Мафия сардори (26-қисм)

0

У ёлғон гапираётганди. Арзу билан Юлдузнинг уришгани унинг хаёлига ҳам келмаганди. Шунчаки, Юлдуз ўрнидан туриб кетаётганида ортидан кузатиб, қизнинг қадди-қоматидан лол қолган, ичидан бир нима чирт этиб узилганди. “Ҳеч бўлмаганда, шу қизни бир кеча қучоғимда олиб ётмасам, отимни бошқа қўяман”, дея ўзига-ўзи ваъда берганди. Фақат у қизнинг кетиб қолишидан қўрқувди, шу боис, кўзини узмай ўтирганди. Агар Юлдуз билан Шоҳруҳ эшик томонга юрганларида, албатта, эргашарди. Исмини, қаерда яшашини сўрарди. Мабодо унинг ёнидаги болакай (ҳа, у Шоҳруҳни шундай атай бошлаганди) хархаша қилса, яхшилаб жағини эзиб қўяди.

— Мен умуман ресторанга бормайман, балки бошқа бир қиз билан адаштираётгандирсиз, — дея жавоб қилди Юлдуз.

— Казинога келган одам ресторанга бормайдими? Сиздай офатижоннинг ресторанга бормаганлиги, тўғрисини айтсам, ақлга сиғмайди. Шунинг учун гапни айлантирмасдан тўғрисини айтаверинг, сиз ҳам мени танияпсиз, тўғрими?

— Адашдингиз, — деди Шоҳруҳ.

— Йигитча, — дея унинг елкасига қўлини қўйди барзанги, — яхшиси, сен катталарнинг ишига аралашмасдан уйингга кетавер. Болаларнинг ухлаш вақти бўлгани эсингдан чиқдими? Опанг — бўйи етган қиз. Бу ерда биз билан қимор ўйнаб, озгина дам олади, кўчани айланади. Сўнг уйига боради. Сен бўлса, ойингга айтиб қўярсан унинг ушланиб қолганини. Тушунгандирсан?!

— Исмингиз нима, яхши йигит? — сўради Юлдуз юмшоқлик билан. Унинг овози шунчалик майин чиқдики, барзанги эриб кетди. Ҳатто ўшшайди.

— Тамал, — деди ғўдайиб. Унинг назарида, қиз ҳам хайрихоҳдай эди.

— Исмингизни аввал сира учратмаган эканман. Кам ишлатиларкан… Кўнглингизни бироз оғритишимга тўғри келади. Сиз “болакай” деб айтаётган йигит — менинг севгилим. Биз бу ерга шунчаки адашиб кириб қолдик. Тўғри тушунарсиз, деган умиддаман.

Юлдуз олдингидай дадил сўзлади ва яна барзангини довдиратди. Туришидан ҳўкиз ҳуркадиган одам муштдеккина қиз қаршисида довдиради. Юлдузнинг ич-ичидан кулгиси қистади. Озгина бўлса-да ачинди.

Тамал билдики, ортиқ у билан гаплашиб туролмайди. Мабодо алоҳида бирон жойда бўлганларида, куч орқали қизнинг руҳини синдирган бўларди. Ҳар қалай, у шу хаёлда эди. Аммо одам гавжум, ғала-ғовур жойда бунинг эпини қилолмаслигига кўзи етди.

Бирон оғиз гап айтмай, шерикларининг ёнига кетди.

— Бизниям вақтимиз бўлди, — деди Шоҳруҳ, — бу мараз яна келади. Яна эшилади. Лекин кейингиларига чидаб туролмайман. Агар осмонни ушлаб турган бўлсаям.

— Рашкми бу? — сўради жилмайиб Юлдуз.

— Қандай хоҳласангиз, шундай тушунинг.

— Биз шунчаки роль…

— Балки, — деб Шоҳруҳ Юлдузнинг ортиқ гаплашишига йўл қўймай, қўлидан ушлаб ташқарига етаклади.

