Мафия сардори (31-қисм)

0

* * *

Юлдуз ўзларига фақат Лидани қўшиб олди. Қолганларга қимирламасликни тайинлади.

Улар “Легенда” меҳмонхонасига боришди. Жойлашганларидан кейин Юлдуз чўмилиб чиқди. Сўнг қўнғироқ қилиб егулик олиб келишларини буюрди. Телевизор қўйди. Кетма-кет каналларни алмаштирди. Сўнг СТС каналида тўхтади. Балиқчилик ҳақида кўрсатув кетаётган экан. Ўшанга термилганча ўтираверди. У шунчалик ўйга берилгандики, гўё атрофида ундан бошқа ҳеч ким йўқдай эди. Ҳар-ҳар замонда чуқур нафас олишини ҳисобга олмаганда, ҳаво симираётгани сезилмасди ҳам. Унга қараб турган Шоҳруҳ қийналиб кетди. Сиқилди. Ўрнидан туриб, хонани бир неча марта айланди. Лида эса жойидан жилмади. Бир Шоҳруҳга, бир Юлдузга қараб индамай ўтираверди.

Тамадди ҳам худди шундай жимжитликда ўтди. Қоринлари тўйгач, Шоҳруҳ Юлдузга юзланди.

— Шундай ўтираверамизми, хаёл суриб? — сўради.

Юлдуз унинг гапига жавоб бермади. Лидага қаради.

— Сашани тополасанми? — дея сўради.

— Ҳа, — жавоб қилди қиз бирдан.

— Олиб кел уни. Фақат эҳтиёт бўл. Йўқ, яхшиси, бирон жойга бориб қўнғироқ қилинглар, биз ўзимиз борамиз.

Лида зўрға ўтирган шекилли, енгил ҳаракат билан ўрнидан турди-да, чиқиб кетди.

Холи қолган Шоҳруҳ билан Юлдуз талай муддат гаплашишмади. Иккаласининг ҳам кўзи телевизорда. Хаёллари эса тобора чигаллашиб бораётган муаммолар гирдобида эди. Шоҳруҳ секин-аста жиноятчига айланиб бораётганидан ташвишда, бундан чиқиб кетишни ўйлар, аммо ҳозир ёнгинасидаги юмшоқ ўриндиқда бир нуқтага термилиб ўтирган қиз уни кўринмас иплар билан боғлаб олганидан, кетиш ҳақидаги фикрни миясидан ҳайдаб солишга мажбур бўларди.

— Жудаям тубанлашиб кетаётганга ўхшаймиз, бу аҳволда қув-қочдан бўлакка вақтимиз қолмайди, — деди Шоҳруҳ нигоҳини қизга қадаб.

— Ўзим ҳам шу ҳақда бош қотираяпман. Бунчалик қийин бўлиши хаёлимгаям келмаганди. Ўйловдимки, битта-иккита бўйни йўғонларнинг шохини қайириб қўйсак, қолгани силлиқ кетаверади, деб.

У ўрнидан турди, дераза ёнига борди. Уч-тўрт марта чуқур нафас олгани Шоҳруҳга ҳам эшитилди. Қиз гўё чексиз уммон ўртасида қолиб кетгандай эди. На бир қайиқ бор ва на уни қутқарадиган жонзот. Сузай деса, мадори йўқ. Сувдан фақат боши чиқиб турибди, нафас олаяпти. Ҳализамон наҳанг ундан хабар топади. Елдай сузиб келади-ю, ямлаб ташлайди. Қизнинг юраги гупиллаб уриб кетди. Лаблари титради. Кўзида ёш пайдо бўлди. Шу маҳал ёнига Шоҳруҳ келди. Елкасидан қучди. Юлдуз бирдан унинг кўксига бошини қўйиб йиғлаб юборди.

— Нега?! — деди у. — Нега бунақа? Ҳеч ким тинчгина яшашга қўймайди. Фақат олди-сотди билан шуғуллансам, бировга зиёним тегмайди-ку!

— Бўлди, — деди унинг юзидан ўпиб қўйишдан ўзини тиёлмаган йигит, — ҳаммаси яхши бўп кетади. Сўйиладиган қўй ҳам жони бўғзига келганда типирчилаб қолади. Душманлар ҳам шундай. Улар ҳамма нарса қўлларидан кетаётганини сезиб туришибди.

