Мафия сардори (18-қисм)

0

* * *

Шомурод ака Маъмурнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, илтимос қилди. “Бугунча текширувни тўхтатиб туринглар, бошқа нарсалар чиқиб қолди”, деди. Сўнг хотиржам кабинетида ўтиролмай, ташқарига чиқди-ю, қоп-қора “Тойота”сини юрғазди.

* * *

Содиқ мўлжални аниқ олганига ич-ичидан севиниб кетганди. Уйида бутунлай бошқача воқеалар содир бўлаётгани эса унинг мутлақо хаёлига келмасди.

* * *

Арзу ёнидан тиғи бир қарич келадиган пичоқ чиқарди-да, аста-секин Юлдузга яқинлаша бошлади.

— Уялмасдан қиз болага пичоқ кўтариб келяпсанми? — деди мийиғида кулган Юлдуз уришга тайёрланиб енг шимараркан.

— Мен сен манжалақи билан тепишиб ўтирмайман. Тилиб ташлайман, тамом! — ўкирди у. Аммо қизга етишига икки-уч қадамча қолганида бирдан тўхтади-да, ортига ўгирилди.

— Мен, — деди йигитларига қарата, — қиз бола билан муштлашиб обрўйимни тўкмоқчи эмасман. Айтганимни қилмагани учун бўғизламоқчиман. Агар қўлидан келса, одамчалари ҳимоя қилишсин.

— Қуён юрак! — деди Юлдуз ғазабланиб. — Қўрқдинг-а!

Ўқрайган Арзу икки қадам босди, лекин учинчисига улгурмади. Юлдуз бироз ортига тисланди-да, айланма зарба билан унинг пичоқ ушлаган қўлига тепди. Бундай бўлишини Арзунинг бирорта ҳам йигити кутмаганди. Олдинги қатордагилардан бири илгарилаётганда, ёнидагиси елкасидан ушлаб тўхтатди.

— Бир қизга икки эркакнинг ташланиши уят, — деди.

Қўлидан пичоғи учиб кетган Арзу ўшшайди.

— Чаккимас, битта чиқибди-да, лекин эрта хазон бўласан-да, гулча! —деб қизга отилди.

Қуруқ савлат, турмада “ўтириб” чиққанини “байроқ” қилиб олиш, ёвузлигини кўрсатиб қўйиш учун ожиз одамларнинг томоғига тиғ тортиш билан беш йил каратэ, бир йил “самурай” мактабини ўтаган қизга қарши чиқиб бўлмаслигини у Юлдузга ташланган заҳоти илғади.

Қиз турган жойидан сўл тарафга бироз жилиб, сўнг Арзунинг икки қоши ўртасига тирсаги билан зарба берганини биров кўрди, биров кўрмади. Арзунинг эса бир неча сония кўз олди қоронғилашди. Пешонасини ушлади. Мастлардай тебранди. Арслон мисол бошини силтади. Сўнг қизга юзланиб:

— Итдан тарқаган! — дея баланд овозда рус тилини тил бўлганига пушаймон ейиш даражасида бузиб сўкинди. — Қиз бола деб авайлагандим! Менга қўл кўтарадиган сенмисан ҳали?

У қолган гапларини айтишга улгурмади. Зеро, Юлдуз бировнинг сўкканини ҳеч қачон ҳазм қилолмасди. Яшин тезлигида сакраб, Арзунинг қулоқлари орқасига иккала кафти билан шунақанги зарба бердики, косасидан отилиб чиқиб кетгудек олайган кўзлари жуда оз сония бақрайган Арзу орқаси билан ерга гурсиллаб йиқилди. Юлдузнинг уришни шунчалик мукаммал ўзлаштириб олганини Арзунинг одамлари тугул унинг ўз йигитлари ҳам умрларида кўрмаган эдилар. Улар ҳайратдан бақа бўлиб қолишди.

