Мафия сардори (22-қисм)

0

Бу пайтда Содиқ шишани яримлатиб қўйган, кайфи ҳам анча-мунча ошиб қолганди, шунингдек, ботирлашганди.

— Сиз, — деди у сузилган кўзларини қайнотасига тикиб, — Хонзодага, ўзингизнинг қизингизга хўжайинсиз. Лекин Шаҳлога эмас. Ҳар доим фарзандимга охирги гапни мен айтаман. Кейин сира хавотир олманг. Берган пулларингизни ошиғи билан қайтараман. Бугун, ҳозироқ. Хоҳласангиз, “кўк”ида, хоҳласангиз, ўзимизнинг пулда. Ёки “сариқ”қа айлантириб берайми? Қоғоз пулга қизиқишингиз сўнганига анча бўлган-ку, тўғрими?

— Ўғлим, — дея Шомурод ака энди гап бошлаган эди, Содиқ дарров унинг оғзини ёпди.

— Менинг отам қора ерга кириб кетганига жуда кўп бўлган, балки суягиям чирий бошлагандир. Берган пулини пеш қиладиган одамнинг қандай тили борди мени ўғлим дейишга?!

— Дадаси, ким билан гаплашаётганингизни эсингиздан чиқариб қўйдингизми?! — дея бирдан бақириб юборди Хонзода.

— Қўявер, — деди Шомурод ака унга, — кўнглидагининг ҳаммасини гапириб олсин. Кўриниб турибди, кўп гаплари йиғилиб қолган экан. Қани, куёв бола… Кечирасиз, ўғлим дейишим сизнинг айтишингиз бўйича қанчалик нотўғри бўлса, бола дейишим ҳам шунчалик беўхшов, нима дейишгаям одам бундай пайтда иккиланиб қоларкан.

— Нима десангиз деяверинг, — деб Содиқ яна бир пиёла ароқни афти бужмаймай ичиб юборди-да, лаб-лунжини артди, — лекин битта нарсани айтиб қўяй. Хонзода сиз айтган жойга бормайди. Ҳеч нарсани суриштирмайди. Ҳаммасини ўзим ҳал қиламан.

— Ошириб юбординг! — деди жаҳли чиққан Шомурод ака тағин сенсирашга ўтаркан. — Шу пайтгача мен нима десам, ҳаммаси айтганимдай бўлиб келган, бундан кейин ҳам шунақа бўлади.

Содиқ жавоб қайтармади. Қайнотаси эса унга бир муддат ўқрайиб қараб турганидан кейин чиқиб кетди. Уни ҳеч ким, ҳатто суюкли қизи ҳам кузатиб қўймади. Зеро, у отаси кетиши билан эрини яхшилаб “тузлаш”ни кўнглига тугиб қўйганди. Шу боисдан ҳам фақатгина ароқ билан “сўзлашиб” қолган Содиққа ўзи биринчи бўлиб гапирди.

— Сизга гулдай қизини берди. Оёққа туриб олишингиз учун қўлидан келганча ёрдамлашди. Энди яхшилиги эвазига берган раҳматингизми бу? Қайси юз билан айтдингиз шунча гапни? — деди у эрига еб қўйгудек тикилиб.

— Агар миннат қилишини билганимда, ҳеч нарса сўраб бормасдим ёнига. Ҳозир кайфлигимда айтайин, дўконларимга текширувчиларниям отанг юборган. Менинг попугимни пасайтириб қўймоқчи. Лекин энди кеч бўлди. Шундай қиламанки, ўзи қазиган чоҳга ўзи тушади. Ҳозир подвалга туш-да, ўттиз минг “кўк”идан ол. Қоғозга ўра. Ундан кейин отангга обориб бер. Узоғи билан ўн беш мингча қарзман, қолгани тилини тийиши учун.

Хонзода ҳанг-манг бўлиб қолди. Мақсади қизини тартибга олиш тўғрисида гаплашиш эди. Аммо ўзан бутунлай бошқа томонга бурилиб кетди.

У меҳмонхонадан телбавор чиқди. Аввалига эрининг айтганини бажармоқчи бўлди, лекин тезда ниятидан қайтиб, юқори қаватга чиқди-да, қизининг ёнига кирди. Тош ойна қаршисида қандайдир суратни томоша қилиб ўтирган Шаҳло ойисига бирров қараб қўйди-да, яна машғулотини давом эттирди. Хонзода унинг ёнига келиб, қизининг қўлидаги суратни олмоқчи бўлганди, Шаҳло бермади.

