Мафия сардори (24-қисм)

0

Қиз машинада кетаётганларида салон чироғининг ёруғида ўзига обдан оро берди. Ҳайдовчининг ойна орқали тез-тез Юлдузга кўз ташлаб қўяётганидан Шоҳруҳнинг рашки келди-ю, аммо индамади.

Ҳақиқатан ҳам одамни Юлдуз таърифлаган казинонинг салобати босар экан. Шоҳруҳнинг унга кўзи тушиши билан эти жимирлади. Шеригидаги ўзгаришни сезган Юлдуз унинг қўлини маҳкамроқ қисди.

— Азизим, — деди майин табассум билан, — бугун роса дам олиб кетамиз, худо хоҳласа.

Шоҳруҳ ҳам жилмайишга уринди-ю, аммо ўхшатолмади. Шундай бўлса-да, бироз дадиллашди.

Шоҳруҳ беш-олти жойдаги бильярд стол, яна алламбало ўйинлари бўлган жойлар, айланадиган рақамлар, йирик-йирик нарда тошини улоқтирадиган мослама ва ҳоказоларни энди кўриб туриши эди. Дарров қизиқиши ортиб, ўйин жиҳозларига алоҳида эътибор билан қарай бошлади.

— Шоҳруҳ, сиз буларнинг барини аввал минг марталаб кўргансиз, ўзингизни бемалол тутинг, — деди Юлдуз бироз хижолат тортиб. У сўзлаш асносида йигитнинг қўлидан секин чимдиб ҳам қўйди.

Шу маҳал уларнинг ёнига ҳар елкасида битта одам кўтарадиган тақирбош бир рус йигит келиб:

— Хизмат? — деди иржайиб қўлини кўксига қўяркан.

Шоҳруҳ билан Юлдуз ҳали оғизларини очишга улгурмасларидан, унинг ўзи таклифларни бирма-бир санаб кетди.

— Агар қорнингиз очган ёки аввал озгина қизишиб олмоқчи бўлсангиз, бемалол қаҳвахонага киринг, турли спиртли ичимликларимиз бор. Бирдан ўйинни бошлаш ниятларингиз бўлса, ҳозир ёнингизга ажойиб гўзал қизни жўнатаман. У сизнинг ҳамма айтганингизни бажаради.

— Раҳмат, — деди Юлдуз унга майин жилмайиб, — яхшиси, биз озгинадан пиво ичамиз, кейин…

Қиз гапларини охиригача етказа олмади.

— Марҳамат, — дея йигит уларни бинонинг шимолий томонига бошлади.

Тўрт кишилик етти-саккизта стол. Учтасини хўрандалар эгаллаган, қолганлари бўш.

Юлдуз ўтираркан, девқомат йигитга жилмайиб қўйди.

Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан хизматчи қиз келди. Шоҳруҳ пиво буюртма берганида хизматчи қиз ўн беш хилдан ортиқ пивонинг турини айтди.

— Энг яхшисини олиб келинг, — деди Шоҳруҳ боши қотиб.

— Бизда ёмон пивонинг ўзи бўлмайди, — дея жилмайди қиз.

— Уфф, қийналиб кетдим. Кўзингизга қайси яхши кўринса олиб келаверинг.

Шундан кейин ҳам хизматчи қиз тезда кета қолмади. Пивога нима қўшиб келишини сўради. Табиийки, унинг ҳам тури кўп эди. Шоҳруҳ барча саволларга Юлдузни рўпара қилгачгина унинг охири йўқ, аммо ниҳоятда жозиба билан берилган саволларидан қутулди.

— Бунақада ҳеч нарса ичмай чиқиб кетади одам. Яхшиямки, фақат пиво айтганимиз. Агар бошқа нарсаларниям буюрганимизда… Бир соат қайсиниси, қанақаси, деб тураркан, — деди Шоҳруҳ хизматчи қиз ҳамма саволларига жавоб олгач, минг бир ишваларини кўз-кўз қилиб узоқлашганидан кейин.

Юлдуз кулди, сўнг:

— Кўзига ўтдай кўриниб кетган бўлсангиз керак-да! Энди сиздай йигитни ҳар қандай қиз илинтирсам, деб орзу қилади-да, — деди киноя билан.

— Унда шунинг учун ҳам шу пайтгача биттаям қизнинг қўлидан ушламаган эканман-да.

— Нега ёлғон гапирасиз? Менинг қўлимни ушладингиз-ку! Ёки аллақачон мени қизларнинг қаторидан чиқариб юбордингизми?

— Ушлаш билан ушлашниям фарқи бўлса керак.

