Мафия сардори (20-қисм)

1

— Урма! — дея бақирди елкаси билан полга яхшилаб ўрнашиб олиши билан.

Аммо унинг овози ҳавода жаранг сочиб турганидаёқ, биқинига тепки тегди.

— Етади! — бақирди Юлдуз Бекка.

Сўнг ўзи қора мўйловнинг ёқасидан ушлаб ўрнидан турғазди.

— Ит! Сенинг орқангдан сўраб келувчинг борми?! Отанг сўраб келадими ёки онангми, балки осмондан тушгандирсан, бўғизлаб ташлайман!..

Кўкраги жуда тез кўтарилиб тушаётган Юлдуз сира ўзини босиб ололмаётганди. Унинг шунақанги қони қайнагандики, рўпарасидаги одамбашара махлуқни бурдалаб ташлагиси келаётганди.

— Юлдуз, буларга эркакча гап керак. Бошқасига тушунмайди. Илтимос, бориб туринг, қолган нарсаларни ўзим тушунтириб қўяман, — деди Шоҳруҳ.

Шу гап Юлдузга далда бўлди. Бироз шаштидан тушди. Рўпарасидагининг ёқасини бўшатди ва хонасига кириб кетди.

— Исминг нима? — сўради қиз кетганидан кейин Шоҳруҳ елкасига қўлини қўйиб.

— Бедар, — жавоб қилди қора мўйлов бурнини тортиб, оқаётган қонни чиқармасликка уринаркан.

— Яхшигина исминг бор экан-у, башаранг бунча совуқ? — деди Шоҳруҳ унинг қорнига муштлаб. Агар у шу ондаёқ букчайиб қолган Бедарнинг елкасини силамаганда эди, бечора йигит нафаси қайтиб, ўлиб қолиши ҳеч гап эмасди.

— Бек, бунинг устидан совуқ сув қуйиш керак, — деди Шоҳруҳ шеригига. Сўнг ошнасининг калтакланаётганини кўриб, бутунлай довдираб қолган “сариқ меҳмон”нинг юзига чап қўл кафти билан бироз уриб турди-да, сўнг бирдан ўнг қўл муштумини ишга солди. Бунақанги зарбани у бокс маҳали ҳам қўллаб кўрганида шунақанги яхши натижа бергандики, рақиби бирдан қулаганди. Бу сафар ҳам ҳимоясиз душман ана шундай кўйга тушди ҳамда ҳушидан кетди.

Йигитларнинг олдига чиқиб, эшик кесакисига суянган Юлдуз Шоҳруҳга бироз қараб тургач:

— Гаплашиб олайлик, — деди қандайдир тушкун кайфиятда.

Юлдуз юмшоқ каравотига ўтириб пешонасини силади.

— Сўроққа тутмоқчи эдим, — деди унинг ёнига келган Шоҳруҳ.

— Йўқ, аввал келишиб олайлик. Мутлақо кутилмаган иш бўлиб кетди. Бу ёғига нима қиламиз энди? Ҳақиқатан ҳам булар бораверишмаса, қаерга келганлари маълум, қолганлари оёғини қўлга олиб ҳовлиқиб келишса, нима қиламиз? Ҳали бу ерга тузукроқ ўрнашиб олганимиз йўқ. Режамизнинг ҳаммаси барбод бўлиб кетмайдими?.. Кейин, Шоҳруҳ, одам сал эҳтиёткор бўлади-да, ортингиздан етаклаб келганингизни қаранг! Эплайман, дегандингиз-ку! Бунақа эплаш ҳамманинг қўлидан келади…

— Камера ўрнатилган экан, дедим-ку! Лекин мутлақо эътиборсиз ўтиб кетдим ўша эшик ёнидан…

— Томоша менга бутунлай ёқмади. Бошқача бўлиши керак эди. Ҳозир бўйнимизга ўз ихтиёримиз билан сиртмоқ солганга ўхшаб қолдик. Бўпти, энди ортга қайтишга йўл йўқ. Нима қиламиз?!