— Қиз боладан енгилган йигит бизга ҳеч қачон бош бўлолмайди, — деди бошқаларига нисбатан узун, елкалари кенг, мўйловли йигит. Айнан у шериги Арзуга ёрдам бермоқчи бўлганида тўхтатганди. — Шарманда бўлдик. Қизгина, сен ютдинг. Фақат Арзуни берасан. Қолган ишни ўзимиз бажарамиз.

У бир-бир босиб хириллаб ётган Арзунинг тепасига келди. Хўжайинига бироз қараб турди-да:

— Ҳаётда сенинг ризқинг қийилди, лекин бизники эмас. Шаҳар аввалгидай ўзимизники бўлиб қолаверади. Вақтинчага савдони топшириб турамиз, — деди ва ёнидан пичоқ чиқариб энгашди-да, Арзунинг томоқ томирларини кесиб юборди.

— Томошани бошқа ерда кўрсатсанг ҳам бўлаверарди. Кўзимиз учиб тургани йўқ эди томошангни кўришга, — деди унга ғазаб билан Юлдуз.

— Икки вагон, — деди йигит бармоқларини кўрсатиб, — икки вагон сотишингга рухсат. Бошқасига умид қилма.

Шундай дея у нафас олишдан тўхтаган Арзунинг оёғидан ушлаб судради. Дарров унга шериклари ёрдамга келишди.

Зўравонлар дарвозадан чиқиб кетишгач, Юлдуз бирдан иккала кафти билан юзини бекитиб йиғлаб юборди. Кўкраги силтаниб ўксиб-ўксиб йиғлади. Уни тезда юпатишга бировнинг ҳадди сиғмади. Йиғининг маънисини тушунмаган эркаклар ҳайрон бўлиб қараб тураверишди.

— Бўлди, — деб унинг ёнига келди орадан бироз ўтгач Жамол, — сен ютдинг-ку, хурсанд бўлишинг керак.

Юлдуз бирдан йиғидан тўхтади, юзидан кафтини олди. Шунда ҳамма кўрдики, унинг кўзлари қизариб кетган эди.

— Мен, — деди қиз лаблари титраб, — қотил эмасман. Савдогарман. Ўлдириш ниятим йўқ эди!

— Сен ўлдирмадинг, ўзлари ўлдиришди, — дея унга таскин бермоқчи бўлди Жамол.

— Йўқ, бу ерда ўлдирмасликлари лозим эди… Агар мен уни чалажон қилиб қўймаганимда, ўлдиролмасди… Сизлар нега қараб турдинглар, мени қон кўрсин дедингларми?! Кечаси билан ухлаёлмай чиқсин дедингларми?! Нега латтага ўхшаб… Уфф!

У деворга суянди. Узун киприклари қовоқларини ёпди. Чуқур-чуқур нафас олди.

— Икки вагон… икки вагон, — деди бироздан сўнг кўзларини очмай, — бошқасига рухсат йўқ эмиш, кўрамиз.

Йигитларнинг унга нисбатан ишончи икки ҳисса ошган эди. Биргина Шоҳруҳ таажжубда. У ҳамон бу тўдага нега қўшилдим дея бош қотириш билан овора эди. Бир хаёл, йўлини қилиб жуфтакни ростлаб қолиш бўлса, иккинчи томондан кетгиси йўқ. Юлдузга нисбатан кўнглида аллақандай иштиёқми, ҳавасми ёки бутунлай бошқа нарсами уйғонгандики, уни аста-секин ўзига чирмаб ўрарди.

Юк туширилиб бозорларга жўнатилди. Аллақаердан Петка ҳам етиб келди. Қизнинг атрофида айланиб-ўргилди, хушомадлар қилди. Аммо Юлдуз у пайдо бўлиши билан қандай тунд қиёфага кирган бўлса, кетгунича ўзгармади. Агар бир-икки марта Петкани жеркиб берганини ҳисобга олмаганда, саволларига жавоб ҳам бермади. Ноилож қолган йигит машинасига ўтирди-да кетди.

