Мафия сардори (23-қисм)

0

Йигитлар озғин эди, тағин оёқлари узун, аста-секин Юлдуздан узоқлаб кетаверишди. Агар сумка ичида фақат пул ва тақинчоқлар бўлганида ҳам майли эди, Юлдуз бемалол кечиб юбораверади. Бироқ иккита тўппонча, ўқ-дорилардан кечиб бўлмайди. Нима қилиб бўлсаям, қочоқларни қувиб етишлари, қўлларидаги сумкани тортиб олишлари шарт эди. Зумда Юлдузни қувиб ўтган Шоҳруҳ жон-жаҳди билан югурди. Шунда қочаётганлардан бири ортига қаради. Аҳвол чатоқ, қуваётган бола елдай учиб келаяпти. Агар шу алпозда яна беш дақиқалар қувса, албатта, етиб олади. Бунинг устига, тинимсиз сигарета чекканларидан нафаслари бўғилиб, ҳансирай бошлагандилар. Умидлари нима қилиб бўлсаям ўзларининг кварталларига кириб бориш. Бунга унчалик ҳам узоқ қолмаган. Узоғи билан етти-саккиз юз метр. Тўғридаги катта йўлни кесиб ўтишса, тамом, кўп қаватли иморатнинг ёнидан ўтиб ҳовлига чиқишади. У ерда ўзларига ўхшаган ўғри йигитлар домино ўйнаб ўтиришибди. Дарров ёрдам беришади.

— Нимадан қўрқамиз?! — деб бақирди қочаётганларнинг бири шеригига. — Икковимиз битта боланинг жағини синдириб ташлолмаймизми? Кварталга бориш шарт эмас.

— Гавдаси катта. Спортсменга ўхшайди. Сумкани менга бер-да, уни тўхтатиб қол. Мен кварталдан болаларни айтиб келаман. Сенга ёнингдаги пичоғинг ёрдам беради! — дея қичқирди унинг шериги.

Бу энг жўяли фикр эди. Зеро, ортдан қуваётган билан қочаётганларнинг оралиқ масофаси бор-йўғи ўн-ўн беш қадамга қисқарган эди.

Шеригининг гапини жўяли билган қочқин бирдан тўхтади-да, ёнидан пичоқ чиқарди ва Шоҳруҳга ташланиш учун тайёрланиб турди. Атрофда одам кўп эди. Ҳамма ўзини четга олганди. Зеро, қон тўкилиши муқаррар бўлиб турган бир ҳолатга аралашмаган маъқул. Бу атрофда мелиса зотининг қораси ҳам кўринмасди.

— Келавер! — дея қичқирди ўғри. — Ичагингдан туфлимга ип қиламан!

Шоҳруҳ унинг ёнига яқин қолганда тўхтади ҳамда бу ёғига шиддат билан юрди. Унинг афт-ангорини кўрган одамнинг юраги қинидан чиқиб кетарди. У шунақанги ғазаблангандики, агар рўпарасида пичоқ ушлаган ўғри эмас, бирорта йиртқич ҳайвон бўлганида ҳам бурдалаб ташлайдиган шашти бор эди.

Ўғри Шоҳруҳнинг кўксига пичоқ санчиш учун хезланди, бироқ унинг ҳаракати зое кетди. Ўзини бироз чапга олиб қолган Шоҳруҳ ўғрининг жағига шунақанги қаттиқ зарба бердики, кўзидан ўт чиқиб кетган йигит бечора гурсиллаб орқаси билан йиқилди ва шу ондаёқ ҳушидан кетди.

— Ўлдириб қўйишди! — бақирди томошаталаблардан бири.

Шоҳруҳ унга ўқрайиб қаради-да, анча узоқлаган иккинчи ўғрининг орқасидан югурди.

Аксига олгандай, айни у серқатнов йўлни кесиб ўтаётганида, машиналарга яшил чироқ ёнди. Шунда ҳам Шоҳруҳ тўхтамади. Югуришда давом этди. Агар очиқ йўлкадан ҳали чорраҳанинг сариқлигидаёқ катта тезликда ўтиб келган “БМВ” тормоз бермаганида, Шоҳруҳни ер билан битта қилиб ташлаган бўларди. Чийиллаб тўхтаган машинадан сакраб тушган ёши ўттиз бешлар атрофидаги эркак бўралаб сўкиниб қолаверди. Шоҳруҳ унинг гапларини эшитмади ҳам. Эшитишга вақт қаёқда дейсиз?