Тушкун кайфиятдаги Юлдуз умид билан йигитларга термилди.

— Тезроқ ишлашимиз керак, — деди Бек, — Шоҳруҳ айтганидай сўроқ қилайлик. Ўша лаънати уйда неча киши борлигини билайлик, кейин бориб, камерасига қўшиб компьютерларини, нимаики бўлса, барини мажақлаб келамиз.

— Ундан кейин, — деб Бекнинг гапини давом эттирди Шоҳруҳ, — ортиқ бу уйда туролмаймиз. Бугуннинг ўзида кетишимиз керак.

— Миям ғовлаб кетди. Боши берк кўчага кириб қолгандайман. Майли, сизлар айтгандай қилиб кўрайлик-чи?!

Бедар ғўдайиб, кўзларини олайтириб, дўқ-пўписани қойиллатгани билан юраги кичкина экан, Шоҳруҳ ёнига бориб муштини кўрсатиши билан тиз чўкди.

— Илтимос, урма, нима десанг, ҳамма айтганингни қиламан, — деди ёлвориб.

— Қароргоҳларингда нечта одам бор? — сўради Шоҳруҳ унга еб қўйгудек тикилиб.

— Битта, — жавоб қилди Бедар титраб.

— Нима иш қилади у?

— Экранга қараб туради, ким келди, ким кетди — ҳаммани кузатади.

— Бу ерга қандай келдинг?

— Ўша соткамга телефон қилди. Сен қайси йўлакка кириб кетганингниям айтди. Деразадан кузатиб турган экан. Атрофдаги уйларда кимлар яшашини яхши биламан. Фақат мана шу уй анчадан бери бўш эди.

— Хўш?

— Бегона бўлганингдан кейин шу ерга келишинг мумкин-да. Шу боис кимлигингни билиш учун келдик.

— Тушунарли, — деди Шоҳруҳ ва ёнида турган Бекка қаради, — айтганингдай қиламиз. Бўлмаса, булардан қутулиб бўлмайди, — деди ўзбекчалаб.

Бедар бошини яхшилаб ювди, сўнг Юлдузнинг соч қуритгичида сочини қуритди. Кейин Шоҳруҳ билан Бекнинг олдига тушиб йўл бошловчилик қилди. Шериги эса гаров сифатида қолаверди.

Йўлакдан чиқишлари билан Бедар сигарета сўради. “Ҳали кўп чекасан, юравер”, жавоб қилди унга Бек.

Бедар бошини эгди, анча пайт кўтаролмади. “Бечора ўзиникиларни сотиб қўйганидан қийналяпти”, деган ўйга боришди Шоҳруҳ билан Бек. Аммо бу ҳам бир аломат эканлиги, “ишлар чатоқ”, деган маъно бериши уларнинг хаёлига келмади.

Эшик тугмачасини босган Бедар четроққа ўтиб турди.

— Фақат рус тилида гапирасан, ўз тилингни мутлақо ишлатма, кейин иржайиб тур, — дея огоҳлантирган Шоҳруҳ уни эшик тўғрисига итарди.

— Шошма, — деди бирдан Бек, — бирон нима бўлса, ҳаммамиз йиқиламиз, камерадан кўриб туришибди. Осонликча эшик очилмайди.

— Нега? — сўради ҳайрон бўлган Шоҳруҳ.

— Ҳозир нимадир бўлади, кўнглим сезаяпти.

Бек сўзини тугатар-тугатмас, ичкаридан бир неча марта гумбур-гумбур эшитилди. Ҳар иккала йигит бирдан ўзларини ерга ташлашди. Бек йиқилаётиб Бедарнинг оёғига тепаркан: “Ёт!” — деди. Айни чоғда чап қўлида пайдо бўлган оғриқдан афти буришиб, инграб юборди.

