Мафия сардори (21-қисм)

0

* * *

Маъмур тайёр ўлжадан воз кечиб кетадиган одамлардан эмасди. Қолаверса, сўнгги пайтларда анча чиқимдор бўлганлиги боис, Шомурод акадан олган қарзи ҳақида кўп ўйларди. Ҳозирча пулнинг эгаси қарзини сўрамаётганди. Лекин сўраб қолса, у қайтариб беролмайди. Умуман, қайтариш нияти ҳам йўқ эди. Олаётганида билинмаганди. Кейинчалик ўйлаб қараса, катта сумма экан. Шунча пулни йиғишнинг ўзи бўлмас экан. Тўплаган тақдирингда ҳам бировга берсанг, худди бир томонингни қўпориб кетадигандай туйиларкан. Маъмур Шомурод акага қойил қолди. Шунча пулни қилт этмай берди. Тўғри, нотариус орқали. Лекин барибир қўлингдаги мулкни бошқа бировга тутқазиш оғир-да. Энди у қўймайди. Сопини ўзидан чиқаради. Баҳона минг хил. Куёв пулни Маъмурнинг қўлига тутқазади, у эса Шомурод акага… Йўқ, бирданига эмас, албатта. Майдалаб, аста-секинлик билан. Балки яна бирорта сабаб чиқиб, Шомурод аканинг ўзидан ундирар, ўшанда қутулиш осонроқ бўлади.

Маъмур ширин хаёллар оғушидан зўрға чиқиб, қўл остидаги йигитларидан бирини чақирди-да, текширувни янада чуқурроқ олиб боришни тайинлади.

Бу пайтда Содиқ уйига етиб борганди. Хонзода уни йиғи-сиғи билан кутиб олди.

— Дадаси, — деди кўзидан ёшини дув-дув оқизиб, — шу умидда бола боққанмидик, шу умидда авайлаб-асраб катта қилувдикми?..

— Нима бўлди? — деди Содиқ унга тикилиб. — Қани қизинг, унга ҳеч нарса қилмаганми?!

— Эл орасида энди қандай бош кўтариб юрамиз, нима деган одам бўлдик?!

— Минғирламай айт, нима бўлди?! — дея бақирди Содиқ.

— Қизингиз… Қизингиз эрга тегармиш, биздан берухсат, гаплашиб келган эмиш…

Содиқни ток ургандай бўлди. Унинг қулоғи тинимсиз шанғилларди.

— Ким… Кимга? — деди ютиниб олганидан кейин.

— Кимга бўларди? Таги паст, ота-онасининг тайини йўқ, битта қашшоқ кўча боласига-да. Оти Мурод эмишми, алламбало?!

Содиқ тин олди. Хотинининг оғзидан қизи “қилиқ” қилиб қўйганини эшитганида эти жимирлаб кетганди. Хаёли Шоҳруҳга қочувди. Ҳозир ўзидан хафа бўлиб кетди. Ич-ичидан шайтонни қувиб солди. Аёли ўпкаси тўлиб изиллаяпти-ю, унинг юзида ним табассум пайдо бўлди. “Бегона экан-ку”, деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Ўтди-ю, ўйлари чалкашди. Ахир хотини унга бошқача гап қилганди. Яъни ўзининг бир қориндан талашиб тушган укаси Шаҳлога — акасининг пушти камаридан бўлган қизга кўз олайтирган. Қизининг хаёлини ўғирлаган, шекилли, улар дарвозахонада қучоқлашиб, бировдан ҳайиқмай туришган. Йўқ, ундай бўлмаган, Шоҳруҳнинг макру ҳийлалари ўтмаган. Қизи бутунлай бошқа одамни яхши кўрган, энди унга турмушга чиқмоқчи. Бунинг аслида ёмон жойи йўғ-у, лекин йигитнинг камбағаллиги… Шошма, хотини уни кўчанинг боласи дедими? Кўчанинг боласи йўлтўсар бўлади, ўғри бўлади, бемаза болаларнинг ўртоғи бўлади. Буларнинг барини бир жойга тўпласа, умумий ном келиб чиқади: “Жиноий тўда”.

— Нимага қоққан қозиқдай турибсиз?! — дея чириллади Хонзода.

