Мафия сардори (19-қисм)

0

У пишиллаб ухлаётган Бекнинг ёнига борди. Турткилаб уйғотди.

— Нима дейсан? — сўради Бек кўзини ярим очиб.

— Сигарета бер, — деди Шоҳруҳ.

— Чўнтагимдан олавер, — деб Бек девор тарафга ўгирилиб уйқусини давом этказди.

Шоҳруҳ тамакини қутиси билан олди-да, ташқарига йўналди. Ташқари эшик ёнида тўхтади. Бироз ўйланиб турганидан кейин ортига бурилди-да, Юлдузнинг хонаси ёнига борди.

— Кетаяпман, — деди.

Афтидан, қиз шундоққина эшик ортида турган шекилли, дарров кўриниш берди.

— Омад тилайман, — деди эшикни қучиб тураркан жилмайиб.

Шоҳруҳ юрагининг бир парчасини унда қолдириб, зиналарнинг иккитасини бир ҳатлашда босиб ўтиб, зумда пастда пайдо бўлди. Кейин бирдан тўхтади. Ишни нимадан бошлашини ўйлаб ҳам кўрмаган эди, бўшашди. Хаёлида ваъдасининг устидан чиқолмайдигандай туйилди. Чўнтагига қўлини тиққан эди, Бекдан олган сигарета илашди. Қутини беихтиёр айлантириб кўрар экан, йўлакка кираверишдаги ўриндиққа ўтирди. Кейин ўзига-ўзи гапиргандай: “Шу ердан кузатаман”, деди.

Орадан икки соатлар чамаси ўтгач, кутилган жойга машина келиб тўхтади. Икки киши тушди. Биттасининг бурни узунлигини у ўтирган жойида билди; ҳам қора сочу қора мўйлов, иккинчиси — сариқ. Улар йўлакка кириб кетишлари билан, Шоҳруҳ шу томонга юрди. Учинчи қаватнинг сўл тарафидаги эшик унинг диққатини тортди. Бироқ бу эшик ёнида бир сония бўлсин тўхтай олмади. Чунки унинг тепасига видеокамера ўрнатилган эди. Даставвал, ўшанга кўзи тушди. Зийрак тортди. Кўз қиринигина эшикка ташлаб юқорига чиқиб кетди. Бешинчи билан тўртинчи қават орасидаги зинада тўхтади. Йигирма дақиқадан мўлроқ вақт ўтди. Шундан сўнггина шубҳали эшик очилиб, икки киши чиқди. Улар ўз она тилларида гаплашишарди. Суҳбат асабий оҳангда эди.

Шоҳруҳ қайтиб борганида, Юлдуз ошхонада чой ичиб ўтирарди. Худди Шоҳруҳ шунчаки кўчага чиқиб қайтди-ю, уни кутиб олиш аҳамиятсиздай. Бир муддат қизга термилиб турган йигит секин ўзига ажратилган хона томон кетаётганида, уни Юлдуз тўхтатди.

— Нега ҳеч нарса айтмадингиз? — деди қиз киприклари пирпираб.

— Бу туришингизда, айтишим шартмасдир деб ўйладим, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Кечирасиз, хаёлга берилиб кетибман. Келинг, манави ерга ўтиринг, — деб у рўпарасидаги стулни кўрсатди.

Шоҳруҳ гапни ортиқ чўзиб ўтиргиси келмади.

— Ҳақиқатан ҳам, улар биз қидирган одамлар, эшигининг тепасига камера ўрнатиб қўйибди. Тилиям шу. Менимча, улар билан олишишга кучимиз етмаса керак. Ўйлаганимиздан анча кўпга ўхшайди. Кейин, кўп жойни аллақачон эгаллаб олишганга ўхшайди.

— Олишмасак, бу ерлардан кетганимиз маъқул. Лекин шунчаки бошимизни эгиб орқамизга қайтадиган бўлсак, яхшиси, уйимизга бориб ўтирайлик, шундайми?.. Ҳали мен сизга биз томондан келганларнинг нима ишлар қилишаётганини кўрсатаман. Агар ортга қайтсак, уларнинг кўпчилиги уйларини қайтиб кўришмайди.

Юлдуз гапираётганида қизариб кетди. Ҳатто кўзига ёш ҳам келди. Мана шундай пайтда унинг ожизалиги бўй кўрсатиб қўяр эди. Аммо ундаги ички номаълум куч ожизалигига зўрлик қиларди-ю, бироқ кўзидаги ёшни тўхтата олмасди.

Шу ерда уларнинг суҳбати узилди. Эшик қўнғироғи чалиниб қолди. Йигит билан қиз бир-бирига қаради. Иккисининг-да нигоҳида бесаранжомлик бор эди.

— Ким бўлиши мумкин? — сўради Юлдуз.