Қочиб бораётган ўғрига Шоҳруҳ етиб олди. Аммо кеч. Ўғри бола ўзига таниш бўлган, унча-мунча ўғрилик ҳам қилишган, бир-иккитаси ёшлигидаёқ қамалиб чиқишга ҳам улгурган болаларни ёнига чақиришга улгурган эди. У ҳарсиллаб нафас олар, бироз букчайганча қўли билан Шоҳруҳни кўрсатиб:

— Ана… Анави Федяни чавақлаб ташлади, — дерди.

— Шу қоравой-а! — деди сочини хўрознинг кокилига ўхшатиб олган, қўлида занжир ўйнатиб турган барваста йигит. — Федяни?..

У ёнида беш-олтита ўзига ўхшаган болалар билан Шоҳруҳга яқинлашиб кела бошлади. Уларнинг ортида яна тўрт-беш йигит бор эди. Шоҳруҳнинг ёлғиз ўзининг кучи етмасди уларнинг ҳаммасига, аммо Юлдузнинг етиб келишини ҳам истамаётганди. Чунки бу дордан қочган болалардан ҳар нарса кутиш мумкин.

— Шефларинг ким? — сўради тобора унинг яқинига келаётган тўдага қарата.

— Ҳаммамиз шефмиз, биз битта одаммиз. Федянинг хунини биргаликда оламиз, — деди хўроз тож йигит.

— Федянгга жин ҳам ургани йўқ. Фақат жағини силаб ўтишимга тўғри келди.

У шундай дейиши билан Юлдуз ҳам етиб келди.

— Яхшиликча, — деди Юлдуз асабий титраб, — сумкани қайтариб беринглар, йўқса, ўзларингга ёмон бўлади.

— О-о-о, хонимнинг гапини эшитдингларми? — дея ҳиринглади тўдабоши ва қўлидаги занжирни ҳавога кўтарди.

Шоҳруҳ ҳаводан келаётган қалин темирлар тўқимасига қўлини тутиб қолди. Гарчи занжир унинг билагига ўралиб қолган бўлса-да, суяги синиб кетай деди. Бироқ йигит мутлақо тусини ўзгартирмай, занжирни зарб билан ўзига тортиб, ёнида пайдо бўлиб қолган хўрозбошнинг аввал қорнига урди, энкайиб қолгач, орқа умуртқасининг мустаҳкамлигини тирсаги билан “текшириб” кўрди. Ўзини осмон билиб, шу атрофнинг қиролиман, деб юрган ҳўрозбош шу ондаёқ ер тишлади. Бош кетса, билакдаги кучнинг нечоғлик қудрати қоларди? Жиноят остонасида турганлар тарашадай қотишди. Улар ҳам алам, ҳам ғазаб билан хўрозбошга термилиб туришарди.

— Яна мардинг борми? — сўради Шоҳруҳ улардан.

Тўдадан садо чиқмади. Йиртиқ-ямоқ шим, турли- туман расмлар чизиб ташланган футболкалар кийган, айримлари қулоқларига сирға тақиб олган йигитлар бир-бирларига қарашди. Нигоҳлар тўқнашуви журъат берди, шекилли, бараварига Шоҳруҳ билан Юлдузга ташланишди. Қиз жуда чаққон ҳаракат қиларди, ёнига яқинлашганни осонлик билан чалиб, тепиб ёки қўлларидан қайириб ағдарарди. Шоҳруҳ эса рақибларини тинмай мушт билан сийларди. Олишув беш дақиқача давом этди. Гарчи кўпчилик бўлишса-да, бокс устаси билан каратэни санъат даражасига кўтарган қизга бас келишга кўзлари етмагач, “ўз-ўзини хафа қилдирмайдиган” гуруҳ аъзолари бирин-кетин қочишга тушишди. Ўртоқларининг калтак ейишига сабабчи бўлган йигит ниҳоят қўлга тушди. У муштлашувга мутлақо қўшилмаганди, лекин нима бўлди-ю, Юлдузнинг ёнига келиб қолди. Қочмоқчи бўлганида, оёқлари чалишиб кетди-да, асфальтга ёпишди. Қўлидаги сумка учиб кетди. Безорилар жуфтакни ростлаганларида, Юлдуз асир қолган хўрозбошни кўрди. Кўзи кўкарган, оқсоқланганлар ҳам дам-бадам ортларига қарай-қарай қораларини ўчиришгач, бурни синганидан юришга ҳам мадор тополмаган хўрозбош бир қўли билан юзини яшириб тепасида турганларга ўғринча қараб ўтирарди.

