Мафия сардори (27-қисм)

0

* * *

Хонзода чиқиб кетганидан кейин ранглари докадай оқариб кетган Фотима опа столда ўтириб қолди.

— Астағфируллоҳ, бунақанги аёлни ҳеч учратмаган эканман. Биринчи келган жойида шунчалик жанжал кўтарадими? — дея пичирлади.

Муроднинг эса бўлари бўлди. Хонзодани кўрганида уни тушунадиган аёл бўлса керак, деб ўйлаганди. Аммо гапларини эшитгач, ҳайратда қолди. Бундан ҳам алам қиладигани, ойисининг олдида ерга кириб кетгудек аҳволга тушди.

— Болам, — деди Фотима опа ҳорғин товушда, — Худо бир асради. Бунақанги хотин билан қуда бўлгандан кўра, илон билан дўст тутинганинг минг марта афзал. Вой, бунча гапни қаёқдан топди? Шаҳлога телефон қил. Тушунтир. Бизнинг оилага улар тўғри келмаскан. Ҳар қалай, бекорга онасини кўриб қизини ол, дейишмаган.

— Ойи, Шаҳло умуман ойисига ўхшамайди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, илтимос…

— Болам, сени яхши тушуниб турибман. Бу хотин уйимизга келиб шунча жанжал қилиб кетди. Остонасини боссам, уришдан ҳам тоймайди.

Мурод жаҳл билан Шаҳлонинг телефон рақамини терди. Аммо шу заҳоти яна ўчирди. Бақириб: “Сен атайин шундай қилгансан, ойингнинг жанжал қилишини била туриб бизникига жўнатгансан!” — демоқчи эди-ю, дарров шаштидан тушди. Балки билмас, шум аёл алдаб-сулдаб манзилни сўраб олгандир. “Энди нима бўлади?” — дея сочларини ғижимлади йигит.

* * *

Шаҳло дадасини ювиниш хонасидан чиқариб ётоғига киргизгач, ҳамма умидларини кўзига жам қилди-да, ҳовлида интиқлик билан ойисини кута бошлади. Ниҳоят, у кутган аёл пайдо бўлди. Лабида табассум, қўлида қандайдир қути.

— Ойи! — деб бақириб юборди Шаҳло қувончдан. — Нима бўлди?!

— Зўр, қизим! Энди ҳаммамизга яхши бўлди. Қара, — деди у қўлидаги қутини кўрсатиб, — мен сенга нима олдим, қани топ-чи?!

— Ойи, майли, уни қўя турайлик, нима бўлди, шундан гапиринг, — деди кўзлари жовдираб.

— Сен аввал қутидаги нималигини топгин.

— Улар бериб юбордиларми?

— Сен топ, кейин ким бериб юборганини айтаман.

— Ойи, тўғриси, юрагим ёрилиб кетай деяпти. Билмайман ҳозир унинг ичида нима борлигини.

— Мен йўл-йўлакай дугонам Моҳиранинг дўконига кирдим. Мени кўриб, шошиб қолди бечора. Анча гаплашдик. Кўришмаганимгаям, ўҳ-ў, қанча бўлганди. Ичимизда гапларимиз йиғилиб қолган экан…

— Ойи! — дея турган жойида сапчиб тушди бардоши чидамай Шаҳло. — Қўйинг уларни. Мурод акамнинг ойиси билан гаплашганингизни айтинг!

— Вой, қизим-э, бунча шошқалоқсан? Ҳаммасини бирма-бир гапириб бераман. Хўш-ш, дўкони-чи, “супермаркет”! Икки қаватли. Жондан бўлак ҳамма нарса бор. У ердаги молларни кўриб кўзинг қувнайди. Дўконнинг бир бурчагида-чи, тилла тақинчоқлар, кўзни оладиган брильянтлар тиқилиб ётибди… Моҳира сени таниркан. Ёшлигингда кўрган экан. Қўғирчоқдай қизалоқ эди. Ҳозир роса чиройли бўп кетган бўлса керак, деди.

— Қолганини биламан, — деди шартта ойисининг гапини бўлган Шаҳло, — қизингни ўзим келин қиламан деган. Сиз бўлсангиз, аслида ҳам қизалоғим сизники, дегансиз. Кейин у сизга қўлингиздаги матоҳни бериб юборган, шундайми?! Мени алдагансиз! Мурод акамларникига бормагансиз!