Шоҳруҳ елка қисди ва ўрнидан туриб бориб эшикни очди-ю, қотиб қолди. Рўпарасида бундан бор-йўғи ярим соатча аввал кўрган сариқ киши билан бурни узун мўйловли турарди. Йигитнинг ичидан бир нима чирт этиб узилди.

* * *

Раъно столда ҳам ўзини тутиб туролмади. Боши айланиб бир томонга оғиб кетаверди.

Онасининг аҳволи тобора ёмонлашаётганини кўрган қизлар чувиллаб қолишди: бири дод-вой солди, иккинчиси қўшниникига югурди. Катта қизи қўнғироқ қилиб “тез ёрдам” чақирди.

— Қон босими ошиб кетибди, — деди ярим соатлардан кейин етиб келган доктор, — битта укол қилишимиз керак.

Шифокор гўёки қизлардан розилик сўраётгандек гапирарди-ю, аммо ўзи аллақачон шприцга дорини тортиб бўлганди.

Раъно дори таъсиридан бироз ўзига келди, лекин ҳали-ҳануз дилхиралиги тарқамаганди. Шу боисдан юзи қизарганча қолаверди.

— Ўн саккиз минг, — деди доктор ишини битириб бўлгач.

Кўзини юмиб, энди-энди бир текис нафас ола бошлаган Раъно ялт этиб унга қаради.

— Хусусий клиникадан келганмиз, бизда укол пулли, — дея изоҳ берди беморнинг нима демоқчилигини кўзларидан англаган шифокор.

Пулнинг жойини Раъно ҳам, қизлар ҳам билишарди. Аммо бирортаси тегинишга журъат қилолмасди. Чунки Ғайбулло пулларини атай очиқда қолдириб, болалари ва хотинини синар, хуллас, жанжал чиқаришга сабаб қидирарди. Лекин шу пайтгача унинг нияти амалга ошмаган эди.

— Бериб юбор, — деди Раъно ва кўзларини юмди.

Доктор кетди. Унинг эса йиғлагиси келди. Қизига врач сўраган пулни бериб юборишини айтди-ю, лекин ўзи ичидан зил кетди. Қўрқди. “Пул олганимни эрим билиб қолса, нима қиламан?” — деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтганди. Кейин хўрлиги келди: “Ўн саккиз мингга арзимайманми? Шунча йиллик умримни бахшида қилганим шунча пулга етмайдими? Йўқ, бўлди, бу ёғига чидамайман. Ҳар қандай аёл ҳам ундан ғурурлироқ, уялмай-нетмай, йўқ жойдан устимдан мағзава тўкибди, шу қилганига қайтиб келсин, яхшилаб гаплашиб қўяман”, дея ўйлади у ҳамда юзидаги кўз ёшини артди-да, қизини ёнига чақириб, димлама қилишни, гўштдан мўл-кўл ишлатишни буюрди. Сўнг ўртанча қизини чақириб, ул-бул сотиб олгани дўконга юборди.

Раънонинг қон босими жойига тушиб, қизлари билан энди овқатлана бошлаганда, Ғайбулло кириб келди. Роса ҳолсизланган, ранги докадек оқарганди. У дастурхон устидаги егуликлару буғи чиқиб турган димламани кўриб жон-пони чиқиб кетди.

— Нима бу?! — дея бақирди кўзи олайиб.

— Буниси фанта, буниси кола, буниси помидор, бодринг, кўкатлар, димлама… — дея Раъно дастурхон устидагиларни кўрсата кетди.

— Ким? Ким олиб келди? Қайси ўйнашинг?! — чийиллади Ғайбулло.

— Агар сиз ўйнашим бўлсангиз, демак, сиз пулини олиб келгансиз, пул бўлганидан кейин дўконга чиқиб келиш ҳам иш бўптими?!

— Ни-ма?! Нима дединг? Ҳали сен манжалақи, бели оғримаган менинг пешона теримни ҳавога совураяпсанми?! — дея Ғайбулло ғазабдан тез-тез нафас олиб хотинига яқинлаша бошлади.

— Болаларингнинг, менинг еганим ҳавога совуриш бўлдими ҳали? — деб Раъно ўрнидан турди-да, “Фанта” идишини қўлига олди. Айни чоғда қизлар ҳам қўлларига илинган нарсалар билан қуролланишди.

Ғайбулло тўхтади. Бир хотинига, бир қизларига қаради.

— Ҳаммаларинг тил бириктириб мени урмоқчимисизлар?! Бировингга эр, бошқаларингга ота бўлсам…

— Эй, — дея мийиғида кулди Раъно, худди шу маҳал унинг лабидаги яра таранглашганидан ёрилди, қон сизиб чиқди, — ҳали сиз эрми, отами?.. Билмаган эканман. Хотин, бола сизга уриш, хор-зор қилиш, устидан туҳмат қилиш учун керакми?! Бизнинг ҳайвондан фарқимиз қолмади-ку, инсофсиз!

