Мафия сардори (29-қисм)

0

Икки юз қадамча наридаги эшик-деразаларидан асар ҳам қолмаган бинонинг ертўласида хира чироқ ёниб турарди. Шоҳруҳ билан Юлдузга мурувват кўрсатилди. Улар эски столга ўтиришга таклиф қилинди. Олдиларига ароқ, колбаса қўйишди. Тамалнинг эса шу пайтгача эркин бўлган қўллари боғланди. Оёқлари ҳам бемалол юришдан маҳрум бўлди.

Юлдуз ичкилик ичишдан тийилди. Аммо асаблари анча таранглашган Шоҳруҳ кетма-кет икки стакан ароқ ичди. Газагига иштаҳа билан колбаса еди.

— Бизнинг қизлар, — деди Шоҳруҳга шериклик қилаётган Саша Юлдузга бир нигоҳ ташлаб қўйиб, — ароқни ҳеч қачон хафа қилиб қўйишмайди. Бирам зўр маҳорат билан қултуллатиб ичишадики, одамнинг ҳаваси келади. Сиз бўлсангиз, хоним, бечора шакаргуфторни хафа қилаяпсиз.

— Лекин эркакларга ўхшаб шишанинг ичига кириб олишмаса керак, — деди Юлдуз гарчи Сашанинг сўзларига шуб-ҳаси бўлмаса-да. Ўзи ҳам ароқ билан ошначилик қилаётган ёшгина қизларни жуда кўп марталаб кўрганди.

— Ишонмайсизми, хоним?! — деди Саша чайналишдан тўхтаб, — Балкон, бориб Лидани айтиб кел.

Бироздан кейин ўғил болача кийинган сочлари сариқ, ўн олти ёшлар атрофидаги хушбичим, чиройли қиз келди. У бевақт уйғотганларидан норози, кўзларини уқалаб келарди.

— Лида, — деди Саша ўрнидан туриб, қизни худди ўртоғининг елкасидан қучгандай қучиб, — меҳмонимиз бор.

— Нима қипти бўлса? — дея жавоб қилди Лида бир Шоҳруҳга, бир Юлдузга қараб.

— Жиннимисан? Меҳмон келганидан кейин хизмат қилиш керак.

— Аҳмоқ. Мени ўзинг олмоқчийдинг-ку!? Энди бировга бериб юбормоқчимисан?

— Азройил сўрасаям бермайман, оппоғим. Хизмат деганим булар билан бирга дастурхон атрофида ўтириш керак. Ўтир бу ерга.

Саша Лидага Юлдузнинг ёнига стол қўйиб берди. Сўнг стаканга тўлдириб ароқ қуйди-да, унга узатди. Иккинчи стаканни эса Юлдузга берди.

Лида тўқиштириб ҳам, гапириб ҳам ўтирмади. Ароқ тўла идишни қўлига олиши билан лабига яқинлаштирди. Унинг томоғидан бир мартагина қулт этган товуш эшитилди ва стакан бўшади. Лида газак қилмади. Эркаклардай енгини ҳидлаб қўйди.

— Лида, манавилардан газак қил, — деб Саша стол устидаги гўшт бўлакларини кўрсатди.

— Биринчисидан кейин бирон нима еганимни кўрганмисан? Ундан кўра яна битта қуй, кейин гўшт ейман.

Лида иккинчи стакандаги ароқни ичолмади. Энди лабига яқинлаштирганида, Юлдуз унинг қўлига уриб юборди. Стакан оёқ остидаги бетонга тушиб чил-чил синди. Буни кўрган Лида сакраб ўрнидан турди.

— Нима қилдинг?! — деб Юлдузга бақирди.

— Бошқа ичмайсан. Бир грамм ҳам, — деди Юлдуз унга ўқрайиб.

— Сен ким бўлдинг?! Нега насибамни тўкиб юбординг. Ҳозир чавақлаб ташлайман!

— Қўлингдан келадими? — дея жилмайди Юлдуз.

Лида стол устида турган ошпичоқни олди-ю, Юлдузга санчиш учун қўлини чўзди ва шу заҳотиёқ оғриқнинг зўридан ўкириб юборди.

— Оғрияпти, қўйиб юбор!

— Агар яна бир марта ичадиган бўлсанг, мана шу қайрилган қўлингни синдираман. Оғзингга кислота қуяман, — деб Юлдуз Лидани нари итариб юборди-да, қайтиб жойига ўтирди.

— Жоним! Нега жим ўтирибсан?! Қўлимни синдириб ташлай деди-ку! Қўлим шунақанги оғрияптики, ўлдир уни, — дея Сашанинг ёнида йиғлай бошлади Лида.

— Ичмайсан дедимми, тамом. Бошқа оғзингга бир қултум ҳам олмайсан. Тамом, — деб жавоб қилди Саша қизга қарамасдан, — доим мана шу хонимнинг ёнида юрасан.