Шунда Содиқ ўзига келди. Хотинига нафрат билан қаради.

— Тузукроқ суриштирдингми? Бола ҳали жиноят-пиноят қилмабдими? — сўради қовоғини уйиб.

Хонзода унинг гапини бутунлай бошқача тушунди.

— Ҳамма ишнинг ҳал бўлгани жиноят эмасми?! Вой, Худо, кимни эр қилиб юрибман?! — дея Хонзода ўзини полга ташлади.

Худди шу пайт Шомурод ака уйга кириб келди ва қизининг гилам устида чўзилиб ётганча ўкириб йиғлаётганини кўриб жон-пони чиқиб кетди.

Ҳамма нарса равшан. Содиқ уни яна урган. Сабаб?.. Сабаби уни қизиқтирмайди. Юрагининг бир парчаси ер билан битта бўлиб ётганида, ҳар қандай сабабга у тупуради.

— Зўр бўп кетдингми?! — деди Шомурод ака куёвига ўқрайиб.

Қайнотасидан бунақанги гапни кутмаган Содиқ қотиб қолди.

— Да-да, нега?..

— Оёғимда маҳкам турибман. Любой одамнинг бемалол абжағини чиқараман, деб ўйлаяпсанми? Менинг қизимни сўрайдиган одамлари борлигини эсингдан чиқардингми?! Берган тузим, ёрдамларимга тупурдингми?! Оёғинг ердан узилдими?..

— Дада, нималар деяпсиз? Ҳозир келдим ўзи, худди сиздайин, ҳали нима гап-сўз бўлаётганидан умуман бехабарман. Қизингизга тегиниш тугул, бирон оғиз гап айтишга улгурганим йўқ…

— Дада, Содиқ акам ҳеч нарса демадилар. Набирангизнинг қилиғидан куйиб ўтирибман! Адо қилди мени набирангиз! Шарманда қилди!.. — деди Хонзода дув-дув кўз ёш тўкаркан, ётган жойида.

Отасининг ҳурмати учун ўрнидан туриш, йиғи аралаш бўлса-да, салом бериш унинг хаёлигаям келмади. Фаросатининг “юксаклиги”дан чўзилиб ётганча сўзлади. Барака топгур, ота шундан кейин ҳам ялпайиб ётган қизига: “Тур”, демади. Бунинг ўрнига Хонзоданинг ёнига бориб гилам устига ўтирди-да:

— Набирамга нима қипти? — деб сўради.

— Эрга тегармиш, дада. Эрга…

— Эй, қизим, ҳали сен шунга ётволиб йиғлаяпсанми? Бўйи етган қиз биронтаси билан яхши кўришиб қолган бўлса, “тегаман” дейди-да. Сенга қизингнинг бахтли бўлгани яхши эмасми? Ўзи топган бўлса, демак, бахтли бўлади…

— Дада, — деди Хонзода отасининг гапини бўлиб, — менинг ниятим бой-бадавлат оила билан қуда бўлиш эди. Қаердаги яланғочни деб қиз катта қилганим йўқ. Тўғри келган одамга бервораверсам, уруғингиз бузилиб кетади.

Унинг сўнгги гапи Содиқдан ўтиб кетди. Зеро, уруғ масаласида қайнотасига нисбатан у яқинроқ эди Шаҳлога.

— Ечиладиган нарса экан-ку. Қани, Содиқжон, — Шомурод ака куёвига юзланди, — ўрнидан туришига кўмаклашиб юборинг.

Тезликда бутунлай бошқа одамга айланган Шомурод ака Содиққа жилмайиб қараб турар эди. Содиқ ҳайратдан қотиб қолди. Нима қиларини билмай қайнотасига термилганча тураверди.

— Шунга шунчами?.. Жаҳл чиққанда ақл кетади дейишади-ку. Ота билан ўғил орасида нималар бўлмайди дейсиз? Хуллас, мен гапирмадим, сиз эшитмадингиз.

“Вой, тулки, ҳамма нарсадан осонгина чиқиб кетаман деб ўйлайсан-да, мен сендан маккорроқман, мана кўрасан, ҳали шундай ўйнатайки, ўзинг ҳам қойил қол”, дея хаёлидан ўтказган Содиқ қайнотасига қараб илжайди. Дарров хотинининг қўлидан ушлаб, туришига кўмаклашди.