У сўнгги гапини бақириб айтди. Нозик қўлларини мушт қилиб, кўзлари юмилиб, юраги ўпкасидан чиққудек бўлиб айтди.

— Мен сенга айтсам, сен айнан Моҳиранинг ўғлига моссан. Биз гаплашиб турганимизда, унинг ўғли келди. Бўйлари узун, келишган, ҳар қандай қиз орзу қиладиган йигит. Исмиям чиройли, Мансуржон. Ойисининг айтишига қараганда, йигирмадан зиёд мамлакатга бориб кепти. Инглиз тилини сувдай биларкан. Яқинда Дубайда тилла дўконини очишмоқчийкан… Ўзимнинг тентаккина қизим, унга тегсанг, умринг роҳат-фароғатда ўтади.

— Йў-ў-ў-қ! — деб бақириб юборган Шаҳло ерга ўтириб олди-да ўкириб йиғлашга тушди.

— Бордим. Бордим ўша гадойваччангникига. Учинчими, тўртинчими қаватда тураркан. Каталакдай уй. Деворларининг сувоқлари кўчиб ётибди. Ойисининг ҳам турқи совуқ. Анови йигитингнинг оти нимайди, Муродми, вой, қизим, тузукроқ йигит қуриганмиди сенга, келиб-келиб шу бадбашарани танладингми?! Умуман, бизнинг тенгимиз эмас, башарасига шартта: “Менинг қизимни тинч қўйинглар, бўлмаса сизларни қаматтириб юбораман”, дедим!

Шаҳло кўзидан ёшини оқизганча ойисига термилиб қолди.

— Ҳали… Ҳали сиз… сиз… Ойи, нималар қип қўйдингиз?! Мен Мурод акамни севаман-ку!

— Бас! Севги-певгингни йиғиштир. Мен Моҳирага эртага совчи бўлиб келинглар, дедим. Ваъда бериб қўйдим.

— Ойи, — деди титраб кетган Шаҳло паст овозда, — мен аллақачон Мурод акамники бўлганман. Мен қиз эмасман!

— А-а?! Нима дединг?! “Қиз эмасман”?! Нима дединг, ҳой қиз?! — Хонзода Шаҳлонинг бўйнидан бўғди. — Яна бир қайтар!

— Ўлдиринг, ойи, бирдан қутуласиз! — деди Шаҳло хирилдоқ овозда.

Шу пайт Шаҳлонинг қўл телефони асабий жиринглади. Хонзода қизининг томоғидан қўлини олди. “Сотка”нинг экранига қаради. Унда Мурод деган ёзув турарди. У яшил тугмачани босди-да, телефонни қулоғига тутди.

Мурод ўзини босолмай хоналарга бир неча бор кириб чиққач, Шаҳлонинг ойиси ҳақидаги гапларни хотирлаб унга қўнғироқ қилишга жазм этганди.

— Алло, — деди Хонзода атайин овозига майин тус бериб.

— Шаҳло, Шаҳло, жоним, биласанми, бу ерда ойинг нима каромат кўрсатиб кетди? — дея шошиб гапирди Мурод.

— Хў-ўш, — Хонзоданинг бир қўли ўз-ўзидан белига тиралди, — нима каромат кўрсатибди?!

— Сиз… кимсиз? — бегона товушни эшитиб бирдан туси ўзгарди Муроднинг. Унинг қулоғига Шаҳлонинг сўзлаш оҳанги қўрғошиндай ўрнашиб қолганди, фақат у Хонзоданинг “Алло” деган сўзига эътибор қилмаганди. Қолаверса, она-боланинг овози ўхшаб кетарди.

— Мен сен ҳовлиқма яхши кўрган қизнинг ойиси бўламан. Эшшак, қизимни нима қилиб қўйдинг? Туғилганингга пушаймон едираман. Зўрлаш қанақа бўлишини кўрсатаман сенга! Ифлос!..

Хонзоданинг қолган гаплари оғзида қолди. Унинг бир-биридан хунук сўзларини эшитишга сабри чидамаган Мурод телефонни ўчирди.

— Ойи-и-и!!! — титраб-қақшади Шаҳло. — Нималар қилаяпсиз, нега менинг бахтимга зомин бўлаяпсиз!!!

Бечора қизнинг кўзидан дув-дув ёш оқар, юзи қип-қизил тусга кирганди. У сўзлашга зўрға ўзида куч топганди.