— Мен сизларни боқаяпман-ку!..

— Боқаяпман?! — Раъно аста-секин унга яқинлаша бошлади. — Заҳар биланми?!

Ғайбулло орқасига тисарилди. Милиционер унинг юрагини олиб қўйганди. Энди у куни кеча ўзи роса калтаклаган хотинидан қўрқаётганди.

— Биз… Биз яхши яшаётгандик, шу шумқадам Шоҳруҳ ҳамма ёқни жанжалхонага айлантириб кетди.

— Шоҳруҳ?! Уятсиз, қандай тилингиз борди шундай дейишга? Унинг ўрнига бошқа акаларим бўлганда, осишарди!

Дағдаға Ғайбуллони бутунлай довдиратиб қўйди. У аста-секин орқасига тисарилаверди. Унинг қўрқаётгани Раънонинг кучига куч қўшди. Латта, туҳматчи, хотинчалиш эрининг бошига “Фанта” идиши билан шунақанги ургиси келаётгандики, ўзини зўрға тутиб турарди. У турмушга чиққандан бери эрининг гарчи овози ингичка, қилиқлари хотинларникига ўхшаса-да, бошига кўтарди, улуғлади. Ҳеч қачон бировга нолимади. Энди эса унинг сабр косаси тўлганди. У ҳатто аёл кишидан қўрқаётган Ғайбуллодан жирканди ҳам.

— Йўқол! — деди умрида илк маротаба эрини сенсираб. — Уйимдан қорангни ўчир!

— Сени… Сенинг уйинг… уйни… уйни, — дея довдирай бошлади Ғайбулло, — менинг ойим совға қилганди-ку?

У хотинининг баттар жаҳли чиқиб кетмаслиги учун мумкин қадар юмшоқ гапиришга уринар, аммо бу билан Раънонинг баттар ғашини келтираётганини сезмаётганди.

Агар Раъно яна икки қадам босса, Ғайбуллога жуда яқин келиб қолади. Қўлидаги идиш билан бир урса, бечора эркакнинг танаси оғрийди. “Шошма, — хаёлидан ўтказди у, — куни кеча роса дўппослагандим. Қаршилик кўрсатолмаганди. Башарасига бир мушт туширсам, ўзи билан ўзи бўлиб қолади. Кейин яхшилаб таъзирини бериб қўяман”.

Шундай қилди ҳам. Бироқ Раъно ўзи билан ўзи бўлиб қолмади. Боши орқасига бир силтанди-ю, йиқилмади. Юзини бекитиб дод-вой солмади. Устига бостириб келаверди.

Агар мана шу вазиятда бошқа эркак бўлганда борми, ўзгача иш тутган бўларди. Аммо Ғайбулло аёлининг кўзидаги ўтга бардош беролмади. Шартта ортига бурилди-да, уйдан чиқиб кетди. Унинг ортидан эшикни қарсиллатиб ёпган Раъно бир муддат туриб қолди. Сўнг ҳўнграб йиғлаб юборди.

Орадан ярим соатча ўтиб, “Тез ёрдам” машинаси келди. Бу сафар Раъно қанча қаршилик қилмасин, докторлар уни шифохонага олиб кетишди.

Ғайбулло “Тез ёрдам” машинасига хотинини суяб ўтқазишаётганларини кўрди. Аввалига жаҳли чиқди. “Беш-бегона эркакнинг нима ҳақи бор хотинимнинг қўлидан ушлашга?” — дея ўйлади. Бир хаёл жанжал қилмоқчи ҳам бўлди. Бироқ дарров ниятидан қайтди. “Баттар бўл, эрга хезланишнинг оқибати мана шундай бўлади. Ҳали шошмай тур, қилган қилиғинг учун бошингга шундай кунларни солайки, бир умр эсингдан чиқмасин… Аввало, шу кетишда касалхонадан қайтмайсан”.

Уйига ғўдайиб кириб борди. Қизларига бақирди. “Сенлар менинг ўлимимни кутиб юрибсизлар. Ўлсам, ҳамма бойликларим сенларга қолиб, маишат қилиб юрмоқчисизлар!” — деди. Бойликлар, уч хонали уй, юз эллик минг сўмдан зиёдроқ пул, бошқа ашқол-дашқолларни пулга чақса, ҳеч вақо бўлмайди. Кўрсатишидан бузилиши кўп бўлган оқ-қора эски телевизорни биров текинга олсаям катта гап. “Менга қўл кўтарган хотин ҳам, болаям керакмас, йўқол ҳамманг!” — дея қизларни кўчага ҳайдади.