— Қўполлик қилма қиз болага, — деб Юлдуз Сашага ҳам танбеҳ берди ва ўрнидан туриб Лиданинг ёнига келди.

— Тур, гаплашиб оламиз. Қани, мени ётоғингга бошла, роса чарчаганман, озгина дам олай.

Лида ўрнидан турганидан кейин Юлдуз унинг белидан қучди. Ҳатто юзидан ўпиб ҳам қўйди.

Қизлар кетгач, Саша билан Шоҳруҳ бир қадаҳдан ароқ ичишди. Шоҳруҳнинг мия томирлари озгина бўшашди. У сигаретасини тутатиб, тутунни ичига мириқиб ютаётган Сашага қараркан, керишиб қўйди.

— Биласанми? — деди Саша гугурт чўпи билан тишини ковларкан. — Мен аёлларнинг хўжайинчилигини сира ўзимга сингдиролмайман. Кўриб турибман, хоним нима деса, ҳаммасини бажараяпсан. Шу пайтгача индамадим.

— Ҳимм, — деб кулди Шоҳруҳ, — ёқтирмасанг, нега орқамиздан эргашиб юрибсан?

— Ўч олиш учун, — деб Саша ерга чордона қуриб ўтирган, деворга суяниб қўлларида алланималарни ўйнаётган шерикларига қараб қўйди, — ана, биттасини опкелдик. Эрталабгача терисини шилиб оламиз. Қолганлариниям биттама-битта йўқ қиламиз.

— Кейин қуён бўласан. Гапинг аввал бошқача эди-ку? Нима қилиб бўлсаям ўзларингга қўшиб олинглар деб ялингандинг-ку, эсингдан чиқдими? — деб Шоҳруҳ тирсакларини столга қўйди. Сўнг бармоқларини бирма-бир қирсиллата бошлади.

— Лекин сизларнинг ҳеч нарсаларинг йўқ экан. Мен ўйлагандай жиддий тўда эмаскансизлар. Ҳатто яхшилаб бирлашсак, бизга кучларинг етмайди.

— Ким айтди сенга?

— Кўриниб турибди, биров айтишига ҳожат йўқ.

— Унда, — деди Шоҳруҳ ўрнидан туриб, — сен бизни, биз сени танимаймиз. Аммо қайтиб ёнимизга яқинлашма.

— Ўзингни бос, ўзингни бос, — дея илжайди Саша, — шунчаки ҳазиллашдим.

— Ҳазилингни отангга қиласан.

— Бўлди тушундим. Энди бориб анави нусханинг абжағини чиқараверайми? — деб Саша сигаретасини кулдонга эзди.

— У бизга керак.

Шоҳруҳ шундай дейиши билан Юлдуз қайтиб келди.

— Қизни қийнаб қўйибсизлар, — деди у Сашага қараб, — эрталаб уйига борсин. Ҳали ёш экан сизлар билан юришга.

— Қанақа уй?! Аллақачон уни онаси ташлаб кетган. Отасини умуман танимайди. Хуллас, уям кўчанинг қизи. Яхшики, биз билан юрибди. Бўлмаса, аллақачон фоҳиша бўп кетарди.

— Унда, айтганингдай, менинг ёнимдан бир қадам ҳам жилмайди. Агар яна бир марта наша чектирадиган бўлсанг, каллангни олиб ташлайман.

— Нима, мен уни зўрлабманми? Ўзи хоҳлади.

— Хоҳласа бераверасанми?!

Саша бошини эгиб, жимиб қолди. Келганларида Саша Пароход дея номлаган йигит унинг ўрнига гапирди.

— Нега бизга хўжайинчилик қилаяпсанлар? Икковингниям чавақлаймиз. Бу ердагилар ҳаёт лаззатини тотиш учун йиғилган!..

У бошқа гапларини айтишга улгурмади. Ўрнидан сапчиб турган Саша башарасига чунонам туширдики, бечора йигит орқаси билан гурсиллаб ерга йиқилди.

— Буратино опамни қандай ўлдирганини билмайсанми?! — бақирди Саша. — Ўчимни олмагунимча тинчимайман! Унгача мана шу иккаласи бизга хўжайинлик қилади, нима деса ҳамма айтганларини қиламиз!

— Ундан кейин-чи, нима, фақат бир кунингни ўйлаб яшамоқчимисан?! Адашасан. Сен Буратинони ўлдирсанг, бошқаси сени сўяди. Агар одамга ўхшаб яшашни истасанг, доим биз билан бирга бўлишга қасам ич.

Саша Юлдузга термилганча қотиб қолди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Сўнг яна кафтлари очилди.

— Лекин мен аёлнинг бош бўлишини кўтаролмайман. Хоним, агар сиз менга бирон нима буюрсангиз, бажаролмайман. Табиатим шунақа, — деди Саша.

