Мафия сардори (32-қисм)

1

Шоҳруҳнинг оёғи устида нимадир ўрмалагандай бўлди. “Ухлаяпман, — деб ўйлаган йигит қимирламади. — Бироз жим ётсам, бургами-бошқа нарсами безовта қилмай қўяди”, деб хаёл қилди. Ўжар ҳашарот тиззасидан баландроққа ўрмалай бошлагач, Шоҳруҳнинг тоқати тоқ бўлди, лекин негадир қўлини қимирлатолмади. Ҳайрон бўлган йигит кўзини очиб ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, бироқ буниям уддалолмади. Сездики, иккала қўли ҳам маҳкам боғлаб ташланган. Ўзи похол устида ётибди. У бир муддат нега бунақа ётганини билолмай ҳайрон бўлди. Бирдан хаёлига Юлдуз иккиси меҳмонхонадан чиқишаётганида тўппонча ўқталган йигит-қизлар келди. Шошиб атрофига қаради. Ёнгинасида пишиллаб ухлаётган Юлдузни кўрди. Арқондан қутулиш учун қўлларини икки ёнга тортди. Аммо яна имконини қилолмади. Шу палла Юлдуз ҳам уйғонди. Йигитга қаради. Бир муддат ҳайрон бўлди.

— Тузоққа тушдик, — деди унга Шоҳруҳ.

— Қаердамиз? — сўради қиз.

— Билмадим, лекин боплашди.

— Мени кечиринг.

— Нега?

— Айтганингизга кирмадим.

Шоҳруҳ чуқур нафас олди.

— Яхшиси, бу ердан чиқиб кетишни ўйлаш керак. Ит эмганлар оғилхонага ташлаб кетишибдими, дейман?

— Йўқ, — деди юзида ним табассум пайдо бўлган қиз, — отхонага. Ана қаранг, — у кўзи билан чап томонни кўрсатди.

Шоҳруҳ ҳар-ҳар замон думлари билан пашша ҳайдаб қўяётган иккита отни кўриб:

— Бечораларнинг бошига бизнинг кунимиз тушибди, — деди.

— Уларга биздан яхшироқ, ҳар қалай, оёқда туришибди.

Отхонанинг икки табақали тахта эшиги очилди. Қуёш шуъласи тўғри йигит билан қизнинг юзига тушди. Иккисининг ҳам кўзи қамашди.

— Ваҳ-ваҳ, буларнинг ётишини қаранглар, — деди соч-соқоли ўсиқ, калласи хумдай, аммо ўзи туртиб юборса йиқиладиган даражага келиб қолган, бурни узун, қирқ ёшлардаги киши.

— Романтика, — деди унинг ёнидаги йигит. Овоз жуда таниш эди.

Юлдузнинг жаҳли чиқди. Айни пайтда унга алам қилаётганди. Қаҳрини ичига ютиб Шоҳруҳ томон бошини бурди. Кўзларида бир дунё афсус яширин эди. Шоҳруҳнинг қараши эса бунинг акси, унда мутлақо безовталик сезилмасди.

— Калласи йўқ, тентак, — деди Шоҳруҳ.

— Тушунмадим, — дея унга яқинлашиб келди хўрозбош, — ким тентак?

— Албатта, ўзим. Йўқса, биринчи дуч келганингдаёқ сен маразнинг жағингни синдириб ташламайманми? Билардим сенинг маразлигингни! — деди тобора қаҳрланиб бораётган Шоҳруҳ ётган жойида асабий.

— Ҳе, — кулди Саша, — сендақалар лақма бўлишади. Сени кўрганимдаёқ сезгандим. Кечагина қишлоқдан келиб бу ерда ғўдаймоқчимидинг?! Кўрсатиб қўяман сенларга!

Юлдузнинг кўзи ёшга тўлди. Уни ҳозирги аҳволи эмас, балки Шоҳруҳнинг гапига кирмагани кўпроқ қийнаётганди.

Оғизларидан аллақандай ёқимсиз ҳид таратаётган махлуқсифатлар Юлдузни турғазаётганларида, Шоҳруҳ қизариб кетди. Бўйин томирлари йўғонлашди.

— Тегманглар унга! — дея бақирди.

Эвазига бир-биридан хунук иржайишларни кўрди. Биқинига Саша туртиб ҳам қўйди.

— Ҳали бақиришга улгурасан, томоғингни асра, яна бўғилиб қолмасин, — деди.

Ташқарига чиққанларидан кейин иккисининг ҳам оёқ-қўлларидаги арқон ечилди. Чунки энди унга ҳожат йўқ эди. Ўн-ўн беш чоғли бир-биридан бақувват барзангилар қўлларидаги ўқотар матоҳларини ўйнаб туришарди. Шоҳруҳни ажаблантиргани — уларнинг орасида оппоқ сочи елкасига тушиб турган, қадди хиёл букилган тўқсон ёшлар атрофидаги бир чолнинг ҳассага суяниб тургани эди.