— Исминг нима? — сўради Юлдуз кутилмаганда юмшоқ оҳангда.

— Александр, — деди йигит ва секин ўрнидан тураркан, — бошқа урмайсизларми? — дея сўради.

— Йўқ, урмаймиз. Аввал ҳам урмасдик бизга тегишли нарсани вақтида берганларингда, — деб Юлдуз Сашанинг ўрнидан туришига кўмаклашди.

— Агар мен биронтанинг шунақанги абжағини чиқарсам, ҳеч қачон ёрдамлашмасдим. Баттар ўласи қилиб калтаклаб ташлаб кетардим, — деди кутилмаганда мурувват кўрган Александр.

— Чунки сен қанчалик ўзингни ёмон кўрсатишга уринма, барибир ёмон бўлолмайсан. Бўпти, омон бўл, бошқа йўлимиздан чиқманглар, — дея Юлдуз Шоҳруҳнинг қўлидан тутиб хўрозбошдан узоқлаша бошлади.

— Тўхтанглар, — деди Саша уларнинг ортидан бироз қараб тургач, — балки кўришиб турармиз. Мен сизларга ўхшаганларни қидириб юргандим.

— Шунақами? — деб Шоҳруҳ изига қайтди-да, унинг ёнига келди. — Шаҳарингда бизга ўхшаганлар тиқилиб ётибди. Борсанг, ҳеч бўлмаганда югурдакликка қабул қилишади сени.

Александрнинг бирдан юзи ёришди.

— Ака! — деди бошини эгиб. — Майда-чуйдаларни улар яқинига йўлатмайди.

— Сен майдамисан? — дея кулди Шоҳруҳ.

— Улар шунақа ўйлашади. Кўриниб турибди, қандайдир тўданинг одамисизлар. Биз ҳам шаҳарда кўкрак кериб юрайлик. Уришишларинг даҳшат экан. Мен-чи, сизларга жуда кўп маълумотлар тўплаб беришим мумкин.

— Фақат шуми ниятинг? — сўради ундан Юлдуз.

— Йў-ўқ, анави “Буратино”дан қасдимдан олишим керак. Опамни икки йил аввал зўрлаган, кейин хўрлаган. Шайкаларигаям ташлаган. Маргарита эрталабгача бормаган, хуллас, ўчимни оламан!..

Юлдузнинг эти жимирлаб кетди:

— Ким у “Буратино” деганинг? — сўради Сашадан.

— Шаҳарда уни ҳамма танийди-ку. Айтишларича, собиқ иттифоқ даврида келган экан. Қишлоғида ўғирлик қилиб қўлга тушган. Бизда ўтириб чиққан. Турмадан чиққач, шу ердаги бир-иккита кўчанинг болалари билан танишиб, қолиб кетган. Иттифоқнинг абжағи чиқаётганда арзон-гаровга катта-катта дўконларни сотиб олган. Эшитишимча, заводлари ҳам бор. Ўн йил аввал опам Маргарита унинг қўлига тушиб қолган. Ўша пайти у эндигина ўн олтига кирган эди. Опамнинг хунини оламан!

— Тушундим, — деди унга тикилиб турган Юлдуз, — менимча, бизга қўшилганинг билан унга кучинг етмайди. Чунки заводлари бор одамнинг озмунча пули бўлмайди. Пули кўпми, демак, одамлариям кўп. Яна ўша одамларининг ярмидан кўпи каллакесар. Ҳа, нега уни “Буратино” деяпсан?