— Буйруқ бўлса, мен эмас, Шоҳруҳдан оласизлар. Мен ҳам унга итоат этаман, — дея Юлдуз жилмайиб Шоҳруҳга қаради.

— Бирга юрасизларми? Айтмоқчиманки, севишганмисизлар? — сўради Саша.

— Шундай деб қабул қилавер, — деб Юлдуз Шоҳруҳнинг пинжига тиқилди-да, — қани, буйруқ беринг, — деди.

— Ҳамма дам олсин. Эрталаб гаплашамиз қолганини, — деди Шоҳруҳ.

Юлдуз билан Шоҳруҳ ертўланинг бир нечта алоҳида хоналари борлигини Саша бирма-бир темир эшикларни очиб кўрсатганидан кейин билишди. Албатта, уларга ҳаммасидан яхшиси берилди. Агар иккита каравотни ҳисобга олмаганда, у ерда яшашнинг мутлақо имкони йўқ эди. “Бир марта ухлашга етади”, — дея хаёлидан ўтказди қиз.

Эртасига тонгда Саша уйига кетди. Соат тўққизларга яқин у билан бирга бир маҳаллада турадиган йигит ҳовлиқиб келди. Айтишича, Сашанинг уйини кимдир ёқиб кетибди. Машинасини эса мажақлаб ташлашибди. Яхшиямки, уйида ҳеч ким йўқ экан. Қўшниларининг айтишларига қараганда, беш-олтита безорилар келиб шу ишни қилишибди. Мабодо Сашанинг отасиними, онасиними топганларида, ўлдириб кетишдан ҳам тойишмаскан. Сашани бўлса, ортидан қувишибди. Ҳеч ким билмайди унинг тирик ёки тирикмаслигини.

Бу хабардан Юлдуз қалқиб кетди. Юрагида аллақандай оғриқ турди.

* * *

Хонзода эрининг жаҳли чиққанини кўриб ич-ичидан хурсанд бўлди. Демак, энди бориб гаплашса, бемалол унинг гапларини эшитади. Бошқа иложи ҳам йўқ.

Шаҳло эса бутунлай адойи тамом бўлди. Отасининг бир оғиз гапи суяк-суягидан ўтиб кетди. Бўшашди. Юзини бекитди. Хона ўртасида узала тушганча унсиз йиғлади.

Хонзода қизига бошқа гапирмади. Бир муддат ўқрайиб қараб тургач, қўлидаги телефонни деворга отди. Яраланган одамга яна битта ўқ текканидан кейин қандай сапчиб тушса, “қарс” этган товуш Шаҳлога ҳам шундай таъсир қилди.

Хонзода синган эшикни тарақлатиб ёпди. Сўнг пастки қаватга — эрининг ёнига енгил қадам ташлаб тушиб борди.

Содиқ меҳмонхонада ўтирарди: олдида бир шиша ароқ, битта пиёла. Хотини келгунича у шишани яримлатиб қўйганди.

— Бас! — деди Хонзода эрига пиёлани олиб қўяркан.

— Пиёлани жойига қўй! — Содиқ Хонзодага қарамади, шишадан кўзини узмай гапирди.

— Ҳой, инсон! Сиз ичиб маст бўлиб унутсангиз, қизингиз аламини йиғидан олса, мен-чи, мен нима қиламан?! Айтинг, нима қилай?! Шу ароқ ўлгур ёрдам берадими? Унда менгаям қуйинг, мен ҳам ҳамма ташвишларни эсдан чиқариб, хотиржам ётайин.

Содиқ шишани кўтарганча қултуллатиб шайтон сувини ютди, сўнг лабини кафти билан артаркан, ғўлдираб деди:

— Қизингни сўяман. Ҳозир сўйишга тайёргарлик кўраяпман. Кейин тарбия беролмаган сениям сўяман! Ичим ачимасин, қонни кўргандан кейин бўшашмайин, деб ичаяпман. Чунки охирида ўзимга-ўзим пичоқ санчишим керак.

Хонзода ҳанг-манг бўлиб қолди. Кўзлари ола-йиб, оёғидан дармон кетди.

— Дадаси, дадажониси, ўзингизни қўлга олинг. Аслида сизга айтмаслигим керак эди. Ўзим ҳал қилсам ҳам бўлаверарди. Буни тузатишнинг йўли бор. Худо хоҳласа, бировнинг олдида бошимиз эгилмайди. Балки, бу қиз бизни алдаётгандир. Шу баҳонада анави ялангоёққа тегиб олмоқчидир. Ҳар қалай, иссиқ-совуқ қилволган-да, ўша яшамагур. Мабодо гапи рост бўлган тақдирдаям, ҳозир тиббиёт ниҳоятда ривожланган. Ўзингиз ҳам балки эшитгандирсиз, жувонни қиз болага айлантириш қийинмас.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here