— Шоҳруҳ ака!

Юлдуз илк маротаба кўксига бош қўйиб турган йигитини “ака” деди. Бу сўз ўзига жуда яқин олганидан сеҳрли чиқди. Шоҳруҳнинг юрагини ўйнатиб юборди. Меҳри баттар мавжланди.

— Ҳеч нарсадан хавотир олманг, ёлғизлатиб қўймайман. Доим ёнингизда бўламан, биз енгамиз, — деди.

Бунақа демоқчимасди. Ўз-ўзидан хаёлига шунақа гаплар келди. Унинг сўзларидан қиз шунчалик хурсанд бўлиб кетдики, бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. Худди маъшуқалардай. Бироқ маъшуқага айланаётганини у мутлақо хаёлига келтирмасди. Худди дўстини, яқин одамини, туғишган акасини қучгандай қучди. Шоҳруҳ уни бошқача тушунди. Лекин ортиқча хатти-ҳаракатга иродаси етмади.

— Келинг, ҳаммасини унутамиз, — дея шивирлади Юлдуз, — ўйланиб ўтирмаймиз, пешонамизда нима бўлса, кўраверамиз.

У йигитнинг бўйнидан қўлини тортиб олди. Яна телевизор қаршисига келиб ўтирди. Худди шу пайт унинг қўл телефони жиринглади. Экранга қараган қизнинг юзи ёришди.

— Вой! — деди кўзлари қувнаб Шоҳруҳга қараркан. — Болаларни бутунлай эсимиздан чиқариб қўйибмиз-ку!

Шоҳруҳ гапириш учун оғиз жуфтлагунча қиз яшил тугмачани босиб, қўл телефонини қулоғига тутди:

— Алло, Бек, — деди.

Юлдузнинг ифори Шоҳруҳнинг кўксига ўтириб қолганди. У ҳамон сийпалаб ўтган ишқ шамолидан ҳаяжонда эди. Юлдуз айтганидай ҳамма нарсага қўл силтаб, яна уни бағрига босгиси, сочларидан узоқ ҳидлагиси келарди. Шунинг учун куч тўплаётганди. Аммо кутилмаган қўнғироқ ҳафсаласини пир қилди. Ҳатто Юлдузнинг қувонганини кўриб, бевақт сим қоққан Бекдан ранжиди.

Шоҳруҳ билан Юлдузнинг йўқолиб қолганидан Бек хавотир олаётган экан. Юлдуз уни тинчлантирди. Ишлари яхшилигини айтди. Жамол акага қўнғироқ қилиб мол олиб келишни ҳозирча тўхтатиб туришини тайинлади.

Телефон ўчди-ю, шу пайтнинг ўзидаёқ яна жиринглади.

— Бегона номер, — деди қўл телефонига термилиб турган Юлдуз.

— Лида бўлса керак. Бунча тез топибди? Ишқилиб, яна битта ишкал чиққан бўлмасин.

Шоҳруҳнинг тахмини тўғри чиқди. Телефондан Лиданинг йиғлаган овози эшитилди.

— Нима гап?! — сўради Юлдуз шошиб.

— Ҳозиргина… ҳозиргина, — деди Лида ҳиқиллаб, — Сашани ушлаб опкетишаётганларини кўрдим. Қоп-қора “Мерс”да! Ўлдириб қўйишади энди уни! Саша менга уйланмоқчийди…

— Йиғлама, ҳаммаси жойида бўлади. Сен, албатта, Сашага турмушга чиқасан, тўйларингда ўзим бош бўламан. Ҳозир қаерда турибсан? — деб сўради Юлдуз.

Жавобни эшитгач, бироз ўйланиб турди-да:

— Жойингдан қимирламай тур, ҳозир етиб бораман, — деди.

У шоша-пиша кийинаётганида Шоҳруҳ унинг қўлидан ушлади:

— Тузоқ, — деди.

— Тушунмадим, — унга ҳайрон бўлиб қаради Юлдуз, — қанақа тузоқ?