Тамал тўхтади. Ўгирилди. Йигит билан қизнинг қучоқлашиб кетаётганини кўрди. Бир неча сония пешонаси тиришиб, кўз олдига Юлдузни келтирди ва бирдан қўллари мушт бўлиб тугилди. У қизни эслади. Юлдузнинг ним кулгичи хотирасида қолган экан. Ана шу миясини титкилашга, Арзу билан бўлган муштлашувни ёдга олишга мажбур этди.

— Биз излаб юрган қиз ўз оёғи билан келибди-ку, — деди у шерикларига. Костюмининг ички чўнтагидан тўппончасини олди-да, эшикдан эндигина чиққан Шоҳруҳ билан Юлдузнинг ортидан югурди.

* * *

Қизлар кечгача кўчада санқиб юришди. Қоринлари очқади. Кичиклари хархаша қилди. Катта қиз уларни юпатди. Юраверганларидан оёқларида дармон қолмади. Бир хаёл уйларига қайтмоқчи бўлишди. Аммо дадаларининг хунук башарасини эслаб, фикрларидан қайтишди. Юришда давом этишди. Аммо қуёш нурларини сочишдан тўхтаб, замин узра қоронғилик этагини ёза бошлаган маҳал уларни ваҳима босди.

— Катта тоғамларникига борайлик, уйлари кўп, — деди кичкинтой Муқаддас.

— Уларникига борсак, дадам ойимни урганларини билиб қоладилар. Кейин келиб, дадамни роса калтаклайдилар Шоҳруҳ тоғамга ўхшаб, — деди катта қиз Сожида.

— Дадам ёмон одам-ку, урсалар ҳам майли. Кейин ойимни бошқа хафа қилмайдиган бўладилар, — деди ўртанча қиз Марҳабо.

— Опа, қўрқаяпман, қорним ҳам очди. Бўрон тоғамларникига борайлик, — кенжа қиз инжиқланди.

Аммо унинг гапига учала опа ҳам эътибор қилмади.

— Фароғат кеннойим бизни уйларига қўймайдилар. Бир сафар борганимда, қовоқларини уйиб кутиб олувдилар. Нега бунча кўп келасизлар, дегандилар, — Сожида гап қўшди.

— Ҳозир тоғам ишдан қайтган бўлсалар керак. Индаёлмайдилар, — қўшилди учинчи қиз Фозила.

Унинг гапи маъқул топилди.

Улар автобусга чиқишди. Тоғанинг уйи шаҳар ташқарисидаги бойлар маҳалласида эди. Беш йил бўлганди кўчиб ўтганига. Автобуснинг сўнгги бекатида тушиб яна икки километрча яёв юрилади.

Паттачи қизларнинг ёнларига яқинлашганида опа-сингиллар Сожидага қарашди. Унда пул бор эди. Ҳар доим бўларди. Кўп эмас, лекин кира ҳақига бемалол етарди. У сумкачасини ковлади. Бир сиқим танга олди. Эринмасдан биттама-битта санади. Сингиллари қандайдир ўзгача муштоқлик билан термилиб ўтиришарди. Хаёлларида опаларининг пули етмай қоладигандай эди. Ҳатто Фозила бир неча марта тепаларида кўзини лўқ қилиб қараб турган сариқ сочли аёлга умидвор боқиб қўйди. Мабодо опамнинг пуллари етмай қолса, бизни тушириб юборманг, қабилида. Сабр косаси тўлаёзган паттачи эса хўмрайганча тураверди.

— Мана, Худога шукр, етди, — деб Сожида сўнгги тангани қўшиб чиптачи хотинга узатди.

— Намунча, гадойликдан топган пулингни узоқ санамасанг? Ўласанми, одамлардан қоғоз пул сўрасанг, — дея узиб олди паттачи. Сожида шолғомдай қизариб кетди. Аъзои бадани титради. Кўзига ёш тўлди. Аммо миқ этолмади.