— Айтдим-ку, хоним, — деди жуфти ҳалолига қараб илжайганча, — ҳал қиламиз, между прочим, осонгина.

— Нега тушунмайсизлар? — дея бир эрига, бир отасига нигоҳ ташлади Хонзода. — Шаҳло: “Иш пишган”, деди. “Бир ҳафтадан кейин тўй”, деди.

— Йўғ-э, — дея Шомурод ака Содиққа юзланди, — менинг набирам одобли эди-ку, ота-онасидан, қолаверса, мендан рухсатсиз ҳеч бир нарса қилмасди-ку. Шошма, бу ерда бир гап бор. Қани, бу ёққа чақир-чи!

Хонзодага қизини хонасидан чиқаришнинг ўзи бўлмади. Аввал дўқ-пўписа қилди, кейин ялинди. Кўз ёш тўкди. Хуллас, амаллади.

Оппоқ юзи қизарган, сочлари тўзғиган, боши эгилган қиз бир-бир босиб пастки қаватга тушди.

— Қизим, — деб Шомурод ака уни бағрига босди, — нега бунча қайғудасан?

Унинг бу гапи ёниб турган оловга мой сепгандай бўлди. Ўзини босолмаган Шаҳло:

— Додажон! — дея бақириб йиғлаб юборди.

— Тисс! Ўзингни бос, қизим. Бекордан-бекорга сенинг кўзингдан ёш оқизиб қўймаймиз. Қани, айт-чи, ким сени хафа қилди?

У шундай деркан, аввал Содиққа, кейин Хонзодага кўз қисиб қўйди.

— Ҳеч… Ҳеч ким, — деди Шаҳло бироздан кейин кўз ёшини тийишга ҳаракат қиларкан.

— Унда нега бунақанги аҳволдасан?.. Қизим, сенинг кўзингда ёш кўргунча, менинг жоним чиқсин…

— Дода, — дея Шомурод аканинг бўйнидан қучоқлаб олди Шаҳло, — унақа деманг, мени… мени…

У бошқа гап айтолмади. Тилига ҳеч сўз келмади.

— Қани, Хонзода, меҳмонхонага бошла, ўтириб ётиғи билан гаплашиб оламиз, — деди Шомурод ака.

Содиқ ҳам, Шомурод ака ҳам гапни нимадан бошлашни билолмай бошлари қотди. Қайнота-куёвнинг тилига сўз келавермагач, ташаббусни Хонзода қўлга олди.

— Қизим, мана даданг, мана бобонг, нима дардинг бўлса айт!.. Шу пайтгача: “Боламнинг энг яқини менман, нима дарди бўлса биргалашиб ҳал қиламиз”, деб ўйлаб юрувдим. Чучварани хом санаган эканман, сен аллақачон менинг бошқарувимдан чиқиб кетган экансан. Кимга тегиш-тегмасингни яқинларингга айт. Ўша ялангоёқ кимлигини айтиб бер!

Бу сафар Хонзода йиғламади, ҳатто ўксимадиям, ҳар бир сўзни дона-дона қилиб шаддод аёллардай гапирди. Шу боисдан ҳам Шаҳло раҳм-шафқатнинг яқинига ҳам бормади. Онасига нисбатан бунақа туйғу бир неча кун аввал бутунлай ўлиб бўлганди.

У Хонзодага ўқрайиб қараб қўйди, сўнг бошини эгиб:

— Ялангоёқ деманг. Уларнинг қалби тоза. Қалби бой, — деди.

Шомурод ака набирасининг гапини эшитиши билан томоқ қирди, гўёки унга: “Бу ерда биз ҳам бормиз, шарм-ҳаёни эсингдан чиқарма”, дегандай.

— Нималар деяпсан, Шаҳло?! — деди жаҳли чиқиб кетган Содиқ.

— Дада, мен сизни жудаям ҳурмат қиламан. Майли, ора-чора сиз ҳам алданасиз. Чунки бандасиз. Дада, илтимос, мени тўғри тушунинг, — деди Шаҳло титраб-қақшаб.