У асирдагиларни кўриб бош чайқади.

— Ваҳ-ваҳ-ваҳ, — деди ўтмаслашиб қолган нигоҳини ёнидагиларга қаратиб, — ҳали шуларни деб иссиқ жойимни совитдингларми?! Сенларда инсоф деган нарса қолмабди. Ўзларинг… Тўхта, Арзуни тепиб ағдарган қиз ҳали шуми? Ишонгим келмайди. “Калит”!

У шундай деб ёнидаги йигитга мурожаат қилди. Очиғи, бу йигитни одам боласи туққанига ишониш ниҳоятда мушкул. Кўзлари олайган, башарасининг бир неча жойи тиртиқ. Буям камлик қилгандай, татуировка қилинмаган фақат кўз қолганди. Йўғон бўйни калла билан елкани қўшиб юборган, худди бўйни йўқдай эди. Унга хўкиз ёки шунга ўхшаш бирор ҳайвон, айтайлик, “бегемот” деб лақаб қўйса бўларди. Чол уни калитга ўхшатаётгани Шоҳруҳни ажаблантирди.

— Шу қиз билан бир тепишиб кўр… Шошманглар, нега менга шу пайтгача стул опкелмадинглар, пиво қани?! — дея чийиллади чол.

— Мана, — деди Саша унга стулни кўрсатиб, — ҳозиргина турдингиз, отахон, пиво ҳам турибди жойида.

— Сен бола, — деди уни ҳассаси билан ниқтаб чол, — мени чалғитма!

У стулга ўтирди. Шишанинг оғзини ҳидлаб кўриб, ичмади, улоқтириб юборди.

— Нега менга эски пивони бераяпсизлар?! — дея ўкирди.

Шу ондаёқ унинг қўлига муздеккина, Германиядан келтирилган юқори сифатли ичимлик тутқазилди.

“Жинни-ку бу! Нега шунча одам томи кетган қариянинг атрофида гирдикапалак?” ўйлади Шоҳруҳ ва чол яна кўрсатиши мумкин бўлган навбатдаги майнавозчиликни кутди.

Бир кўтаришда шишани яримлатган чол ютоқиб-ютоқиб сигарета тутунини ичига ютгач, “Калит”га юзланиб:

— Бос, бир томошангни кўриб қўяйин, — деди.

— Ва-а! — деб Калит лақабли барзанги ўз кийимларини бурдалаб ташлади. Шоҳруҳ кўрдики, барзангининг танасидаги татуировкаларнинг ҳаммасида калит шакли акс этган. Барзанги бир-икки қадам босганидан кейин тўхтади.

— Хўжайин, — деди дўрилдоқ овозда чолга юзланиб, — қиз кетворган экан, бир маза қилай, кейин мажақлаб ташлайман.

Унинг гапидан кейин атрофдагиларнинг ҳаммаси хохолаб кулиб юборишди. Юлдуз қизарди. Шоҳруҳнинг қони қайнади. Чол бўлса, пиво ичди, сигарет чекди.

— Ваҳ-ваҳ-ваҳ, — деди калласини сарак-сарак қилиб, — агар ёшлигимда бу қиз рўпара бўлганида, сенга бериб қўймасдим. Энди томошадан бошқасига ярамайман. Сен кўр-чи, мабодо қариган мускулларим жонланиб қолса мен ҳам татиб кўрарман!

Ўкириклар, қийқириқлар, қарсаклар ва ҳоказо шовқин-сурондан чор-атрофдаги дарахт шохлари қимирлаб кетди.

— Агар, — деди Юлдуз, — кучинг етса билганингни қил! Оёғим остида ётадиган бўлсаларинг қўйиб юборасанлар. Икки соат ичида таъқиб қилмайсанлар, кейин майли, қувинглар. Мана шу ўрмондан ё сенлар тирик чиқасанлар, ё биз!

Чол қарсак чалиб қўйди. Қолганлар увиллаб наъра тортиб юборишди. Калитнинг кўзи қонга тўлди. У бир-биридан оғир қадамлар ташлаб қизга яқинлаша бошлади. Шоҳруҳ ҳам олдинга чиқмоқчи бўлганида, Юлдуз уни тўхтатди.

— Шарманда бўлсин шунча одам орасида! — деди.

— Итлар, — деди Шоҳруҳ, — қиз бола билан муштлашгунча, тириклайин кўмилганларинг яхшийди.

Юлдуз Шоҳруҳга жилмайиб қўйди. Худди видолашаётгандай, бошқа тирик ҳолда учрашолмаслигига кўзи етган одамдай. Қарашида ғам-ғусса шунчалик кўп эдики, табассум қилса-да, барибир сезилиб турарди. Шоҳруҳ ютиниб қўйди. Унинг оёқлари қалтиради, ҳаяжон босди. Бироқ жойидан қимирлолмади. Чунки Юлдузга ўзбекча гапиргани боис, ёнидагилар хавфсирашган ва тўппончани биқинига тирашганди. У ўлишдан қўрқмасди. Фақат ортиқча ҳаракат қилиб Юлдузни хафа қилиб қўйишдан чўчирди.