Агар қўшни стол атрофини бир-биридан девсифат, юзларидан музнинг нафаси келадиган, кўзлари чақчайган, яна шу ҳолларига лабига гавана сигареталарини қистириб олган тўртта барзанги келиб ўтирмаганида, уларнинг ҳазили кўп давом этарди. Меҳмонларнинг ёнига бир йўла бешта хизматчи қиз келди. Боягидай эзмалик қилишмади. Ҳатто савол ҳам беришмади. Оғизларидан “хўп”дан бўлак сўз чиқмади. Сўнг буюрилган нарсаларни олиб кетишга югуришди.

Шоҳруҳ билан Юлдуз эса бир-бирларига сирли нигоҳ ташлашди.

— Муҳаббат сўзларини биласизми? Бировга севги изҳор қилганмисиз? Мени севишингизни, менсиз яшолмаслигингизни айтинг. Тўхтамай гапиринг, баландроқ овозда, — деди Юлдуз Шоҳруҳга жилмайиб. Агар синчиклаб унинг юзига қаралса, элас-элас безовталик нишоналарини кўриш мумкин эди.

Шоҳруҳ дарров унинг нима демоқчилигини англади. Фақат дабдурустдан бунақанги буйруқ берилгач, сўзни нимадан бошлашни, қайси тилда гапиришни билолмай довдиради.

— Йигитлар доим қизларни алдаш пайида бўлишади, — деди шеригининг сусткашлигидан асабийлашса-да, ўзини босишга, нафақат босишга, балки йигитга эҳтирос билан боқиб табассумини ошкор қилишга ҳам куч топиб. — Мен сизни бутунлай бошқа жойда севги изҳор қиласиз, деб ўйлагандим. Бу ерга дам оламиз, бироз қимор ўйнаймиз, деганингиз учун келгандим. Сизнинг бўлса дарров хаёлингиз бузилди.

— Сизни учратиш қийин. Қиз бола бошингиз билан заводда технологлик қилаяпсиз. Эрталаб ишга келиб, кечқурун ҳориб-толиб кетасиз. Бирон жойга таклиф қилишгаям одамнинг кўнгли бўлмайди. Шундай бўлсаям неча марталаб айланишга таклиф қилганман. Лекин доим рад жавобини бергансиз. Ҳозиргидай имконият яна бўладими-йўқми, Худо билади. Шунинг учун бу ерни қулай билиб…

— Сизга розилик берганим йўқ. Агар берган тақдиримдаям учрашиб юрмайман. Тўғри ЗАГСга борамиз, қонуний эр-хотин бўламиз, сўнг айланишлар бўлаверади, — деди Шоҳруҳга жавобан Юлдуз, юзида жиддийлик аломатлари пайдо бўларкан.

— Демак, сизни севишимга, еру кўкка ишонмай, кафтимда кўтариб юришимга ишонмайсиз. Унда айтганингиздай қиламиз. Эртага саҳардан мен сизни ЗАГСга олиб бораман. Келишдикми?

Юлдуз кулиб юборди. Майин, ширали, нозли овозда кулди. Унинг кулгисини қўшни столда ўтирган барзангилар ҳам эшитди. Улардан бири ошиқ-мошиқларга қаради. Қаради-ю, термилиб қолди. У Арзунинг йигитларидан бири эди. Кўзи ўтдек ёнарди. У Юлдузни кўрганди. Қиз хўжайинини тепкилаб, ҳамманинг кўз олдида шарманда қилганди. Танасидаги шайтоний кучлари кўпириб олдинга интилтирганди уни. Юлдузни бўлакларга бўлиб ташлагиси келганди, ундан кейин бутун уруғ-аймоғини бошқалар олдида ерга урган Арзунинг қонини ичмоқчи эди. Лекин жойидан қимирлай олмади. Ҳадди сиғиб ўзидан амали баландлардан олдинга ўтиб кетолмади. Аммо қизнинг сумбати хаёлида мангуга муҳрланди.

* * *

Агар Шаҳло ойиси кетиши билан унинг ортидан пастки қаватга югуриб тушиб, дадаси ётган хонага кирмаганида, яна икки-уч дақиқа кечикканида, Содиқ жон таслим қиларди.

— Дадажон! — деб бақириб юборди Шаҳло. Отаси қимир этмас, ҳатто нафас олаётгани ҳам билинмасди. Икки қўли бўшашган, сочлари тиккайган. Уни кўрган одам сира ухлаётганга ўхшатмайди. Худди кўча-кўйда мастликдан ёки кутилмаган оғир касалликдан жон бериб, эндиликда бу бечорага одамлар зиғирча бўлсин эътибор бермай, балки нафрат билан қараб ўтиб кетаётгандай эди. Кутилмаганда Шаҳлонинг кўзи тушди. Кутилмаганда қиз унинг ўлиб қолганини сезиб қолди… Ҳар қалай, Шаҳлонинг назарида шундай эди. У отасини кўриши билан ўлиб қолибди, деган хаёлга борганди.

