Мафия сардори (30-қисм)

0

Содиқнинг хаёлига Назира келди. Тиббиёт институтида ўқийдиган талаба қиз. Гўзалликда тенги йўқ… Хонзода унинг бир тола сочига ҳам арзимайди. Содиқнинг назарида шундай эди.

Назира бир марта Содиқнинг дўконига кирди-ю, қармоққа тушди. Ҳурлиқо кириб келганида Содиқ сотувчисининг ёнида эди. Савдо қандай кетаётганини суриштираётганди. Европача кийинган, сочлари қоп-қора, силлиқ тараб орқасига ташланган сарвқомат қизни кўрди-ю, хаёли қочди. Бир ютиниб қўйди-да, қизнинг ёнига борди.

— Бахтингиз бор экан, — деди.

Қиз ялт этиб унга қаради.

— Сиз дўконимизнинг миллионинчи харидорисиз, дўкондан қанча нарса олсангиз, бари сиз учун бепул. Фақат битта шарти бор. Кўтаргунча оласиз, — деди Содиқ эндигина итальянча туфлига ҳавас-ла боқиб турган қизга.

Қиз ялт этиб Содиққа қаради. Даставвал, унинг нима деганини англаёлмай анграйиб қолди. Содиқ кулди. Салмоқ билан бир-бир қадам ташлаб қизнинг ёнига келди-да, гапини яна бир марта такрорлади. Қизнинг кўзи чақнаб кетди. Қулоқларига ишонмади. “Бўлиши мумкин эмас”, дея ўйлади. У илгари кўп марта чет элларда шунга ўхшаш воқеалар бўлганлигини эшитган эди. Айтайлик, омадли банк мижози… Қандайдир танловнинг кутилмаган иштирокчиси, лотереядаги ақл бовар қилмайдиган ютуқ ва ҳоказо. Аммо айнан ўзига ҳам шунақанги бахт кулиб боқишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

— Йўғ-э! — деди қиз ҳаяжондан титраб.

— Йўқмас, бор гап. Қани, дўконнинг қайси томонидаги нарсалар сизга кўпроқ ёқаяпти? — сўради Содиқ.

Қиз довдиради. Жавоб беришга қийналди. Кассада ўтирган йигит эса ундан баттар довдирарди. Хўжайиннинг кутилмаганда бундай қарорга келиши униям шошириб қўйганди. “Эси жойидами бу одамнинг? Нималар деяпти? Қанақа миллионинчи мижоз? Биров одамларнинг кириб чиққанини санабдими? Битта чиройли қизни деб, шунча нарсадан воз кечиб юбориш…” — дея ўйларкан, у секин хўжайинининг ёнига борди. Сир бой бермаслик учун илжайди. Сўнг қизга дўконнинг сўл томонидаги Хитойдан келтирилган молларни кўрсатди. “Мабодо, эсини йўқотиб қўйган хўжайин гапида туриб олса, қиз анча вақтдан бери биров сўрамаётган, сифатсиз молларни олиб кетади”, деб ўйлади. Содиқ унинг муддаосини дарров тушунди. Танбеҳ бермоқчи бўлганида, қиз кассир йигит кўрсатган молларни кўришга тушиб кетди. Вақтдан фойдаланган сотувчи:

— Эсингизни йиғинг, Содиқ ака, битта чиройли қиз учун шунча нарсани бериб юбораверасизми? — деди-ю, балога қолиб кетишига сал қолди. Содиқ унга шундай ўқрайдики, нигоҳи уни тешиб ўтай деди.

Содиқ қизга дўконнинг бошқа томонини, Туркиядан келтирилган кўзни қувонтирадиган асл молларни кўрсатди. Бу орада қизнинг исмини ҳам сўраб олди.

Назира Содиқнинг айтганини қилмади. Дўконга кирганида ишқи тушган ўша итальянча туфлини олди, холос.

— Мен ундай қилолмайман, илтимос. Мендан кейин келганга беринг ўша молларни, — деди.

Содиқ унинг айтганига кўнмади. Қизнинг қўлига туфли билан бирга тақинчоқлар, икки кийимлик тоза мато берди. Қиз унинг талабини бажармагани боис, ётоқхонагача машинасида олиб бориб қўйишини айтди. Ноилож қолган Назира рози бўлди.

Йўл-йўлакай улар энг ҳашаматли ресторанга киришди. Содиқ кўп гапирди. Қизда ўзига нисбатан қизиқиш уйғотди.