Барзанги Калит яқинлашганидан кейин Юлдуз сўл тарафга икки марта сальто қилди: рақибининг кўзини қўрқитиш учун. Аммо Калит унинг хатти-ҳаракатига тиржайиб қўя қолди. Уни читтакдай у ёқдан-бу ёққа сакраётган қушчани ушлаб олиш, “патини юлиш”, кейин билган ишини қилиб бошқалар олдида ғўдайиш қизиқтирарди. Унинг қон-қонига шунақанги паст ишларни бошқалар кўз ўнгида бажариб мақтаниш сингиб кетганди. Айниқса, ўзидан ожизроқларни бир мушт билан уриб ўлдириб қўйганида шунақанги хурсанд бўлиб кетардики, асти қўяверасиз.

Юлдуз кейинги сальтони икки хил бажарди: аввал ёнига, кейин тўғрига. Кейингисида Калитнинг пешонаси мўлжалга олинганди. Калит эса бунақа бўлишини мутлақо кутмаганди. Қиз яна ёнига сакраб ўзини кўз-кўз қилади деб ўйловди.

Юлдуз бор кучини тўплаб туфлисининг товони билан Калитнинг икки қоши ўртасига тепди.

Аммо барзангига чивин чаққанчалик бўлмади. Фақат калласи силтаниб орқага бироз тисарилди. Қизнинг маҳорати эса атрофдагиларни қойил қолдирди. Ҳамма бараварига қийқириб юборди. Мункиллаган чол эса ўрнидан туриб ўйнаб кетаёзди. У ҳали бирор марта ҳам Калитнинг бунақанги тепки еганини кўрмаганди.

Шерикларининг қийқириқлари Калитни қутуртириб юборди. У йўлбарс мисол Юлдузга отилди. Аммо ўзи ерга йиқилиб тушди. Абжир қиз аллақачон турган жойидан қочиб қолганди.

— Тур ўрнингдан, — деди Юлдуз Калитни имлаб.

Унинг гапи барзангининг суяк-суягигача етди.

Ҳақиқатан ҳам у Юлдузнинг бирон жойидан ушлаб олганида борми, албатта, мажақлаб ташларди. Аммо қани бунинг эпини қилолса? Бесўнақайлиги панд бериб, ҳар бир ҳамласидан кейин ўзи озор чекаверди: ҳали тиззалаб қолди, ҳали ёнига йиқилди, чўзган қўллари эса ҳавонигина кесиб ўтди… Унинг кучи ердаги чанг жойдан қўзғалишгагина етди. Орадан беш дақиқадан мўлроқ вақт ўтиб у ҳансирай бошлади. Шундан сўнггина Юлдуз ҳужумга ўтди. Икки марта биқинига тепди. Аста-секин ҳолдан  тойиб бораётган Калитга булар ҳам таъсир қилмади. Юлдуз унинг орқа миясига урди. Мўлжални бироз нотўғри олди-ю, ўзининг қўли оғригани қолди.

Шундан сўнг бу майнавозчиликни ортиқ чўзиб ўтиргиси келмай, Калитнинг навбатдаги ҳамласига чап бериб орқасига ўтиб олди-да, туфлисининг учи билан уни чунонам тепдики, барзанги наъра тортиб юборди-да, оғриқли жойини чангаллаб қолди. Қиз товонлари билан букчайиб турган барзангининг белига тепди.

Оғзи тупроққа тўлиб қолган Калит тинмай думалар, аъзои баданидаги оғриққа чидаёлмай ўкирарди.

Чол унга термилиб ўтираркан, қошлари чимирилди, ҳассасини ўйнатди, сўнг ёнидаги йигитга қўл узатди. Йигит у нимани истаётганини дарров илғаб, тўппонча тутқазди. Юлдузнинг ранги оқарди. У мени отса керак, деб ўйлаганди. Аммо чол ундай қилмади. Калитга стволни тўғрилаб, тўппончадаги бор ўқни унинг танасига санчди. Аввалига сапчиган барзанги кейинги темир парчалари келиб текканида қимирламади ҳам.

— Сен, — деди чол ҳассасини Юлдузга ўқталаркан, — икки соатга озодсан. Лекин бу гап шеригингга тегишли эмас.

— Номардлик қилманг, — деди ўткир нигоҳини унга қадаган қиз, — биз шунга келишгандик.

— Биз фақат сенинг ўзингга келишгандик, вақт кетаяпти, беш секунд ўтди.

— Тезроқ кетинг, мен билан ишингиз бўлмасин, амаллайман, — деди Шоҳруҳ Юлдузга.

— Бир ўзингизни ташлаб кетмайман.

— Ақлли қиз, майли, яна бир имконият. Буям йигитларимнинг бирортаси билан уришади. Агар ютса, икковинг ҳам кетасан, бўлмаса пешонангдан кўравер.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here