— Шуми? — сўради Хонзода қизининг қилиғидан дили оғриб.

— Ҳа! — жавоб қилди Шаҳло кескин.

— Шохи йўғ-у…

— Бўлиши керакмиди?

— Ялангоёқнинг шохи бўлади-да, бўлмаса, нимасига учасан?

— Ҳақорат қилманг.

— Бутун умрлик нон-тузим, берган оқ сутим тайини йўқ бола олдида сариқ чақага арзимаскан-да.

— Ойи, бир нарсани иккинчисига чалкаштирманг. Кейин ўзингиз айтгансиз мени каша билан катта қилганингизни. Фигурангиз бузилишидан қўрқиб, менга кўкрак бермагансиз. Энди меҳр-муҳаббатни фигурангиздан кутинг…

— Вой ўлмасам, қизим, қачондан бери бунақа ўзгариб қолдинг?! Аввал бетгачопар эмасдинг-ку, — деди кўзи қинидан чиққудай бўлган Хонзода.

— Ўзингиз ўргатдингиз. Амакимнинг устидан туҳмат қилиб, шунақа бўп қолишимга сабабчи бўлдингиз.

— Мен билмабман. Аслида ўша Шоҳруҳ сени боқиб катта қилган экан.

У йиғлай бошлади. Эрининг отасига айтган гаплари суягига бориб қадалганди, энди қизиники ундан ҳам ўтиб тушди.

Бошини кафтлари орасига олган Шаҳло жим қолди. Унинг кўзлари юмилган, ич-ичидан изтироб чекмоқда эди. Худди боши берк кўчага кириб қолган-у, ундан чиқиб кетишнинг сира иложи йўқ. “Иложи бор, — хаёлидан ўтказди қиз, — фақат бу усул Мурод акамни қаттиқ изтиробга солади. Лекин… Лекин кўникиб кетади. Вақт ҳамма нарсани даволайди дейишади-ку. Эҳтимол, кун келиб ўзига бошқа бир ёр топар. Севиб уйланар. Шунда мени эсидан чиқазар… Оҳ, бунга қандай чидайман? Наҳотки Мурод акам тунлари бошқа бир қизни эркалайди, сочларини силайди, тўйиб-тўйиб ҳидлайди? Мен эса қора ерда ириб-чириб ётавераман. Атрофимда ўзимга ўхшаган мурдаларгина бўлади. Қўрқинчли, совуқ жой”. У қалтираб кетди.

— Йўқ… Йўқ, — дея бақириб юбориб ўрнидан сакраб турди.

Қизининг аҳволини кўрган Хонзода саросимага тушди. У бирдан қизини қучоқлаб бағрига босди.

— Ҳаммаси яхши бўлади, қизим, сен умуман қайғурма. Ана, доданг айтди-ку, бориб танишиб кел, деди. Сенга ёққан оила менгаям ёқади. Кўрасан, данғиллама тўй қиламиз. Оппоқ кўйлакда, узун “Лимузин”да келин бўлиб борасан уларнинг уйига.

Хонзода оғзига келган гапни қайтармас, мумкин қадар юмшоқ ва ўксик сўзларди. У қизининг кўнглини кўтаришни ўйлаётганди. Ниятига етганди ҳам. Чунки қиз айни дақиқаларда амакисини бутунлай эсидан чиқарган, бутун ўй-хаёли Муродда эди.

— Ойи, Мурод акамнинг ойилари сизга ёқади. Улар ниҳоятда меҳрибон аёл, — у шундай дея Хонзоданинг қучоғидан сирғалиб чиқди ва шоша-пиша сумкачасини ковлаб ён дафтар ва ручка чиқарди-да, тезда Мурод яшайдиган уйнинг манзилини ёзди.

Қизидан кўнгли хотиржам тортган Хонзода эрининг ёнига борди. Аллақачон бир шиша ароқни бўшатган Содиқнинг кайфи ошиб қолганди. У столда бошини эгганча ўтирар, алланималар деб ғўлдирар, олдидаги столни урган киши бўларди. Хонзода уни ҳам авраб хурсанд қилиб қўймоқчи эди, қараса, бунинг мутлақо иложи йўқ. Эрининг қулоғига на гап киради, на эркалаб уни ўзига оғдириб олиши мумкин.