— Баъзи моделларимизни кийиб, суратга тушиб берсангиз, молларимизни реклама қилмоқчимиз. Тўғри, ҳозир савдомиз зўр кетаяпти. Кунига камида ўттиз-қирқ миллионлик маҳсулот сотамиз ҳар бир дўконда. Лекин барибир реклама керак, — деди у гапининг сўнгида.

У қизнинг кўнглидагини топганди. Бир пайтлар ҳали ўқишга кирмаганида, эндигина мактабни битирганида, у модель бўлишни орзу қилганди. Орзуси ушалганини кўриб шундай қувондики, кўзлари порлади.

Содиқ уни икки кундан кейин фотосалонга олиб борди. Шаҳар марказидаги энг кўркам суратхоналардан бири. Аввалига оддий кийимлар билан расмга тушган қиз, секин-аста кўкрагининг ярмигача очиқ либослар, сал ўтиб эса, ўта калта юбкаларни ҳам кийди. Чет эл журналларининг муқоваларида бундан-да очиқ либосдагиларни кўп бора кўрган қиз ундан шунақанги кийимлар кийишни сўрашганида, тортиниб ўтирмас эди.

— Яна битта сурат, — деди иш адоғига етай деб қолганда Содиқ, — фақат буниси чет элга кетади.

— Қанақа бўлиши керак четга кетадигани? Нима, бошқа давлатларгаям мол сотасизларми? — сўради Назира.

— Шунақа десаям бўлади. Иккинчи томондан, хориждагилар учун сизнинг суратингиз ҳам муҳим. Улар ора-сира фототанловлар ўтказиб туришади. Сабаби, тез-тез янги моллар ишлаб чиқаришади. Рекламада ҳадеб бир кишини кўравериш одамнинг бадига уриб қолади. У ёғини ўзингиз тушунарсиз.

— Демак, уларга менинг моделим керак.

— Шундай.

— Майли. Қайси кўйлакни кийиб тушай?

— Муҳим томони шунда-да! Кийимсиз бўлишингиз керак.

— Ни-ма?! — деди қиз ҳайратланиб. — Кийимсиз?!

— Ҳа. Мен суратчидан илтимос қилдим. Суратни ўзим оламан. Кўпчилик олдида ноқулай…

Қиз бир муддат индамай қолди. Бу муддат ичида Содиқ сураткашни имлаб, чиқиб кетишини буюрди. У бўйнидаги фотоаппаратини Содиққа берди-да, ўзи чиқиб кетди. Содиқ бир кун олдин унинг ёнига келган ва қизни расмга олиш режасини тузиб, қўлига эллик минг тутқазиб кетганди. Назира кийган кўйлакларнинг бирортаси ҳам Содиқнинг дўконига тегишли эмасди. Суратчи топиб келганди уларни. Ҳар бирининг ижара ҳақи ўн минг турарди.

Деярли яримяланғоч қизнинг ёнига Содиқ келди.

— Тадбиркорда вақт пул туради. Иложимиз қанча? Агар вақтдан унумли фойдаланмасак, бошқалар оғзимиздаги нонимизни олиб кетади, — деб чўнтагидан тилла занжир олди-да, Назиранинг бўйнига тақиб қўйди. — Фақат мана шу либосингиз бўлади. Сиз ҳеч нарсадан хавотир олманг. Расмларингиз махсус конвертда жўнатилади. Унисига ўзим кафилман.

Товонигача қизариб кетган қиз секин бошини кўтариб унга қаради.

— Балки шартмасдир. Дунёда мендан чиройли қизлар жуда кўп, — деди.

— “Титаник”ни кўрган бўлсангиз керак. Нимаси билан машҳурлигини биласизми?

Қиз “йўқ” дегандек бош чайқади.

— Рассом унинг портретини чизгани билан машҳур. Кинонинг мазмуни ҳам шунда. Келинг, сизга ёрдамлашиб юбораман.

Суратга олиш ярим соатдан зиёдроқ чўзилди. Содиқ гарчи бирорта ҳам ортиқча ҳаракат қилмаган эса-да, фотоаппаратни ҳар сафар чиқиллатгунча талай фурсат сарфлади. Шундай қилиб, ўндан зиёд кадр олинди.

Қиз кийингач, тилла занжирни қайтиб берганди, Содиқ олмади. “Сизда қолаверсин. Жудаям ярашди”, деди.