Орадан икки дақиқача ўтгач, эшик очилди. Энди гўё ўқ тегиб нариги дунёга равона бўлгандай чўзилиб ётган йигитларнинг қўлларидаги тўппончалар бараварига ишга тушди. Эшикни очган нусха йиқилди бу сафар.

Бедар тура-сола қочмоқчи бўлганида, Бек тўппонча ёрдамида унинг ҳам кўкрак қафаси ўртасидан тешик очиб қўйди. Ичкарига аввал Шоҳруҳ, унинг ортидан Бек бостириб кирди. Ҳақиқатан ҳам, ичкарида бошқа одам йўқ экан.

Тўғрироғи, ётоқхонада шовқин-сурондан ғаши келиб, бир неча марта қарғанган сариқ сочли, киприклари узун, кўзлари катта, қошлари ингичка қиз эндигина ўрнидан туриб, уйқуга тўймаган кўзларини уқалаб, онда-сонда норози нигоҳини эшикка қаратиб қўярди. У уруш-жанжалга, тўппончаларнинг “тақир-туқур”ига аллақачон ўрганиб кетганди, биров қулоғининг тагида бомба портлатсаям пинагини бузмайдиган даражага келганди. Фақат нафратланарди. Ана шундай шовқин қилаётганларни кўрарга кўзи йўқ эди. Лекин айнан ўшанақа одамларнинг кўнглини хушларди. Шунга мажбур эди. Бирор марта “йўқ” десин-чи, нақ пешонасидан дарча очилади.

Компьютеру телевизорларни, умуман, нимаики жиҳоз бўлса, барини тепиб, уриб, синдириб, хоналарни вайронага айлантираётган йигитлар охири шу хонага киришди.

— Нима балони бошладинглар? — деди қиз нотаниш кимсаларни кўриши билан. — Тинчлик йўқ экан-да.

— Кимсан? — сўради Шоҳруҳ унга тикилиб.

— Нима ишинг бор кимлигим билан? Тинч қўясизларми-йўқми, иккитанг навбатма-навбат кечаси билан роса абгор қилганларинг етмагандай, кундузи тинчгина ухлашимгаям қўймайсизлар. Ҳали қоронғи тушса, яна дунёнинг ҳамма азобини тортаман…

— Ўчир овозингни! — дея уни бирдан сўзлашдан тўхтатди Шоҳруҳ. — Ким бор яна бу ерда?

— Си… Сизлар прокуратураданмисизлар? — деди қиз кўзи чиққудек бўлиб.

Шоҳруҳ у билан ортиқча гаплашиб вақтни ўтказмади. Хонанинг ҳамма ёғини титкилаб кўрди. Қиз ётган каравот тагидан бир қопча пул чиқди. Қиз шунча пулнинг устида ётганини билмаган, шекилли, бирдан кўзи олайиб кетди.

— Тезроқ кетиш керак. Қўшнилардан биронтаси чиқиб ташқаридаги мурдаларни кўриб қолишса, милисага…

— Каллага келмабди, — дея бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — аллақачон мурдани кўриб, ўқ овозини эшитишлари билан эшикларини тамбалаб, милисага қўнғироқ қилишгандир. Қолаверса, булар фақат шу — битта уйда туришмас. Кетдик!