— Чўчқадан фарқингиз қолмабди-ку, хўжайин, — деди ўзини билмай ўтирган Содиққа.

Жавоби ғўлдираш бўлди.

— Бундан баттар бўлмайсизми? — деб у эрининг ёнига келди-да, қўлидан ушлаб, ётоғига олиб бориб ташламоқчи бўлганида, Содиқ гурсиллаб йиқилди ва оғзи гиламга қопланиб, пишиллай бошлади. Унга нафрат билан боққан хотин қўлини силтади. Ёстиқдошининг бошини озгина буриб ҳам қўймай, илдам юрганча хонаси томон кетди.

Кетар чоғида Шаҳлонинг хонасига калла суқди.

— Даданг маст бўп қопти, хабар оп қўярсан, мен бўлғуси қудаларим билан танишиб келай, — деди илжайиб.

Шаҳло ойисига жилмайиб боқди. Унинг кўзида бир олам қувонч бор эди. Аммо у ойиси нима ниятда кетаётганини ўйлаб кўрмади. Одам бир томондан иккинчи тарафга шунчаки оғиб кетмаслиги унинг хаёлига келмади. Меҳмонхонада эса Содиқнинг нафаси қайтаётганди.

* * *

Қоровулликка қолган йигитлар ҳам бироздан кейин безовталаниб қолишди ва бирин-кетин йўлакка қараб югуришди.

— Айни вақти, тезроқ юринглар, қочиб қолайлик, — деди Юлдуз.

Серқатнов катта кўчага чиққанларидан кейин уларга тегишли бўлган машина етиб келди.

Юлдуз бутунлай ўйга чўмган, атрофдагиларни унутиб, алланималар тўғрисида мулоҳаза қилар, ўйидан, тузаётган режаларидан қониқиш ҳосил қилавермагач, узун киприкларини пирпиратиб қўярди. У бирон оғиз гапирмагач, бошқалар ҳам манзилга етгунларича миқ этишмади.

Юлдузнинг қайтиб келганини кўрган кампир қувониб кетди. Юз-кўзларидан ўпиб кутиб олди. Дарров дастурхон тузаш ҳаракатига тушди. Аммо қиз уни тўхтатди. “Ишим бор, шаҳарга боришим керак”, деди. Унинг бундай қарорини кутмаган иккала йигит ҳам ҳайрон бўлишди.

— Шоҳруҳ, — деди Юлдуз, — сиз мен билан бирга борасиз.

У бошқа гапирмади. Нарсаларини кампирга топшириб, яна машинага ўтирди. Шоҳруҳ йўл-йўлакай қиз режасини айтса керак, деб ўйлаганди. Аммо Юлдуздан тағин садо чиқмади. Шаҳарга етганларидан кейин машинага ҳам жавоб бериб юборди.

— Энди нима қиламиз? — сўради ундан Шоҳруҳ.

— Шаҳарни айланайлик, бир-икки ресторанга кириб овқатланамиз, озгинадан ичамиз, сиз билан дам олишни истадим, — жавоб қилди қиз.

Тусида табассумдан асар ҳам йўқ эди унинг. Демак, недир жиддий иш қилмоқчи. Ажабланарли томони, буни Шоҳруҳдан ҳам яшираётган эди.

— Менга ишонмай қўйдингизми? — сўради йигит ундан.

— Нега бунақа деяпсиз?

— Ҳар қалай, маишат учун келмагандирмиз. Сабаби бордир.

Юлдуз хўрсинди, анча наридаги баланд иморатларга нигоҳини қадади.

— Хўп, айтаман. Мен бу ерда томир отишим учун зўравонларнинг илдизини топишим керак. Қачонки уларнинг илдизини қуритсам, кун бор менга, йўқса, ўлигимни опкетишларингга тўғри келади. Шу ердаги итларга раво кўрмасанглар, албатта… Энди гапни кўпайтирмасдан кетдик. Аввал битта дўконга кирайлик, озгина сотволадиган нарсаларим бор.