Суратга олишдан кейин муносабатлари янада яқинлашиб кетди. Деярли ҳар куни кўришадиган, ресторанларда бирга ўтирадиган бўлишди. Бундай хатти-ҳаракат аста-секин муҳаббатга айланди. Бир куни Назира Содиқнинг хилватдаги уйида меҳмон бўлди. Икки йил аввал Содиқ бу уйни Шоҳруҳнинг номига олганди. Укасига: “Бировга оғзингдан гуллаб қўйма. Ҳар қалай, ҳамма нарсани янгангга ишонаверсак ҳам бўлмайди. Унча-мунча бойликларни шу ерда сақлаймиз”, деганди.

Содиқ билан Назиранинг муносабатлари чуқурлашгандан-чуқурлашиб кетаверди. Натижада Назира уч марта ҳомиласини олдирди. Содиққа: “Иккинчи хотин қилиб олинг”, деб ялиниб-ёлворди. Бироқ агар уни хотинликка оладиган бўлса, ҳаёти бутунлай издан чиқиб кетишини олдиндан билган Содиқ аврашга уринди:

— Аввал бир марта турмушга чиқишинг керак. Ҳар қалай, уйларингда тўй бўлиб, оппоқ кўйлакда чиқишинг зарур. Ундан кейин ажрашасан, мен уйланаман.

Қиз унинг гапига ишонди. Тўйидан уч кун аввал Содиқнинг таниш дўхтири клиникасидан ўн гулидан бир гули очилмаган қиз бола бўлиб чиқди. Карнай-сурнай садоси остида, тўйхонанинг тўрида, бахтли куёв ёнида бахтли келинчак бўлиб ўтирди.

Орадан бир ой ўтмасидан Назира Содиққа телефон қилди. “Қайнонам билан аста-секин жанжални бошлаб юбордим. Яқин икки ой ичида у билан бутунлай юз кўришмас бўп кетаман. Кейин ажрашаман. Ўғли қандайдир найновга ўхшайди”, деди. Бундай гапларни эшитган Содиқнинг тепа сочи тикка бўлди. Оғзига келган гап билан Назирани сўкди. Иккинчи марта қўнғироқ қилмаслигини айтиб, дўқ-пўписа қилди. Шу-шу Назира жимиб кетди.

Ҳар-ҳар замон Содиқ уни кўргиси келади. Қилган иши учун афсусланади. Ҳатто баъзида ўзининг Назирага қўнғироқ қилгиси, кечирим сўрагиси, сўнг аввалги алоқаларини тиклагиси келади. Аммо нимадандир чўчийди.

— Дадаси, ҳой дадаси, нега қотиб қолдингиз?! — деди Хонзода. Содиқ чўчиб тушди. — Боядан бери ҳайкалдай қотиб қолдингиз, нима бўлди? — давом этди аёл.

— Ўзим… Ўзим шундай, — деди Содиқ ҳорғин овозда.

— Хуллас, дадаси, сиз ҳеч нарсадан хавотир олманг. Аввал текширтираман. Мабодо Шаҳлонинг гапи рост чиқса, тўғрилайман. Кейин, дадаси, яна бир гап…

— Яна ким, нима каромат кўрсатибди?

— Буниси яхши хабар.

— Хайрият. Менинг қулоғим ҳам яхши гап эшитаркан.

— Моҳира дугонамни танийсиз. Супермаркети бор. Хуллас, шу дугонам у ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам ҳол-жонимга қўймайди.

— Ҳа, нарса сотволдирадими?

— Йў-ўқ, у мард. Нима керак бўлса, текинга ҳам бервораверади.

— Ҳимм, ҳотамтой дегин.

— Уфф, дадаси, Шаҳлони келин қиламан дейди. Ўғлиниям кўрдим. Ақлли, фаросатли, чиройли. Куёв қилса арзийдиган.

— Сен устимдан кулаяпсанми? Қизингнинг қилган иши учун виждоним қийналиб ўламан десам, қаердаги гап билан бошимни оғритасан. Калланг жойидами ўзи?

— Нима қиламан деб, ўйга чўмиб ўтирганингиз билан иш битиб қолармиди? Айтдим-ку сизга, бўлар иш бўлди. Энди қизингизнинг хатосини тўғрилаймиз-да, — Хонзода кўзига ёш олди. — Мен шундай бўлсин деганмидим? Сиздан баттар куйиб-ёниб кетаяпман.

Содиқ аввалгидан анча босилганди, шу боис қўл силтади:

— Бор, билганингни қилавер. Лекин ишкал чиқарсанг, каллангни оламан.