— Жамол ака, — деди Юлдуз у кетганидан кейин, — падар лаънатининг оёғини қирқиш керак. Бориб анави соқолтойларнинг орқасини ялаб юраверсин. Умуман бизникиларга аралашмасин. Бирорта дўконигаям мол берманглар.

Юлдуз айни бозор учун керакли мева олиб келгани ўша куниёқ билинди. Эртасига тушга яқин эса икки вагон мевадан бир килосиям қолмади. Ҳаммаси сотилиб кетди. Мўлжалидан икки баробар кўп даромад қилган қизнинг барибир чиройи очилмади. Уни нимадир сиқар, ичидагини бировга айтолмас, биргина ўзи азобланиб юраверарди. Унинг ўзгариб қолганини ҳамма сезган эди, лекин биров ҳадди сиғиб сўролмасди.

— Балки, — деди эртасига кечки пайт Жамол, — молга бориб келармиз.

— Шундай қилишимиз керак, — дея унинг гапини тасдиқлади Юлдуз. — Қўрқди, бошқа мол олиб келолмайди, деб ўйлашади. Лекин мен боролмайман. Ўйлаб қарасам, авваллари молни сотганимдан кейин кетаверибман-у, ўрнимга бошқалар келиб ўрнашиб олаверибди. Бунинг натижасида бошқа бозор қидириб Россияда изғийверибман. Энди бошқача йўл тутаман. Сизлар молни етказиб келгунларингча жой тайёрлаб қўяман. Мен билан Бек, Шоҳруҳ қолади.

Жамол унинг гапини ҳар доимгидай маъқул топди. Бир кунлик дам олишдан кейин самолётда бошқа йигитлар билан бирга учиб кетди.

Даставвал, ишни нимадан бошлашни билмаган қиз, анча иккиланиб юрди. Кейин ижарага шаҳар ташқарисидан эмас, ичкарисидан уй топиш кераклиги хаёлига келди. Лекин тезда у истаган бошпана топила қолмади. Бири ҳаддан зиёд бўлса, бошқасида яшашнинг мутлақо иложи йўқ, сувоқлари кўчган, умрбод биров яшамагандай, деворларининг сувоқлари кўчиб кетган, исқирт. Уй эгасининг айтишига қараганда эса, бир ҳафтагина бурун ижарачилари уйларига кетган. “Одам тугул, ҳайвон ҳам бу ерда турмаса керак”, деди унга жавобан Юлдуз.

Ниҳоят, учинчи куни топилди ўша бошпана. Хоналари учта, ҳамма жиҳозлари бор. Пули ҳам унчалик қиммат эмас (тўғри, ҳар қандай нархи баланд ижара уйда яшашга Юлдузнинг бемалол қурби етарди, аммо у пулни тежашни яхши кўрарди. Бунинг устига, унинг оғриқли, ёлғиз ўзигагина тегишли муаммоси бор эдики, қуйида ўрни келганда, албатта, тўхталиб ўтамиз).

Гарчи ўзларининг машиналари бор бўлса-да, улар кўпинча пиёда юришарди. Юлдузнинг нияти фақат уй қидириш эмас, балки, Арзунинг йигитларини учратиб қолиш ва уларни кузатиш лозим эди. У шу сабабдан ҳам юкка Жамолни жўнатганди. Аммо нияти амалга ошмади. Марҳум Арзунинг бирорта ҳам одамини учратмади. Эҳтимол, кўрган, учратгандир ҳам. Лекин унинг йигитларини танимаганлиги боис, эътиборидан четда қолган.

Шоҳруҳ балконга чиқди, атрофни кузатган бўлди, шу маҳал кутилмаганда рўпарасидаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида турган беш-олти одамга кўзи тушди. Иягига қўлини тираб, шунчаки, ҳеч бир хаёлга берилмай, алланимани тортишаётганларга қараб турар экан, ораларидан биттаси кўзига иссиқ кўриниб кетди. “Ким экан?” — деган хаёлда бутун эътиборини унга қаратди. Бир неча сониядан кейин таниди. Ва шу заҳоти балкондан узоқлашди.