— Қанжиқ! — дея ўкирди Хонзода ва қизининг қулоқ-чаккасига бор кучи билан шапалоқ туширди. Тарсаки овози деворларга урилиб акс-садо берди. Товуш жаранги яна келиб Шаҳлонинг олов бўлиб ёнаётган юзига теккандай бўлди. Қиз ўтириб қолди, худди эс-ҳушини йўқотган одамдай атрофга аланглай бошлади.

Содиқнинг кайфи анча тарқаган эди. Гарчи боши зил-замбилга айланган эса-да, энди у ўрнидан бемалол тура оларди. Бақир-чақир, қий-чувни эшитди. Айниқса, шапалоқ товуши уни баттар сергаклантирди. У ётган жойидан сапчиб турди-да, тез-тез юриб қизининг хонасига кирди. Хонада Шаҳлони телбанамо аҳволда кўрди. Хотинининг эса кўзлари олайган, сочлари тўзғиганди. Бир қарашда уни жаҳл отига минган аждаҳога қиёс қилиш мумкин эди.

— Нима гап?! — деди қўллари мушт бўлиб тугилган ота.

— Сиз ётаверинг, сизга уйингизда бўлаётган ишларнинг бари сариқ чақа! — дея томоғига зўр бериб эрига ҳужумга ўтди Хонзода.

Содиқ унга мутлақо эътибор қилмади. Қизининг ёнига бориб тиз чўкди-да, отасининг кириб келганини сезмай, ҳамон атрофга аланглаётган Шаҳлонинг иягидан тутди.

— Нима бўлди, қизим? Нега бундай ўтирибсан? — деб майин оҳангда сўради.

Шундагина Шаҳло қаршисида дадаси ўтирганини кўрди.

— Дада, дадажон! — деб ўкириб йиғлаганча отасининг бўйнидан қучоқлаб олди.

Хонзоданинг жон-пони чиқиб кетди. У кескин ҳаракат билан қизининг қўлидан силтаб орқага тортди. Шаҳло дадасини маҳкам қучоқлаб олгани боис, у билан бирга ёнга қулади.

— Қўйвор! — бақирди баттар тутақиб кетган Хонзода. — Кирсан! Дадангниям кир қиласан!

Содиқ хотинининг қилиқларига ортиқ чидаб туролмади. Ўрнидан турди. Унинг кўзлари олайган, томоқ томирлари бўртиб чиққанди. Хонзода қўрқиб кетди ва секин-аста орқага тисарила бошлади.

— Қанжиқ! — деди у, сўз унинг тишлари орасидан чиқди.

— Дада… Дадаси, унингиз нима иш қилганини билмайсиз-ку! Билсангиз, ҳозирнинг ўзида осиб қўясиз, — деди ранги оқарган Хонзода.

Содиқ юришдан тўхтади. Бир муддат хотинига ўқрайиб қараб турди-да, сўнг ортига ўгирилди. Шу кўйи Хонзодага:

— Айт, — деди.

Шаҳлонинг юраги шув этиб кетди.

— Бунингиз, — деди сўзлашга имкон туғилганидан кўнгли таскин топган аёл, — қаердаги ялангоёқ билан юриб қўйибди, тушунаяпсизми, юриб қўйибди!

Аввал хотини шу ҳақда гапирганида, Содиқ қизининг бирорта бола билан шунчаки юришини тушунганди, қизлик иффатини поймол қилиши мутлақо хаёлига келмаганди. Хонзоданинг ҳозирги гапи эса миясига яшиндай урилди. У бир қалқиб тушди. Энди унинг еб қўйгудек нигоҳи қизига қадалди.

— Шундайми?! — деди у.

Гарчи бўйи етиб қолган эса-да, отасининг бўйнига осиладиган, ҳечам ундан тортинмайдиган, керак бўлса, вақт-бевақт у билан оила қуриш ҳақида ҳам бемалол гаплашишдан тортинмайдиган қизнинг тили ҳозир тушовланди. Тўғрисини айтолмади. Айтолмасди ҳам. Бошини эгди.

— Мени тириклайин ерга кўмибсан-ку, қизим! — деб Содиқ шартта ўгирилди-да, шитоб билан эшикни шунақанги қаттиқ муштладики, бутун хона зириллаб кетди. Эшик ўртасидаги тахта синди. Шунингдек, ўзининг қўли ҳам шикастланди. Содиқ бир марта “Им!” деди. Аммо юришдан тўхтамади. Оғриқдан юзи бужмайганини ҳам она-болага кўрсатмади. Йўлакда оёқлари чалишиб, гурсиллаб йиқилди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here