Опа-сингиллар Бўрон бойваччанинг дарвозаси ёнига борганларида, соат кечки тўққизга яқинлашиб қолганди. Улар бир муддат қўнғироқни босолмай, бир-бирига қараб туришди. Уч қават қилиб қурилган, пушти рангга бўялган уйнинг салобати босди. Қизлар аввал ҳам бир неча марта келишган бу ерга. У пайтда ёнларида ойилари Раъно бор эди. Етиб келгунларича уйнинг қанақалигини таърифлаб, анқаймасликларини тайинлаганди. Энди қизларнинг ёнида оналари йўқ. Уй, дарвоза, умуман, иморатлар бир-биридан ваҳимали. Бундай пайтда ёшгина қизчалар тугул, катталар ҳам довдирайди. Дарвоза тагида бироз туришса, биров юмушини енгиллатадигандай қўнғироқ тугмасини тезда босавермайди..

Сожида чуқур нафас олди ва секин қизил тугмачага қўл узатди. Ичкарида қушнинг чиройли сайраши эшитилди.

— Вой, — деди кенжатой очлигини ҳам унутиб, — булбуллари бор экан.

— Булбулмас, қўнғироқлари шунақа чалинади, — ўзбилармонлик қилди Фозила.

Орадан бироз вақт ўтгач, ичкаридан оёқ товуши эшитилди. Келаётган одам шиппакда шекилли, ҳар оёғини олиб босганида шипиллаган товуш эшитилди.

Кичик табақа очилди. Лўппи юзлари қизарган Фароғат кўриниш берди.

— Вой, — деди у қизчаларни кўриб, — бемаҳалда нима қилиб изғиб юрибсизлар? Ойингларда фаросат борми ўзи?! Шу маҳалдаям қиз болаларни кўчага чиқарадими?! Хонзодаларникига борсанглар бўлмасмиди? Уйда меҳмонлар борлигида, бир нарсадан қуруқ қолгандай ҳовлиқиб келмасанглар ҳам бўларди!

Қизлар қўрқиб кетишди. Кичкинтойлари опаларининг орқасига ўтиб яширина бошлади.

— Биз… Биз, — деди зўрға тили калимага келган Сожида, — тоғамларнинг олдига…

— Тоғаларинг, — деди ўқрайган Фароғат, — ичган, маст! Ҳозир сизлар билан гаплашолмайди! Шу маҳалда қўрқмасдан келибсизларми, кетишгаям қўрқмасанглар керак. Бемаҳалда жўнатган бемеҳр оналаринг, ҳар қалай, келиб-кетишга пул бергандир…

— Ким кепти? — деган овоз Фароғатнинг гапини бўлди.

— Уфф! — деди аёл норози бўлиб, сўнг орқасига бурилди. — Жиянларингиз…

У бошқа гапларни ҳам айтмоқчи эди. Аммо уйда меҳмонлар борлиги сабаб тилини тийди.

— Киргиз тез! — деган буйруқ бўлди ичкаридан.

Сожида ва унинг сингиллари енгил тин олишди. Қаршиларидаги жодугарсифат аёлга умид кўзларини тикишди.

— Бирам меҳрибон тоғаларинг борки… Биласизлар-да, қачон келишни, ҳимм, киринглар, — деб Фароғат ортга бурилди-да кетди.

Қизлар юрак ютиб ичкарига бир-бир қадам босишди.

Улар тоғаларини ҳовлида кўришди. Дарҳақиқат, тўрт киши билан бирга. Улардан биттаси Солиҳ тоғалари. Гаплар баланд овозда айтилаяпти. Орага кулгиям қўшилиб турибди. Демак, ичкилик авжига чиққан. Буни стол устидаги егулигу ноз-неъматлар орасида бўшаб қолган шиша идишларидан ҳам билиб олса бўларди.

Бўрон рўпарасидаги меҳмоннинг имоси билан ўтирган жойида узун-қисқа бўлиб турган жиянларига ўгирилиб қаради. Сўнг меҳмонларига:

— Яккаю ёлғиз синглимнинг қизлари, бирам ширин қизлар. Солиҳ, дарров уйга олиб кир. Бемаҳалда нима қилиб юришибдийкан? — деб меҳмонлар тарафга ўгирилди.

Меҳмонхонада опа-сингиллар қалдирғочдай тизилиб ўтиришди. Миттигина юракчалари типирчилар, уларни шу хонага киргизиб, сўнг эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетган Фароғат янгалари яна қайтиб келмаслигини ич-ичларидан хоҳлашарди. Уларнинг олдига Солиҳ кирди. Жиянларига иржайиб қаради. Сўзлаш учун оғиз жуфтлаганида ортидан Фароғат кириб келди.