— Юлдуз, — деди қизнинг ётоқхонаси ёнига бориб.

— Нима гап? — дея овоз берди қиз ичкаридан.

— Зарур иш бор.

— Ҳозир.

Ичкарида каравотнинг ғичирлагани эшитилди ва озгина вақт ўтиб:

— Кираверинг, — деди қиз.

Тунги кўйлакда Юлдуз жуда ўзгача бўлиб кетганди. Гарчи у елкасига кўк шойидан тикилган халат ташлаб олган бўлса-да, қоп-қора сочларини ёйиб олган, кўкрагининг маълум қисми очиқлиги, пардадан ўтаётган хира қуёш нури уни ўта мафтункор қилиб юборган эди.

Шоҳруҳ дарров кўзини олиб қочди. Бир зум нима мақсадда кирганини ҳам унутди.

— Тинчликми? — сўради йигитдан садо чиқавермагач ҳайрон бўлган Юлдуз.

— Қаршимиздаги домда таниш болалар юришибди, — деди Шоҳруҳ нигоҳини деворга тикиб.

— Қайси болалар?

— Биз билан уришгани боришувди-ку, базага…

— Йўғ-э, — деди Юлдуз ва Шоҳруҳни ёнлаб ўтди-да, тез-тез юриб балконга чиқди.

Бу пайтда тўпланиб турганлар бирма-бир тарқалишаётганди. Қиз қанчалик синчиклаб уларга термилмасин, бирортасини ҳам таниёлмади. Лекин шакл-шамойиллари марҳум Арзуга яқинлигини билдириб турарди.

— Шоҳруҳ, — деди Юлдуз ўзини четга олиб, ортига бурилар экан, — кузатиш керак. Сизга ишонсам бўладими?

Вагонда қиз ўзидан бироз нарида ухлаган бўлса-да, унга кўпда эътибор қилмаганди Шоҳруҳ. Бунинг устига, қиз сира ечинмади. Аслида ана шу ҳолида ҳам ҳар қандай эркакнинг юрагини ўйнатиб юборишга қодир эди. Аммо тунги кўйлак қизни бутунлай бошқача кўрсатиб юборди. Шоҳруҳ сеҳрлангандай эди. Қизнинг мурожаатидан уйғониб кетди гўё.

— Ишон… Нега ишонмайсиз? — сўради Юлдузга термилиб.

— Ишонишга ишонаман. Лекин жуда нозик масала бу…

— Қайси? — сўради ҳайрон бўлган Шоҳруҳ.

Юлдуз мийиғида кулди. Кўкрагининг очиқ қисмини халати билан бекитди. Сўнг бирдан юзи жиддий тортди.

— Уйқусираманг. Анавилар ўша ерда тўда бўлишибдими, демак, кимдир биз билан қўшни. Кузатиш зарур. Арзунинг йигитининг гаплари эсингиздадир… Эплайсизми?

— Уриниб кўраман.

— Уриниб кўриш кетмайди. Агар уларнинг орқасидан юрганингизни сезиб қолишса, ҳамма ишимиз расво бўлади. Уддалайсизми-йўқми, шуни айтинг менга.

— Хотиржам бўлинг.

— Раҳмат, — деди Юлдуз ва бир-бир босиб унинг ёнига келди-да, юзидан ўпиб кетди, айни чоғда Шоҳруҳнинг юзига қизнинг ифори урилиб, йигит шўрликни бир неча сонияга маст қилди.

Юраги безовта ураётган Шоҳруҳ дам ололмасди. Фақатгина юриб турса, бирон иш билан машғул бўлса ички ҳаяжони босиларди. Қолаверса, қизнинг истагини тезроқ бажаргиси келаётганди. Бунинг учун у энди ҳеч нарсадан қайтмайдиган ҳолга келганди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here