Шоҳруҳ қизга нигоҳини қадади. Унда бир олам сеҳр ва одамни шошириб қўядиган нимадир бор эди. Ундаги бу хислатни илгари, ҳали мактабда ўқиб юрган кезлари синфдошлари кўп айтишарди. “Кўзинг оловдай ёнади-я”, дейишарди улар. Ҳатто бир-икки марта орқаворатдан унга “Аждаҳо” дея лақаб қўйишганларини ҳам эшитган.

— Менга бундай қараманг, — дея кўзини олиб қочди Юлдуз.

— Бормаслигимиз керак. Озгина кутайлик. Яна телефон қилса…

— Сашани ўлдиришларини истамайман. У бизни деб ўлиб кетади.

— Мен унга ишонмайман. Сабабсиз қўшилиб олди. Кейин манави қизнинг ҳам меҳмонхонадан чиқиб кетганига гумоним бор. Қушмидики, кўз очиб юмгунча етиб бориб телефон қилса. Кўриб қолганмиш. Балки мениям ушлаб олишди, деб айтар.

— Саша айтди-ку, опасини нима кўйга солишганини, кейин уларнинг яшаётган жойиниям кўрдингиз! Бечора Лида эса бутунлай хароб бўлган. Агар бурунбойларга хизмат қилишганида бунчалик хорликда кун кечиришмасди. Одамларга ишониш ҳам керак, Шоҳруҳ!

— Билмадим. Лекин кўнглим нимагадир нотинч. Сира ишонгим келмаяпти ўша хўрозбошга.

— Агар улар сотқинлик қилишганларида, аллақачон бизни ушлаган бўлишарди. Меҳмонхонани топиб келиш эса қийинмас.

— Бўпти, сиз айтганингизча бўлсин, — деб ноилож Шоҳруҳ кўнди.

Улар зиналардан пастга тушишди. Лифтга чиқишга Шоҳруҳ кўнмади. Бунинг учун Юлдуздан “ваҳимачи” деган гапни ҳам эшитди. Сўнгги пиллапояларни босаётганларида эса Шоҳруҳ гўё типирчилади. Кираверишдаги кичик залда юрганларнинг ҳаммасидан гумонсиради. Ҳатто меҳмонхонага жойлаштирувчи хўппа семиз, башарасига турли бўёқлар чапланган, ёши ўтин-қираб қолишига қарамай қизлардай кийинган, тирноқларини ўстириб олган аёлнинг бежо боқишлари ундаги шубҳани икки ҳисса ошириб юборди. Бир хаёл Юлдузни тўхтатмоқчи, ўзларига ажратилган тўртинчи қаватдаги хонага олиб чиқмоқчи ҳам бўлди. Бироқ қизнинг “ваҳимачи” деган сўзи хаёлига келиб, ниятидан қайтди.

Улар ойнаси қорайтирилган эшик ёнига боришлари билан у автоматик равишда очилди. Намхуш ҳаво қиз билан йигитнинг юзига урилди. Шоҳруҳнинг бироз кўнгли ёришди. Бир неча сонияга кўнглидаги шубҳа-гумонлар йўқолди-ю, огоҳликни унутди. Ана шу қисқа сониялар қўлга тушиб қолишларига бемалол етди. Аввалига иккита қиз ёнларига келиб, меҳмонхонада жой бор-йўқлигини сўрашди. Бу пайтда ичкаридан Европа миллатига мансуб озғингина, бўйи пастроқ йигит чиқиб келди-да, Шоҳруҳнинг орқасига тўппонча тиради. Икки қиз эса Юлдузнинг қўлидан ушлади.

— Ҳар қандай ортиқча ҳаракат ажалга етаклайди, — деб огоҳлантирди меҳмонхонадан чиққан йигит.

Шу зайлда озгина муддат туришгач, эски фургонли “Москвич” меҳмонхона рўпарасига келиб тўхтади.

Юлдузнинг биқинини мўлжаллаб турган қизлардан бири сумкачасидан атир идишини чиқариб, аввал Юлдузнинг, кейин Шоҳруҳнинг бурнига пуркади. Бирпасда кўзлари тиниб, мувозанатни йўқотиб йиқилаётганларида, Шоҳруҳ билан Юлдузни қўлга туширганлар ушлаб қолишди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here