Бутунлай кайфияти тушиб кетган Александр ерга қараб нималарнидир хаёл қилди, кейин қизга юзланди:

— Билмадим, бурни узун бўлгани учундир, эҳтимол.

Сашанинг аввалги шашти бутунлай қолмаганди. У калтак зарбидан ҳам кўпроқ Юлдузнинг рад жавобидан азобланди.

— Хафа бўлма, — деди дарров унинг ҳолини англаган қиз, — сен билан кўришиб турамиз. Лекин бизни қандайдир жиноий гуруҳнинг одамлари деб ўйлаганинг ажабланарли. Бўпти, хайр.

Қизнинг кайфияти чоғ эди. Шоҳруҳнинг қўлидан тутиб илдам қадам ташларди. Йигит унинг қандайдир куйни хиргойи қилганини ҳам эшитди.

— Шунча болани уриб енгганимиздан хурсандмисиз дейман? — сўради Шоҳруҳ.

— Асло! Мен қидираётган одамимни топдим. Саша жудаям керак бўлса-да, атай уни нари итардим. Лекин бутунлай ноумид қилмадим ҳам. Демак, у бизни барибир излаб топади. Кейин аста ўзимизнинг одамга айлантириб қўяман. Бу ердаги одамларни, айниқса, зўравонларни яхши билади. Сабаби, опасининг қасдини олиш учун кўп изланган. Хуллас, фойдаси тегади. Уқдингизми, яхши йигит? Ёки яна саволларингиз борми?

— Тушундим, лекин бирдан унга ишониб қолганингизга ҳайрон бўлаяпман.

— Мен унга ишонибманми? — деб кулди Юлдуз. — Сираям ишонганим йўқ. Фойдаланиш керак, холос, севгилим.

— Нега “севгилим”?

— Келишдик-ку! Бир кун севишганлар ролини ўйнаймиз.

— Бор-йўғи бир кунми?

— Балки икки кундир.

Шоҳруҳ чуқур хўрсинди.

— Эй, йигит, — Юлдуз Шоҳруҳни тўхтатиб ўзига қаратди, — шунчалик кўримсиз, ёқимсизманми?!

— Икки кун камлик қиладими дейман?

— Ҳа-а, гап бошқа ёқда денг. Ёқмай кетсин! Лекин иложингиз йўқ. Ана шу икки кун ҳам етади. Балки ора-чора яна шу ўйинни қилармиз. Фақат илтимос, бошқа нарсани хаёлингизга ҳам келтирманг. Келишдикми?

Шоҳруҳ жавоб қилмади. “Хўп”, дегандек бошини қимирлатди. Аммо туси бирдан жиддийлашди. Гарчи атрофни йўл четидаги чироқлар ёритиб турган бўлса-да, йигитнинг юзидаги ўзгаришни тўлиқ кўрсата олмасди. Аммо қиз гапи Шоҳруҳга ёқмаганини сезганди.

Ўн беш дақиқача иккови ҳам сўзсиз ўз хаёллари билан андармон бўлиб юришди. Улар ҳатто ёнма-ён кетаётганларини ҳам унутишганди. Юлдузнинг юзи аламли тус олган, киприкларидаги ёш томчилари оқишга ҳозирлик кўраётганди. Шоҳруҳ Юлдузнинг одамлари қаторига қўшилиб нотўғри иш қилмадимми, деган ўйда бош қотирарди. Айни чоғда акаларининг, айниқса, янгаси Хонзоданинг “каромат”лари хаёлига келиб, ўкинарди ҳам. “Уйдан чиқиб кет, бу хонадонга ортиқчасан, дейишганида ҳам олам гулистон бўларди-ку, индамай кетардим. Шу арзимас нарса учун тепкилаш шартмиди?” — ўйларди у.

— Шоҳруҳ, — деб қолди бир маҳал Юлдуз, — борамизми казинога?

— Ниятингиздан қайтдингизми? — деди Шоҳруҳ қизга нигоҳ ташлаб.

— Йўқ.

— Унда борамиз. Ҳозир мен такси тўхтатай. Сиз эҳтиёт бўлинг, яна бирортаси сумкангизни опқочиб кетмасин.

Юлдуз енгил кулди ва йигитни туртиб қўйди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here