* * *

— Сизларга ким керак? — деди Шоҳруҳ ўзини совуққон кўрсатиб.

— Сен кераксан, дорогой, сен! — деди қора мўйлов рус тилини бузиб. — Бизнинг йўлакда нима қилиб юрувдинг?!

— Шунчаки адашиб кетдим. Яқинда шу ердан ижарага уй олувдим, адашиб кириб қолибман. Шунга нима бўпти?! — дея талмовсиради Шоҳруҳ.

— Адашдим, дегин. Адашиш қиммат туришини билмайсанми?

Чақирилмаган меҳмонларнинг ҳар икковининг ҳам кўзи олайди. Шоҳруҳнинг устига қаҳр-ғазаб олови ёғилди.

— Илгари, — деди Шоҳруҳ мумкин қадар ўзини босиб, — тоғда яшардим. Туз олиб кетиш учун шаҳарга тушганимда, ушлаб олишди-да, бу ёқларга келтириб ташлашди. Шунинг учун бир жойларга бошим айланиб бориб қолсам, хафа бўлмайсизлар.

— Ичкарига киритарсан, кўчадан келган одамни сизларда яхши меҳмон қилишади, деб эшитганим бор, — деди қора мўйлов.

— Лекин тиланчилар ҳақларини олишганларидан кейин эшик тагидан орқаларига қайтаверишади.

— Биз сенга тиланчи бўлиб қолдикми ҳали?

Шоҳруҳнинг биқинига тўппонча тиралди. Совуқ темирнинг танасига қадалишидан йигит сесканди.

— Ўзимиздан экансизлар, уйга киринглар, чой-пой ичамиз. Чақчақлашиб ўтирамиз, — деди Шоҳруҳ ўзини гўлликка солиб, жилмайишга уринаркан. Қурол аллақачон унинг юрак уришини тезлаштириб юборганди. Ажабки, ана шу нарса Шоҳруҳни тез фикрлашга мажбур қилмоқда эди.

Биқинига кетма-кет икки марта тўппонча стволи урилганидан энгашиб қолган йигит ичкарига кириб кетаркан, орқа билан юриб “меҳмон”ларни айвонча томонга бошлади ва уларни Юлдузга тескари ўгирилишга мажбур этди.

Шоҳруҳга кучини кўрсатаётган иккала зўравон ҳам ҳали Юлдузни кўришмаганди, лекин шерикларидан унинг қанақа муштлашишини эшитишганди.

Бўйнининг орқасига теккан зарбадан турган жойида бир неча сония карахтланган қора мўйлов гурсиллаб полга ағанаётганида, ўртоғи ҳам қизнинг тарсакиси ва Шоҳруҳнинг мушти “маза”сини татиб кўришга улгурганди. Бек ҳам аллақачон уришишга тайёр турганди, аммо унинг куч ишлатишига ҳожат қолмади. Фақат полда чўзилиб қолганларнинг қўлларини орқасига маҳкам боғлаш юмушинигина бажарди. Юзларига сув сепилганидан кейин иккала “меҳмон” ҳам ўзига келди. Бир зум қаердаликларини билолмай атрофга аланглашди.

— Хуш келибсизлар, — дея Юлдуз рўпарасига стол қўйиб ўтиргач, бир-бирларига қарашди. — Яхши ниятда келганларни нон-туз билан кутиб оламиз, лекин сенларга ўхшаганлар бошқача меҳмон қилинади.

Юлдуз рус тилида ниҳоятда тоза, тутилмасдан сўзларди. У билан гаплашган одам русийзабонлигига шубҳа билдирмасди.

— Қўлимизни бўшатинглар, — деди қора мўйлов унга ўқрайиб.

— Сен асли шу аҳволга тушиш учун келгансан!

— Ўзларингга қийин бўлади. Бу уй аллақачон компьютерга тушган. Агар икки соат ичида қайтиб бормасак, бирортанг ҳам тирик қолмайсан. Сен бўлсанг, — деди қора мўйлов Юлдуздан кўзини узмай, — қидирилаяпсан. Айтиб қўяй, қиз бола бўлганингга пушаймон ейсан. Манавиларни, — дея у боши билан Шоҳруҳни кўрсатди, — қариндош-уруғи ўлигини опкетишади. Аниқ биламан, сени сўрайдиган ит ҳам бўлмайди.

Унинг гапи Юлдузнинг суяк-суягигача етди. Зеро, қора мўйлов қизнинг ўтмишини эслатиб қўйган эди. У ўтирган жойида қора мўйловнинг ияги тагига шунақанги тепдики, қизнинг бунақа ҳунари борлигини мутлақо хаёлига келтирмаган йигит шўрлик гурсиллаб орқасига йиқилди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here