У шошилганча дадасининг бошини кўтарди. Шундан кейингина Содиқ бирдан нафас олди. Гўё саҳрода қолиб ўлгудай чанқаган, кейин кутилмаганда сувга дуч келиб ичишгаям қаноат қилмай ўзини отгандай бўлди.

— Дадажон, сизга нима бўлди?! Нега бунақа ётибсиз, мени қўрқитиб юбордингиз! — деди Шаҳло йиғлаб.

Содиқ кўзини ним очди. Қуюқ туман орасида қизини кўрди. Хунук ўшшайди. Гапирмоқчи эди, оғзидан ғўлдираш билан бирга одамнинг таъбини хира қиладиган ҳид ҳам чиқди. Шаҳло афтини буриштирди.

— Уфф, дада, бунча кўп ичдингиз? Келинг, ваннага обораман, — дея Шаҳло Содиқнинг қўлидан ушлаб турғазмоқчи бўлди. Бироқ ҳарчанд уринмасин, падари бузрукворини жойидан ҳам жилдиролмади.

— Озгина ёрдам берворинг, кучим етмаяпти. Сиз ҳам ҳаракат қилинг.

Қизининг гаплари Содиққа узоқ-узоқлардан эшитиларди. У Шаҳлога ёрдамлашиш кераклигини англади. Лекин қанақа ёрдамлигини тушуна олмади. Гапиради, гаплари ғўлдираб чиқаётганини билмайди. “Қизим анқов бўп қолдими, ҳеч балога тушунмайди?” — деб ўйлайди.

Охири у қимирлади. Нима гап-сўзлигини билмоқ учун ўрнидан туришга уринди.

— Яна озгина, озгина, ҳа, ана, — отасини турғазганидан хурсанд бўлди Шаҳло, — энди юринг. Бир, икки, уч…

Ҳартугул, Содиқ ювиниш хонасига етгунича йиқилмади. Қизининг елкасига суяниб, боши ҳар томонга силкиниб юрди.

Гарчи Содиқнинг бошидан Шаҳло совуқ сув қуяётган эса-да, унга иссиқдай туйиларди.

— Совуқ, — деди у ниҳоят тили калимага келиб.

— Иссиғидан ҳам очайми? — сўради Шаҳло дадасининг гапирганидан хурсанд бўлиб.

Содиқ бошини сарак-сарак қилди. Бунга ҳам қаноат қилмай ғўлдиради:

— Иссиғини ёп, фақат совуқ сувни оч!

Шаҳло, мабодо иссиқ сув жўмрагини ҳам очиб қўйдимми деган хаёлда, оқаётган сувга қўлини теккизиб кўрди. Сув муздай. Агар бироз қўл теккизиб турса, совқотиб қолиши ҳам ҳеч гапмас. У дарров отасининг бошини кўтарди.

— Бўлди, шамоллаб қоласиз. Ваннани илиқ сувга тўлдираман, озгина ётсангиз, яхши бўласиз.

Орадан ўн беш дақиқача ўтгач, бўйнигача сувга чўккан Содиқ лаззатланиб ухлаб қолди. Унинг отаётган хурраги ташқарига ҳам эшитиларди. Шаҳло унинг тепасига келди. Бироз қараб турди. Бир хаёл турғазмоқчи бўлди. “Майли, яна ўн минутча ётсин, кайфи бутунлай тарқасин, кейин турғазаман. Унгача кофе тайёрлаб қўяй”, дея хаёлидан ўтказди.

Қаҳвага шакар аралаштираётганида қўл телефони жиринглаб қолди. Телефон экранига қаради. Муроднинг рақами ўчиб ёнаяпти. Ичидан шодлик отилиб чиқиб, юзида табассум шаклида кўриниш берди.

— Нега жимиб қолдинг, жоним? Сендан роса хавотир олдим, — деди Мурод Шаҳлонинг овозини эшитиши билан.

— Ҳали ҳаммасини айтиб бераман. Ҳозир ойим сизларникига бордиларми? Кетганларига анча бўлди. Етган бўлишлари керак, — деди Шаҳло шўх овозда.

Мурод билдики, қизнинг кайфияти яхши. Демак, ойиси ҳам уларникига яхши ниятда келаяпти. Унинг юраги бирдан орзиқиб кетди.

— Лекин ҳозиргача келмадилар… Шошма, кимдир келганга ўхшайди. Кимдир қўнғироқни босди. Эсиз, эртароқ айтмабсан-да, тайёргарлик кўриб қўярдик. Эшикни очай-чи, кейинроқ ўзим телефон қиламан, — деб Мурод қизил тугмачани босди.

Дарров ойисига меҳмон келганлигини айтди. Фотима опа кимлигини сўраганида, шивирлаб Шаҳлонинг онаси эканлигини тушунтирди. Фотима опа шошиб қолди. Шундоғам батартиб бўлган меҳмонхонани бир сидра кўздан кечирди.

Мурод эса бориб эшикни очди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here