— Тушунай?.. Бўпти, гапир, соддагина, гўл даданг нимани тушунмабди?

— Дада… Дада, мен бошқа нарса демоқчийдим. Биласизми… биласизми?..

— Қўйинглар, боланиям одам шунчалик қийнайдими? Инсоф қилинглар. Ўзларинг шу ёшда бўлмаганмисанлар? Ундан кўра, келадиган совчиларни суриштиринглар. Ким бўлсаям, бизга аввало одам бўлгани яхши, мол-давлат топилаверади.

Шаҳло бобосини шунақанги яхши кўриб кетдики, меҳрга лиммо-лим нигоҳини унга қадади, зумда бутун вужудига шодлик инди. “Ҳозир дадам билан аямни додам уришади. “Қизимни севган йигитига бермай бахтсиз қилмоқчимисанлар?” — деб айтади”, дея ўйлади. Аммо бобонинг лабидан бошқача сўзлар учди.

— Бола ўстирганидан кейин одам унинг иқболини кўришниям истайди, — деди у. Айни пайтда унинг юз тузилиши, кўзлари донишмандларникига ўхшаб кетарди, — шунинг учун қизни бировга узатишдан аввал ўша рўзғорнинг қандайлигини билиш керак.

У айнан бир нарсани такрорлаётган эса-да, сўзлари энди бошқа манзил томон кетиб борарди. Буни ич-ичидан сезган Шаҳло тўлиқиб кетди. Бутун дарди томоғига келиб, йиғига айланиш учун тўплана бошлади.

— Ҳали йигирмани қораламаган қиз жуда содда бўлади. Уни ҳар томонга қайириш осон. Шунинг учун ҳозир кўплар адашиб қолаяпти-да. Пиёлага кўпроқ сув қуйсанг, ортиқчаси тўкилиб кетади. Бойлар бойларга, камбағаллар камбағалларга ажралиб бўлди. Бойнинг камбағал бўлиши осон-у, лекин камбағалнинг бой бўлиши ўлимдан қийин. Чаққон, уддабурон, ҳозирча камбағал бўлгани билан, эртага уни пулдор бўп кетади деб ҳеч ким кафолат бермайди. Бу бир томони. Иккинчидан, эркак бўлиб қизга уйландингми, елиб-югуриб уни боқ-да. Нима қиласан, ҳали Эшматнинг, ҳали Тошматнинг этагига ёпишиб?..

Содиқнинг томоғидан биров бўққандай бўлди. Вақти келиб қайнотаси қилган ҳамма яхшиликларини юзига солишини мутлақо хаёлига келтирмаганди. У ўрнидан турди, шошилмасдан бориб шкафнинг пастки табақасини очди-да, бир шиша ароқ олиб келиб стол устига қўйди. Сўнг пиёлага тўлдириб қуйиб, бир кўтаришда ичиб юборди-да, енги билан лабини артди. Қайнота унинг нега бундай қилаётганини сезди. Бироқ индамади. Билиб қўйсин чиранаётганини, зўр келса, ўзини босиб олади, деган хаёлга борди. Бироз куёвига термилиб турганидан кейин яна сўзида давом этди:

— Шаҳло қизим, — деди набирасига юзланиб, — сен ўзинг айтган боланинг адресини бер. Ойинг бориб келади. Ҳар нима бўлгандаям, хонадонини кўриш керак. Бу удум ота-бобомиздан қолган. Хўпми? Энди кўп кўнглингни вайрон қилавермасдан, хонангга чиққин-да, яхшилаб ухлаб ол. Уйғонганингда ҳамма нарса изига тушиб кетади.

Шаҳло ҳеч балони тушунмади. Кетгиси йўқ эди. Агар имконият беришса, Мурод акасини роса мақтамоқчи эди. Бироқ ҳамма умидлари барбод бўлди. Оғриниб ўрнидан турди-да чиқиб кетди.

— Сен, — деди Шомурод ака Хонзодага набирасини узоқлатиб, — Шаҳло айтган жойга борасан. Боланинг уйидагиларига айт. Тинч қўйишсин. Агар ортиқча гап қилишса, ўзим бошқача гаплашиб қўяман.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here