— Кўрдингизми?! — деди кесатиб. — Раънохоннинг кўрсатган “каромат”ини. Қайси аёл бу маҳалда боласини кўчага чиқаради? Шунчалик ҳам одам бемеҳр бўладими? Телефонда дардини айтса нима қиларди? Пул сўраган-да. Бошқа дарди йўқ буларнинг. Ёшгина қизларни жўнатсам, ичи ачийди, деб ўйлаган бўлса керак…

Солиҳ янгасининг гапларини охиригача эшитмади. Индамай чиқиб кетди. Йўқса, Фароғат ҳали анча гапирарди. Раънони қоралагани етмай, балчиққа ҳам тиққан бўларди.

Бўрон эса, укаси қайтиб келганида унга эътибор ҳам бермади. Меҳмонларига навбатдаги ароқдан қуйди. Кейин улардан бирига қадаҳ сўзи навбатини берди.

Соат миллари ўн иккидан ўтганидан кейин меҳмонлар кетишди. Маст бўлган Бўрон жиянлари келганини буткул унутиб ётоғига кирди-да, юмшоққина ўрнига ўзини ташлади.

Сожиданинг сингиллари битта-битта столга суяниб, ухлаб қолди. Бечора қиз уларни уйғотиб юборишдан чўчиб, секинлик билан гилам устига ётқизди. Ўзи эса тоғасининг келишидан умид қилиб, эшикка термилиб ўтираверди. Қорни таталаб кетган эди. Лекин отасининг машмашаси, кўчада тинимсиз юргани ўз кучини кўрсатиб, кўзини роса уйқу босарди. Шундай бўлса-да, қовоғини зўрға очиб ўтирарди. Аммо Бўрондан дарак бўлмади. Ҳатто Солиҳ тоғаси ҳам бошқа хабар олмади. Лекин, барибир, қиз умидини узмади. Кутишда давом этди.

Фақат… Фақат тонг оқариб келаётгандагина, қизнинг ортиқ қуввати қолмай, кенжа сингилчасининг ёнгинасига чўзилиб ётиб қолди. Бироздан кейин эса унинг пишиллаган овози эшитила бошлади.

Қуёш бир терак бўйи кўтарилгандан кейин Фароғат юмшоққина ёстиқдан бош кўтарди. Туриш нияти йўқ эди. Аммо зарурат бемалол ётишига йўл қўймади. Сўнгроқ уйқуси ўчди. Кейин ювинишга мажбур бўлди. Керишди. Меҳмонлар кетгач, бир дунё ювиқсиз идишлар қолганини эслади. Оғринди. Сўнг телефонни олиб, доим уйига келиб хизматини қилиб кетадиган аёлга қўнғироқ қилди.

Ошхонага кириб бир стакан шарбат ичаётганида, қайнсинглисининг қизларини эслаб қолди. Пешонаси тиришди.

— Шу жувонмарглар ҳам жонимга тегиб кетди. Қачон қарама, гадойдай дарвозадан мўралаб туришади, — дея тўнғиллади. Меҳмонхонага борди. Қунишганча пишиллаб ухлаб ётган қизларни кўрди.

— Жа, онангларнинг уйларида ётгандай, сасиб ухлаб ётибсанларми?! Гадойваччалар! — деб бақирди.

Учта қиз унинг овозидан чўчиб уйғониб кетишди. Сожида эса ухлашда давом этди.

— Одам шу маҳалгачаям сасийдими?! Турларинг!

Кейинги чинқириқдан сўнг Сожида ҳам уйғонди. У уйқули кўзини уқалаганча шоша-пиша ўрнидан турди.

— Йўқолларинг уйларингга! Жа, индамаса, бошқа чиқволасанлар! Кир кийимларинг билан ётиб гиламниям расвосини чиқардинглар!

Қизлар қўрққанларидан ташқарига отилишди. Аввал ҳовлига, ундан кейин кўчага чиқишди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here