Улар уч-тўртта дўконга киришди. Юлдуз ҳеч нарса сотиб олмади. Буюмларга бирма-бир қараб, қидирганини тополмаганидан кейин индамай чиқиб кетаверди. Шоҳруҳ ҳайрон, унинг ортидан эргашиб юраверди. Аста-секин қизнинг қилаётган қилиқлари унинг меъдасига тега бошлади. Бир хаёл: “Дардингни айт, нима керак бўлса, ўзим топиб келаман”, демоқчи ҳам бўлди. Бироқ бу гапни айтишга улгурмади. Навбатдаги дўконга кирганидан кейин қизнинг юзида қувонч аломатлари пайдо бўлди. У аввал елим бошларга кийгизилган сунъий сочларни ушлаб кўрди. Рангларига эътибор қилди. Сўнг уч-тўрттасини олиб кўзгу ёнига борди-да, бирма-бир кийиб кўра бошлади. Юлдузнинг елкасига тушиб турадиган қизғиш рангли сунъий соч унга ярашди. Бироқ қиз сариғини маъқул топди.

— Булардан ўзингизники минг марта зўр, — деди Шоҳруҳ қизга тикилиб, — нима қиласиз буни?

— Кийиб юраман. Агар одам шунақанги сочларни кўпроқ кийса, ўзиники тўкилмасмиш. Ҳар қалай, қайсидир журналда ўқиган эдим. Энди сизга танлаймиз.

Шоҳруҳ беихтиёр калта сочини силади, сўнг ажабланиб шеригига қараркан:

— Менга кераги йўқ, ўзимники яхши, — деди.

— Биламан, лекин кийиб юришингиз керак.

Ҳартугул, унга қора соч танлашди, лекин у узун эди.

— Роса терларканман-да, — деди норози бўлган Шоҳруҳ.

— Бу ерда кечаси совуқ бўлишини кўрдингиз. Хавотир олманг, ҳечам терламайсиз. Яна бир нарсани сизга айтай: мени ёқтирмаслигингизни яхши биламан. Шундай бўлсаям, вақтинчалик севишганлар ролини ўйнаймиз. Хўпми?

— Ким айтди сизни ёқтирмаслигимни, — дея бирдан қизариб кетди Шоҳруҳ.

— Кўзларингиз. Ҳазиллашдим. Қани, қўлингизни беринг-чи.

Иккита ресторандан бор-йўғи бир кружкадан шарбат ичиб чиқишгач, Юлдузнинг безовталиги янада ошди. У ёнидаги йигитнинг қўлини қучганча ҳали у томонга, ҳали бу томонга юрар, тинимсиз хаёл сурар эди.

— Яхшиси, — деди Шоҳруҳ, — казинога боришимиз керак. Менимча, улар, албатта, шунақанги жойга келишади. Куни билан топган пулларини қаергадир сарфлашлари керак. Менимча, ресторандан кўра, уларга казинолар қулайроқ.

— Тўғри, — деди қиз ва йигитни ўзига қаратди, — хаёлимга келмаганини қаранг. Лекин шаҳарда казино деганлари тиқилиб ётибди-да. Мен сизга айтсам, қиморнинг замонавий, ҳаммабоп, қонуний усуллари ҳам чиқади, деб ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Хў-ўш, битта гавжумини биламан. Аввал шу ёққа борайлик. Шаҳар шимолида. Ўзиям қоп-қора, баланд. Ёнига борсангиз, ваҳима босади. Салобатиданмас, совуқлигидан.

— Кетдик бўлмаса.

— Такси тўхтатинг.

Шоҳруҳ йўлакдан серқатнов катта йўл ёқасига чиқиб, зувиллаб бир-бирини қувиб ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади. Бу пайтда елкасига қора сумка осган, спорт кийимидаги, бўйлари узун, озғин икки йигит Юлдузнинг ёнига яқинлашарди. Қиз уларга парво ҳам қилмади. Кўзи Шоҳруҳда, унинг эртароқ машина тўхтатишидан умидвор бўлиб турарди. Яқинлашаётган йигитлар атайлабдан Юлдузнинг икки тарафидан ўтди. Ўтди-ю, кутилмаганда қизнинг қўлидаги сумкачани тортиб олиб, бирдан қочишга тушди. Юлдуз бир неча сония карахтланди. Бироқ тезда ўзига келди.

— Сумкамни опқочишди! — дея бақириб юбораркан, уларнинг ортидан қува бошлади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here