— Гапир, Хонзода, нима бўлди?! Ким сени йиғлатяпти бунча, гапир?! — дея тинимсиз қизини сўроққа тутаверди.

— Дада, — деди ниҳоят ўзини бироз босиб олган Хонзода, — анави… анави ўртоғингизми, оғайнингизми, Содиқ акамнинг дўконларини текшираётган одам билан гаплашиб туринг, илтимос! Содиқ акам уйга келаяптилар.

— Нега йиғлаяпсан, нега?! — бақириб юборди Шомурод ака. — Эринг бирон нима дедими?!

— Йў-ў-қ, набирангиз қилиқ чиқариб турибди, дадаси келиб гаплашиб қўйсин, менинг гапларимга қулоқ солмаяпти, сиз ўртоғингиз билан гаплашиб туринг.

Хонзода гўшакни қўйди-да, кўз ёшини артиб юқори қаватга қаради. Тепада, зина охирида Шаҳло тикилиб турарди.

— Ойи, — деди алланечук бўғиқ овозда, — дадамни яна заҳарламоқчи бўлиб чақиряпсизми? Аввал амакимни ёмонлаганингиз камлик қилган экан-да. Мендан кейин навбат кимники? Мабодо дадамники эмасми?

— Нималар деяпсан, бетайин қиз?! Ҳали қаёқларда сан-қиб юрганингнинг жавобини бермай туриб, яна нимани бошлаяпсан?.. Ҳа-а, ҳамма айб ўзимда. Талтайтириб юбордим. Шу пайтгача билган ишингни қилиб юрдинг. Бундан кейин ҳам кўнглинг шуни тусайдиган бўлиб қолибди. Қани, мен ё дадангнинг рухсатисиз эрга тегиб кўр-чи?.. Йигитлари бормиш, ваъда берганмиш, бир ҳафтадан кейин тўйлари бўлармиш… Бошқа ҳеч нарсани хоҳламайсанми?! Шу йигитингга бериб бўлибман! — дея кўкрагига урди Хонзода. — Кимга десам, шунга тегасан! Биламан, қаердаги гадойваччани топиб олгансан!

— Бас қилинг, ойи! Қачон бировларни камситишдан тўхтайсиз? Тўғри, Мурод акамнинг оиласи бизникидай бой эмас. Лекин улар тоза одамлар. Ҳеч кимнинг ғийбатини қилишмайди. Бировни туҳмат билан уйидан ҳайдамайди. Билиб қўйинг, мен фақат Мурод акамга эрга тегаман. Ҳамма нарса аллақачон ҳал бўлган. Энди бошқага беролмайсиз! — дея бақирган Шаҳло югуриб хонасига кириб кетди. Ўзини каравотга ташлаганча: “Агар, — деди йиғламсираб, — бирортаси йўлимга тўғаноқ бўлса, сирка ичаман. Ҳа, бугуннинг ўзидаёқ ичаман. Эртага бизнинг уйда мотам бўлади”.

— Ни-ма? Нима деди? Ҳамма нарса ҳал бўлган… Нима ҳал бўлди? Наҳотки, менинг қизим… Шарманда! Қўни-қўшнилар, таниш-билишлар олдида қандай бош кўтариб юраман энди?

Хонзода жуда паст овозда гапирди. Турган жойига ўтириб қолди. Довдираб, худди нажот қидиргандай атрофига олазарак боқди. “Ҳамма нарса ҳал бўлган, ҳамма нарса ҳал бўлган”, дея лаблари пичирлашда давом этди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here