Бек пулни орқалади. Шоҳруҳ қизнинг оёқ-қўлини боғлаб, оғзига латта тиқиб қўйди. Сўнг улар ташқарида қолган мурдаларни ичкарига киритишгач, жуфтакни ростлашди. Қизиқ устида билинмаган экан. Уйни тарк этишлари билан Шоҳруҳни титроқ тутди. Ахир у ҳам одам ўлдириб қўйган, бировнинг уйига кириб ҳамма ёғини ағдар-тўнтар қилган, ўғриликка ҳам қўл урганди. У вақти келиб шунақа ишлар билан шуғулланаман, деб сира ўйламаган эди. Бироқ ўзи истамаган ҳолда, бутун ҳаётини остин-устун қиладиган амаллар билан шуғулланиб қўйди. Буни фақат кўзига бало-қазодай кўринган уйдан чиққанидан кейингина ҳис этди. Ич-ичидан афсусда эди-ю, бироқ энди бу надоматлар унга ҳеч вақо келтирмасди. “Эртароқ бу шаҳардан қорамни ўчиришим керак. Ҳар қандай қора иш бўлса ҳам майли, пешона терим билан ризқимни тераман”, деган ўй хаёлидан ўтаркан, қадамини янада тезлатди. Лекин Юлдузни кўриши билан ўйлаган хаёлидан асар ҳам қолмади. “Юлдузнинг шодликдан боши осмонга етади”, деб ўйлаганди. Ахир у мана энди ҳамма ишни хамирдан қил суғургандай осонлик билан битирди. Ортидан биронта “дум”ни етакламади. Боз устига, қуруқ қўл билан қайтмади. Бир қоп доллар. Ётиб есанг ҳам беш-олти йилни ўтказиб юборади. Аммо қиз уларни қовоқ уйиб кутиб олди. Иккала йигит ҳам ҳайрон. Бир-бирига қарайди. Шунчалик оғир юмушни бирпасда битириб келишса-ю, эвазига ҳатто бир чимдим табассум ҳам олишмаса.

Юлдуз қопдаги пулларнинг ҳаммасини ерга ағдарди, уч-тўрттасини ушлаб кўрди. Кейин мийиғида кулди.

— Сохта, — деди.

— Йўғ-э! — дея Бек бир дона купюрани олиб чироққа тутди. Ўзи билган белгиларнинг ҳаммаси унда бор эди. — Тоза-ку, — деб Юлдузга қаради.

Унинг гапи Юлдузнинг ғашини келтирди. Дарров ёнидан пул чиқариб Бекнинг қўлига тутқазаркан:

— Солиштиринг, — деди.

Иккала купюра ҳам бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшарди. Ҳатто ўртасидаги қора белбоғ ҳам бир хил. Фақат қоғозлар бошқа-бошқа. Буни ҳам дарров ажратиб олиш қийин. Бек сохта купюрани йиртиб ташлади. Шундан сўнг Юлдуз йигитларнинг ҳар икковидан ҳам қилган ишларини батафсил сўради.

— Худди боғ яратиб қўйган одамлардай, кўриб қўйинглар, деб кўкрак кериб келаяпсизлар. Шоҳруҳ, иккитаси орқангиздан эргашгани эсингиздан чиқдими?.. Кейин компьютерда хотира деган нарса бўлади. Мониторни бурдалаганларинг билан компьютерда… Уфф…

Юлдузнинг юраги гупиллаб урар, нафас етишмаётгандай бўғиларди.

— Бу ергаям сиғмадик, эртароқ шаҳар ташқарисига — кампирникига кетайлик, — дея қиз шоша-пиша телефонидан ҳайдовчининг рақамини терди. Унга тезда етиб келишни тайинлаб, иккала йигитга ҳам ювиниш хонасида қўл-оёқлари боғланиб ётган Бедарнинг шеригини айвонга — йигитларнинг хонасидаги каравотга боғлаб қўйишларини буюрди. Сўнг ўзи нарсаларини йиғиштириш учун хонасига кириб кетди.

Икки йигит ҳамда бир қиз пастга тушишди-ю, қотиб қолишди. Чунки шу пайт қарама-қарши томондаги кўп қаватли уйнинг ёнига қора ойнали иккита “Мерс” тўхтади-да, ичидан шошганча бир нечта йигит сакраб тушишди ва бундан ярим соатча муқаддам Шоҳруҳ билан Бек алғов-далғов қилган хонанинг йўлагига югурганча кириб кетишди. Икки киши эса машиналар ёнида атрофга олазарак боқиб туришарди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here