Унинг гапи Хонзоданинг юрагидан ўтиб кетди. Бошқа пайт бўлганда эри билан тиккама-тикка айтишган бўларди, ҳақини қолдирмасди. Лекин ҳозир ўрни эмас, тезроқ ҳаракат қилиш керак…

Шаҳло бутунлай юрагини олдириб қўйган эди. У ойиси кириб келиши билан орқасига тисарилди. Буни кўрган Хонзоданинг ҳам юраги ачишди, ҳам қаҳри келди. Бир хаёл қизига юмшоқ гапириб кўнглини кўтармоқчи бўлди-ю, Шаҳлонинг шаккокликларини хотирлаб башараси баттар тундлашиб кетди.

— Тур ўрнингдан, шарманда! — деди.

Шаҳло бир қўли билан деворни тутиб, кўзини ойисидан узмай, қўрқа-писа ўрнидан турди.

— Тез кийимларингни кий, тузукроғини, очиқ-сочиғини устингга иладиган бўлсанг, сочингни битталаб юламан.

Шаҳло кийинди. Хонзоданинг бир-икки марта турткилашидан кейин йўлга чиқди. У, бир марта бўлсин, ойисидан қаерга бораётганликларини сўрамади. Сўролмасди ҳам. Муҳими, уни бошқа уришмаса, озгина бўлса-да, ўз ҳолига қўйишса. Бироз ухласа-ю, оғриган бошини дам олдирса.

Шифохонага яқинлашишгачгина Шаҳло ойисининг мақсадини тушунди. Бунгача анча ўзига келиб олди. Қўрқув ундан нари кетди. Шу боис, ойисининг қилмоқчи бўлган ишидан ҳатто хурсанд бўлди. “Мана кўради. Муродга бермай қаёққа ҳам борардилар? Ўлдирсалар ўлдирсинлар”, дея хаёлидан ўтказди.

Шаҳлони обдан кўрикдан ўтказган гинеколог унинг қиз бола эмаслигини тасдиқлади. Ғазаби бир неча марта ҳаддидан ошиб, Хонзоданинг дармонини қуритганди. Энди у аввалгидек катта куч билан бўй кўрсатолмади. Шундай эса-да, Хонзода бор аламини ўсиқ тирноқларига йиғиб, Шаҳлонинг этига ботирди. Оғриқ бирпасда Шаҳлонинг бошига етиб бориб, қизнинг кўзидан ёш чиқиб кетди.

Хонзода айбдорни йўлакка бошлаб чиқиб ўриндиққа ўтқазди.

— Қимирласанг, оқ қиламан. Бадарға бўласан, икки дунёинг куяди! — дея пўписа қиларкан, ўзи гинекологнинг ёнига кириб кетди.

— Айланай, дўхтиржон, — деди кўзидан ёшини тирқиратиб, — буни тузатишнинг иложи борми? Ғафлатда қолибман. Бировга узатишим керак эди. Агар қизлигига қайтармасангиз, шўрим қурийди!

— Хавотир олманг, — дея илжайди дўхтир аёл, — ҳозир бунинг йўли осон. Фақат тўйидан уч кун олдин опкеласиз. Қарабсизки, у худди онадан туғилгандай бўлади. Фақат пулини тўласангиз бўлгани.

Шундай деб у Хонзоданинг бармоқлари-ю қулоқларидаги тилла тақинчоқларга назар ташлаб қўйди.

Шаҳло жойидан қимирламади. Ойисининг пўписаси учун эмас, балки Хонзоданинг: “Сени ўша гадойваччага бермасдан иложим қолмабди”, деган гапини эшитиш учун. Мурод акасини гадой дейишларини сираям хоҳламайди. Шундай деганларни тимдалаб, терисини шилиб олгиси келади. Аммо ойиси айтса, майли. Бу гал шундай қўпол гап унинг фойдасига айтилади.

Аммо у ўйлагандай бўлмади. Врачнинг хонасидан кўзлари қизариб чиққан Хонзода унинг қўлидан ушлади-да, ташқарига етаклади.

Йўл-йўлакай Хонзода қизига бир оғиз ҳам гапирмади. Қовоғини осиб келди. Кейин Шаҳлони хонасига киргизиб дўппослай бошлади.

— Сен манжалақи ҳамма орзуларимни ерга тиқдинг. Шундай шармандаи шармисор бўлганингдан кўра, гўдаклигингда ўлиб кетсайдинг! Энди хонангдан ҳеч қаёққа чиқмайсан, ялангоёқни тушингда кўрасан! — деди.

Эшик қулфланди. Унинг ортидан Хонзоданинг тўнғиллаган овози эшитилди. Сўнг у нари кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here